1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ким айбдор?! (Учинчи мактуб)

 

 

 

Сохта билимдонлардан эҳтиёт бўлинг.
Зеро улар билимсизлардан хавфлироқдир.

Бернард ШОУ

Ассалому алайкум, ПАҲЛАВОНИМ!
Соғлиғингиз, ишларингиз яхшими?
Иккала полвонингиз, айниқса, кичкинтойингиз яхши юрибдими? Уларни мен учун ўпиб қўйинг!
Тирикчилик ташвишлари сизни толиқтириб қўймаяптими? Ўзим бу ерда бўлганим билан, хаёлим фақат сизда. Нимадир есам, сиз нима еган экансиз, ош-овқатдан қийналиб қолмадингизмикан, дея ўйлайвераман... Баҳор кунлари эмасми, сал ҳаво ўзгарса, ишқилиб, кўчага қалинроқ кийимда чиққан бўлинг-да, шамоллаб қолмасангиз бўлгани, деган хаёл миямга урилаверади.
Мендан, йўғ-е, биздан сўрасангиз, ҳаммаси яхши!
Бугунги мактубимни нега кечагисидек ҳазил-мутойиба билан бошламаганимни сезиб тургандирсиз? Сабаби, бугун кайфиятим йўқроқ... Йўқ-йўқ, сиз асло хавотир олманг, бу саломатлигим билан боғлиқ эмас! Худога шукр, менинг ҳам, унинг ҳам соғлиғимиз яхши. Муаммо шундаки, бугун биз билан битта палатада ётган Солиҳахон жарроҳлик йўли билан туғди. Буям етмагандай... Энди у бошқа фарзанд кўролмайди. Иккита қизи бор экан. Учинчиси ўғил бўлди. Кимдир, “Жон десин, учта фарзанди бор экан-ку!” деб ўйлаши мумкин. Йўқ, муаммо бунда эмас. Гап шундаки, турмуш ўртоғи оилада ёлғиз фарзанд экан. Ҳаётда онасидан эрта айрилиб, етимликнинг тошдек қаттиқ нонини еб катта бўлган, отаси эса ичкиликка берилиб кетиб, ўз оталик бурчини унутган, шундан она сути оғзидан кетмасдан, суяги қотмасдан туриб суянчиқсиз қолганча боши тошларга урила-урила, оёқлари қоқила-қоқила йўлини топган экан...
Ҳамиша: “Катта бўлсам, яхши инсон бўламан!” деган орзу билан яшаган, улғайгач эса: “Оила қурсам, яхши турмуш ўртоғи ва меҳрибон ота бўламан. Фарзандларим кў-ўп бўлади. Токи, улар менингдек ёлғизликда, забунликда, муҳтожликда яшашмасин... Турмуш йўлларида бир-бирига елкадош бўладиган оға-инилар, бир-бирининг ҳолидан хабар оладиган опа-сингиллар бўлишсин”, дея эзгу ниятлар қилар экан. Уйлангач, аҳдига содиқ ҳолда аёлини ардоқлаб, кафтида тутиб яшай бошлабди.
Биринчи қизлари туғилганда орзулари ушалган отанинг шодликдан боши кўкка етибди. Иккинчиси туғилгач, аёли яна қиз эканини билиб, “Турмуш ўртоғимни хафа қиладиган бўлдим!..” дея роса йиғлабди. Суюнчи улашаётган ота эса бу галги фарзандининг ҳам қиз эканини эшитгач, қайтадан суюнчи тарқата бошлабди. Ҳали ҳаётларида бундай воқеанинг гувоҳи бўлмаган дўхтирларнинг ҳайратдан оғизлари ланг очилиб қолибди. Сўнгра: “Сиз бизни нотўғри тушундингиз шекилли, хотинингиз ўғил эмас, қиз туққан...” дейишибди нафаслари ичига тушиб. У эса: “Нима қилибди? Қиз фарзанд эмасми? Берганига шукр! Қизим битта эди, иккита бўлди. Энди улар ёлғиз эмас!” дея жавоб берибди.
Бундан таъсирланган шифокорлар бу олижаноб ОТАни тинмай йиғлаб ётган аёлининг ёнига олиб киришга қарор қилишибди.
Йиғидан кўзлари қизариб кетган аёлига нигоҳ ташлагач, ҳаммасини англаб: “Мен билан шунча йилдан бери бирга яшаётган бўлсанг ҳам, ҳалиям яқинроқдан танимаган, ким эканимни ҳанузгача яхши билмаган экансан-да... Сени ранжитадиган ҳаракатимни бирор маротаба бўлсин кўрганмидинг? Ҳали-ку иккита экан, ўнта қиз туғсанг ҳам ношукрлик қилмайман, Худонинг тақдирига қарши исён кўтармайман. Бу сенинг ёки менинг қўлимиздаги иш эмас. Мени рози бўлсин десанг, ўзингни қўлга ол-да, қизалоғимизга меҳр билан яхшилаб қара!..” дея хотинини юпатганча чиқиб кетибди. Атрофдагилар унинг мардлигига қойил қолганча ҳайратли нигоҳлари билан кузатиб қолаверибди.
Тақдирнинг ҳукмини кўрингки, сабр қилгани боис, учинчи фарзандлари ўғил бўлди. Фақат... Солиҳахоннинг бачадони олиб ташлангани ёмон бўлди-да...
Турмуш ўртоғи етиб келолганида, бунга асло йўл қўймаган бўларди. Бахтга қарши, навбатчиликли ишда ишлар экан. То навбатчилигини топшириб, етиб келаман дегунча, “қўли енгил” дўхтирлар ҳаммаёқни саранжомлаб бўлишган экан...
Қани, Гиппократ қасамёдини ичиб, эгнига шифокорликнинг оппоқ либосини кийган дўхтирнинг  аҳдига садоқати? Қани, “Оқ либосимга доғ туширмаган ҳолда қасамимга содиқ қоламан!” дея берилган ваъдаларга вафо?!. Ёхуд ҳунарнинг, мартабанинг билим билан эмас, “соққа” билан эгалланганининг касофатими бу? Хўш, ким айбдор?
Ёки бўлмаса, бу “Эчкига жон, қассобга мол қайғуси” дейилган мақолнинг ҳаётдаги кўринишими?
Иккита боласини ўзи туққан соғлом аёл учинчисини ҳам бемалол туға оларди. Унга ҳеч қандай жарроҳликнинг кераги йўқ эди. Тонготарда биз билан шодон хайрлашиб чиқиб кетган Солиҳахон икки соат ўтар-ўтмай, операция қилингани ва биратўла бачадонидан ҳам айрилгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитгач, тош қотиб қолдик. Аслида, аёлнинг ҳали вақти-соати етмаганлигини, дўхтирининг айби билан шошқалоқликка йўл қўйилганини биз барчамиз билиб турардик... Лекин додимизни ким ҳам эшитарди, Бегим?!
Операция пайтида тиғ тегиб кетгани учун кучли қон йўқотиш бошланган. Кейин эса, шундан ўзга чоралари қолмаган...
Солиҳахоннинг маъюс ҳолда: “Кумушбиби! Ҳечам туғруқ хонасига киргим келмаяпти-да! Ҳали дарднинг “Д”сидан ҳам дарак йўқ-ку? Аввалги иккитамда дард тутиб бошлаганидан сўнг анча вақт ўтиб, туғруқ хонасига олинган ва осонгина қутулган эдим. Қўрқиб кетяпман, қанақа қилиб дардсиз туғиш мумкин? Дўхтиримга шундай десам, “Менга кўп ўқитманг, бу ерда ўзи ким шифокор?! Беморлар жа ҳаддиларидан ошиб кетишяпти! Индамасанг, профессорлик даъво қилишданам тоймайди булар! Менинг ишларимга аралашгандан кўра, эрингиз етиб келадими-йўқми, шундан гапиринг?” дея жаҳл қилди. Дардим келмагани билан, туғишга тайёр эмишман. Битта укол ҳаммасини ҳал қилар эмиш!..” дея менга илтижоли термулгани кўз олдимдан кетмай қолди...
Операция муваффақиятсиз тугагач, “Сизни кутиб, вақтни йўқотдик!” дея виждонсизларча яна айбни беморнинг эрига ағдариб ўтирган эмиш.
Бежизга “Чала мулла диндан, чала табиб жондан айиради”, дея нақл қилинмаган экан-да...
Кечаги мактубимда бир чорасиз қолган аёлнинг дардига малҳам бўлолган дўхтирга нисбатан қалбимда қанчалар юксак муҳаббат ҳисси уйғонганини ёзган эдим. Бугунги “чала” шифокордан эса шунчалик нафратландим! 
Эри атиги бир соатгина кеч қолди. Етиб келгач, шумхабарни эшитиб: “Нега? Нима учун? Кимнинг розилиги билан бу ишга қўл урдинглар?! Кечагина хабар олиб кетганимда хотиним ҳам, ҳомилаям соппа-соғлом эди-ку?!.” дея тўполон кўтарди.
Қақшаб қолган аламзада отанинг фарёдини ўша лаҳзаларда бир эшитсангиз эди!.. Юрак-бағрим пора-пора бўлди... Бошимни адёлга буркаб олганча юм-юм йиғладим... Ахир, биз Солиҳахон билан худди опа-сингилдек яқин бўлиб қолган эдик... Хайриятки, ўзи ҳамда боласи омон қолибди!.. Менга биргина таскин бераётган нарса ҳам аслида, мана шу...

*   *   *

Ҳар хил қўрқинчли воқеаларни ёзиб, сизнинг ҳам бошингизни оғритиб қўйдимми? Нима қилай, бунча дард, бунча алам бир ўзимга оғирлик қилади, ким биландир бўлишишим керак-ку, ахир. Ана шу дардкаш, сирдош, яқин инсоним фақат сиз бўлишингизни истайман... Менинг дардларимни сиздан бошқа яна ким ҳам тинглар, ҳис қила оларди?
“Дунёга келиб шунча нарсани кўрдим, лекин ҳали-ҳануз ИНСОНни қидираман...” деганида Диоген қанчалар ҳақ эди!
Унинг аччиқ ҳақиқатдан иборат ана шу сўзларини катта-катта ҳарфлар билан ёзиб, ИНСОН деган мукаррам номга нолойиқ ҳолда яшаётганларнинг пешаналарига ёпиштириб қўйгим келяпти!
Ўша дўхтир операция столида қиймалаётганини бир БЕГОНА аёл деб эмас, ўзимнинг яқин кимимдир, деб билганида, ҳис қилолганида, балки бугун бир аёл бахтсизликка юз тутмаган, бир эркакнинг юрагида яшаётган осмон қадар улкан орзулари чок-чокидан сўкилмаган, кўзларидан аччиқ-аччиқ армон ёшлари тўкилмаган бўлармиди?!.

*   *   *

Сиз билан хайрлашадиган пайт ҳам етиб келган кўринади... Юрагингизни сиққаним учун узр сўрайман. Тўртинчи мактубим орқали кўришгунча, омон бўлинг!

КУМУШИНГИЗ

Лойиҳа муаллифи: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

Туғруқхона ҳаётига оид фикр ва мулоҳазаларингизни, шахсан бошингиздан кечирган ҳолатларни баён қилишингизни кутиб қоламиз.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 79 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ