1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аҳоли ўсиши жиддий хавфми?

 

Ўтмиш донишлар нафсга энг чиройли таърифни беришган эди. Уларга кўра нафс – “еб-ичирилган сари каттарадиган, каттаргани сайин эса талаблари кўпаядиган инсон душмани” эди. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг жуда кўплаб қабоҳатга қўл уришига ана шу нафс сабабчи бўлади. Инсоннинг асл мақсадини унитиши ҳамда ҳаётининг остин-устун бўлишига ҳам яна у туртки бўлади. Ҳатто кундалик ризқи нақд бўлиб турса-да, гўё очликдан ўладигандек кўзига мол-дунё топишни энг зарурий иш қилиб кўрсатади. Ваҳолангки Қуръони каримда “ҳар қандай жон эгасининг ризқи Яратганнинг зиммасида экани (Ҳуд, 6), ҳар бир жонзотга ризқи турли сабаблар билан турли томонлардан келиши (Наҳл, 112) ҳамда инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқи Аллоҳ томонидан берилиши (Анкабут, 60)” каби жуда кўплаб жойларда ризқнинг кафолатлангани бод-бод таъкидланса-да, негадир инсон барибир Аллоҳнинг РАЗЗОҚ сифатига унчалик ҳам қатъий ишонмайдиган кўринади. Ҳатто бошқа ўринларда “ёш болаларнинг фақирлик сабабли ўлдирмаслик (Анъом, 151 ва Исро 31) ҳамда Яратганнинг ҳохлаган кишисини ўзи истаганча ризқлантириши (Бақара, 212)” алоҳида таъкидланади. Халқимиз оғзида айланиб юрувчи “бола ризқи ёки тиши билан яралади” сўз шу ўринда жуда ҳам муносиб таъбир бўлади. Зеро ризқ ва турмуш “муаммоси” бугунги кун кишисининг энг оғир “дарди”га айланган.
Дарҳақиқат ҳозирги кунимизда дунё аҳолисининг суръат билан ортаётгани илм аҳлини жиддий қўрқув ва ташвишга солмоқда. Гарчи бу борадаги муаммо ва ташвишни янги ҳам деб бўлмайди. Негаки қадим замонларда ҳам йиғим-терим захираларининг камлиги, аксига олиб эса аҳолининг ўсиб бориши худди шу таъсирга эга бўлган. Ўша кунги инсонларнинг жиддий маънодаги муаммолари “инсонлар доимий тарзда кўпаяр ва бу борада жиддий чора кўрилмас экан, ер юзи торлик қилиб қолади, яшаш қийинлашади ва озиқ-овқат таъминоти ечимсиз муаоммога айланади” каби “жиддий” масалалар эди. Ана шу ташвишларига чора сифатида эса туғилишнинг олдини олиш, аборт қилишни йўлга қўйиш ва туғилган болаларни ўлдириш каби чораларга мурожаат этишган.
Ҳозирги кун инсонини эса тобора ортиб бораётган аҳоли ортидан юзага келадиган яшаш жойи ва озиқланиш масалалари билан бирга энергия етарсизлиги ва атроф-муҳит ифлосланиши каби масалалар ҳам жиддий ўйлантирмоқда. Бугун биз ортиб бораётган аҳолининг иқтисодга нисбатан юзага келувчи таъсирлари юзасидан туғилишни назорат қилиш керакми ёки йўқлиги мавзусида тўхталишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи бўлиб туғилишни назорат қилиш Европада ва 18 аср охирларига бориб йўлга қўйилган. Машҳур инглиз иқтисодчиси Малтус инсонларни бу борада “бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга” чақирган эди. Малтусдан кейин Францияда Френсис Плейс инсонларнинг кун сайин кўпайиб боришига қарши жиддий чора кўрилиши кераклиги фикрини ўртага ташлаган. 1833 йилларда эса Америкалик табиб Чарлес Кнороттон айни фикрни қўллаб-қувватлаб, инсонларга уларнинг буюк таҳликанинг бўсағасида туришганини таъкидлаган ва масаланинг жиддийлигига киши диққатини тортган эди.
Мазкур илм эгалари аҳоли ортишига чек қўйишнинг жуда зарур эканини маълум қиларкан, аҳоли ўсишини “геометрик” (2, 4, 8, 16, 32, 64...), аксига олиб озиқ-овқат маҳсулотларининг эса “арифметик” (1, 2, 3, 4, 5, 6...) кўринишда ортишини илгари суришган. Бу ҳисоб-китобларга кўра аҳолининг ўсиши ҳеч қандай тўсқинликларга дуч келмасдан шу зайлда давом этаверса, 25 йил кейин 2 баробар ортади. Яъни бир аср кейин озиқ-овқат маҳсулотлари 9 баробарга кўпайса-да, бу пайтга келиб аҳоли миқдори 256 баробарга ўсади. Мазкур шахслар бу ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда минг йил кейин аҳоли билан озиқ-овқат манбалари орасида ҳеч нисбат қилиб бўлмас даражада фарқ юзага келишига ҳукм беришган.
Шу аниқ ҳақиқатки, тарихнинг ҳеч бир даврида инсон насли Малтус ва Френсис Плейс билдирганидек геометрик кўринишда қат-қат кўпаймади. Шунга кўра аҳоли ўсиши билан озиқ-овқат воситалари орасида ҳеч қандай нисбатсизлик ҳам юзага келмади. Милодий аср бошида 200 миллионга яқин бўлган дунё аҳолиси 1300 йилларда 500 миллион, 1800 йилларда 1 миллиард, 1950 йилда 3 миллиардга етди ва 1980 йилда эса 4,5 миллиардлик маррани забт этди. Кўриб турилганидек бу вазиятда аҳолининг ортиши қат-қат юзага келмаган ва бундай бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки инсоният туғилишга нисбатан ўз таъсирини ўтказса ҳам, ўлимга ўз ҳукмини ўтказа олмаслиги аниқ эди.
Юқорида аҳоли ўсишининг қат-қат бўлмаслигини маълум қилгандан кейин ризқ воситаларининг арифметик шаклда эмаслигини кўриб чиқайлик. Шуни унитмаслик керакки, қадим инсонларнинг кун кўриш манбалари ва ризқ воситаларини сув, тупроқ, тош, ўсимлик ва ҳайвонлар ташкил этган эса, бугунга келиб бу борада турли-туман яшаш имконлари ва озиқ-овқат ресурслари кашф этилди. Ҳозирги кун ҳаёт савияси билан қадим инсонларнинг яшаш тарзи орасидаги фарқ аҳоли ўсишининг иқтисодга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини кўрсатади. Чунки инсон насли кўпайгани сайин ҳаётда қолиш учун бор кучини сарфлаб янги ризқ манбаларини излайди ва янги яшаш тарзларини кашф этади. Зеро бугунги инсонлар имконлари билан қадимги инсонлар имконлари қиёсланганда, ўсган аҳолининг яшаш қийинчилигига сабаб бўлмагани очиқ-ойдин кўзга ташланади.
Мана шундай асоссиз фикрлар турли даврлардаги илм-фаннинг келажакда қандай янгилик ва имконлар туғдиришини идрок эта олмаган “бечоралар” томонидан ўйлаб топилган. Қизиқ томони мана шундай шахслар алданган нуқта, тобора ортиб борувчи аҳолини фақатгина “истеъмолчи” сифатида баҳолаш бўлиб, шу нисбатда ишчи кучларининг ҳам ортиши эса эътиборга олинмагани эди.
Иқтисод назариясига кўра, тайёр маҳсулот олишнинг уч унсури мавжуд: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг муҳим ва асосийсидир. Аҳоли ўсишига монеъ бўлишни истаганлар инсоннинг бу ишдаги ўрнини эътиборга олмасдан, унга фақатгина истеъмолчи назари билан қарашмоқда. Ҳолбуки инсон фарзандининг ер юзидаги ривожланиш ва ҳаёт савияларининг юксалиши борасидаги муваффақиятлари тобора ўсиб борган аҳолининг зарурий эҳтиёжларини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан. Аҳолининг ўсиши айни пайтда инсонларни меҳнат қилишга ундовчи энг кучли омилдир. Зеро зарурий ва шарт бўлган эҳтиёжлар инсонни ҳар янги кун ортиши сабабли озиқ-овқат, яшаш жой, емиш ва ичимлик ресурсларга ўхшаш моддалар таъминоти учун янги кашфиётлар амалга оширишга мажбурлаган. Бунинг учун деҳқончиликдан максимал тарзда фойдаланиш йўлидан борган инсон фарзанди, умрини ризқ топиш мақсадида уммонлар қаъри ва фазо бўшлиғида сарфлаб, янгидан-янги ресурсларни кашф этиш илинжида. Агар аҳолида ўсиш бўлмаганда инсонлар мавжуд ресурслар билан кифояланиб, танбаллик ва дангасаликка одатланиб қолган бўларди.
Бундан ташқари Америкада олиб борилган бир тадқиқотда 1975 ва 2000 йиллар орасида умумий кўринишда дунё аҳолисининг 4 миллиардан 6,18 миллиардга чиқиши тахмин этилиб, аҳолининг 50 фоиз, аксига олиб озиқ-овқат манбаларининг эса 90 фоиз нисбатда ортиши маълум қилинган эди. Қишлоқ хўжалик ва саноат соҳасида зудлик билан ривожланиб, такомиллашиб бораётган технологиянинг кун ўтган сари озиқ-овқат моддалари имкониятларини яна ҳам орттиришини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро АҚШ ижтимоий тадқиқотлар институти мутахассиси Ф. М. Исфандиёрий бу борада шуларни айтади: “Дунё битмас-туганмас энергия, озиқ-овқат ва хом-ашё даври сари йўл олмоқда. 20 асрнинг охириги яқинлашиб турган шу кунларимизда келажакда бу давр дунёнинг қаҳатчилик давридан мўл-кўлчилик даврига ўтиш босқичи сифатида ёдга олинади. Қуёш, атом энергияси, ерости ҳарорат манбалари, истеъмол қилинган энергиянинг қайта ишланиши, шамол кучига ўхшаш манбалар яқин келажакда арзон, атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган ва беҳисоб энергияни таъминлаб беради. Сўнгсиз коинотда беҳисоб манбаларни қўлга киритиб турган бир пайтда дунёда қаҳатчиликнинг юзага келиши эҳтимолидан сўз юритиш мумкинми?”
Умумий кўринишда дунё аҳолисига эътибор қаратиладиган бўлса, инсон наслининг суръат билан ортишига қарамасдан ер юзидаги ризқ воситаларининг ҳам ўша нисбатда ортгани кўрилади. Ҳатто дейишимиз мумкинки, манбаларнинг ортиши аҳоли ўсишидан ҳам тезроқ ривожланмоқда. Чунки бугунги ўрта табақадаги шахсларнинг ҳаёт савияси ва имконлари икки аср олдинги бойларнинг ҳаёт савиясидан анчагина юқори. Яъни бугунги ҳаёт савияси билан қадим инсонлар ҳаёт шартлари орасида муқояса қилиш ўринсиз бўлиб қолади.
Яратганнинг яратган мавжудотлари учун коинотда ҳозирлаб қўйган сон-саноқсиз модда ва энергия манбаларидан инсон фарзанди илмий салоҳиятини шакллантирган нисбатда фойдалана олади. Ҳатто бугунги кунда озиқ-овқат имкониятларининг ортишидан фойдаланиб баъзи озиқ моддалардан (шакар қамиши ва маккажўхори каби) АҚШ ва Бразилияда бензин ўрнига ишлатилувчи “этанол” моддаси ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек истеъмол моддалари ишлаб чиқарувчи мамлакатлар (Аргентина, Австралия, Янги Зенландия ва Филиппин) кундалик ҳаётда жуда ҳам зарурий модда бўлган “гасохол” ишлаб чиқаришга бошлаб ҳам юборишган.
Ер юзи ва коинотда мувозанатнинг мавжудлигида шубҳа йўқ. Худди шундай ер юзида яшаётган махлуқотнинг барча турларидаги миқдорда чегара ва мувозанат мавжуд. Мисол учун ўсимликлардан “Sismbrium Sophia” номли турнинг ҳар бирида 750.000 уруғ бўлишига қарамасдан ер юзини қоплаб олмаганидек, балиқлардан “Star Fish” номли тури ҳам 200.000.000 атрофида уруғ қўйгани ҳолда денгиз ва уммонлар балиқлар томонидан ишғол этилмаган ва табиий мувозанат бузилмаган. Албатта инсон боласининг ҳам бу низомдан ташқарида қолмаслиги айни ҳақиқат. Зеро бир эркакнинг жинсий алоқа пайтида ажратган суюқликда 300 ва 400 милион сперма мавжуд бўлса-да, инсонларнинг битталаб кўпайишганини кўрамиз. Бошқа томондан суръатли аҳоли ўсишига қарши айни нисбатда ўлимлар, айниқса, ўлим сабабларининг ортиши яна ўша дақиқ мувозанатдан хабар беради. Чунки зилзила, тўфон, сув тошқинлари, бедаво касалликларнинг урчиб кетгани ва автоҳалокат кўринишидаги офатлар олдини олиб бўлмаганидек, янги ўйлаб топилган ва бутун инсониятга қаратилган кимёвий, биологик ҳамда атом бомбалари, қирғинбарот қуролларнинг ўзи ҳам инсон наслини “меъёрда сақлаб туришга” етиб, ортади.

Абдулҳамид Зайриев

Ҳозир сайтимизда 835 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ