Сайт бўлимлари
Аёл беодоблик қилганда ҳам хўрланмайди
- Подробности
- Бўлим: Мақолалар
- Чиққан санаси: 30 Май 2024
- (Нашр қилинган санаси)
Юқорида баён этилган чора-тадбирлар ҳам фойда бермади. Энди нима қилиш керак? Арзимаган келишмовчилик деб оила бузиладими ёки энди кескинроқ бирор йўл излаш, бу иллатни бартараф этишга уриниш керакми? Бу масалани ечишда яна мазкур манбадан иқтибос келтириш билан кифояланамиз.
«Аллоҳтаоло Нисо сурасида: «Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Олийдир, Улуғдир», деб марҳамат қилади. (34-оят)
Беш қўл баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?
Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади.
Биринчи босқичда итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.
Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора - ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.
«Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида: «Мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш», деганлар.
Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар.
Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.
Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни қам қўллаш шарт бўлмайди.
«Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг».
Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки:
«Албатта, Аллох Олийдир, Улуғдир».
Ушбу ояти карима охирги пайтларда кўпгина тортишувларга сабаб бўлди. Бу тортишувлар мусулмонлар билан мусулмонлар ўртасида ҳам, мусулмонлар билан бошқалар ўртасида ҳам бўлди.
Баъзи чаласовод кишилар ғарбда яшаб туриб, аёлларни уриб туриш керак, деб, ушбу оятни далил қилиб келтирдилар. Ҳаттоки уришни қандай амалга ошириш йўлларини баён қилганлари ҳам бўлди.
Бу гапдан хабардор бўлган ғарбдаги инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоллари Исломга ва Қуръони Каримга қарши норозилик билдира бошладилар ҳамда ўз жамиятларига аёлларга «душман» бўлган «зулм»га қарши чора-тадбирлар кўриш чақириқлари билан чикдилар.
Уларда Исломда аёл кишини аёл бўлганлиги учун вақти-вақти билан калтаклаб туриш керак, деганга ўхшаш тушунча пайдо бўлган эди. Аммо ояти каримадаги ҳақиқий маъно ва унга воқеликда қандай амал қилиниши суриштирилмас эди.
Аввало бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мандуб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа маъносида, холос. Амалда эса деярли йўқ. Иккинчидан, бу ерда эр-хотин орасидаги мазкур ноқулай ҳолатни бартараф қилиш учун уришдан бошқа чора кўриш мумкин эмас, деган гап йўқ. Айтайлик, эр ўзига қарши бош кўтарган, беодоблик қилган аёлига насиҳат қилди, жойини бошқа қилиб олиб, ҳижрон ҳам қилди. Шундан кейин хотинини уришни истамаса, гуноҳкор бўладими? Албатта, гуноҳкор бўлмайди. Агар у аёлни калтаклашдан бошқа ярашиш чорасини кўрса, гуноҳкор бўладими? Мисол учун, аёлининг бошини силаб, яхши гаплар айтиб, ярашиб олса, Қуръони Каримга қарши чиққан бўладими?
Аввал таъкидланганидек, уламоларимиз бу оятдаги уришни «Мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш», деб таъвил қилганлар. Кўпчилик эса: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларини урмаслик таъкид билан тайинланган.
Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин (ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар».
Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмокдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзига кўзи тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир», деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар».
Ушбу тарбия асносида эрлар ёдда тутиши лозим бўлган бир нечта одоб ва қоидалар ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳақда «Ҳадис ва Ҳаёт» китобида шундай дейилади:
- Хотин айб қилган чоғида ҳам, ҳатто шариат уришга ижозат берадиган даражадаги ҳолат пайдо бўлганда ҳам, эр хотинини қатгиқ уришга ҳаққи йўқ.
- Эр хотинини қаттиқ сўкиши ҳам жоиз эмас.
- Хотиндан айб ўтиб, унга ваъз-насиҳат кор қилмай, эр тарбия учун жойини бошқа қилиб ётишга қарор қилса ҳам, бир уйнинг ичидагина жойини бошқа қилиб ётишга ҳақли. Хотинини ёлғиз ташлаб, бошқа хонага ёки бошқа уйга кетиб қолишга ҳаққи йўқ.
Ушбу маъноларни мусулмон эр-аёллар жуда яхши билиб олмоқлари лозим. Кўплаб эрлар ўз масъулиятларини билмай, хотинларига зулм ўтказадилар. Кўплаб аёллар эса ўз ҳақларини танимай, қийналадилар. Ҳамма нарса шариатимизда кўрсатилганидек бўлса, оила бахтли бўлиши турган гап».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар