1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Никоҳ эълони ва унда кўнгилхушлик қилиш

Никоҳни эълон қилишнинг ҳикмати аввал ҳам айтиб ўтилди. Ўша эълон қилишда баъзи мусиқа овозлари ҳам ишлатилиши ҳадисларда келган. Шу билан бирга, никоҳ тўйларида шариат кўрсатмалари доирасида кўнгилхушлик қилишга рухсат берилган. Бу ҳақийқатларни келгуси ҳадиси шарифлардан ва уларнинг шарҳидан ўрганамиз.

Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим куни келиб, тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб ўтирдилар. Шунда бизнинг қизчалар чилдирма чалиб, Бадр куни қатл бўлган оталарим ҳақида хиргойи қила бошлашди. Улардан бири:
«Ичимизда эртага нима бўлишини биладиган Набий бор», – деди.
Бас, у зот:
«Буни қўй, аввал айтаётганингни айт», – дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари Муъаввиз ҳамда Авф ва Муъоз исмли икки амакилари Бадрда шаҳид бўлган эдилар. Рубаййиъ вояга етиб, Иёс ибн Букайр Лайсийга турмушга чиқади. Тўйга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келадилар. Ичкарига кириб, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг тўшакларига ўтирадилар.
Шунда қизлар чилдирма чалиб, Бадрда шаҳид бўлганлар, хусусан, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари (отаси ва икки амакиси) мадҳида айтилган шеърни куйга солиб, оҳанг билан айтадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эшитиб ўтирадилар. Қизлар айтиб бориб, «Ичимизда эртага нима бўлишини биладиган, ғайбдан хабардор Набий бор», деган маънодаги байтни ҳам айтадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни айтманглар, олдин айтаётган нарсаларингни айтинглар», деб кўрсатма берадилар.
Ушбу ҳадисда тўйда кўнгилхушлик қилиш жоиз эканлиги баён қилинмоқда. Эркак киши қизларнинг оҳанг билан айтган шижоат, одоб-ахлоқ, сахийлик каби маъноларни ўз ичига олган байтларини эшитиши жоиз эканлиги келиб чиқмоқда.
Уламоларимиз: «Албатта, бу нарса парда ортидан бўлса ҳамда фитна бўлиши хавфи бўлмасагина, жоиз», деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб бордилар. Шунда Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Оиша, сизда кўнгилхушлик бўлдими? Чунки ансорийларга кўнгилхушлик қилиш ёқади», – дедилар».
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Бу ҳам тўйда шариат чегарасидан чиқмай, ўйин-кулги қилиш жоизлигига далилдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум қавмларнинг ҳатто ўйин-кулги, кўнгилхушлик қилишни яхши кўришларигача инобатга олиб, муомала қилганликлари эътиборга сазовордир. Ансорийлар – Мадийна аҳли мусулмонлари табиатида ўйин-кулгига мойиллик борлигини, тўйларда кўнгилхушлик қилиш жоизлигини Оиша онамизга эслатишлари шуни кўрсатади.
Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, ушбу ривоятдаги келин Фориҳа бинти Асъад  исмли етим қиз бўлган. Оиша онамиз уни тарбия қилиб ўстирганлар. У қиз балоғатга етганида Нубайт ибн Жобир ал-Ансорийга узатганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Фориҳа розияллоҳу анҳони куёвникига «келин туширди» қилиб олиб борганлар. У киши қайтиб келганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятдаги саволни бериб, кўнгилхушлик бўлган-бўлмаганлигини сўраганлар.
Бошқа ривоятда:
«Чилдирма чалиб, қўшиқ айтадиган қиз ҳам юбордингларми?» – деганлар.
Оиша онамиз:
«У қиз нима деб айтади, ё Расулаллоҳ?» – деганлар.
Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биздаги «ёр-ёр»га ўхшаш байтларни айтганлар.
Аёл-қизлар ўзлари, эркакларга аралашмасдан, шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда, чилдирма чалиб, қўшиқ айтсалар, ўйин-кулги қилсалар, жоиз.

Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳда ҳаром билан ҳалол орасининг ажралиши чилдирма ва овоздир», – дедилар».
Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ривоятдаги «ҳалол» ва «ҳаром» лафзлари никоҳ тўғрисидадир. Одатда, яширин никоҳ – ҳаром никоҳни биров билмасин деб, овоз чиқармай, чилдирма чалмай, қўшиқ айтмай, жимжитлик билан ўтказиб юборилади.
Ҳалол никоҳни эса, иложи борича кўпроқ кишига эълон қилинади, билдирилади. Чунки бу, катта хурсандчилик ва сурурга боис бўлган нарсадир. Ўша ҳалол қўшилишни эълон қилиш, кўпчиликка билдириш ила кўп одамлар гувоҳ қилинади, икки ёшнинг шаръий равишда эр-хотин бўлганларини ҳамма билади ва ҳақларига дуо қилади. Бу, албатта, жуда матлуб ва маъқул ишдир.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз», – дедилар».
Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳга оид уч нарсага амр қилмоқдалар.
1. Никоҳни эълон қилиш. Бу зарурий нарса, олдин айтиб ўтилганидек, эълон орқали икки ёшнинг ҳалол-пок равишда, шаръий оила қуриб яшай бошлаганларини кўпчиликка билдириб қўйиш бўлади.
2. Никоҳни масжидларда ўтказиш. Бунда турли ҳаром ва макруҳ ишлардан четлаш осон бўлади. Яъни, никоҳни эълон қилишнинг бир қисмини масжидларда ўтказиш яхшидир.
3. Дуфф – чилдирма чалиш. Бу билан хурсандчилик изҳор қилинади, никоҳнинг эълони кўпроқ тарқалади.

Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қураза ибн Каъб ва Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳумоларнинг олдиларига бир никоҳ тўйида кирдим. Қарасам, қизлар қўшиқ айтмоқдалар.
«Икковларингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлсангиз, Бадр аҳлларидан бўлсангиз, ҳузурингизда шундай иш бўлиб туриши нимаси?» – дедим.
«Хоҳласанг, бизлар билан ўтириб, эшит. Хоҳласанг, жўна, кетавер. Батаҳқиқ, бизга никоҳ тўйида кўнгилхушлик қилишга рухсат берилгандир», – дедилар икковлари».
Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Бу ривоятда никоҳ тўйларида кўнгилхушлик қилиш жоиз эканлиги яна ҳам очиқроқ баён қилинмоқда. Бўлаётган кўнгилхушлик қилишга Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳу томонидан айтилаётган очиқ-ойдин эътироз ҳамда фазл аҳли ва Бадр аҳли эгаларидан бўлган саҳобаларнинг унга рад жавоблари ғоят ибратлидир. Бадр аҳли бўлиш жуда ҳам улуғ мақом. Бу мақомга эришган кишилар ҳаммага ўрнак бўлганлар. Шунинг учун ҳам, Омир розияллоҳу анҳу уларнинг қизлар айтаётган қўшиқни эшитиб ўтиришларини номуносиб деб билиб, танқид қилмоқчи, уялтирмоқчи бўладилар. Аммо натижа тамоман аксинча бўлиб чиқади. Икки улуғ саҳобий никоҳ тўйида кўнгилхушлик қилишга рухсат берилганини айтиб, Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг ўзини уялтириб қўйишади.
Никоҳ тўйини ўтказиш бўйича мулоҳазалар
Аввалдан таъкидланиб келаётганидек, никоҳ поклик ва ҳалоллик разми ва шиоридир. Авваллари бирга ёлғиз қолишлари ҳам ҳаром бўлган икки жинсдаги шахсларнинг эр-хотин бўлиб яшашлари никоҳ орқали ҳалолга айланади. Никоҳ тўйи ҳам ҳалоллик, поклик, яхши ният, бахт-саодат шодиёнасига айланиши керак.
Шунинг учун ҳам, қадимдан мусулмонларнинг никоҳ тўйларида шариат манъ қилган ҳаром-хариш иш ва нарсаларнинг барчасидан алоҳида таъкидланган равишда ҳазар қилиб келинган. Бу борада бошқа қавмларнинг ҳаром-хариш одатлари бизга ўрнак бўлиши керак эмас.
Тўйларда бевақт ва ноўрин шовқин-сурон кўтариб, тўй иштирокчиларига ҳам, атрофда яшовчиларга ҳам озор берадиган даражага бормаслик керак. Мисол учун, никоҳ тўйларида ёшларга, келин-куёвнинг дўст дугоналарига кўнгилхушлик қилишга рухсат берилган. Аммо бу ишда ҳаддан ошмаслик, айниқса, ўшандай тўйларда қатнашаётган қарияларнинг қулоқларини қоматга келтирмаслик керак. Овозкучайтиргичларни борича кўтариб, маҳалладаги беморлар, гўдаклар, кексалар ва бошқаларнинг тинчини бузиб, дуоибадига қолмаслик керак.
Никоҳ тўйлари маст-аластлик, бақир-чақир, уриш-жанжал ва кўнгилсизлик билан эмас, хурсандчилик ва яхши дуолар билан тугаши лозим.
Шунингдек, бундай йиғинларда аёл-эркакнинг аралаш-қуралаш бўлиб иштирок этиши шаръан ножоиздир. Куй ва қўшиқлар ҳам гуноҳга қўзғайдиган, шаҳватни уйғотадиган, бўлмаслиги, балки ибратли, эзгуликка бошлайдиган тарзда бўлмоғи даркор.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ