1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Боланинг юраги урмаяпти” ми?

 

 

 

Қололмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолғуси яхши ному иши.
Саъдий ШЕРОЗИЙ

Ассалому алайкум, азиз умр йўлдошим!
Соғлиқларингиз, ишларингиз яхшими? Ойижон, дадажон ҳамда оиламизнинг барча аъзолари саломатми? Мендан сўрасангиз, ҳозирча ҳаммаси яхши. Кичкинтойимизнинг ҳаракатлари, шунингдек, ўсишиям ёмон эмас.
Заҳронинг хат ёзадиган одати йўқ эди-ку, дея ажабланяпсизми? Ҳаммасини тушунтираман. Тўғрисини айтсам, гапни нимадан бошлашни сираям билолмаяпман. Шу пайтгача Кумуш опамнинг хатларини гоҳ йиғлаб-йиғлаб, гоҳ кулгидан ичагим узилгудай бўлиб ўқишни билган эканман-у, ўзимнинг кимгадир мактуб ёзишим ҳақида ҳечам ўйлаб кўрмаган эканман... Кумуш опанг ким, дея ҳайрон қолаётганингиз маълум. Бу ҳақда хатларимда оз-оздан ёзиб бораман, билиб оласиз. Хатимни ўқиётиб, камчиликларини сезсангиз ҳам устимдан кулманг, майлими? Чунки илк марта жиддий мавзуда мактуб ёзишим. Мактабда, коллежда ўқиб юрган кезларим онамга, яқинларимга, устозимизга кичик-кичик хатлар ёзиб турардим. Ҳарбий хизматдаги акамгаям мактублар йўллаганман. Аммо у хатларни ёзишда қўлим бу қадар титрамаганди. Сизга ёзаётиб, негадир ақлимга тузук-қуруқ бирор гап келмаяпти. Аслида, ичимда айтмоқчи бўлган гапларим росаям кўп-у, қоғозга тушириш қийин бўлар экан... Кумуш опам келиб-келиб шундай оғир вазифани айнан менинг зиммамга юклаб кетадилар, деб ўйламаган эдим. Бунга фақат ўзим айбдорман, ўта қизиқувчанлигим боис йўлиқдим. Лекин барибир фахрланмай иложим йўқ, икки палата аёл ичидан бу ишончга лойиқ кўрилишимнинг ўзи елкамга юклатилган масъулиятни сидқи дилдан бажаришим лозимлигини ҳис қилдирмоқда.
Бунинг устига, бу — “Темир” дафтар. Унга нотўғри ёки уйдирма нарсаларни ёзмаслигим лозим. Сабаби, эрта бир кун унинг ичидагиларни кимки ўқиса, ёзилганлар ўқувчисининг фақатгина фойдасига хизмат қилиши керак. Ундагиларни ўқиб, кимдир йўл қўйган хатосини тузатиши, кимдир келажакдаги фаолиятини тўғрилик ҳамда ҳалоллик устига қуриши лозим. Шундагина бу ЭЗГУ ишдан кўзланган мақсад амалга ошган бўлади. Буни “устозим” — Кумуш опам қаттиқ тайинлаганлар. Шунингдек, яна бир насиҳатлари бор: “Айтилган ёхуд айтилажак ҳар қандай сўзнинг ортида кимнингдир тақдири ётишини асло унутманг. Ўзингизга раво кўрмаган ёмонликни ўзгаларга ҳам раво кўрманг!..”
Шундай қилиб, бугун Кумуш опамга уйга рухсат берилди. Тўққиз кун даволаниб кетдилар. Улар билан хайрлашиш ўйлаганимиздан кўра оғирроқ кечди... Суҳбатларини жон қулоғимиз билан тинглар, керакли пайтларда маслаҳат олар, кези келса опаларча туширадиган “ширин-ширин калтак”ларидан ҳам бенасиб қолмасдик. Энди бизларни ким уришиб-тергайди? Ким тушкунликка тушган пайтимизда кўнглимизни кўтаради?.. 
Биз-ку, майли, Гулчеҳрахонга оғир бўлди. Тушликка чақирсак, келмади: тескари ўгирил ётиб олганча, роса йиғлади. Ҳеч биримизнинг гапимиз тасалли беролмаганидан қийналиб кетдик. “Нега бундай қиласиз? Ўзингизни ўйламасангиз, ҳеч бўлмаса туғилажак фарзандингизни ўйласангиз-чи!” дея насиҳат қилиб, зўрға кўз ёшларини аритдик. Бояқиш бизга нима дейди, денг: “Яна бир кунгина, бор-йўғи бир кунгина қолганларида, эртага бирга чиқиб кетардик. Кумуш опамга шунчалар қаттиқ боғланиб қолганимни билмаган эканман...”
Шунақа гаплар... Туғруқхона худди карвонсаройга ўхшайди. Кимдир келаверади, кимдир кетаверади. Тилагим, умид билан бу ерга келиб-кетаётган аёлларнинг ҳеч биттасини Яратган ноумид қайтармасин. Кўзининг қорасида асраб юрган жигарбандини вақти-соати билан соғ-омон дунёга келтирсин; йиғласа, фақат хурсандчилик ҳамда шукроналик ёшларини тўкканча оилалари бағрига қайтишларини насиб этсин!
Сизга кўпгина ҳикматли сўзлардан илингим келяпти-ку, аммо “Вой-бў-ў, Заҳро ақлли бўлиб қолибдими?” дея кулсангиз-чи, деган андиша бунга йўл бермаяпти-да...
Яна нима демоқчи эдим? Ҳа-я, бу ерда ётиб, битта нарсани англаб етдим — бемор доридан кўра ширин сўз ҳамда меҳрга кўпроқ эҳтиёж сезаркан... Шифокор энг аввал ширинсўз бўлиши, сўнгра билимли, ниҳоят, тажрибали бўлиши шарт экан! Нега бундай деётганимнинг сабаби бор. Икки кун аввал бир ёшгина келинчак келган эди. Ҳали туғиш муддатига бир-икки ҳафта бор экан. Меҳмонга кетаётиб, йўллари туғруқхонанинг устидан ўтиб қолибди. Биринчи фарзанди экан, турмуш ўртоғининг қизиқиши устун келиб, “Наргиз, бир текширтириб кетмаймизми?” дея қўярда-қўймай олиб кирибди. Қабулхонадаги навбатчи шифокор текшириб туриб, кутилмаган-да: “Ие, боланинг юраги урмаяпти-ку!” дебди. Бирдан ваҳима бошланибди. Яна бир-иккита “профессор”лар эшитиб кўришгач, баъзиси “уряпти”, баъзиси “урмаяпти” дея тортишиб кетибди. Сўнгра “Ростданам урмаяптими? Ёки жуда паст ураётганидан биз яхши эшитолмадикми?” дея аниқ бир гап айтишолмабди. Тепасида кетаётган “қизғин” ва “бемуроса” баҳсни тинглаб ётган шўрлик келинчакнинг юрагига “Болам ростдан ҳам ўлиб қолган бўлса-я?!” деган қўрқув оралаб, қон босими бирданига икки юзга кўтарилиб кетибди. “Тезкор” гуруҳ эса операция хонасини тайёрлаб, зудлик билан жувонни жарроҳлик столига олишибди. Кесиш йўли билан дунёга келган соппа-соғ, паҳлавондек гўдак, нималар бўлаётганидан бехабар ҳолда пишиллабгина ухлаб ётган эмиш!!!

*   *   *

Бугун яна бир ажойиб воқеанинг гувоҳи бўлдик. Тўғрироғи, шифокор номигаю эгнидаги оқ либосига муносиб бир аёлни кашф қилдик! Тонгга яқин бир келинчакни келтиришган экан. Навбатчиликда турган тажрибасиз, шу билан бирга димоғдор дўхтир жувонни кўриб: “Нега югуриб келдингиз? Ҳали туғишингизга анча бор-ку! Оғриқ бўлади. Озгина оғриққа чидолмай, “дардим бошланди”, деганингизга ўлайми? Уйингиздагиларга айтинг, олиб кетишсин. Қачонки, ҳақиқий дард билан келганингизда туғдирамиз!” дея қўполдан-қўпол муомала қилибди. Аммо жувоннинг қайнонаси ҳамда онаси кўпни кўрган аёллар эмасми, “Тонг отгунча кутайлик, ростданам дард бўлмаса, олиб кетамиз”, дейишибди. Бу эса дўхтир хонимга ёқмабди. Лабини бурганча:
“Ҳамма ўзини дўхтир деб билади, шекилли? Мен ўзидан-ўзи шифокор бўлиб қолганим йўқ. Етти йил умрим зое бўлган бу касбга эгалик қилиш учун! Ну, посмотрим, кимнинг гапи ҳақ экан!” дея энсасини қотирибди. То тонггача жувоннинг дарди секин-аста кучая борибди. Тонг отгач, навбатчиликни ёши каттароқ аёл қабул қилиб олибди. Кеча келган “дардсиз” келинни кўриши билан: “Бу жувонни нима қилиб палатада ушлаб ўтирибсизлар? Дарҳол туғруқ хонасига олинглар! Жудаям яқин қолган-ку!” дебди ҳамкасбларига.
Кейин эса беморга юзланиб: “Она қизим, сиз асло қўрқманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Фақат менинг айтганларимни бажарсангиз, бўлгани!” дея келинчакни тинчлантириб, ярим соат ичида осонгина туғдириб олибди. Кўрдингизми, тажрибали, билимли ва энг кераги гўзал қалбли шифокор сабаб бўлиб, бир аёл юраги шодликка, бир хонадон эса бахтга ошиён бўлди.
Ҳаммасига гувоҳ бўлиб турган яқинлари:
“Дўхтир, тани жонингиз соғ-омон бўлсин! Келинимга ёрдам бердингиз! Кечаги жувоннинг гапига кириб, уйга олиб кетганимизда аҳволи нима кечарди? Яхшиям бахтимизга сиздек билимли ва тажрибали дўхтирга рўпара қилди...” дея йиғи аралаш миннатдорчилик изҳор қилишаркан: “Ҳеч нарса қилганим йўқ. Ҳаммаси Худодан. Мен бор-йўғи бир сабабчиман, холос... Беморнинг саломатлиги учун курашиш — шифокорнинг бурчи”, дея камтарона жавоб берибди аёл.
Эсизгина, Кумуш опам шу ерда бўлганларида эди, албатта ўша шифокорнинг ёнига бориб: “Сизнинг одамийлигингизни ҳурмат қиламан! Кошки, ер юзидаги барча дўхтирлар сиздек бўлолса!” деб айтган бўлармиди?..
Энг асосий гапни ёзишни унутаёзибман-ку! “Ну, посмотрим!” деган “шифокор” навбатчиликни топшириб кетаётиб, “Ҳалиям шу ердамисиз?! Ишқилиб уч кундан кейин келиб, ўзим туғдирмасайдим, сизни! Жаям қулоқсиз келин экансиз-да!” дея истеҳзо аралаш пичинг ташлабди. Шу пайт ҳамшира қўлида гўдак билан кириб: “Мана ўғилчангиз. Шоира Абдуллаевна айтдилар, дарҳол эмизишингиз керак экан”, дея аёлнинг ёнидаги каравотчага чақалоқни ётқизиб, чиқиб кетибди. “Етти йил илмнинг кетидан қувган” дўхтиримиз, атрофида нима гаплар бўлаётганидан мутлақо бехабар ҳолда ётган жажжигина чақалоққа кўзи тушиши ҳамоно бошига зарба еган одамдек гандираклаганча палатани тарк этибди. Қизиқ, у ўз хатосини англаб етолдимикан?..
Ажаб... Етти йил эмас, етмиш йил олийгоҳда ўқигани билан инсон бирор нарсани уқмаганидан кейин нима фойдаси бор, кимга фойдаси бор?!
Сизга хат ёзяпман-ку, аммо кўзларимдан тинимсиз ёш қуйилмоқда... Шу пайтга қадар мактуб ёзиш инсонни бунчалар таърифга сиғмас ҳолларга солишини ҳечам ҳис қилмаган эканман...
Мактубим сўнггида донолар бисотидан жой эгаллаган бебаҳо бир ҳикматни йўлламоқчиман: “Ҳаёт — ўз-ўзича яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам эмас: сиз уни нимага айлантира олишингизга қараб яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам уяси бўлиши мумкин”.
Сизнинг, менинг ва барчанинг ҳаёти фақат яхшиликларга макон бўлишини орзулаб:

ЗАҲРО

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 86 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ