1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Эркакнинг жуфти-ҳалоли - катта имтиҳон

Орамизда саодатли инсонлар кўп. Улар - ҳаловатли хонадон соҳиблари. Негаки, асл саодат - оилада топилган бахтдадир. Бундай кишиларнинг ҳаёт йўли кўнгилларда ҳавас уйғотади, ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёки ҳаёт йўлида қоқилган инсонларга ибрат бўлади.

«Оила мўъжазгина бир жамиятчадир, бутун инсоният жамиятининг тақдири ҳам оилаларнинг жипслигига боғлиқ», деган эди файласуфлардан бири. Юртимизда тинч-тотув яшаётган, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат асосида бахтли ҳаёт кечираётган оилалар кўп. Биз юртдошларимиз орасида бўлиб, ана шундай жуфтликларнинг ҳаёт йўллари, ибрат олишга арзигулик
турмуш, рўзғор, оила борасидаги ҳаётий хулосалари, мулоҳазалари билан қизиқиб, ўзига хос репортаж тайёрладик.
- Муҳаббат, ўзаро ишонч, ҳурмат, тўкин турмуш тарзи... Буларнинг қай бири оила мустаҳкамлигини кўпроқ кафолатлайди? - дея сўраймиз турмуш қурганларига эллик йил бўлган отахон муштарийимиз Неъматжон ота Абдушукуровдан.
- Ёш йигит ва қизнинг бир-бирига бўлган интилиши, қизиқиши муҳаббат деб қабул қилинади, - дейдилар улар. - Муҳаббат сайқалланиб, камол топиб, ёшлар бир-бирига синашта бўлиб, оила қурсалар, ундан кейинги ҳаётда муҳаббатнинг номи меҳрга айланиб кетади. Оилада ёстиқдошлар асосан бир-бирига суянчиқ, яхши-ёмон, баланд-паст, оғиру енгилда бир-бирларига кўмакдош, елкадош ва албатта меҳрли бўлишлари шарт бўлади. Ўртада муҳаббат ва меҳр бўлсагина ўзаро ишонч ва ҳурмат бўлади. Киши ишонган, ҳурмат қилган одамигагина муҳаббат қўяди, меҳр билан ардоқлайди. Тўкин, бой-бадавлат  ҳамма нарсаси тўкис одамнинг оиласи ҳаммавақт ҳам тинч бўлавермайди...
Умуман олганда бу саволингизга лўнда қилиб, оила мустаҳкамлигини меҳр-муҳаббат кафолатлайди, деб жавоб беришим мумкин эди. Бироқ, айримлар томонидан ўйлаб чиқарилган, «Севги билан қорин тўймайди» ёки «Меҳр берган, пул беролмайди», деган гапларни маҳкам ушлаб олганларга қарата исбот билан гапиришни лозим топдим. Агар севги-муҳаббат, бир-бирини ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлаш билан киши қорни тўймаса, эгни бут бўлмаса, меники бўлмасди. Умр йўлимиз давомида кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Ёвғон шўрва ичган пайтимиз ҳам, эски, тўзиб кетган кийимларни кийган кунимиз ҳам, ижара ҳақига пул тополмай ўксинган дамларимиз ҳам бўлган. Аммо ҳеч қачон аянгиз қовоқ уйиб, менга аччиқ қилмаган. «Сенга тегиб нима кўрдим?!», деб маломат, иддао қилмаган. Мен мақтаниш учун, мақташ учун гапирмаяпман. Агар аёл киши оқила, фаросатли, ҳар қандай шароитда ҳам эркак кишини тушунадиган, сабрли бўлса, мана шу нарса оилани мустаҳкамлайди. Эркак яхши пул топса, уй-жойи, машинаси, хуллас, ҳамма нарсаси мукаммал бўлса-ю, оиласида, аёлининг  олдида ҳурмати бўлмаса, ишдан уйга келаётганда юраги безиллаб, оёғи тормай турса, у оила қандай қилиб мустаҳкам бўла олади?!..
Дарҳақиқат, муштарийимизнинг мулоҳазаларида жон бор. Шу ўринда, бир ривоят ёдга тушди. Унда айтилишича, бир давлатнинг подшоҳи тез-тез касалликка чалинавераркан, табиблар ҳар қанча уринишмасин, давлатпаноҳнинг дардига даво топишолмас экан. Вазирлар ўйлай-ўйлай олис бир юртда яшайдиган донишманднинг ҳузурига бош уришибди. Донишманд подшоҳнинг хасталиги тафсилотини эшитар экан, вазирларга :
- Подшоҳингизга дунёдаги энг бахтли кишининг кўйлагини етти кун кийдиринглар. Шундан кейин тузалса ажабмас, - дебди. Вазирлар ер юзини айланиб бахтиёр кишини излай бошлашибди. Оламда ҳеч ким ўзини тўкис бахтиёр деб билмагани учун ҳам улар узоқ сарсон бўлишибди. Чекка бир даштда деҳқончилик қиладиган бир киши: «Мен бахтлиман!» дебди баралла. Ундан кўйлагини кийиб туриши учун подшоҳга беришини сўрашганида, у одам шукроналик билан жилмайган кўйи, кўйлаги йўқлигини айтган экан...

Энг муҳими - ўзаро ишонч
Мақолани тайёрлаш жараёнида онахон муштарийларимизни суҳбатга тортиш қийин кечди. Улардан бирлари Самарқанди азимдан пойтахтимизга меҳмон бўлиб келган Муаззам ая Соҳибжоновани ҳол-жонларига қўймай, оиладаги ҳаётий тажрибалари ҳақида гапиришларини илтимос қилдик.
- Бугун инсоннинг жамиятда муваффақият қозонишида, ҳаётда муносиб ўрин топишида оиланинг аҳамияти муҳим эканини кўпчилик тушунмаяпти, назаримизда, - деймиз аяга.
— Оиласида бахтли бўлмаган одамнинг ишида ривож ҳам, хайр-барака ҳам бўлмайди. Ундай киши жамиятда обрў-эътибор топиши ҳам даргумон, - дейдилар Муаззам ая камсуқумлик билан.
Суҳбатга онахоннинг 42 йиллик ёстиқдошлари, фахрий ўқитувчи Нарзулла ота Соҳибжонов қўшилдилар:
— Кишилар учун энг муҳими оилавий ҳаёт, оила манфаати ва тақдири ҳисобланади. Шу билан бирга инсонлар учун эркинлик, мустақиллик, урф-одатлар, анъаналар, ҳар бир нарсанинг оилавий фойдаси ва ҳаёт хавфсизлигидир. Оддийгина қилиб айтганда, кишининг жамиятда, иш фаолиятида ютуқларга эришиши, авваламбор оилавий муҳитга боғлиқ. Оиласида бахтли бўлган, уйида хотиржамлиги бор кишининг ишида унум бўлади, ривожланиш бўлади. Эрталаб меҳрли табассум билан кузатиб, кечки пайт ишдан қайтганида мулойим жилмайиб кутиб оладиган аёли бор эркак - дунёдаги энг бахтли эркак. Қолган ҳаммаси иккинчи даражали гаплар...
Германиянинг «Шпигель» журнали ўқувчиларига «Қандай эркакни идеал эр дейиш мумкин?» деган савол билан мурожаат қилиб, энг зўр жавоб учун танлов эълон қилганида, «Ўз рафиқасини идеал аёл деб биладиган эркак - идеал эрдир», деган жавобни ёзган журналхон биринчи мукофотни олган экан. Бу жавобга тўла қўшилмай илож йўқ. 
... “Инсон  бутун ҳаёти давомида сабоқ олиши, кўрган-кечирганларидан хулоса чиқариши яхши фазилат. Шунда у кўплаб хатоларнинг олдини олади, адашишдан сақланади”, деган гапни ўқигандим бир китобда. Хатолар-ку ҳаётни англашга, турмуш  маъносини  тушуниб етишга хизмат қилар. Аммо, турмуш ўртоқ танлашда хатоликка йўл қўйиш... Ёшликда йўл қўйилган хато бутун умр инсонни таъқиб этаверади. Уни ислоҳ қилиш, ҳаётни янгидан изга солиш анчайин мушкул.
- Катта ҳаёт бўсағасида турган ёшларнинг турмуш ўртоқ танлашда адашмасликлари учун нималарга эътибор қаратишларини маслаҳат берасиз? - деб сўраймиз Тошкент шаҳрилик фаол муштарийимиз Юсуфжон отадан.
— Турмуш ўртоқ танлай била олиш ҳам мўъжиза деб биламан. Бошга тушадиган ҳар қандай ишдан, ҳаттоки ёмон кундан ҳам ҳикмат излай билиш керак, - дейдилар отахон бир муддат мулоҳазага чўмиб. - Инсонга Аллоҳдан беизн тикан кирмайди, деган гап бор. Кишининг тақдирига битилган жуфти - унинг чекига тушган имтиҳон. Агар у хайрли ниятлар қилган бўлса, бировга оғири тушмаган, нияти тоза, Худо суйган банда бўлса, хушхулқ, вафодор, оқил турмуш ўртоқ билан сийланади. Шукрки, бу борада каминанинг омади чопган экан... Кўз тегмасин, турмуш ўртоғим асл инсон. Унинг фидойиликлари эвазига бугун мана шундай мартабаларга эришиб, ҳурмату эъзозда юрибман.
Ёшларга маслаҳатим, турмуш ўртоқ танлаш масаласига енгил-елпи қарамасинлар. Аввал ният тоза бўлсин, ундан кейин турмуш ўртоқ танлаётганида унга хотин ёки эр сифатида эмас, бир умрлик ҳаёт йўлидаги йўлдош, наслининг давомчиси, келажагига дахлдор киши сифатида қарасалар яхши бўларди. Яна такрор айтаман, оилавий ҳаётда энг муҳими - ўзаро ишонч. Одам ўзи ишонган кишисигагина муҳаббат қўяди. Ҳаётда ишонч билан яшамасанг, жудаям оғир бўлади. Никоҳ - эр-хотин ўртасидаги абадий шартномадир. Агар шартнома меҳр-муҳаббат асосида тўлдирилган бўлса, бу келишув улар вафот этганидан кейин ҳам  давом этади... Эр-хотин доимо бир-бирини тўлдириб туриши керак. Иккала шахс бир-биридан фақат яхшилик излаши, турмуш ўртоғининг камчиликларини ҳам фазилат санай билиши керак.  Камчиликсиз, нуқсонсиз одамнинг ўзи йўқ. Айб дегани ўзимизда ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Ҳар тўкисда бир айб, дейдилар. Бас, шундай экан, турмуш ўртоғимизнинг камини тўлдириб туришимиз шарт. Икки ёрти - бир бутун, деб бежизга айтилмаган...

Ҳамиша бир-бирингизга далда бўлинг...
Замонамиз айрим ёшларининг аллақандай беҳаёликларга «севги» дея таъриф беришлари, «ўлдим-куйдим» деб турмуш қуриб, орадан ҳеч қанча муддат ўтмай ажрашиб кетишлари ва ўртада бегуноҳ гўдакларни сарсон-саргардон қилишлари муҳаббатнинг қадрини анчагина поймол этиб улгурди. Муҳаббатдан бахт топган, севиб-севилиб, бугун пиру бадавлатликда ҳузур топаётган юртдошларимиз ҳам анчагина. Шундай Яратганнинг назарига тушган инсонлардан бири Хушвақт ота Абдусаломовдан сўраймиз:
- Оила ободлигининг асл негизи муҳаббатдами?..
Отахон муштарийимиз енгил кулгу аралаш ёрқин хотираларини эсга олдилар:
— Мен севги-муҳаббат ҳақида чиройли сўзлай олмайман. Аммо айтишим керакки, агар ўзимни аянгиздан бир лаҳза бўлса-да ажралдим, деб ўйласам, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Бундай яшашдан кўра яшамасликни афзал биламан.
Бундай аёл билан насибам қўшилгани - менинг дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири эканимдан далолат... турмуш остонасидаги ёшларга маслаҳатим: Ҳамиша бир-бирингизга далда бўлинг, қўллаб – қувватланг. Бир-бирингиз қадрланг, шунда сиз ҳам муҳаббатдан бахт топасиз. Севги ҳам парваришга муҳтож бўлади, муҳаббатингизни ҳеч қачон қаровсиз қолдирманг.

«Оилада аёлнинг масъулияти кўпроқ!»
Чинакам меҳр-оқибат нелигини билмай, ота-онаси билан бир уйда, бир том остида яшаб туриб, уларнинг меҳри, эътиборидан йироқда қийналаётган болалар озмунчами атрофимизда? Айниқса, бугунги кунда жамиятимизнинг энг оғриқли нуқтаси - фарзанд тарбияси бўлиб қоляпти. Замондошларимизнинг кўпчилиги фарзанд улғайтириш деганда, фақат  уни дунёга келтириш, едириш-ичириш, кийинтириш, сандиқ-сандиқ сеп йиғиб тўйлар қилиш, сўнгги русумдаги машиналар олиб бериш-у, қаср-кошоналар қуриб беришни тушуняптилар. Фарзанд тарбияси, одобу ахлоқи, маънавияти билан астойдил қизиқадиганлар, бу борада чуқур мулоҳаза юритиб иш кўрадиганлар кам.
Бола тарбиясида ҳар икки томон ҳам бирдай масъул ва жавобгар. Инсон асл инсон бўлиши учун унга оқил ота, оқила она керак. Афсуски, кўп болаларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор-у, аҳволи етимдан баттар.
—  Боланинг ёмони бўлмайди,- дейдилар яна бир муштарийимиз. - Фақат ота-онасининг эътиборсизлиги, меҳрга ташналик, тарбия тизгинининг қўлдан чиқиб кетиши уларда ёмон хулқлар шаклланишига сабаб бўлади.
Ўзбек оилаларида муҳим рол ўйнайдиган бир ҳолат бор. Бу қайнона-келин муносабати. Хўш пиру бадавлат оилаларимизда қайнона-келин муносабатлари қандай бўлган?
- Ҳеч қачон онам билан аёлимнинг бир-бирларидан ранжиб, ёзғиришганини, хафалашиб қолишганини кўрмаганман ҳам, эшитмаганман ҳам, - дейдилар фарғоналик отахон муштарийимиз Мухторхон ота. - Аянгиз билан келинимиз ҳам бир-бирларини яхши тушунадилар. У келинимизга: «Қарсиллаган келин бўлинг. Юриш-туришда ҳам, ишда ҳам, оилада ҳам кийинишингиз, гап-сўзингиз ўзингизга ярашиб турсин», деб бот-бот такрорлаб туради. Шукр, келинимиз ҳам қайнонасининг истагига мос тушган.
— Қайнона-келин ўртасида можаролар чиқишига фақат катталар айбдор бўлади, - деб суҳбатга киришдилар уларнинг аёллари Фотимахон ая. - Айниқса, қиз узатган оналар ҳушёр бўлишлари, оқилалик билан иш кўришлари лозим. Она аразлаб келган қизига насиҳат қилиб, босиқ бўлишни уқтириш ўрнига куёвнинг ота-онасини айблаб, қизини қайраб жўнатса, оловга мой сепиш бўлади-да... Оила мустаҳкамланиши, бахтли турмуш қуриш учун  аёл кишидан эркак кишига нисбатан кўпроқ масъулият талаб қилинади. Эркак кишининг ҳурматини баланд тутиш, унга далда бўлиб, хайрли ишларга бошлаб туриш керак. Эрнинг топишига қараб ҳурмат қиладиган аёллар бора-бора ўз бахтларини, насибаларини бой берадилар. Эр ризқ берувчи эмас, ризқни Аллоҳ беради! Ана шу оддий, лекин муҳим қоидаларни унутмаган аёлнинг оиласи мустаҳкам, кўнгли хотиржам бўлади...
Юртимизда ана шундай пиру бадавлат отахону онахонларимизга  ўхшаган саодатли жуфтлар, бахтиёр ва мустаҳкам оилалар кўпайишини астойдил истаган ҳолда, репортажимиз жараёнида бир олам завқ-шавқ ва ҳавас туйдик.

Умида Азиз  тайёрлади

Келиннинг маоши. Унда кимнинг ҳақи бор?

“Келиннинг ойлик маоши, топган пули албатта ўзиники бўлади-да”, дейишингиз мумкин. Аслини олганда ҳам шундай. Келиннинг пешона териб билан ишлаб топган пули ўзига тегишли бўлади. Ва умаблағга бировнинг дахл қилиши, эр, қайнона-қайнота ва ҳаттоки қайноғаю қайнсингилларнинг таъма қилиши ақлсизлик ва оиланинг янги аъзосига ҳаддан ортиқ зулм қилиш, паст назар билан қараш баробарида унинг ишлаб топган пулига, маошига эгалик қилиш ва ҳатто тап тортмай келиннинг топган пулини, маошини тийин-тийинигача тортиб олиш ҳоллари ҳам учраб турибди.
Бугунги мунозара шу мавзуда.
Хуршидахон, ўқитувчи: - Келиннинг пули кимда туриши керак?.. Албатта ўзида! Масалан, бизнинг оиламизда шундай. Яъни, маошимни қайнонам сўрамайдилар. Биринчидан, мен ўқишни битириб, ҳаттоки контракт асосида масгистратура таҳсилини адо этиб, сўнгра турмушга чиққанман. Демак, келинлик уйимга ишлайдиган, пул топадиган бўлиб келганман. Хўш, нима учун минг бир машаққат билан топган пулимни қайнонамга беришим керак экан? Ўзимни яхши кўрсатиш учун бугун ойлигимни берсаму, эртага қайнота-қайнотам: “Энди рўзғорларинг бўлак, уй-жой қилиб чиқинглар, укангизни уйлантираман” дейишса, бизнинг ҳеч вақоимиз йўқ, деб мўлтираб ўтираверамизми? Мен ҳар ойлик маошимни тўплаяпман, хўжайиним эса уйдагиларга ойлигини бериб турибди. Менимча, келиндан пул таъма қилиш тўғри эмас.
Севарахон, уй бекаси: - Қўшнимнинг келини чевар. Чевар бўлгандаям қўли гул чевар. Шу келинчак денг рангпаргина, маъюсгина юради. Болалари ҳам озғин, нимжонгина гўдаклар. Эри ҳеч қаерда ишламайди. Оиланинг ягона боқувчиси- шу келинчак. Уйи ҳар куни мижозлар билан гавжум бўлса-да, негадир ўзининг кийиниши бир аҳволда. Бошқа чеварларга ўхшаб янги чиққан матолардан бежирим кўйлаклар тикиб киймайди, уй-жойи ҳам ҳавас қилгулик эмас. Яқинда эшитсам, унинг қайнонаси келиннинг тикувчилик қилиб топадиган пулини битталаб санаб олар экан, бояқиш ҳатто рўзғорига ҳам қайнонасидан сўроқсиз бир сўм ишлатолмас экан. Ўша қайнонадан нафратланиб кетдим. Инсофсизлик ҳам эви билан-да! Нима эмиш,келинчакнинг уйланмаган қайнисига тўй қилиш кеак экан. Бу қанақа бедодлик?! Ишламай, уйда чўзилиб ётган эрини боққани етмагандай, қайнона-қайнотасини таъминлагани. Сўлоқмондай қайнисининг тўйига деб пул топаётгани энди ортиқча! Бировнинг боласига бунчалик зулм ўтказиш қайси ўлчовларга сиғади?..
Нишон ота, фахрий ўқитувчи: - Рўзғордаги барака аввало аҳиллик ва бирдамликда. Хонадон аъзоларининг топган- тутгани ўртада баҳам кўрилса, кимнинг қандай эҳтиёжи, қандай кам-кўсти бўлса, навбати билан битказиш ҳам оқилона тадбир. Аммо рўзғори алоҳида бўлган келиннинг пулига кўз тикиш... номардлик. Ҳамиятсизлик, ориятсизлик!..
Моҳира ая, пенсионер: - Ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам келиннинг пулига кўз тикишни, келиннинг пулини тортиб олишни оқламайман. Аммо келинчакнинг ўзи мен ҳам шу оила аъзоси бўлди, бу ер мени чин уйим, энди қайнона-қайнотам, турмуш ўртоғимнинг қабатига кириб, рўзғорнинг кам-кўстига қарашиб юборай, шу оила тўкин ва фаровон яшаса- менинг ҳам саодтаим, деб ойлигидан ёки ҳунари ортидан топган маблағидан ўзи илиниб турса, унинг ёмон жойи йўқ.
Мадина, журналист: - Раҳматли турмуш ўртоғим билан севишиб-синашиб юриб, турмуш қургандик. Қайнотамнинг хусусий газетаси бўлиб, унашилганимиздан кейиноқ дарҳол мени ўзи раҳбарлик қилаётган таҳририятга ишга қабул қилганди. Беш ойча менинг номимга маош олинган. Тўйдан кейин бир ҳафталар ўтиб иш бошладим. Ўзимча ота-онам мени тўрт йил онтаркт асосида ўқитишда, ўқиб юрган кезларим уларга ҳаттоки бирорта дастрўмол ҳам совға қилолмаганман, маошимни олсам икковларига бирор нарса совға қиламан деб, бир ой шаҳд билан ишладим. Маош бериладиган куни бош ҳисобчи олдимга “шап” этиб ведомостни ташлади-да, “Мана бу ерига имзо қўйинг, кеча соат еттиларда банкдан пул олиб чиққандим. Қайнонангиз ишхонада эканлар, маошингизни олиб кетдилар” дедилар. Ахир, у менинг маошим эдику! Бу маош учун бир ой ишлаганман-ку! Ўзимдан бир оғиз сўраш йўқ... Уйга борсам на қайнотам, на қайнонам маош масаласида “миқ” этишмади. Туни билан йиғлаб чиқдим, раҳматли хўжайиним кўнглимни кўтариб қўярдилар. У киши ҳам оталарининг газетасида ишлардилар, лекин ойликлари қўлларига тегмасди. Хуллас, туғруқ таътилига чиққунимча шу ҳол такрорланаверди. Бу орада эрим бошқа ишга ўтдилару ҳартугул маошларини (яширинча бўлса ҳам) ўзимизга сарфлайдиган бўлдилар. Туғруқ таътили ҳақимни ҳам қайнонам олган эканлар, чидолмадим. Кўз ёшимни тиёлмай, у пулга ўзимга зарур нарсалар олмоқчилигимни айтганимда, қайнонам итга суяк ташлагандек, олдимга бир сиқим пулни отиб юборгандилар...
Ундан кейин ҳам фақат ишлаган ойлигимни қайнонам қўлимдан юлиб олар, эрим бояқиш бўлса қанча маош олишини онасига билдирмай, камроқ берарди. Рўзғоримиз алоҳида бўлиб, ўз кунимизни ўзимиз кўришимиз шарт бўлиб қолганида эса, турмуш ўртоғимдан ажраб қолдим. Болаларимни оёққа турғазиш, уларни отаси борлардан камм қилмай ўстириш учун ўзимни ўтга-чўққа уриб меҳнат қиляпман. Агар ўша кезларда эрим иккимизнинг пулимизга қайнота-қайнонам хўжайинлик қилмаганда, ҳозиргача рўзғор учун керак бўлган шарт-шароитларни яратиб олган бўлармидик...
Келиннинг ойлигини тортиб оладиган қайноналардан нафратланаман...
Шаҳнозахон, ўқитувчи: - Қайнонам мендан ҳеч қачон маошимни сўрамаганлар. Лекин онажоним узатилаётганимда: “Болагинам, тинч, хотиржам, саодатли яшайман десанг, маошингни шундайлигича қайнонангга бер. У ҳам она. Сени келин эмас, қиз деб унга беряпман. Фарзандининг топган пулида онанинг ҳам ҳаққи бор! Фарзанд мол-дунёси билан бирга ота-онаникидир” деб қулоғимга қуйган эдилар. Кенжа келинман, уй жойимиз тайин, рўзғоримиз бут. Пулим қайнонамда турди нима-ю, менда турди нима? Келиннинг рўзғорга пул беришини фақат  яхшиликка деб ўйлайман.
Чиндан ҳам, ҳар нарсанинг хуш-нохуш томони бор. Икки ёшнинг топган-тутганини назоратга олиб, пешона тери билан топган маблағини беҳудага эмас, келажагига асқотадиган нарсаларга сарф этишига бош бўлиш яхши. Лекин, келиннинг пулига буткул хўжайин бўлиб олиб, унинг сарфу-харажатлари, кам-кўстлари билан қизиқмаслик инсофдан эмас. Балки бу масалада сизда ўзгача мулоҳазалар бордир, муҳтарам юртдош?

Умида Азиз тайёрлади.

Рўзғорнинг “ғазначиси”

Рўзғор- ғор дейдилар, унинг камини бутлаш, бўшаган ўрнини тўлдириш эр-хотиннинг вазифаси. Бу вазифадан жуфтлардан бири бўйин товласа ёинки оила “ғазнаси”га хиёнат қилса, рўзғор юритиш мушкул бўлади. Оилада тежамкорлик ҳам, ҳалоллик ҳам бирдек зарур. Оила бюджетидан оқилона фойдаланиш йўқчиликнинг олдини олади. Юртдошларимиз билан “Оилада пул кимда туриши керак?” “Рўзғор ғазначиси ким?” деган саволлар атрофида мунозара қилдик.

Мастура опа, 53 ёш, пенсионер:- Мен қизимни узатаётганимда унга бу масалада сабоф бериб: “Болам, оиланинг усттуни- эр. Рўзғорни таъминлаш, кам-кўстини бутлаш асосан унинг зиммасида. Сенинг вазифанг- турмуш ўртоғингнинг топиб келганини саришталик билан, тежам билан ишлатиш” деб уқтирганман. Оила бюджетига эр жавобгарми, демак, пул ҳам эркакда туриши керак!

Шоҳиста, 28 ёш, ўқитувчи:- Ота уйимда пул фақат онамда турарди. Улар “Аёл киши пул харж қилишнинг устаси, бўлар-бўлмасга пул совурмайди. Эркакнинг нимаси кўп, улфатчилигу оши кўп. Пул уларнинг қўлига тушадиган бўлса, уйдан файз-барака қочади”, деб биз қизларини ҳам шу йўлда тарбиялаганлар. Шунинг учун ҳам оиламизда пул менда туради. Турмуш ўртоғим маошларини олиб, шундайлигича қўлимга олиб келиб берадилар. Бозор-ўчарни бирга қиламиз. Менимча, пул аёл кишида тургани маъқул.

Жўрамурод ака, 46 ёш, ҳайдовчи:- Эркак- кўчанинг одами. Унинг вазифаси, бурчи- оиласини таъминлаш, хотин бола-чақасини боқиш. Хотин эса уйнинг, ошхонанинг “эгаси”. Шундай экан, пул аёл кишида туриши керак. Эркак ўша маблағнинг ҳисобини, нимага қанча сарфланганини билиб турса бўлгани.

Муниса, 30 ёш, чевар:- Қизлик уйимда пулнинг ҳисоб-китоби билан онам шуғулланардилар. Дадам топиб келган пулларини уларга обкеб берардилар. Бозор-ўчарни ҳам онам қилардилар. Бизга нима керак бўлса ўзлари оберардилар. Келин бўлиб тушган уйимда одат, “расм-русум” эса буткул бошқача экан. Тўйдан кейин қайнотам менга “ Келин, ҳар ойда еб-ичишингиз учун менга фалон сўм обкеб берасиз” десалар бўладими? Ҳайрат билан эримга тикилдим. У ҳам мум тишлагандай жим ўтирибди. Куёв иккимиз қолганимизда унга дадасининг гапи кўнглимга оғир ботганини айтсам, эрим ҳам “Тўғри-да, улар сени келин қилиш учун фалон миллион сўм сарф қилишган. Еб-ичишинг учун ўзинг пул топишинг керак”, деди. Дод деб юбормаслик учун тилимни тишладим... Хуллас, ҳар ойда чеварчилигим орқасидан келган пулларни “еб-ичишим” учун қўлимдан юлиб олишади. Мен пул аёл кишида туриши керак, деб ўйлайман. Ахир оилага нима кераклигини, қандай рўзғор анжоми зарурлигини хотин киши яхшироқ билади-да. Аёллар пулни тежаб сарфлашади. Фақат аёл пулни эри билан бамаслаҳат сарфласа бўлгани.

Нозимахон, 33 ёш, ҳамшира: - Оила бюджетининг хўжайини эркак киши бўлгани дурустроқ. Пулни меник ё сеники деб тортишиш жуфтлар орасига совуқчилик солади. Рўзғорнинг иқтисодий ишлари фақат эркак гарданида бўлгани маъқул. Шунда аёлларимиз ўзларидан катта тўрва халталарни кўтарволиб, бозорма бозор, дўконма дўкон изғиб юришмайди.

Шавкат ака, 36 ёш, тадбиркор: - Пул албатта аёл кишида туриши кеарк. Биз эркакларнинг хаёлимизда мингта ўй, минг битта ташвиш. Қайсии нарсага қанча сарфлаганимиз ҳам унча эсимизда турмайди. Қолаверса, эркаклар бозор-ўчарда тортишишни унча хушламайдилар. Аёллар эса тортишиб, талашиб савдолашдилар, улар олмоқчи бўлган нарсаларини ярим баҳосигача тушира олиш қобилиятига эгалар-да. Шундай экан, пулнинг ҳисоб-китоби, кирим-чиқим билан хотинжонлар шуғулланганлари маъқул.

Гулбаҳор, 23 ёш, иқтисодчи: - Келин бўлганимга уч ой бўлди. Биласизми, янги уйимда менга маъқул бўлган одат- бу ҳамманинг топган-тутганини қайнонамга оилб келиб бериши бўлди. Аввало қайнотам маошларини олган заҳоти ойижонимга обкеб берадилар. Кейин қайноғам билан овсин опамлар беришади. Мен билан хўжайиним ҳам пулимизни берамиз. Кимларгадир эриш туюлар, аммо бу манзаранинг завқини туйиш менга хушнудлик бахш этади. Энг қизиғи, қайнона-ойижоним ҳаммамизнинг пулимизни алоҳида-алоҳида олиб қўярканлар. Агар пул ўзимизда турса, ҳали унга, ҳали бунга сарфланиб, бааркаси ўчади. Ойижоним эса тийин-тийинигача саришталаб қўядилар. Бу ҳаммамиз учун фойдали.

Ризвонгул опа, уй бекаси, 42 ёш:- Ота уйимда ҳамманинг топган-тутгани онамда турарди. Рўзғорга бирор нима керак бўлса ота-онам икковлари бамаслаҳат олиб келишарди. Мен ҳамма рўзғорни ўзимизникидек деб ўйлабман. Турмушга чиққанимдан кейин кўп қийналдим. Чунки келинлик уйимда ҳамманинг пули ўзида турар, ким нмиани топса ўзи алоҳида пишириб ейдиган одат бор экан. На қайнонам, на қайнотам болалрини пул масаласида тергашмас эди. Шунданми, бирор нарсага пул орттиришимиз қийин бўларди. Оиланинг файз-баракаотли бўлиши аёлга боғлиқ. Пул хотинда туриши керак.

Моҳтоб ая, 74 ёш, пенсионер:

- Оила ҳам кичик давлат. Ўзингизга яхши маълум, давлатнинг фуқаролари фаровон, тўкин яшамоғи учун унинг иқтисодий таъминоти кўнгилдагидек бўлиши керак. Жумладан, оилада ҳам муҳтожликка, йўқчиликка дуч келмаслик учун аввало астойдил меҳнат қилиш керак. Сўнг ўша ҳалол меҳнат билан топилган давлатни тежаб-тергаб сарфлай билиш керак. Тежамкор одам ҳеч қачон йўқчилик кўрмайди. Йўқчилик бўлмаган оилади келишмовчилик, уриш-жанжал ҳам бўлмайди. Оиланинг сарфу сариштасини бажариш- аёлнинг вазифаси. Эркак топиб келадиган, аёл эса уни эпчиллик билан бажарадиган, камни кўпайтирадиган бўлиши керак. Айтмоқчиманки, пул хотинда тургани яхшироқ. Фақат эридан сўрамай, эрининг изнисиз пулни сарфлаш гуноҳ эканлигини аёлларимиз унутмасалар бас.

Ҳар бир оила бекасининг эр меҳнатини қадрлаб, у йиққан жамғармани тежамкорлик билан сарфлаши рўзғорга барака келтиради. Юртимизда ҳар томонлама тўкис, тотув оилалар кўпайишини ният қилган ҳолда, мавзуни якунладик. Азиз муштарийларимизнинг ушбу баҳс юзасидан фикр мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Рухшона ФАРРУХ

Фарзандсизлик ва ажрим

 

 

 

Қиз узатиб, ўғил уйлаган ота-она кун санаб вақт ўтказиб, “хушхабар” кутади. “Янги меҳмон” ҳақидаги ёқимли янгиликни эшитган заҳоти, тилида шукрона айланиб, яхши кунлар, тўй-томошалар тараддудига тушади. Аммо баъзида ўша ширин янгиликни эшитиш муддати анча узайиб кетади. Ана шунақа пайтларда катталар ёшларга далда бўлиш, уларни ҳаётдан, яхши кунлардан умидвор қилиш ўрнига, ғийбат гаплар билан эр-хотиннинг орасини совутишга, уларни айиришга ҳаракат қилишади. “Туғмас хотин билан умрингни ўтказасанми?!”, “Хотинингни қўйвориб, бошқага уйлан”, “Эринг билан ажрашиб бошқасига турмушга чиқ”, “Невара кўрмай ўтиб кетаманми?!”, “Тирноққа зор ўтасанми?!” каби иддаолар ўзи шундоқ ҳам изтироблардан зада бўлган кўнгилларни вайрон қилади.

Аслида ҳам фарзандсизлик оиланинг инқирозига сабаб бўла оладими? Фарзанд кўрмагани учун эр-хотинни ажратиб юбориш керакми? Бугунги мунозара шу мавзуда.

Назира ая, пенсионер, маҳалла фаоли: — Жуда нозик савол бердингиз-ку, болам. Бир оғиз гап билан бу саволингизга жавоб бериш қийин. Лекин менинг фикримча, фарзанд бўлмади, деб оилани ажратиб юбориш тўғри эмас. Ҳозир фарзандсизлик унчалик катта муаммо бўлмай қолган. Тиббиётда бу хасталикнинг ҳам давоси топилган. Турмуш қурганига ўн йил, ўн беш йил бўлганда бола кўрганлар бор. Одамларимиз фарзандни “тобуткашим” дейишади. Аммо қайси бефарзанднинг тобути ерда қолиб кетибди?! Аввало, Худованди Карим ҳеч бир бандасини қуруқ қўймасин-у, агар фарзанд бўлмаган тақдирда ҳам эр- хотин бир-ьирини тушунса, яхши кўрса, ажрашиш шарт эмас. Бола асраб олиб бўлса ҳам, ҳаётни биргаликда давом эттириш керак. Бу дунёда эр ёки хотиннинг бозори йўқ...

Самиҳа ая, пенсионер: -Айнан шу шўриш бизнинг бошимиздан ўтган. Опам биринчи оиласи билан ўн йил яшади. Фарзанд бўлмади. Турмуш ўртоғи бебошлик қилиб бир суюқоёқ, енгилтак қизни опамнинг устига етаклаб келди. Опам эрини жуда қаттиқ яхши кўрарди. Ҳатто устига хотин олганига ҳам эътибор бермай эриникида юраверди. Эри опамни уриб-сўкиб, судраб уйимизга келтириб ташлади. Ота-онам опамни, бу энди ҳеч туғмас экан деб хотини ўлиб беш боласи билан тул қолган эркакка бериб юборишди. Хуллас, ўн ой деганда опагинам ўғил кўрди. Бирин-кетин тўрт ўғил, бир қизли бўлишди. Аммо шароити жуда лғир эди. Эри фақат ўзининг беш боласига эътибор бериб, жиянларимизнинг тақдирига бефарқ эди. Бундай олганда, у опамни туғмас хотин, деб ўйлаган. Унга фарзанд эмас, етим болаларига қарайдиган аёл керак эди. Ёши ҳам опамдан анча катта бўлиб, аввалги хотинидан туғилган болаларини уйли-жойли қилдию, опамни ташлаб катта ўғлиникига кетиб қолди. Оқибатда эса опамнинг ўғиллари бебош, тарбиясиз бўлиб улғайди.Бирортаси меҳнатга бўйин эгмасди. Шўрлик опагинам болаларининг шумлигидан куйиб ўлиб кетди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шумиди опам илҳақ бўлган фарзанд?! Бундан кўра, бефарзанд ўтганида опагинам шунча азият чекмас, охир-оқибат ноқобил фарзандларнинг дастидан ёруғ кун кўрмай ўлиб кетмасди!..

Маҳмуд ака, ўқитувчи:

- Фарзанд- инсон умрининг, наслининг давомчиси. Бола- эр-хотинни бир-бирига мустаҳкам боғлаб турувчи ришта. Агар ўртада ана шу ришта бўлмаса... Менимча, ўртада фарзанд бўлса, эр ёки хотин бир-бирининг айбларидан, камчилик-нуқсонларидан кўз юмиб, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам оиласини сақлаб қолиши шарт. Аммо фарзанд бўлмаса... Жуда қийин масала...

Нурмат ака, тадбиркор:

- Худди билиб тургандай, ҳаётимдан бохабар одамдай савол берганингизни қаранг. Фарзандсизлик туфайли бўладиган изтиробли кунлар ўзимизнинг бошимиздан ўтган. Келинойингиз билан талабалик даврларимизда севишиб, синашиб турмуш қурганмиз. Ўн йилгача фарзанд кўрмадик. Бормаган табибу шифокоримиз, фолбину азайимхонимиз қолмади. Шифокорлар айбни келинойингизга қўйганди. Кататлар, қариндош-уруғ, дўст-оғайнилар менга хотиним билан ажрашишни маслаҳат бера бошлашди. Эътибор бермадим. Хотинимни яхши кўриб танлаганман, энди нима бўлса, пешонамдан, деб Аллоҳга таваккал қилдим. Турмуш қурганимизнинг ўнинчи йили олис вилоятга турмушга чиқиб кетган қайнсинглимнинг уч кунлик чақалоғини фарзандликка олдик. Жажжи қизалоғимизга бор меҳримизни бериб парваришлай бошладик. Бешик тўйлар қилдик. Ўшанда “Бировнинг боласига дабдаба билан бешик тўйилар қилишяпти” деган маломатларни ҳам қилишди...

Ишонасизми, ўша вақтларда келинойингиз ҳомиладор бўлди. У кунлардаги ҳолатимизни тасвирлай олмайман... кўп ўтмай ўғлимиз Муроджон туғилди. Ҳозир опа-ука иккаласи бир синфда ўқишади. Қизимизни ўғлимдан ҳам аъло кўраман. Унинг қутлуғ қадами билан фарзандли бўлдик. Аллоҳнинг карами кенг, муруввати чексиз экан! Киши одамларга эмас, кўнглига қулоқ тутиши, мўъжизаларга, яхшиликка ишониши керак экан...

Бу борада мутахассис фикри қандай?

Аҳмедова Дилбар Рустамовнанинг фикр ва тавсиялари қуйидагича:

- Кейинги пайтларда бепушт жуфтликлар сони ошиб бораётгани сир эмас. Мустақил текширувлар шуни кўрсатадики, юртимиздаги ҳар тўртинчи жуфтлик бепуштликдан шикоят қилади. Бунга турмушга эрта узатиш ҳоллари, қиз болалар ўртасидаги турли хил экстрагенетал касалликлар, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сабаб бўлиши мумкин. Баъзи ирсий касалликларда ҳам бепуштлик доимий белги сифатида кузатилади. Бепуштлик эркакларда ҳам, аёлларда ҳам учрайди. Бепуштлик аёлларда ҳам, эркакларда ҳам учрайди. Нормал жинсий ҳаёт кечириб, ҳомиладорликдан сақланиш воситаларидан фойдаланмай камида бир йил бирга туриб фарзанд кўрмаган оилани бирламчи бефарзанд оила дейиш мумкин. Бундай ҳолларда эр-хотин тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепуштлик сабаблари ўз вақтида аниқланса ва бартараф қилинса, яхши натижаларга эришиши мумкин. Ўз вақтида тўғри ва самарали олиб борилган муолажалар албатта яхши натижа беради.

Бу хусусда сизнинг фикрингиз қандай, муҳтарам муштарий? Фарзандлар оила мустаҳкамлигининг асосий омили бўла оладими?

Рухшона Фаррух тайёрлади

 

 

 

Валентин куни…уни нега байрам қиламиз?

Эндигина иккинчи синфда ўқиётган ўғлим бир куни мактабдан келиб шоша-пиша гап бошлади:
– Ойи, ойи устозимиз откритка олиб келишимиз кераклигини айтди.

– Қанақа откритка..?  – сўрадим ажабланиб.
– Эртадан кейин (индинга демоқчи) байрам экан.
– Байрам..? Қандай байрам..?
– Валентин куни… – дедилар устозимиз. Кейин ийманибгина давом эттирди:
– Устоз айтдиларки, откриткаларга ўзимизга ёққан синфдош қизларнинг исмини ёзиб…қоғоз қутига (коробка)га солар эканмиз.., кейин…
Бу гаплардан ҳайратим ошиб, «ҳалитдан-а…» деб юборибман. Ўғлим ҳайратимни тушунди чоғи, уялиб нари кетди, гапини давом эттирмади.
Бироздан сўнг қайтиб келди-да: – Ойи, сиз адамга айтинг, илтимос, олиб келсинлар откритка…мен айтолмайман, – деди.
Бу тадбирнинг давоми қандай кечганини кейинроқ сўраб билдим. Ўғлимнинг айтишича, байрам куни откриткалар санаб чиқилар ва қайси қизнинг номига кўпроқ севги изҳори ифода этилган аноним номалар келиб тушгани аниқланаркан.
Откриткани-ку олиб бердик. Аммо ўйланиб қолдим…
Бизнинг болалик, ўқувчилик йилларимизда бундай гап йўқ эди. Севишганлар куни деган байрам борлигини 90-йилларнинг ўрталарида – талабалигимда бир романтик курсдошимдан эшитган эдим. Эшитган эдим холос… Аммо бу куннинг оммавий тарзда байрам қилинишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Чунки севги, муҳаббат каби туйғулар кўнгилнинг туб-тубида, энг сирли ва нозик хазина каби яширин асралади, ҳаммага ошкор этилмайди, деб ўйлардим. Айниқса, табиатан уятли-андишали, ор-номусли ҳалқимиз анъанаси, қадриятларига кўра, бу ҳиссиётлар ҳамманинг олдида, ота-оналар, амаки-тоға, амма-холалар… умуман катта ёшдагилар кўз ўнгида ошкор қилинмаслиги, балоғатга етмаган болаларни бу мавзулардан иложи борича узоқда тутилишига одатланган эди бизнинг авлод…
Юқори синфларда ўқиб юрган кезларимиз… Ўшанда Россиянинг марказий телеканали орқали Мексиканинг «Бойлар ҳам йиғлайди», «Оддий Мария» каби сериаллари намойиш этилган ва катта қизиқиш ҳамда шов-шувга сабаб бўлган эди. Ёш, қизиқувчан эканмиз-да, кўча-кўйда, мактабда дугоналаримизнинг тилидан тушмай муҳокама қилинадиган, тафсилотлари билан ўртоқлашиладиган сериални кўриш иштиёқи, ҳаваси бизни ҳам  тинч қўймас, синглим икковимиз ҳам уни кўришни жуда истар эдик. Аммо катталарнинг ёнида кўриш ноқулай…Баъзан ёшлигимизга бориб қўшни хонага кириб, яширинча эшик тирқишидан мўралаб бир-икки қисмини кўрганларимиз ҳам бўлган… Аммо…барибир сезиб қолишларидан қўрқиб бундан воз кечганмиз.
Бугун эса… аҳвол ўзгача. Бутун оила – даврадош, тенгдош, севги-муҳаббат, рашку хиёнат саҳналарини бир-бирларидан тортинмай кўриб ўтиришаверади. Қайнота билан келинлар, акалар билан сингиллар… Алал оқибат 3-4 ёшли болалар ҳам бу мавзуларни балодай тушуниб қолишган…Ва бу ҳеч кимни ташвишга солмайдиган одатий ҳолга айланган.
Бу мавзуга яна қайтиш, алоҳида фикр-мулоҳазаларимизни баён этишни ният қилган ҳолда Валентин кунига қайтсак…
Ўғлимнинг ўқитувчисидан хафа бўлганим йўқ. Чунки у ҳам ёшгина қиз. Бунинг устига рус миллатига мансуб. Унинг хатоси шундаки, у ўз синфида таҳсил олаётган деярли қирқ нафар боланинг 70 фоизи мусулмон фарзандлари эканини ҳисобга олмаган. Балки у ҳам бу байрамнинг католик черкови билан боғлиқ эканини билмас. Эҳтимол, шу жажжи болаларга бу ҳақда эслатиш шарт эмаслигини, бу маҳаллий халқнинг миллий-маънавий қадриятларига кўпам тўғри келмаслигини эътибордан қочиргандир ёшгина муаллима. Аммо ҳеч бир ота-онанинг «Биз бу байрамни нега нишонлашимиз керак?» дея бош қотирмагани бироз ранжитади одамни.
Мамлакатимизнинг бир вилоятида фаолият юритадиган ижодкор ҳамкасбим пойтахтга келганида шу мавзуда гап очилиб кетди:
– Сиз пойтахтни гапирасиз, бизнинг қишлоқларда ҳам шу аҳвол. Бултур 14 феврал куни хизмат юзасидан вилоятимизнинг бир туманига боргандим. Туман марказида тумонат одам. Маданият саройидан гувиллаб чиқаётган ёш-яланглар эътиборимни тортди. «Бугун ҳазрати Бобурнинг таваллуд кунлари-ку. Шу санага бағишланган бирор тадбир уюштиришгандир-да», деган фикрдан кўнглим ёришди. Туман миқёсида ёшлар учун шундай тадбир ўтказилгани хўп яхши бўпти-да! Саройдан чиқаётган ёш қизчалар (мактаб ўқувчилари) ни тўхтатиб сўроққа тутдим.
– Валентин кунига дискотека бўлди, опа!
Эшитиб, ёқамни ушладим.

Ҳамкасбимнинг ҳикоясидан бу байрамнинг мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшлар орасида тобора оммавийлашиб, «биринчи» рақамли байрам тусини олаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бу байрамни оммалаштириш борасида катта хизмат кўрсатаётган ҳамкасбларимиз ҳам бор. Мен ҒМ радиоканалларида хизмат қилаётган касбдошларимизни назарда тутяпман. Байрамдан бир-икки ҳафта олдин бошланадиган анонслар, байрам кунлари эълон қилинадиган SMS танловлари, эфирга уланадиган энг чиройли дил изҳорлари ҳеч шубҳасиз, ушбу байрамнинг ёшларимиз онги-шуурини, қалбини забт этишида улкан (!) ҳисса қўшмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтмоқни жоиз билдик. Японларда – улар мусулмон бўлмаса-да – жамоат жойларида, омма олдида дил изҳори қилиш, севги-муҳаббат саҳналарини намойиш этиш ахлоқсизлик саналаркан. Аммо радиоижодкорларимиз кимнингдир кўнгил мулкидаги ноёб асрор бўлмиш муҳаббатни, дил розларини фақат ўз эгасигагина эмас, балки бутун мамлакатга овоза қилиш ва буни рағбатлантириш билан оворалар.     
Хўш, бу байрамни нега нишонлашимиз керак? Байрамларнинг кўп бўлгани яхши. Аммо ҳар бир байрамнинг мазмун-моҳияти, келиб чиқишидан хабардор бўлган ҳолда, ўша сананинг миллий қадриятларимизни юксалтириш, маънавий оламимизни бойитишга қўшадиган не ҳиссаси бору, ўзлигимиз ва асл анъаналаримиздан чалғитадиган не зарари мавжудлигини аниқлаб олганимиз ҳолда тантана қилишимиз жоиз назаримда.
Энди ушбу байрамнинг келиб чиқиш тарихига назар ташлайлик.
Афсоналарга кўра, эрамиздан аввалги III асрда Рим империясининг Терни шаҳрида Валентин исмли руҳоний яшаган экан. Насронийлик динининг пешволаридан бўлган бу ёш йигит шунингдек табиблик ҳам қиларкан. Империя учун суронли даврлар ҳисобланган ўша кезларда Рим императори Юлий Клавдий II ўз аскарларининг жангу-жадаллар, ҳарбий юришлардан чалғимасликлари, оилаларига боғланиб қолганлик важидан узоқ муддатли муҳорабалардан бўйин товламасликларини назарда тутиб, уларнинг уйланиб оила қуришларини таъқиқловчи фармон чиқаради. Аммо авлиё Валентин ёшларнинг хоҳиш-истакларига кўра, уларни махфий равишда никоҳлар эди. Бундан хабар топган император уни қамоққа ташлайди. Маҳбусликда эканида, у қамоқхона бошлиғининг  қизи Жулия билан танишади, унинг ожиз кўзларини даволайди.
Қамоқхона бошлиғи жигаргўшасини даволагани учун миннатдорчилик сифатида Валентинни озод этишга уриниб кўради, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Император уни олий жазо – ўлимга ҳукм этади. У ўлимидан аввал Жулияга кўнглини очиб, изҳори дил мактуб юборади ва у билан видолашади. Авлиё Валентинни 14 феврал куни қатл этадилар. Шунга кўра, насронийлар жафозада Валентинни бир-бирига кўнгил қўйган ёшларнинг ҳомийси деб билиб, унинг шарафига 14 феврални «Севишганлар куни», «Авлиё Валентин куни» сифатида байрам қилишади. Ушбу сана 496 йили Рим папаси Геласий I томонидан Католик черковининг муҳим байрамлари рўйхатига киритилган, 1969 йили эса Пол VI томонидан бу байрам рўйхатдан олиб ташланган экан. Шундай бўлса-да, ғарбда насронийлар орасида бу кунни зўр тантана билан нишонлаш расми сақланиб қолган. 
Бизнинг мамлакатимизга бу ғайри удумнинг қандай йўллар билан кириб келгани ва халқимиз уни нима учун ҳеч бир эътирозсиз қабул қилаётгани кишини ажаблантиради.
Бугун юртимизда ушбу сана арафасида ҳар қадамда байрам нафасини сезасиз. Айниқса, пойтахтимиз кўчаларида, дўконларда ва бозорларда бу яққол кўзга ташланади.
Ўзбек йигит-қизларининг, демакки муслим ва муслималарнинг билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар (откриткалар), яна Валентин куни анъанасига кўра шоколад, гулдаста каби бошқа-бошқа совғалар тақдим этишлари тобора урф бўлиб бормоқда. Инсонларнинг бир-бирига меҳру муҳаббатини, оқибатини изҳор этиш имконини берувчи ўзимизнинг беҳад гўзал, миллий-исломий байрамларимиз бисёр. Демак, ғайри дин, ғайри удумлар асосида шаклланиб кириб келган, ўзлигимизга соя солаётган Валентин кунига эҳтиёжманд эмасмиз.
Бу ўринда ҳам ёшларимизга хос – ғарбдан нима келса суриштирмай, қабул қилаверишдек ғалат таомил ҳукмфармолик қилаётгани аниқ.
Сўзини тушунилмаса-да, қўшиқларни жинни бўлиб эшитадилар, бу қўшиқларда нима тарғиб қилинаётгани, нимага даъват этилаётгани билан ишлари йўқ – гумбур-гумбур бўлиб турса бас.
Ёки яна маъноси нима билинмаса-да, бир нима деб ёзилган бўлса бўлди, ўша кўйлакми, футболками фарқи йўқ, кийиб фахрланиб юраверадилар – импортний!
«Анкл Бенс» деб ёзилса, ўзимизни помидордан тайёрланган суюқ газакни кўзларига суртадилар.
Кичикроқ дўконни маркет, бутик, каттароғини супермаркет деб атайдилар – моҳият ўша-ўша, аммо, шундоқ дейдиларки, «современний» бўлсин…
Нега шунақа? Нега жуда осон бериламиз ҳар нарсага? Қайдан шамол эсса, ўша томонга эгилиб кетаверамиз?
Қолаверса, севган кишисини ардоқлаш, ҳурматини жойига қўйиш учун маълум бир кунни белгилаб қўйишга нима дейсиз..? Муҳаббат доимий байрам эмасми?
Муқаддас динимизда яқинларимиз: ота-она, аҳли оила ва фарзандларга, умуман севимли инсонларимизга доимо яхши муносабатда бўлишимиз, уларга ҳамиша иззат-икром кўрсатишимиз ва Яратганнинг ҳар бир кунини, ҳар бир неъматини байрамдек, шукрона-ю шодиёна билан қабул қилишимиз лозимлиги уқдирилади. Шундай экан, бунинг учун Валентин кунини кутишимиз шарт эмас.

Муслима Бегим

“...Эркаклар, бунча ноинсофсиз?!...”

Хотин-қизларга ҳаёсизларча муносабатда бўлдагин киши фуқаро сифатида ҳам ишончни оқламайди; у умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча муносабат да бўлади. Ундайларга бошдан-оёқ ишониш мумкин эмас. Аёлни ҳурмат қилмаган, уни қадраламаган эркак элга ҳам эҳтиром қилолмайди. 

“— Турмуш ўртоғим вафот этганида ҳомиладор эдим,- деб бошлайди таҳририятга  йўллаган мактубини самарқандлик исмини сир тутишимизни сўраган муштарийимиз.- Қизим туғилгач, ота-онамникига қайтдим.  Бир амаллаб боламни катта қилдим. Айни пайтда у бошланғич синфда ўқияпти. Қўлингда бир касб ё ҳунаринг бўлмаса қийин экан, бунинг устига отамникидаман. Қачонгача кекса ота-онамнинг пенсия пулига кўз тикиб яшайман, деб қизимни онамга топшириб пойтахтга иш излаб келдим. Тошкентда менга ўхшаган қўлида касби, маълумоти бўлмаганларга энг яхши иш официантлик экан. Аммо шу ишни ҳам топиш осон бўлмади. Хуллас бир ўрис кампирникида ижарада яшаб, шаҳардаги қаҳвахоналардан бирида официантлик қила бошладим. Ўн беш- йигирма кунда топган тутганимни онамга жўнатиб тураман. Хуллас, бир қизимни бировга муҳтож қилмай улғайтирсам, менга бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Янги йил арафасида қаҳвахоналарда иш қизғин бўлади. Тушум ҳам яхши бўлади. Қизим қишки таътилга чиққани учун янги арафасида Тошкентга олиб келдим. Ҳам бироз ёнимда бўлсин, қолаверса, таътилда пойтахтда ўйнаб кетсин дегандим. Янги йилдан бир кун аввал қаҳвахона беш-олти чоғли катта ёшли мижозлар келишди. Мени чақириб буюртмалар беришди. Улар айтган буюртмаларни опкелаётгандим 50-60 ёшлар чамасидаги амаки ўрнидан туриб йўлимни тўсиб олди ва уялмай-нетмай:
—    Ҳозир биз бир ёққа кетамиз, сен ҳам биз билан бирга борасан,- деб туриб олди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ўйларимни йиғиштириб, ўзимни ўнглагандим, улар мени бошқача ўйлаётгани етиб келди.
—    Кечирасиз амаки, мен ишдаман. Ишимни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сиз мени бошқача ўйладингиз, чоғи?- дегандим, ҳалиги киши енгимдан ушлаб олиб, “кетасан”-чи  “кетасан” қиляпти. Шу пайт мен билан бирга қаҳвахонага келган қизим ҳам  келиб қолди.
—    Қўйворинг мени, қизим келяпти, қизим бошқача ўйламасин, кап-катта одам экансиз, уялмайсизми?- дегандим, Худодан қўрқмаган бетовфиқ киши экан. Тап тортмай:
—    Ҳозир мен хоҳласам ўзинг ҳам, қизинг ҳам меники бўласанлар!- деб ўдағайлаб мени бир туртиб юборганди, қўлимдаги патнис тушиб кетиб, идишлар синиб, овқатлар тўкилиб кетди. Шунча ҳақорат камдай қаҳвахона иш юритувчиси синган идишлар ва исроф бўлган овқатларни менинг бўйнимга юклаб қўйди. Шу важдан маошимни бермай мени ишдан бўшатиб, камига қарздор ҳам қилиб қўйишди. Хуллас, байрамда қизимни бир яйрасин деб олиб келиб, ҳатто буханка нонга пул тополмай, ижара уйимиздаги қўшнидан қарзга нон олиб кунимизни ўтказдик.
Орамизда шундай ноинсоф эркаклар ҳам бор экан. Ҳали дунёда аччиқ таъм, қора ранг борлигини билиб улгурмаган қизалоғимнинг кўз олдида мени таҳқирлашди. Ҳатто менга қўшиб уни ҳам... Одамлар шунчалик диёнатдан узоқлашиб кетган, деб ўйламаган эканман. Мен ҳам тирикчилик важидан шу ерларда ишлаб юрибман. Бошимда эрим йўқ, ота-онамникидаман... Бунинг устига ака-укаларимга оғирим тушмасин, дейман. Ҳозир ҳеч ким ўзидан орттиролмайдиган замон бўлса. Куч-қувватим бор, жигарларимга тирик товон бўлиб ўтиргунча, қўлимдан келганча ўзим билан боламни ўзим эплай деган ўй билан мусофирчилик жафоларини тортиб юрибман. Айрим инсофсизлар официант аёлларни фоҳиша билан адаштиришади, шекилли?  Ундайларга ҳам Худонинг атагани бордир...”
Чиндан ҳам, орамизда официантларга бошқача назар билан қарайдиганлар йўқ эмас. Ушбу мактуб сабаб бўлиб, юртдошларимиз билан айни мавзуда мунозара уюштирдик.
Замира опа, 48 ёш, тадбиркор: — Официант қиз-аёлларни бузуқ, деб хаёл қиладиганлар анчагина. Тўғри, одамларнинг шундай ўйлашига айрим ахлоқсиз қиз-аёлларнинг қаҳвахоналарда пулдор, бойвачча эркакларга кўз сузишлари сабаб бўлиши мумкин. Лекин ошхоналарда хизмат қиладиганларнинг ҳаммаси ҳам шундай, деган фикр бу ўта нодонлик! Фаҳш ишлар, бузуқлик касб танламайди. Бу синглимизга хиралик қилган эркакларни эса, инсонийлик қиёфасини буткул йўқотган махлуқлар деб атаса, тўғри бўлади! Шунчаликка бориб бир ожизанинг дилини оғритган эркакларни қандай қилиб ер кўтаряпти экан-а?..
Абдураҳим ота, 55 ёш, маҳалла фаоли:
— Инсон ҳаётдан олмаса таълим
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим,- деган Абдураҳмон Жомий. Мактуб эгасига йўлиққан нокаслар ҳаётда яшаб ҳаёт мазмунини англамаган сўқирлар экан. Афсуски, одамлар орасида эркакман деб юрган бундай нусхалар ҳам учраб туради. Мен унақа иймонсизлардан ҳазар қиламан. Ундайларни Худонинг уриб қўйгани шуки, қизи, невараси тенгги аёлларга ғаркўзлик қилишади. Аммо шу қизимиз ишлаган қаҳвахона бошлиқларига ҳам қойил қолмадим. У қандай жой эканки, хизматчисини ҳимоя қилолмаса?  Улар қандай эркаклар, қандай ОДАМлар эканки, хизматчиси мижоз томонидан таҳқирлансаю, уни ҳимоя қилиш, керак бўлса ўша мижознинг танобини тортиб қўйиш учун тегишли жойларга маълум қилиш ўрнига, ожиза аёлни айбдор қилиб, маошини бермай, камига ишдан бўшатиб юборишса? Пул топиш куйида одамларнинг қалби шунчалик қаттиқлашиб кетганми?!..
Лайло, 22 ёш, талаба: — Ҳар хил одам борда. Официант қиз-аёлар орасида ҳам андишалилари бор, ҳақиқатдан ҳам одамлар ўйлаганидек беҳаёлари ҳам йўқ эмас. Ўтган йили ижара пули енгил бўлади, деб бир дугонамнинг официант танишини ижара уйимизга олиб киргандим. Пойтахт бозорларининг биридаги ошхонада хизматчи экан. Вақт ўтиб официант ҳамхонамизнинг оилали эркак билан “ошиқ-маъшуқ”лигини билдик. Кейинчалик бунақа “ошиқ-маъшуқ”ликларнинг сони кўпайиб кетди. Бунинг устига официант қиз шунчалик сурбет, юзи қаттиқ эканки, ҳарчанд уйдан ҳайдаб чиқарсам ҳам кетмайди-да! Хуллас, бир жанжалдан кейин ҳаммамиз ўқишдалигимизда ҳамма нарсани ўғирлаб, уйни шип-шийдон қилиб, қиматбаҳо нарсаларимизни, тақинчоқларимизни ўмариб кетибди... Умуман олганда, одамларда официант қиз-аёллар ҳақида салбий тасаввурларнинг пайдо бўлишига менимча, уларнинг ўзи айбдор...
Бу мунозарамизда қатнашган юртдошларимизнинг мулоҳазалари эди. Бу борада сизда қандай фикр бор, муҳтарам муштарий?

Фарзона тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ