1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ — бу сохта хурсандчилик, маънавий ва моддий зарар... ми?

Саноқли кунлардан кейин жаҳоннинг кўпгина халқлари нишонлайдиган янги йил байрами бизнинг юртимизда ҳам байрам қилинади. Янги йилда дастурхон тузаймиз, арча шохларини безатиб, ўйин-кулгу қиламиз, ҳатто ҳар хил ҳайвон ва жонзотлар ниқобини тақиб балл маскарадларда ҳам иштирок этамиз. Ҳанузгача моҳиятан ўзимиз ҳам англаб етмаган байрамни интиқиб кутамиз. Фарзандларимизга янги йил байрамида улар истаган нарсаларни олиб беришни ваъда қиламиз, ёхуд Қорбобо ва Қорқиз мўъжиза кўрсатиб уларга орзусидаги ўйинчоқни совға қилишига астойдил ишонтирамиз. Ҳаттоки, янги  йилда юртдошларимиз Қурбон ҳайитидан кўп жонлиқлар сўйиб, меҳмоннавозлик қилишади. Аммо, бирортамиз янги йил байрамининг келиб чиқиши, тарихи, маъно-мазмунини тафаккур қилиб кўрганмизми?  Йўқ. Бунга ҳожат ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. “Байрам-да, деймиз янги йил арафасида елиб-югуриб озиқ-овқат ташиётганимиздан ҳайратга тушиб сўраган кишига,  - шу байрам баҳона би-и-ир мазза қилсак қилибмиз”-деймиз “байрамлардан қувонч туймайдиган, дунёга тўрвасининг йиртиғидан қарайдиган девона”нинг саволидан ғашланиб. Нафс ва дунё ҳавасларидан хира тортган ақлимиз,  янги йил байрами номи билан аталувчи

Овқатланиш маросимими?

Ташвишларининг ҳаётимиз учун ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини мушоҳада қилмайди. Ҳа, мақолани иншо этиш жараёнида янги йил байрами ҳақидаги  “овқатланиш маросими” атамаси ўзим учун ҳам қизиқ туюлди. Чиндан ҳам, кўпчилик юртдошларимиз 25 декабрдан қарийб 10 январгача овқатланиш маросимида фаол иштирок  этадилар. 
—    Гўёки, 31 декабр кечаси айрим кишилар учун охирги кун ҳисобланди. Топган- тутганига озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб, айни шу куни сутка давомида овқатланиб чиқади,- дейди қўқонлик юртдошимиз Сардор Бердиалиев.- Тўғри, ҳар ким қиммат егуликларни сотиб олса, ўз пулига олади, кимнинг нима иши бор, деб кимнингдир энсаси қотиши мумкин. Қайсидир маънода у ҳақдир  ҳам. Лекин байраму тантана қилишга арзирли, ҳар қанча шодиёнаю хушнудликка ярашиқли байрамларимиз кўп-ку! Хўш, ўша аллақандай мазмунига ўзлари ҳам тушунмайдиган янги йил байрамини нишонлайдиганлар Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Истиқлол айёми ёки бошқа миллий байрам ва эътиборли кунларни ҳам шундай фавқулодда зўр тайёргарлик билан кутиб, жонлиқ сўйиб, Аллоҳга шу эзгу кунларга етказганига шукрона айтиб тантана қиладиларми? Афсуски, ЙЎҚ! Лекин ҳеч қандай аҳамият ва маъно касб этмайдиган, на миллий қадриятларимизга ва на турмушимизга алоқаси бўлмаган кунни байрам қилиш учун ойлаб пул жамғарамиз. Бир неча ой қора қозонни сувга ташлаб қўйиб, янги йил байрамига деб минг бир машаққат билан йиққан маблағимизга озиқ-овқат, ичимликлар ғамлаймиз. Ачинарлиси, январ ойининг дастлабки кунларида касалхоналарга бемор тўлиб кетади... Кимдир ошқозон-ичак дардидан азиятда, бировнинг ичкилик оқибатида қон босими ошиб кетган, яна кимдир маст ҳолда автомобил бошқариб автоҳалокатга учраган, Худо кўрсатмасин... 
Юртдошимизнинг дил оғриқларида жон бор. Дарҳақиқат, янги йил байрамидан кейин оғир оқибатлар ҳақида кўп эшитганмиз, кўрганмиз. Шундай бўлса-да, чуқурроқ фикрлаб, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймай, халқ таъбири билан айтганда “кўрпа қараб оёқ узатиб” байрам қилишни ўйламаймиз. 

“Ўйин-кулги, байрам экан, деб...”

— Халқимиз ўйин- кулги, шодиёнани яхши кўрадиган эл,- дейди ҳамкасбимиз Аброр Машарипов.- Лекин ўйин-кулги экан, байрам экан, деб одам ҳамма нарсани аралаштириб ташламаслиги керак-да. Биз онгли мавжудотмиз, Яратган бошқа махлуқотларидан фарқли равишда бизга онг, тафаккур, ақл ато этган. Ҳар бир амалимиз аввалида бажараётган ишимизни ақл билан мушоҳада қилишимиз керакку! Хўш, 31 декабр арафасида арча безатиб, ўйинчоқлар осиб қўйишдан не маъно топамиз? Шу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрамизми? Зўр бериб болаларимизни янги йил кечаси юз берадиган мўъжизаларга, Қорбобо ва Қорқиз улар истаган ва кутган совғаларни олиб келишига ишонтирамиз. (Ўзимиз етмагандек, ҳаётга энди қадам ташлаб  келаётган фарзандларимизнинг ҳам онгини заҳарлаб чарчамаймиз) Бироқ   янги йил куни содир бўлиши мумкин бўлган мўъжизалар замирида қандай воқеълик ётганини мулоҳаза қилмаймиз. Ҳамма қилган ишни қилиш, ҳамма “куйлаётган”  қўшиққа жўр бўлиш бориб турган манқуртлик эмасмикан?..

Исо таваллудига алоқаси йўқ

Юртдошларимизнинг фикрларини тинглар эканмиз, янги йил байрамининг мазмун-моҳияти, тарихи қандай воқеликларга бориб тақалишини далолат этгувчи манбаларни излаб кўрдик.
“... Афсуслар бўлсинки, дунёнинг лаззатлари ва Константиннинг сурбетларча ҳомийлиги қаршисида ўзини тутолмай қолган насроний руҳонийлари аввалда Исо алайҳиссалом ҳазар қилган мажусийлик ақидаси, сирлилиги ва маросимларини насронийларники, деб эълон қила бошлади,- дейилади ҳамкасбимиз Абу Муслимнинг “Янги йил қандай байрам?” номли интернет мақоласида. - Черков осонгина мажусийларнинг “худо”лари номини насронийлар авлиёлари исми билан алмаштирди, мажусий саналарини черков тақвимига мувофиқлаштирди. У шу тариқа мажусийликни одамлар онги ва ҳаётидан сиқиб чиқаришни, шу йўл билан салтанат аҳолисини Исонинг ердаги ягона халифаси бўлмиш императорга бўйсундириб беришни ўйлаган эди.  
Бу куннинг Исо пайғамбарга (алайҳиссалом) ва унинг таваллуд кунига ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ. Биз хурсандчилик ила нишонлайдиган янги йил соф мажусийлик илдизларига эга. Янги йилни нишонлаш мазмуни барча халқларда деярли бир хил: сеҳр-жоду амаллар, инсон ва ҳайвонларни қурбон қилиш эвазига “худо”ларини рози қилиш ва шунинг билан бирга келаётган янги йилда оила учун бахт ва барака сўраш бўлган.”

Қимматга тушадиган мажбурий “хурсандчилик” 

Ҳар қандай байрам маъно мазмунига кўра  кишилар учун маънавий, ижобий кўмак бериши,  байрам завқ-шавқи ҳеч кимга зарар кеттирмаслиги, қайтанга жамиятнинг эҳтиёжманд қатламига моддий фойда  келтириши керак. Янги йилни байрам қилиш, бир неча ой мобайнида тановвул қилиш мумкин бўлган егуликларни бир-икки кечада еб битириб, исрофга йўл қўйиш, ёппасига ичкиликка берилиб кетиш эса одамларга кўпроқ руҳий жароҳат етказиши қатор йилллардан бери ҳаётда исботини топиб келяпти. Аммо ҳалигача айрим юртдошларимиз бу байрамда ўзлари учун  зарур бўлган маънавий-руҳий манфаат йўқлигини англолмаяптилар. Ҳатто кейинги пайтларда мажбурий ва мантиқсиз хурсандчилик нархи жуда баландлаб кетяпти. Янги йил арафасида ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиши муносабати билан нарх-наво ҳам осмону фалакка кўтариляпти. Умуман олганда, бу сохта “шодиёна” кишиларга жуда қимматга тушгани етмагандай, айрим ҳолларда охири ўлим билан якунланадиган аянчли ҳодисаларга ҳам сабаб бўляпти. 
Анча олдин шундай ҳолатга гувоҳ бўлгандим. Чамаси, 15-16 ёшларда эдим. Янги  йил байрами куни, яъни 31 декабрда синфдош ўртоғимнинг акаси жонига қасд қилгани ҳақида эшитдик. Дўстимизни ўйлаб кўпчилик синфдошлар қайғуда тушди. Синфдошимизнинг оиласи камхаржроқ, дадаси далада трактор ҳайдар, онаси руҳий хаста эди. Синфдош дўстимиз байрам куни бевақт қазо қилган акаси билан дадасининг қабатига кириб, оиласига кўмак беришидан бохабар эдик. Синфдошимизнинг акаси бир йил аввал мактабни тамомлаган эди. Айтишларича, янги йил байрамида собиқ синфдош жўралар йиғилиб зиёфат ташкиллаштирмоқчи бўлган. Моддий етишмовчилик важидан ўртоқларидан айрилиб қолиш, зиёфатга аралашолмаслиги ўн саккиз яшар йигитнинг жонига қасд қилишгача боришига сабаб бўлган... 
—    Ўтган йили 31 декабр кунида қўшни “дом”дан бутун бошли оила фалокат сабабидан вафот этди,- дейди наманганлик ҳамкасбимиз мақола мавзусидан хабар топиб.- Уйда дастурхон тузаб, арчаларга электр ўйинчоқларни осиб қўйиб, соат тунги 24гача таниш-билиш, қавм-қариндошларни табриклашни мўлжаллаб чиқиб кетишади. Соат 23лар атрофида уйга қайтиб, эшикни очган заҳоти чирокни ёқишади. Шу пайтда табиий газ босими кўтарилиб, қаердандир газ ҳиди чиқиб бутун хонадонга тарқалган эканми, чироқ ёнган пайтдаёқ уй портлаб кетади... Ёш болалар воқеа жойида жон берибди. Катталар бир неча кун касалхонада азобланиб ёруғ дунё билан видолашди...
Бу воқеаларни кимнидир қўрқитиш ёки янги йилни зўр иштиёқ билан нишонлайдиганларнинг энсасини қотириш ёхуд бу куни байрам сифатида хурсандчилик қиладиганларга қарши чиқиш учун келтирмадик. Шунчаки, ҳар бир қилаётган ишимиз, бажараётган амалимизни аввал ақл тарозусида ўлчаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлармиди, деган эзгу ниятимиз бор эди. Бу хусусда сизнинг фикрларингиз қандай?

Умида АЗИЗ тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 848 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ