1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Умарни айбламанг!

«Исмоилингиз ким?» мақоласини ўқир эканман, табиий равишда ўтмишнинг яна бир ибратли воқеасини эсга олдим. Ушбу воқеа ислом келмасдан олдинги арабларнинг қанчалик тубанлик ичида яшаганлари билан биргаликда, ислом динининг комил шахсиятни тарбиялашдаги ўрни қанчалик беқиёслигини ифодалайди.

Жоҳилият йиллари... Умар бир кичик қизчани етаклаб қаёққадир кетмоқда. Зийрак ўқувчи ушбу воқеа қайси даврда бўлаётгани, қайси Умар ва нима учун кетилаётганини дарров пайқайди. Умар ўз қизини тириклайин тупроққа кўмиш учун олиб кетмокда. Чунки кимсан Умарда қиз бўлиши мумкин эмас, Умардек кишининг қизи бошқаларнинг хотини (мулки) бўлиши умуман ақлга сиғмайдиган ҳол. Умар чуқур кавлар экан, қизалоқ отасининг соқолларига тегиб қолган тупроқни тозалаб турар ва уни тинмай гапга соларди.

Умар ниҳоятда тунд ва жиддий эди. Ҳазрат Иброҳим ўз ўғли Исмоилни роббиси ва ҳабиби Аллоҳ учун қурбон қилган бўлса, Умар ўз кибри ва ўша пайтдаги хожаси шайтон учун бу қурбонликни амалга ошираётганди.

- Отажон, нега чуқур кавлаяпсиз?!

- Сени шу ерга кўммоқчиман.

- Отажон, илтимос, ундай қилманг, мен сизни жуда яхши кўраман, энди айтганингизни қиламан, шўхлик қилмайман.

Умар қочиб кетаётган қизини қувиб етди ва олиб келиб чуқурга ётқизди. Шу паллада оталик туйғуси бироз жунбушга келди. Қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Лекин одамлар нима дейди?! «Умар шу оддий ишни ҳам бажара олмабди», деган маломатга қоладими? Кейин унинг шунча йиллар тўплаган ҳурмати, обрў-эътиборига путур етмайдими? Иброҳим алайҳиссалом ўз фарзандига қандай пичоқ тортган бўлса, Умар худди шу тарзда ўз пушти камаридан бўлган қизи устига тупроқ тортди.

Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғлини яхши кўрарди, лекин Аллоҳга бўлган севгиси улуғроқ эди. Умар қизини ёмон кўрарди десак, ҳеч бир ота бунга ишонмайди, лекин унинг кибру ҳавоси, жоҳиллиги шу муҳаббатидан устун эди. Иброҳимнинг Роббиси унга зулм қилиши мумкин эмасди ва мўъжиза содир бўлди - пичоқ Исмоилни сўймади, суюклиси унга қайтариб берилди, Иброҳимнинг иймони янада юқорига кўтарилди.

Умарнинг йўлбошчиси Иблис ҳеч қандай мўъжизага қодир эмасди, у Умарга қизини қайтариб бермади, Умарнинг кибри янада юқорига кўтарилди.

Ушбу воқеани илгари эшитмаганлар жуда хайрон бўлишаётгандир. Қайси Умар ҳақида гап кетяпти? Ахир биз бутунлай бошқа Умарни таниймиз-ку? Ахир биз билган Умар аёлларни ниҳоятда қадрлаган, ҳатто халифалик даврида ҳам бир кекса аёлнинг «илгари бир Умарча эдинг, ҳозир халифа Умар бўлдинг» деган гапларини жим туриб эшитган, «Аёлим мени дўзахдан сақлаб туради» деган эмасмиди? Даҳшатли бўҳтону ғийбатларда қолган Ҳазрати Ойша (розиаллоҳу анҳо)ни биринчи бўлиб ҳимоя қилган шу Умари одил эмасмиди? Бир танада, бир инсонда мана шу икки қарама-қарши ҳислат бирга бўлиши мумкинми?

Ўша даврларда жуда кўп саҳобалар жоҳилият даврида мана шу жирканч ишга қўл уришган. Лекин айнан тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган, Ислом оламининг буюк шахси Ҳазрати Умар воқеаси кўп бор тилга олинади. Бу ерда Ислом динининг инсонни нақадар ўзгартириб юбориши, тарбиявий аҳамиятига қанчалик таъсири ҳикмати борлиги сир эмас.

Ўз қизи устига тупроқ тортганда қалби заррача юмшамаган Умар Расулуллоҳнинг «Ҳар ким қилган ҳар бир гуноҳи учун жавоб беради» деган ҳадисларини эшитганида ҳўнграб йиғлаб юборганди. Ўша Умар «Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида» (Таквир, 8-9) оятларини ҳар эшитганда ҳушидан кетиб қоларди. Ҳатто саҳобалар унинг олдида ушбу оятларни ўқимасликка келишиб олгандилар.

Ушбу воқеанинг айниқса ҳозирги кунимизга тааллуқли яна бир ибратли тарафи бор. Истаган улфатингизга бориб, яхшилик, дин тўғрисида суҳбат бошлашингиз биланоқ, «ие, мулла бўлиб қолибдиларми? Илгари юрардингиз-ку фалон ишларни қилиб», деган истеҳзо аралаш таъналарни биридан бўлмаса бошқасидан эшитишингиз табиий ҳол. Шундай улкан гуноҳни қилган Ҳазрати Умарни шундай буюк мартабага олиб чиққан Ислом динига бўлган ишончсизлик эмасми бу? Илгари гуноҳ қилиб, астойдил тавба қилган биродарларимиз тилларига кишан бўлмаяптими шу сўзлар? Ҳожиларга илгари қилиб юрган ишларига мос лақаблар тўқиб олаётганлар Ҳазрати Умарга қандай лақаб тўқишар экан? Агар Ҳазрати Умар замонамизда яшаганларида, қандай таънаю маломатларга қолар эканлар? Ўз фарзандларини эркаламаслиги учун бир кишини шаҳар волийлигига номзодликдан олиб ташлаётганда ҳам ҳеч ким Умарга қарата «Ўзинг нима ишлар қилган эдинг?!» қабилида таъна қилмаганди-ку! Ўшалар Қуръон оятларию пайғамбаримиз ҳадислардан кўра «ўғри қариса сўфи бўлади» каби тубан «мақоллар»га эргашмоқдалар. Ўғрининг сўфи бўлишидан ҳам кўпроқ, сўфининг ўғри бўлишига урғу берадилар. Эй дўст, фалончи гуноҳ қилаётгани нега сизни хотиржам қилади? Ёки гуноҳкорлар кўпайса, дўзах тўлиб, менга жой қолмайди деб ўйлайсизми? Қўшнингизнинг, танишингизнинг қилаётган ҳар бир гуноҳида, ухлаб қолган ҳар бир бомдодида сизга ҳам улуш борлигини билмайсизми? Ҳар бир ғийбатингиз билан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тушларида жаннатдаги қасрини кўрган Ҳазрати Умарни ҳам ғийбат қилаётганингизни билмайсизми? Сизга яхшилик истаган дўстингизга қарата «қачондан бери инсоф кириб қолди?», деяётганингизда, сизга келаётган ҳидоятни қувиб юбораётганлигингизни билмайсизми?

Ислом ўзидан аввалги барча гуноҳларни кечириб юборади, сиз ҳам атрофдаги дўстларингизга аввалги гуноҳларини эслатиб танъа қилишдан аввал эътиборли бўлинг, Аллоҳ кечирган гуноҳларини уларнинг юзига солманг, яъни буюк саҳоба Ҳазрати Умарни айбламанг!

Қаҳрамон Асланов

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ