Сайт бўлимлари
“Айбим ҳомиладорлигим”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 28 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
— Бу ҳаётнинг ишлари жуда ҳам қизиқ экан-да, — деди чуқур «уҳ» тортганча бир мухлисамиз.
— Умр шуниси билан қизиқ-да, — дедим уни гапга солиш учун.
— Кимлигимни айтмайман-у, бир жиянимнинг бошига тушган савдоларни айтсам, сиз ҳам даҳшатга тушасиз.
2004 йилнинг ёзида жияним Навбаҳорни қўшни қишлоқлик Ўткир исмли бамаъни бир йигитга турмушга бердик. Иккалови кўринишидан ҳам, характер жиҳатидан ҳам узукка кўз қўйгандек бир-бирига муносиб эди. Очиғи, уларни кўрган киши ҳавас қиларди. Аммо, бир кам дунё деганларидек, орадан икки-уч йил ўтса ҳамки, улар фарзандли бўлишмади. Акам билан янгам қизи рўзғоридан тиниб-тинчиб кетиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилишди. Тошкентми, Самарқанд демай ҳамма дўхтирларга кўрсатишди. Лекин натижа чиқмади. Эр-хотин фарзанд бўлмаса ҳам тинч-тотув яшашаётганди. Аммо қайнона ўғлининг тақдирига индамай туролмади. Жиянимизни кетишга ундади. Бир куни акамларникига борсам, жияним йиғлаб ўтирган экан.
— Нима бўлди? — дедим.
—Қайнонам «ўғлим билан ажраш», дейди. Эрим бўлса «сендан бошқаси керакмас» дейди. Нима қилишни билмай бошим қотди. Худойим шунча одамга берган фарзандни бизга ҳам берса нима қиларкан. Ёки Аллоҳнинг олдида шунчалик ҳам гуноҳимиз кўпми? — дея зорланди.
Жиянимни нима деб овутишни билмасдим. Акам билан янгам ҳам бу гаплардан ҳайрон бўлганча қандай чора кўришни билмай туришган экан. Жаҳл устида жиянимнинг қайнонасининг олдига бордим.
— Нима мақсадда бордингиз?
— Нима учун борганимни билмайман, жиянимнинг кўз ёшларини кўриб раҳмим келди.
Қайнонасига:
— Нега икки ёшни бир-биридан ажратасиз, қўйинг яшайверишсин. Худойимнинг раҳми келиб, сабр-тоқати эвазига фарзанд берар, — дедим.
Қудамиз аввалига жаҳл қилиб менга бақирди. Кейин йиғлаганча:
— Қушнинг ҳам инини бузиш осон эмас, синглим. Лекин ўғлим бир кам ўттиз бешга кирди. Жиянингиз билан оз эмас, етти йил яшади. Энди ўзларидан билиб ажрашишармикан девдим. Лекин бундай бўлмаяпти. Мен ҳам ўғлимнинг ота бўлишини, эл-юрт олдида қадди тик юришини хоҳлайман. Айрим тенгдошлари ўғлимга «Ишқилиб ўзингга ишонасанми, нега хотинингга бунча ёпишиб олдинг?» дейишганмиш. Шундай гапларни эшитиш менга осон эмас, — деб кўз ёш қилди.
Аёлнинг ўрнига ўзимни қўйиб, раҳмим келди. Жиянимга вазиятни тушунтирдим.
— Юлдузинг-юлдузига қўшилмаган экан. Пешонангда борини кўрасан, уларни ҳам қийнама. Эрингнинг олдини оч. Ҳеч бўлмаса биттанг болали бўл, — дедим.
Шу гапим билан иккаласи ажрашишди. Куёвимизнинг онаси аллақачон келин топган эканми ёки иккаласининг яна топишиб кетишидан қўрқдими, бир ойга қолмай ўҚлини яна уйлантирди. Буни эшитиб жиянимнинг эзилганини кўрсангиз эди…
Шундан кейин уч ой ўтгач куёвимизнинг хотини ҳомиладор эканлигини эшитдик. Жияним баттар изтиробга тушди. Энди унинг оти «туғмас»га чиқиб бўлганди-да.
Нима қилишни билмай бошимиз қотиб юрган кезлар эди. Акамникига хотини вафот этиб, икки ёш боласи билан қолган эркакдан совчи келди. Уларга туғмайдиган аёл керак экан. «ўзи туғмасагина ўзганинг етимига онасидек меҳр бера олади», деди совчи бўлиб келган аёллардан бири. Гарчи аччиқ бўлса-да, жиянимизнинг энди фарзандли бўлмаслигига ҳаммамиз ишониб бўлгандик. Дунёдан ёлғиз ўтмасин, дея акам шу совчиларга розилик берди. Аммо…
— Кейин нима бўлди? — дедим аёлнинг жим қолганига сабрим чидамай.
— Худонинг марҳаматини қарангки, жияним ҳомиладор бўлиб қолди.
— Наҳотки?!
— Аммо бу нарса куёвимизга ёқмади. Ҳозир жияним беш ойлик ҳомиласи билан яна ота уйига қайтиб келган. Унинг қувончига ҳам, аламига ҳам қандай изоҳ беришни билмай бошимиз қотяпти.
— Куёвингизга бола керак эмасмикан?
— Керак эмасдирки, уч ойдан буён хотинидан хабар олмайди. Ҳозир бошимиз қотган. Куёвимиз инсофга келиб бола билан онасини ўз уйига, бағрига олсин дея Худодан сўраб ўтирибмиз. Мени даҳшатга солгани, жияним бечора олдинги рўзғоридан бефарзандлиги туфайли ажрашган бўлса, бу уйидан ҳомиладор бўлгани учун қувилди.
— Куюнманг, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади. Куёвингиз ўз зурриёдини олиб кетгани албатта келади. Жиянингиз ҳам оналик бахтига муяссар бўлиб, хотиржам турмуш кечиради.
— Илоҳим айтганингиз келсин. Худодан фақат шуни сўрайман.
ХОНЗОДА суҳбатлашди
“Ношукрлик яхши эмас, опа!..”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 06 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган бу галги мухлисанинг айтганларини эшита туриб, мол-дунё, ҳашам ва дабдабани ҳақиқий саодатдан, кўнгил хотиржамлигидан устун қўядиган аёлларнинг ўзига тегишли бахтни ҳис қилмай, кўнглини чўктиришидан ғашландим, тўғриси...
— Қаерда чиройли, баланд уйларга кўзим тушса ёки кўча-кўйда машина ҳайдаб кетаётган аёлни кўрсам ҳавасим келади,- деб гапини бошлади салом-аликдан кейин муштарийимиз.- Шу аёл нақадар бахтли-а, деган изтиробли ўйдан эзиламан. Балки бу гапларим сайтга ёзишга арзирли эмасдир, аммо мен ҳеч қачон ўзимни бахтиёр ҳис қилмаганман. Бу дунёда фақат фарзандларим учунгина яшаб юрибман.
— Қизиқ экансиз, нега дабдурустдан бундай тушкун хаёлларга бериляпсиз. Ана, фарзандларингиз бор экан-ку, яна қанақа бахт керак сизга?! Фарзандлари бўла туриб, зерикдим, деган аёл нафратга лойиқ, деган экан файласуфлардан бири…
— Гапингиз тўғри! Мен дунёдаги энг бахтли аёлман! Уч нафар фарзандим бор. Шукр, улар соғ-саломат, ақл-ҳуши жойида, яхши ўқишади, орзулари бениҳоя. Аммо…
— Шу аммога ўрин бормикан, опа?..
— Сиз мени эшитмоқчи эмасга ўхшайсиз, назаримда. -Мухлисамиз биздан ранжигандек бўлдилар.
— Асло, бемалол опа Сизни эшитишга тайёрмиз.
— Хуллас, касбим шифокор. Тошкентда олийгоҳ таҳсилини тугаллаб, қишлоққа қайтганимдан кейин ота-онамнинг гапини икки қилмай, улар истаган йигитга турмушга чиқдим. Ишонасизми, никоҳнинг дастлабки кунларидаёқ турмуш ўртоғимнинг наркотик моддалар истеъмол қилишини билганман.
— Кейин…
— Кейин нима бўларди? Биласиз, қишлоқ жойларида эрдан ажрашиш бизнинг давримизда уят, иснод эди! У пайтларда ҳозирги ёшларга ўхшаб сал нарсага жанжаллашиб онамизникига келмасдик. Минг бир азобни бошдан кечириб, эримни бу бало домидан амаллаб халос этдим. Аммо олдимда яна бир муаммо пайдо бўлди: турмуш ўртоғим ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Яъни, бутун бошли рўзғорни мен боқишим керак эди. Шунга ҳам чидадим. Бошқа нима ҳам қилардим. Камига қайнонам ҳам зулмкор чиқди. Яна сабр… Хуллас, сабр, чидам, тоқат, бардош деган нарсалар мен ва менга ўхшаган аёллар учун чиқарилган экан.
— Аёл кишининг қисмати шу-да опа…
— Шундай дейсизу, лекин ҳеч қаерда ишламай, эрини аллақаёқларга жўнатиб, ишлатиб, қўғирчоқдай ясаниб юрган аёллар машина ҳайдаб, «гап ўйнаш»дан бери келмайдиган хотинларнинг луғатида ҳам сабр деган сўз учрармикан?! Эрим эр бўлиб менга бирор марта бир дона гул ёки дастрўмол совға қилмаган. Энди тилла тақинчоқ, кийим-бош олиб бериши ҳақида орзу қилмай қўйганимга ҳам анча бўлган. Ҳатто болаларига ҳам бир нарса олиб бериш хаёлида йўқ.
— Ишлайдиларми?
— Ишлайди. Қандайдир ташкилотда қоровуллик қилади. Маошини биз билмаймиз. Қайнонам билади. Қайнонамнинг битта шу ўғлидан бошқа фарзанди йўқ, аммо унинг қўлига тушган уч-тўрт сўмни ҳам юлқиб олади.
— Эҳ опажон… Ношукрлик ҳам эвида бўлсин-да. Ўша сиз ҳавас қилаётган аёллар ҳам сиз ўйлаганчалик бахтли эмас. Уларнинг ҳам ташвиши, машаққати ўзига етарли. Ким билади, ўшалар бежирим либослар ортида аламу изтиробларини, тилла тақинчоқлар тагида дарду ғамини яширишга уринар. Балки, улар ҳам сизга ўхшаган ўзи ишлайдиган, пул топиб, ўзини таъминлайдиган, эрига термулиб, муҳтож бўлмайдиган аёлларга ҳавас билан қарашар. Қолаверса, бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, дейди халқимиз. Бу дунёда ҳамма нарса нисбий опа, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, қувончу ғам ҳам. Биз ўзимизни ўзимиз қувонтириб, кўниктириб яшамоғимиз керак, холос. Ахир ҳаёт бебаҳо неъмат. Умр ғанимат. Яратганнинг бу неъматини қайғу ва тушкунликда ўтказиш ҳам исроф ҳисобланади. Ҳаётга оптимистик назар билан қарашни ўрганинг, опа. Шифокор экансиз, тушкунлик барча хасталикларнинг бошланиши…
— Ҳақсиз! Балки, мулоҳазаларим ноўриндир. Аммо нима бўлганда ҳам энди мен учун бахт фарзандларим ва уларнинг келажаги.
— Яхши кунлар энди бошланяпти.
— Раҳмат сизга!
— Саломат бўлинг.
Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди
Тирноқсиз аёл билан суҳбат
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 23 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
— Эр-хотин фарзанд кўрмадик. Яратганнинг тирноқ беришини кута-кута анча йил бирга яшаб қўйдик. Бир неча бор шифокорлар кўригидан ўтдик. Улар эримда «айб» борлигини айтишди. Эркак ва аёлни оилада боғлаб турган ришта бола бўлар экан. Шунинг учун кўпчилик эр-хотинлар фарзанд кўришмаса ажрашиб кетишади. Аммо биз ундай қилмадик.
— Нега? Агар тақдирингизни бошқа инсон билан боғлаганингизда балки фарзанд кўрармидингиз?
— Билмадим! Иккаламиз бир-биримизга жуда боғланиб қолган эдик. Қолаверса ўзимдан кўра эримни кўпроқ ўйладим. Эрим бола кўрмаслигини эшитгач еру кўкка сиғмай қолди. Шундай пайтда мен уни ташлаб кетсам, уйидагилар яна бошқасига уйлантиришади. Агар иккинчи хотиндан ҳам бола кўрмаса, бечоранинг ҳоли не кечади? Эримга тегишли сирни ҳеч кимга, ҳатто унинг яқинларига ҳам ошкор қилмадик. Иккимиз маслаҳат қилиб, бола асраб оладиган бўлдик. Ажаб эмас, боланинг қадами қутлуғ келиб, орқасидан ўзимиз ҳам фарзандли бўлсак, деб ўзимизни қаттиқ ишонтирдик… Бола ахтариш билан ўзим шуғулланиб, кўп сарсон бўлдим. Бир куни «Болалар уйи» дарвозаси олдида турсам бир киши билагимдан маҳкам ушлади. Ўгирилиб қарасам ёнимда ранги докадек оқарган бир қиз турарди. У ҳадик ичра:
— Мабода сизга бола керак эмасми? — деди.
— Қаерда экан, ўша бола?! — дедим юрагим орзиқиб.
— Қиз бўлсачи?!
— Менга барибир, танламайман, бола бўлса бас!
— Ой куним яқин, узоғи билан беш-олти кун ичида туғар эканман, шифокорлар айтишди, — деди суҳбатдошим қорнидаги ҳомиласига ишора қилиб. — Илтимос, мени уйингизга олиб кетинг, кўзим ёригач, кетаман.
— Қаёққа кетар экан? Нега у боласидан кечмоқчи бўлди?
— У ҳали турмушга чиқмаган экан. Шаҳарга ўқигани келиб ҳомиладор бўлиб қолибди. Ўқийдиган жойидаги ётоқхонада турган экан, дугоналари туғишини билиб қолишиб, сиғдирмай қўйишибди. Гапнинг қисқаси унинг ҳомиладорлигини ота-онаси ва яқинлари билишмас экан.
— Ўша қизнинг ким экани, қандайлиги сизни қизиқтирмадими?
— Йўқ, заррача қизиқтирмас, тезроқ туғишини кутардим, боласини ўзимнинг номимга расмийлаштириб, уни истаган манзилига кузатиб қўйишни кўзлар эдим холос. Қолаверса боланинг ўзи оёқларим остидан чиққанига қувонардим. Айрим сабабларга кўра, уни бир қариндошимизникига етаклаб бордим. Янглишган экан, орадан саккиз кун ўтиб қиз эмас ўғил туғди. Ёнида ўзим туриб, нима даркор бўлса ҳаммасини муҳайё қилдим. Шифохонадан чиққач, болага тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб уни кузатиб қўйдим. Аммо уйимни қаердалигини асло билдирмадим.
— Бола асраб олганингизга яқинларингиз, эрингизнинг уйидагилар қандай қарашди?
— Чақалоқни олиб келган куним уйимиз меҳмонларга тўлиб кетди. Қайнона-қайнисингилларим, овсинларим, баримиз жам бўлдик. Шунда оппоқ йўргакли боламни — Умиджонимни кўтариб қайнонамга пешвоз чиқиб:
— Энаси, мана неварангиз, — дедим.
— Ҳм, ко-о-о-тта йигит бўлсин, — чимирилди қайнонам. Унинг пичинг аралаш гапидан «ҳаромидан бино бўлган» деган ишора сезилиб турарди.
— Вуй, кеннойи, мунча мушук боласидек, нима бало чала туғилганми? — «чақиб» олди кенжа қайнисинглим. Хуллас, етимчани ҳеч ким қўлига олмади.
— Уларнинг гаплари сизга оғир ботгандир?
— Юрагим увишиб, хўрлигим келиб кетди. Агар ўз болам, ўз жигарпорам бўлганида эди, қайнонам «туф-туф»лаб қўлига олган, қайнисингилларим бир нималар деб меҳримни товлаган бўлар эди. Афсуски, бола меники эмас, унинг томирларида ўзга бир аёлнинг, ўзга бир эркакнинг қони оқаётганди.
— Чақалоқни боқиш қийин бўлгандир-а?
— Умиджон жуда йиғлоқи чиқди. На сўрғичга кўнади, на бошқа овунчоққа. Туни билан она-бола бедормиз. Бола чир-чир йиғлайверади, унинг сари дадасининг асаби бузилиб сўкинади. Бошини тўшакка буркаб олади. Мен бўлсам болани ҳали бешикка, ҳали беланчакка солиб тебратаман, қани кўнса.
— Эрингизнинг нега аччиғи келди. Ахир унинг розилиги билан бола олдингиз-ку?!
— Ўшанда уни тушунишга ҳаракат қилдим. Аёл киши бир нимадан сиқилса, ранжиса аламини кўз ёшидан олади. Аммо эркак-чи… у барча ғам-андуҳни ичига ютар экан. Умиджонни кўтариб илк бора уйга кириб келган куним эрим «келдингизми?» деди-ю, болага қайрилиб ҳам қарамади. Ўшанда бола ўзиники бўлганида қандай бўларди-я, шошиб қўлига олармиди, деб унга юрак-юракдан ачиниб кетган эдим…
— Болангизни бирон жойи оғригандир-да, ўшанда?
— Негадир Умиджон йиғлашдан бўшамай қолди.
— Дўхтирга олиб боринг, падар лаънатини, нимага йиғлайди, — дарғазаб бўлди дадаси бир куни.
— Бу ҳам митти одам, яшайман деб йиғлайди-да! — дедим мен ҳам тутоқиб.
Қоринчасини авайлаб силайман, кинналаб ҳам кўраман, барибир чакаги тинмайди. Уни юпантира олмай бир гал кўкрак тутиб кўрдим, у буни фаҳмлай олмади. Дўхтирга олиб борсам, ошқозон-ичак йўллари касалланган экан, ётиб даволандик. Шу митти одамчага меҳрим тушиб қолди. Уйқусиз тунлар, адоғи йўқ аллалар, буларнинг ҳаммаси менинг юрагим билан бола юраги ўртасига тўғри чизиқ тортган эди.
— Болали бўлиб, эр-хотин анча ғам-андуҳни унутгандирсизлар?
— Қани эди шундай бўлганида. Фарзандсиз юриш қанчалар оғир бўлса, уни асраб олиш ундан ҳам баттар экан. Кўчага чиқсам таниш-билишлар бир-бирига худди мени бармоқларининг учида кўрсатаётгандек туюлаверарди.
Она-бола иккимиз кўп қийналдик. Мен ҳамма ишни йиғиштириб қўйдим, бутун ихтиёрим боламда. Бола она сутини эммагани учун нимжон бўлиб қолмасин деб, турли меваларнинг шарбатини бериб кўрдим. Ҳеч эринмай оёқ-қўлларини уқалайман. Кечалари ғашлик қилиб ухламайди. Даст ўрнимдан туриб сут пишираман, кашасини тайёрлайман. Тонг оқариши билан унинг кўзига уйқу илинади.
…Кунлар шу зайл ўтаверди. Ниҳоят кўз қорачиғимиз икки ёшга кирди. Дўмбоққина, кўзлари тим қора суйгулик бўлди. Эндигина оналик ҳиссини, ғурурини туйиб, боламнинг келажагидан умидланиб юрганимда тўсатдан Латофат — боламнинг туққан онаси ҳақида хабар келди. У қариндошларимизникига боласини излаб келганмиш. Яхшиям улар уйимнинг қаердалигини айтишмабди. Бу хабарни эшитиб юрагим дукурлаб урди, биров кўксимдан бир чимдим этни узиб олгандай эди. «Тополмайди барибир. Топса ҳам икки дунёда унга бермайман, боламни!» дердим.
Эшитишимча, Латофат турмушга чиқмабди. Туғиб қўйгани ошкор бўлгач, ўқишидан ҳайдалибди, ота-онаси оқ қилибди. Отинг ўчгур ҳалигинақанги «касб»ни этагидан маҳкам тутиб олганмиш. Бирни қўйиб, бирни кияр, ялагани мой, худди бойваччалардек яшаётганмиш.
— Шундай экан, бола нимага керак бўлиб қопти унга?
— Худди шу савол мени ҳам эзиб юборди. Боламга қараб бир қувонсам, онаси ёдимга тушса бир эзиламан. Хаёлимда бир кун боладан айрилиш ғамини тортадигандай бўлавердим.
«Келмас-ов, келсаям қонун биз томонда, ахир ўзи рози бўлиб боласидан кечди-ку!» дейди эрим вазмин хўрсиниб. Чунки болага эримнинг ҳам меҳри тушиб қолган эди.
Онам бўлсалар: «Ер ютгур, болани нима қилармиш, керак бўлса яна туғиб олмайдими?» дейдилар жонсараклик билан.
Бу хабар қайнона-қайнисингилларимга мойдек ёқди: «Боласини бериб юборинг, худо берса ўзингиз туғиб оласиз» дейишди. Билишмайди-ки, акалари билан мени фарзанд кўра олмаслигимизни…
Оҳу нолаларим Худога етиб, Латофат қайтиб боласини дараклатмади.
Умиджоннинг еттига кирганига ҳеч ишонгим келмасди. Кеча эмасмиди бир парча этни жонимда асраганларим, митти юракчасининг дукурлашига қулоқ тутиб яшаб кетармикин, дея қайғурганларим, бари ўтди. Биринчи синфга боришига оз қолганида кам-кўстларини бутлаш мақсадида ўзим билан бирга бозорга олиб бордим. Савдо расталарини зерикмай айланиб, кўнгилдагидек буюмларни харид қилдик. Бозордан чиқиб, катта йўлдан кетаётсак, қаршимиздан бир аёл чиқди-ю, турган ерида мисоли тошдек қотиб қолди. Аввал танимадим. Кейин онгимда «ярқ» этиб исми чақнади. Юрагим баданим узра сидирилиб тушгандай, терс ўгирилиб боламни қўлидан маҳкам тутиб, жон ҳолатда таксига чопдим. Машина йўлга тушганида Латофат ортимиздан бесўз тикилиб турарди.
Анча вақтгача ўзимга келолмай юрдим. Қон босимим ошиб кетган, икки чаккам лўқилларди. Бунинг устига ўғлим савол беришдан чарчамайди:
— Ойи, нимага ўша хотиндан қочдик, нима у душманимизми?
Болага нима деб жавоб беришни билмай карахт бўлиб туравераман.
— Кейин нима бўлди, Латофат уйингизни қаердалигини билмас эди, топа олмагандир?
— Бир куни кўча эшикдан биров отимни айтиб чақирди. Дарвозани очиб, кўзларимга ишонмадим. Ахир ўғлимнинг туққан онаси эди бу аёл.
— Келинг, — дедим кўнглим хушламай.
— Келдим, — деди безрайганича юзимга тик боқиб.
Шу пайт ичкаридан болажоним югуриб чиқди. Латофат уни маҳкам бағрига босди. Болам бир унга, бир менга мўлтираб турарди. Ўша-ўша Латофат менга билдирмай келадиган бўлди. Болани совға-салом билан ақлини ўғирлаб қўйди. Охир-оқибат боламизни ўғирлаб кетди. Шундан бери эрим иккимиз нима қиларимизни билмаймиз. Иложи бўлса бизга ёрдам беринглар. Ким нима деса десину, дадаси иккимиз Умиджонни жуда соғиндик. У бизнинг фарзандимиз.
Азизанинг изтиробли сўзларини эшитар эканман, таскин тасалли беришдан ўзга чора топа олмадим. Чунки бундай ишлар билан тегишли идоралар шуғулланишади. Шуғулланишганидаям гўдаклигида ўз боласига меҳр улаша олмаган онани асло ҳимоя қилишмайди. Бир нарсага аминманки, қонун томонидан Азиза ва унинг эри ҳақ. Чунки улар онаси ташлаб кетган бир парча этни боқиб олишиб, машаққат билан улғайтиришди. Бор меҳрини беришди. Умид қиламизки, Умиджон албатта ўз ота-онасининг бағрига қайтади. Ахир туққан эмас, боққан она деб бежиз айтишмаган-ку!
ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА
Менга қаттиққўл хотин керак
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 23 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
— Келинг, келинг қандайсиз, узоқданми, яқинданми? — дея ҳазиллашган бўлдим.
— Исмим Одил, ёшим қирқ иккида, асли қашқадарёликман. Анчадан буён пойтахтда юрибман, мардикорчилик қилиб кун кўраман. Баъзида иш бор, баъзида эса йўқ. Топиш-тутишим ҳам шунга яраша-да! — деди суҳбатдошим ўзи ҳақида гапириб.
— Менга қаранг, ука! Айни тоғни урса талқон қиладиган ёшда экансиз. Ҳойнаҳой бошингизда оила, фарзанд ташвиши бордир? Баъзида иш бор, баъзида йўқ дегунча, эркак киши бирор ишнинг бошини тутиши, жонини аямай ҳаракат қилиши керак эмасми? — Негадир унинг сўзларидан бироз жаҳлим чиққандек бўлди. Гўё рўпарамда ношуд ва уқувсиз бир эркак гавдаланганди. Шундай бўлса-да, касбимиз тақазоси билан уни тўғри тушунишга ҳаракат қилдим. — Иш масаласида ёрдам сўраб келдингизми?
— Йўғ-а, мен бутунлай бошқа масалада келган эдим.
— Хўш нима экан? Оилангиз нотинчми ё уй-жойдан камчилик борми?
— Биласизми, дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Сайтларингизни ўқиб бораман. Гоҳ-гоҳ оиласи бузилган ёлғиз аёллар ҳақида ёзиб қоласизлар. Шунинг учун… Бу ерга келганимни ҳеч ким билмайди. Нима қилай, бирон кишига кўнглимни ёриб енгиллашгим келди.
— Қани, кўнглингиздагиларни айтингчи?
— Ҳаммага ҳам тушунтира олмайман-да, бу дард қурғурни. Қолаверса, ҳеч ким мени диққат билан эшитиб, сиз журналистларчалик тушунишга ҳаракат қилмайди. Яшириб нима қилдим, уч маротаба уйланиб, уччаласи билан ҳам ажрашиб кетганман. Ўозирда бир аёл меҳр-мурувватига зорман. Уддабурон, уқувли аёл бўлса-ю, жиловимни маҳкам ушласа мендан ҳам биноийдек, уйим-жойим дейдиган эр чиқармиди? Ахир эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин деган гап бежизга айтилмаган-ку!
— Кўнглингизга келмасину, хотинларингиз билан нега ажрашгансиз?
— Биринчи хотиним билан кўп яшамадик. Қисқа вақт яшасак-да, аҳил-иноқ яшадик. Бизга кўз тегдими, битта қизли бўлгач ажрашиб кетдик. Ўша пайтда яхши ишлар эдим. Топиш-тутишим тузук бўлгани учун маишатга берилдим. Оиламга хиёнат қилдим. Буни хотиним билиб қолиб, қизимни олди-ю, мени ташлаб кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, аччиқ устида аразлаб кетди-да, ҳовуридан тушгандир деб уйга олиб келгани борсам, «Хиёнаткор эр билан яшамайман!» деди қатъий. Хотиним шу гапида туриб олди. Оиламизни қайта тиклай олмай яна уйланиб, иккинчи хотинимдан тўрт нафар фарзанд кўрдим. Фарзандлар кўпайиб оиламиз катталашгани сари кўпроқ ишлаб пул топай дердиму, аммо ойлик маошим билан оилани тебратишим анча мушкуллашди. Хотиним ҳеч қаерда ишламас, биргина менинг топганим рўзғорнинг йиртиғига ямоқ ҳам бўлмай қолди. Хотиним «бўш»лигимни, яхши пул тополмаётганимни юзимга солиб, кунда-кунора жанжал қиларди. Охир-оқибат икки ўғлим ва бир қизимни олиб, катта қизимни менга қолдириб ажрашиб кетди. Ҳозир қизим катта бўлиб қолган. Ота-онам билан бирга туради. Онам шўрлик шу қизимни ёшлигидан бағрига олди. Ўз фарзандидек катта қилди.
— Икки хотинга уйланибсиз, фарзанд орттирибсиз. Сизни топган-тутганингиз болалар алиментидан ортмагандир. Учинчи хотин шуларни билиб турса-да, индамай тегавердими?
— Учинчи хотиним бефарзанд аёл эди. «Серфарзанд эркак экан, зора бола кўрсам», деб менга турмушга чиқишга рози бўлди. Афсус отасиз ўсаётган гўдакларимнинг уволи тутдими, аёлим мендан ҳам фарзанд кўрмади. Кейин, кейин ажрашиб кетдик.
— Шундай қилиб шаҳри азим Тошкентга ишлагани келиб қолдим денг? Мусофир экансиз, иш, яшаш деганларидек, бу ёғи осон кечмаётгандир?
— Қишлоғимиздаги йигитлар шу ерда ишлашарди. «Тошкентда топиш-тутиш яхши» деб мақташганлари учун мен ҳам келиб қолдим. Иш бўлса-ку унча-мунча муаммолар, қийинчиликлар билинмайди. Аммо ўша иш доимо топилавермайди. Баъзан иш бўлмаган кунлари оч қоламан. Иш топилиб, қўлимга пул тушса менга шуниси етади деб ишлагим келмай қолади.
— Пулингиз йўқ бўлса қаерда яшайсиз. Пулсиз одамни ҳеч ким ижарада яшашга қўймаса керак?
— Ҳар доим пулсиз эмасман, аҳён-аҳёнда шундай бўлади-да. Қўйлиқ бозори яқинидаги бир хонадонда ижарада яшаймиз. Ижара пулини эса кунлик тўлаймиз. Уй эгалари мени яхши билишади. Пулим бўлмай қолса уч-тўрт кунгача бепул қўяверишади. Қўлимга пул тушиши билан дарҳол ҳисоб-китоб қиламан. Жуда чорасиз қолганимда таниш-билишларни ёнига ёрдам сўраб бораман.
— Ҳозирги пайтда эридан ажрашган аёлларнинг кўпчилиги қайтиб эрга тегишмаяпти. Ўзингиз айтгандай, хотинликка «уддабурон, уқувли аёл»ни топа олармикинсиз?
— Яхши ният ярим мол дейишади-ку. Ажабмас, газета сабабчи бўлиб, биронта менга мос аёл топилиб қолса!
— Хотин ҳам топилди дейлик, кейин қаерда яшайсиз? Ота-онангиз, қизингиз янги хотинингизни қандай қабул қилишаркин?
— Кенжа ўғилман, ота-онам билан бирга яшайман. Ўовли катта, яшашга ҳамма шароит етарли. Уйдагилар қаршилик қилишмайди. Ота-онам доим «Кўзимиз тириклигида ўзингга мос биронта аёлга уйлан» дейишгани дейишган. Кеча отам қўнғироқ қилибди. «Тезда уйга етиб кел, қизингга совчилар келиб, тинчлик беришмаяпти. Биз ҳам қарияпмиз, қизингнинг бозори қизиганида узатиб юбормасак бўлмайди» деса бўладими? Буни қаранг, қизим катта бўлиб қолипти. Шу кунгача буни ҳис қилмабман. Хаёлимда ҳалиям у гўдакдек. Қизиқ-а, ота ҳали ҳаётда ўзига мос бир аёлни топиб улгургани йўқ. Бу ёқда эса қизини эрга бериш керак…
— Дунёнинг ишлари қизиқ-да! Кўз очиб юмгунимизча фарзандлар улғайиб қолишади. Биринчи хотинимдан ҳам қизим бор эди дедингиз, ҳали у қизингизни узатмадингизми?
— Катта қизимнинг исми Нафиса, синглиси Чаросдан икки ёш катта. Онаси қайтиб турмуш қилмади. Она-бола бинойидек яшашади.
— Улардан хабар олиб турасизми?
— Она-бола қўшни туманда туришади. Дастлаб оиламиз бузилган пайтда қизим Нафисани кўргани бориб турардим. Кейинчалик онаси менга кўрсатмай қўйди. Менинг хиёнатимдан қаттиқ ранжиб, дили оғриган шекилли, Нафисага олиб борган нарсаларимни юзимга отиб «Сиздай одамнинг ҳеч нарсаси керак эмас. Уйимизга қайтиб келманг, қизингиз борлигини унутинг», деди. Шу-шу тилим қисилиб, ўша хонадондан қадамимни уздим. Эшитишимга қараганда, қизим Қаршидаги университетда ўқир экан. Ўқишни бу йил тамомласа тўйи бўлармиш. Ўали мени тўйга чақиришадими йўқми худо билади.
— Қизингиз Нафисани кўргингиз келадими? Ўамма фарзандингизни бирдек кўрасизми?
— Нафисани кўп ўйлайман. Кўчада кетаётганимда қаршимдан чиқиб қолса танимасам керак деб қўрқаман. Вилоят марказига бориб қолсам рўпарамдан ўтиб кетаётган қизчаларга узоқ тикилиб қоламан. Негадир ўша қизлардан бири Нафиса бўлса керак деган ўй менинг хаёлимни сира тарк этмайди. Баъзан онасига билдирмай университетга излаб борсаммикин дейман, кейин эса мендек бир одамни Нафиса отам деб тан олармикин деб иккиланиб қоламан. Ўзингиз ўйланг, мен унга ота бўлиб нима қила олдим? Меҳр кўзда деган гап бор. Қизим Чарос кўз ўнгимда улғайганлиги учун унга бўлган меҳрим жуда бўлакча. Чарос ҳам мени жуда яхши кўради. Ахир унинг отасиман-да! Қўлимга пул тушса аввало унга илинаман. Уйга борганимда ҳам совға-саломлар билан кириб бораман. Билмадим, уни турмушга узатиб юборсак менинг ҳолим не кечаркин?
— Хаёлимга бир фикр келди. Биринчи хотинингиз билан ярашмайсизми?
— Қандай қилиб?
— Айтишингизга қараганда, хотинингиз қайтиб турмуш қурмабди. Нима бўлганида ҳам сиз унинг кўз очиб кўрганисиз. «Ёшлик қилиб хато қилган эканман, ҳозир ақлим кирган. Сенга ва оиламизга қайтиб хиёнат қилмайман» деб кечирим сўраб, уйингизга олиб келиб бирга яшасангизчи?
— Билмадим, у мени кечирармикин, таклифимга кўнармикин! Орадан қанча йиллар ўтди. Ота бўлиб, ҳеч йўқ қизим Нафисага меҳр-мурувват кўрсата олмадим. Энди қандоқ бўларкин?
— Жуда яхши бўлади. Нима бўлганида ҳам биринчи хотинингиз сизни яхши билади. Қолаверса оилангизни бузилишига ҳам сизнинг хиёнатингиздан бошқа сабаб бўлмаган. Мана, ёшингиз қирқдан ошганда тавбангизга таянибсиз. Дарбадарликни йиғиштирингда ўз юртингизга қайтиб кетинг. Шу иш ўша ёқдан ҳам топилади, албатта бу сизнинг ўзингизга боғлиқ. Қўлингиздан келса ўзингиз, йўқса ота-онангизними, таниш-билишларингизними, маҳалла фаоллариними ўртага қўйиб, биринчи хотинингиз билан ярашишга ҳаракат қилинг. Балки қизингиз билан гаплашиб кўрарсиз. У вояга етибди, бунинг устига ўқимишли экан, балки сизни тушунар. Кўп ҳолларда фарзанд узилган оила ришталарини қайта боғлайди-ку!
Одилжон билан анча суҳбатлашдик. Менинг маслаҳатим унга ҳам маъқул келди чоғи «Бу ҳақда нега олдинроқ ўйлаб кўрмадим экан. Майли сизнинг маслаҳатингизга қулоқ солиб кўрайчи. Отам ҳам уйга чақиряпти, эртагаёқ уйга кетаман. Янгилик бўлса сизга ўзим айтаман», дея мамнун бўлиб хонани тарк этди. Одилжоннинг эртанги тақдирининг нима бўлиши ҳали номаълум. Хотини уни кечирадими, оиласи тикланадими йўқми буни эса олий ҳакам — вақт кўрсатади.
ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА тайёрлади
«Ўғилларим бор деб ғурурланманг, ота!»
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 05 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ишдан қайтаётиб маҳалламиз бошидаги дўкон олдида гурунглашиб ўтирган аёллар билан, салом-алик қилмай ўтолмадим. Ҳол-аҳвол сўрашганимдан кейин ўз-ўзидан уларнинг суҳбатига қўшилиб кетдим. Ҳамиша сўнгги ахборотлардан хабардор бўлиб юрадиган, маҳалламиз кайвониси Назира ая маҳаладошимиз Бешим ота ўз ҳовли-жойини қўшниси Бобоқул аканинг ўғлига хатлаб бергани ҳақида тўлиб-тошиб гапираётган экан. Аянинг оғзига термулиб ўтирганлар отахоннинг саховатига таҳсин ўқиётганларида, мен ич-ичимдан тошиб келаётган ҳайратни яширолмай савол бердим:
— Ахир, Бешим отанинг фарзандлари, неваралари бор-ку. Улар қандай кўнишибди...
— Болаларининг болалиги қуриб кетсин. Отахон анча пайт бетоб бўлиб ётиб қолибдилар. Бирорта фарзанди дўхтиргами, касалхонагами олиб бориш у ёқда турсин, ҳатто холидан ҳам хабар олишмабди. Одамзоднинг тақдири шу экан-да. Бешим ота умр бўйи катта ишларда хизмат қилган. Болаларини бировдан кам бўлмасин деб, яхши едирди, ичирди, кийдирди, ҳашамаматли уйлар қуриб берди. Ўқитди. Бугунга келиб болаларидан оқибат кўролмай, алам устига етти ёт бегонанинг боласига уй-жойини хатлаб берибди.
— Ўзиникилар иссиғ-совуғидан хабар олмай, ёлғизлатиб қўйганидан кейин Бобоқулбойнинг оиласи, аёли, болалари отага қарашди. Ҳатто касалхоналарда ётқизиб, даволатишди. Тўғри, ота пулга муҳтож эмас, аммо қари одам қўлида пули бўлгани билан нима ҳам қила оларди? Ўғиллари бўлса пул дардида эрта чиқиб, кеч қайтишади. Ҳафтада бирми, ойда бирми отасидан хабар олишади ё йўқ. Ота кампири вафот этганидан кейин, шаҳарлик бир бевага уйланган экан. Келинлар аёлни сиғдирмай бир ҳафтадаёқ ҳайдвб юборишибди. Тағин одамлар “ўғил фарзандим бўлса эди”, деб орзу қилишади. Ана Бешим отанинг тўртта алпдай ўғли бор. Казо-казо жойларда ишлашади. Бу дунё чархпалак дунё. Отасига қилгани бир куни албатта ўзига қайтади,- деди ёши кексароқ маҳалладошимиз. - Эртага Бобоқул ака элга дастурхони ёзиб, тўнғич ўғли билан келинини ўша ерга кўчириб ўтказмоқчи экан. Отанинг ўғиллари, “Биз турганда нега бегонанинг боласи отамизнинг уйига эгалик қиларкан”, деб жанжал кўтариб, маҳаллаю мелисагача боришибди. Ота, “мен кимни хоҳласам, ўша меросхўр бўлади” деб, уйларига нотарус чақиртириб, маҳалладан икки киши гувоҳлигида уйни Бобоқулбойга хатлаб берибди. Демак, Бешим отанинг кўнгиллари шу оиладан сув ичган экан-да.
— Нимасини айтасиз, - бошқа бир ҳамқишлоғимиз гапга қўшилди. - Бобоыулбойнинг аёли бирам меҳрибонки асти ыўяверасиз. Келини ҳам тарбияли, андишали. Бешим отани ўз бувасидай кўриб, ош-овқати, чойидан ҳамиша хабардор экан. Ҳатто кирларини ювиб, дазмоллаб ҳам бераркан. Қаранг, меҳнатдан ҳурмат топиш деб шуни айтадилар-да, ҳам кекса одамнинг дуосиллди, ҳам уй-жойли бўлди.
— Тўғрироғи, меҳр ва эътиборга муҳтож одамга ёрдам берганни Худо ҳам, ўша одам ҳам қуруқ қўймайди. Бу дунёда ҳеч бир иш жавобсиз қолмайди.
Одамлар шундай воқеалрни кўриб, бундоқ кўзи очилсин. Ўйласин, мушоҳада қилсин. Бу бир кам дунёда фарзанднинг ота-она олдидаги ҳақини, бурч вазифасини англасин, билсин. Қизлар-ку, турмушга узатилиб кетганда ҳам ота-онасини ўйлаб, топганини гоҳ яширин, гоҳ ошкора меҳрибонларига илинади. Ҳали эрига, ҳали қайнонасига ёмон кўриниб, озгина бўш вақт топдим дейишса ота-онасиникига чопади. Ўғиллар уйлангандан кейин тамоман ота-онасини унутади-қўяди,- деди бошқа бир онахон.
Онахонларнинг суҳбатига қулоқ тутар эканман, бундан икки- уч йилча олдин ота маҳалламдаги бир воқеа эсимга тушиб кетди.
Хуллас, маҳалламизда яшайдиган бир оилада уй-жой муаммоси чиқиб, ота уйни кенжа ўғлига қолдириб, тўнғичига бошға жойдан уй- жой қилиб чиқиб кетишини айтибди. Ўғилга отасининг гапи қаттиқ таъсир қилиб, жанжал чиқибди. Охири иш шу билан якун топибди-ки, ўғил отасидан юз ўгириб, хотини ва уч қизи билан уйдан чиқиб кетибди. Ҳарқалай кўчада қолмай, уй қуриб бошпана тиклабди. Аммо отаси ва укаси билан юз кўрмас бўлиб кетган, айни пайтда уч қиздан кейин тилаб-тилаб етишган ўғилчаси гапирмайди, эшитмайди. Ота-боланинг оқибатсизлиги, беандишалигининг касри бегуноҳ болага уриб келяпти. Ота уйимга борганимда ўша оила ҳақида онамдан сўраб қоламан. Ҳанузгача на ўғил, на ота ҳовуридан тушиб, бир-бирининг айбидан ўтиш учун қадам ташламас эмиш... Ўйланиб қоламан, бир пайтлари аёллар бир-биридан арзлаб, аччиқланиб, гинаю кек сақлашарди. Наҳот энди бу одат эркакларга кўчган бўлса?!..
Ўзлигингизга қайтинг, Ҳазрати ЭРКАК! Аёлнинг паноҳи, оиланинг қўрғонисиз. Масъулиятингизни ҳис қилиш билан бирга бажариш ҳам керакоигини, ҳеч қачон унутманг!
Рухшона Фаррух
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар