Сайт бўлимлари
Исломий гламур
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
- Чиққан санаси: 13 Март 2016
- (Нашр қилинган санаси)
Ислом мамлакатларида гламур йўқ деб ўйлайсизми? Йўқ, Cиз қаттиқ янглишасиз, чунки гламур у ерларда ҳам бор, фақат у жуда яхши ниқобланиб, исломий муҳитга мослаша олган. Гламур – бу ғарбча ғояларни Шарққа қон тўкмасдан тарғиб қилишнинг энг зўр воситасидир. Гламур нима ўзи? Бу сўзни доим истеъмол қиладиганлар ҳам унинг келиб чиқишини, маъносини билавермайди.
Glamour – шотланд тилидаги бузилган glamor сўзидан келиб чиққан ва аввалида афсун, сеҳр, жоду ёки тилсим маъноларини берган. Ҳақиқатдан ҳам, бу сўз маъносида қандайдир сир-асрор бўлса керак, чунки 20 аср мабойнида у ўзига қуёш тагидан жой эгаллаб, ўзига яраша динга ёхуд сиғинадиган нарсага (культга) айланиб улгурди.
Гламур ғоялари 19-20 асрларнинг ўртасида пайдо бўлди. Айнан ўша вақтларда Ницше Худо йўқ, дея жар сола бошлаган. Кейинчалик эса унинг баъзи ғояларини психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейд қўллаб-қувватлади. Насроний динининг ҳукмронлиги ниҳоясига етди, одамлар ҳаётидан аста-секинлик билан тоталитар дин назорати чекина бошлади. Одамлар дин қоидаларига риоя қилишни ва динга эргашишни тарк қила бошлашди. Эски дунё ўрнига ёрқин ва ғайриодатий янги бир чала нарса туғилди.
Гламурнинг асосчилари ёзувчи Оскар Уайлд ва Жорис-Карл Гюисманс ва санъат назариётчиси Уолтер Пейтер ва бошқа бир қатор прерафаелчи рассомлар ҳисобланади. Айнан ўшалар анъанавий патриархал жамиятнинг қадриятларидан воз кечиб, гўзалликни “илоҳ” мартабасига кўтаришди. Энди яхши ёки ёмон нарса йўқ, балки гўзал ва хунук нарсаларгина мавжуд, деган фикр асосий ғояга (концепция) айланди ва айнан шу ғоя гламур асосини ташкил қилди.
Гламур тушунчаси ҳеч қандай инқилоб қилган эмас, аммо у аста-секин одамларнинг ақлини забт эта бошлади – расмдаги актрисанинг жозибали либоси, шляпанинг янги фасони, енгилтак саҳна асари... Буларнинг ҳаммаси одамларни гўзал, олий ва эришиб бўлмайдиган нарсалар ҳақида орзу қилишга ундади. Ўтган асрнинг 20-йиллар инқирози (буюк депрессия) шароитида бунга ўхшаш гўзалликлар ҳақиқатдан ҳам оқсуякларнинг қўлларигина етадиган “илоҳий” нарсадек туюлган эди.
Бироқ ҳозирги гламурнинг тантанали юриши Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланди. Бу кўриниш ўз навбатида иқтисодга бевосита боғлиқдир. Иқтисодий ривожланиш маҳсулот ва хизматлар истеъмолини талаб қилади. Шу боис омма орасида гламур ғояларининг кенг ёйилиши ҳам бевосита истеъмолчини рағбатлантирар эди.
Гламурга сиғиниш (культи) ҳам бошқа анъанавий динлар каби жаннат ва чексиз фароғатни ваъда қилади. Бироқ бу бахтга эришиш учун одам ўзини ўзи назорат қилиши ва турли хил чекловларга бардош бериши шарт эмас. Бу бахтни дўкондан пулга сотиб олса бўлади. Одамлар магазинларга янги либос ёки сумкача учун боришмайди, балки улар ўзларига бахтнинг бир бурдасини сотиб олишни орзу қилиб боришади. Айнан шу нарса замонавий дунёда гламур позициясини ушлаб турибди.
Гламур – бу порлоқ ва ялтироқ нафосат ва гўзаллик оламидир, олам бўлганда ҳам ўзига хос демократик оламдир. У барча учун очиқ ва айни пайтда ҳамманинг ҳам қўли етмайдиган (ва шунинг учун ҳам маълум даражада нуфузли ва муҳташам) оламдир. Гламур ўзининг хусусий “худо”ларини яратди ва уларни ғайритабиий, доимо ёш, оила ва ғам-ташвишларидан холи, қарилик нималигини билмайдиган ҳамда хурсандчилик ва муҳаббат улашадиган қилди. Буларга эришиш учун эса ҳар қандай воситадан фойдаланиш мумкин бўлди. Ёшлар (энг аввало, албатта, қизлару аёллар) ўзларини диета ва молекуляр таомлар билан қийнаш, доим фитнес билан шуғулланиш, соляри ва пляжларга бориб туриши, мода бўлган курортларга саёҳатлар, доим ўйин-кулги ва янги ҳис-туйғуларни излашга тушиб кетишди.
Бироқ, аксар гламурчилар бу нарсаларда мавжуд бўлган улкан салбий жиҳатларига эътибор қилишмайди.
Ҳақиқий гламурчи бўлиш учун катта маблағ сарф қилиш керак, агар маблағи бўлмасачи? Янги сумочкани сотиб олишга имкони бўлмаган қизлар кўп ҳолатларда фоҳишалик кўчасига киришга, ўғирлик қилишга ёки ўз жонига суиқасд қилишларига туртки бўлмоқда. Ўзининг ташқи кўриниши билан “касал” бўлиб қолган аёл кўпинча пластик жарроҳнинг тиғи остига ётишга ҳам рози бўлади. Аммо бундай амалиётлар ҳар доим ҳам ёрдам беравермайди – бундай “мижозлар” орасида ўзини ўзи ўлдириш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Турли хил диеталар билан касал бўлиш анорексия (очлик ҳиссининг йўқолиши) эпидемиясини келтириб чиқарди. Шимолий Американинг ўзида ўн миллиондан ошиқ одам бу касалликка чалинган. Улар қандайдир идеалга эргашишни исташади. Аммо турли хил сабабларга кўра буни амалга ошира олмаган жуда кўп гламурчилар норасолик ва ўзини паст билиш комплексига чалинган.
Кўпчилик гламур эпидемияси Ислом мамлакатларини махф қилмаган, деб ҳисоблайди. Бу аслида тўғри эмас. Аксар муслималар, айниқса ўзига тўқлари, либосларини жаҳонга машҳур дизайнерларнинг мода уйларидан харид қилишади ҳамда Париж ва Миланда ўтадиган мода ҳафталикларига ташриф қилиб туришади.
Албатта, бу либосларни улар ўз уйларида, эрлари учун кийишлари мумкин. Бироқ бу ҳаммаси эмас-да. Мода уйлари муслималарнинг истакларига пешвоз чиқишмоқда. Мана, Форс кўрфази мамлакатларида ҳам дизайнернинг эксклюзив тарзда тайёрлаган дуру олтин ва кумуш иплар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган абая, ниқоб, рўмоллар пайдо бўлмоқда. Уст кийимга мос тикилган сумкачалар, шпилкада бўлмаса ҳам платмформали оёқ кийимлар, қиммат-қиммат автоуловлар ва обрўли курортларга сайёҳатлар (ҳалол деб танилган). Суниъий йўлдош антеналар Европадаги фусункорларнинг “тусовка”ларини намойиш қилмоқда. Мусулмонлар эса аста-секин уларга тақлид қилишни бошладилар. Табиийки эркак ва аёллар (ҳозирча) анъанавий руҳда, яъни алоҳида-алоҳидадир.
Гламур жуда мослашувчандир: одамни куч билан енгишга қурби етмаган ҳолда унинг таъб-дидига, анъанаси, одоб-ахлоқи ва манфаатларига эгилади, аммо... оқибатда одам ўз гламурлигидан ҳалок бўлади. У анъанавий Ислом ва миллий қадриятларини шубҳа остига олди, асрлар мобайнида шаклланган устунлар ўз жойидан қимирлай бошлади ва мусулмонларнинг қатъийлиги эса синовда қолди.
Гламур тарафдорлари мусулмонларни ўзларининг стандартларига эргашмаётганлари учун танқид қила бошладилар. “Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради”, деб динимиз таълим беришини уларнинг кўпчилиги билишмаса керак-да. Мусулмон одам ҳашамат ва ҳаёт лаззати учун бор нарсасини исроф қилиб, ақли йўқ истеъмолчига айланишига ҳаққи йўқдир.
Муслима янги ва ноодатий нарсалар ахтариб, унинг бу нарсаларга асло эҳтиёжи бўлмаса ҳам янги либослар коллекцияси учун ҳаддан ташқари кўп пул сарф қилиб ташламайди ва ярим йил олдин сотиб олган нарсаларини ташлаб юбормайди, чунки бундай иш исломда “исроф” деб ҳисобланган эканлигини жуда яхши билади. Бу билан у эски ва тўзиб кетган кийимларда юриши керак, демоқчи эмасмиз, асло! Янги кийим (ҳатто унинг бренди мода бўлса ҳам) мода сезонига қараб эмас, балки эҳтиёжга қараб харид қилинади; эскилари эса ташлаб юборилмайди, балки муҳтожларга берилади. Муслима аёл ўзини аҳмоқона диеталар билан кўп уринтирмайди, у тўғри таомланишга ҳаракат қилади, чунки динимиз саломатлик ва таомланишга эътибор қилишимизни буюради. У муқовадаги “модел” спорт билан шуғуллангани учунгина спорт билан шуғулланмайди, балки бизларга Аллоҳ Таоло тарафидан омонат қилиб берилган ва у ҳақида сўраладиган танамизга фойдаси бўлгани учун жисмоний тарбия билан шуғулланади.
Аллоҳ инсонларга ақл ва ирода эркинлигини берган, бироқ бир одамнинг эркинлиги бошқа одамнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди. Гўзаллик – ажойиб нарсадир, аммо у билан фоҳишабозлик, алкоголизм, наркомания ва ортиқча ҳашамат ёнма-ён бораётган бўлса, дарҳол тўхташ керак. Гўзаллик ва бошқа нафис нарсаларга ҳаром йўл билан эришиш мумкин эмас. Ислом ҳалол қилган йўллар билан, Аллоҳ қонунларини бузмасдан худди шундай натижаларга эришишимиз мумкин.
Гламур, гўзаллик ва уларга тегишли нарсалар дунёни қутқариши мумкинми? Мана қарийб юз йилдан бери Европа олами гламурда яшашга ҳаракат қилиб келади, бироқ бу тушунчаю нарсалар Африкада одамларни очликдан, Осиёда касалликлардан, Тайландда болалар фоҳишабозлигидан, Жанубий Американи эса фақирликдан қутқара олмади-ку...
20 асрнинг “илоҳий гламур”и ўз ниҳоясига етди. Биз унинг аста-секин одамиёна, илиқ ва инсонларга яқин бир кўриниш олаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Агар мусулмонлар астойдил ҳаракат қилсалар, ўзларининг гламурини тақдим қилиши шубҳасиз. Ва бу исломий гламур гўзалликка эмас, балки айнан ўша гўзалликни ва нафосатни Яратувчига сиғинишга чорлайди.
Абу Муслим таржимаси
(Фотима Манзур, islam.ru)
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 847 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар