1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Отасини излаганлар

ИМЗОСИЗ МАКТУБ

«Ёшим 20 дан ошди. Аммо мен дунёга келган пайтлар «генетик таҳлил» деган тушунчалар бўлмаган. Онамга уйланаман деб юрган йигитнинг оилали эканлиги фош бўлганда, ғишт қолипдан кўчган ва онам бечора ҳомиладор бўлиб қолган экан. Ўшанда онам кимларнингдир маслаҳатига кириб, ўша йигитни судга берган.
…Ва чеки-чегараси кўринмайдиган суд жараёнларида номард йигит — менинг отам ҳар сафар «Мен бу қизни танимайман!», деб туриб олган.
Йигитнинг хотини эса «пок-покиза» эрини ҳимоя қилиб, неча марталаб онамни юмма талаган, тўполон қилган, судда эса эр ўзининг «жинсий ожиз» эканини баралла таъкидлашгача борган. Хуллас, онам барчага текин томоша бўлишдан бошқасига эриша олмаган.

ФАРЗАНДИНИ ТАН ОЛМАСЛИК МУМКИНМИ?

Тўғри, ушбу мактуб эгаси бўлган аёл оқ-қорани танийдиган ёшда. Аммо у тилга олган воқеа ёхуд шу каби ҳолатлар дунё яралибдики, бор. «Номуси топталган қизлар, тан олинмайдиган фарзандлар…» Гўёки ҳар доим қилгуликни қилганлар (гарчи бу унчалик тўғри айблов бўлмаса-да) сувдан қуруқ чиқиб кетаверганлар.
Аммо бизнинг давримизга келиб бу каби воқеалар у қадар катта фожиа бўлиб туюлмаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳозирги кунда генетик таҳлил натижалари 99,9 фоизгача оталикни исботлаб бериш имконига эгадир. Генетик таҳлил қилдиришга кетадиган маблағ ҳам у қадар қиммат эмас, (айниқса, болага оталик қилиш масаласи кўндаланг турган бир пайтда).
Қолаверса, генетик таҳлилдан ўтиш аҳоли ўртасида талаблардан бирига айланмоқда. Судга тушаётган аризаларнинг ҳам асосий қисми оталикни тан олдириш мақсадида берилаётганини эса айтмай қўя қолайлик. Шу ўринда таъкидлаш керакки, суд экспертизасининг қарори юз фоиз исбот бўлиб ҳам хизмат қила олади.

ҚОН ТОРТИШИ БОР ГАПМИ?

«Мен илк бор мактабга чиқиб, ҳарф таниганимда, ҳижжалаб-ҳижжалаб «дада, уйга қайтинг!», деб хат ёзиб, конвертга жойлаганман-да, онамга берганман. Онам жимгина хатни ўзи билан олиб кетган. Кейин «Хатингни юбордим, лекин отанг жуда узоқда, ёзганинг ҳалибери етиб бормаса керак», деганди ймғидан қизарган кўзларини қаерга яширишни билмай. Менга шунинг ўзи ҳам катта таскин эди. Чунки мактабда ҳамма мазахлар. Кимдир юзимга, бошқа биров ортимдан «отасиз» дерди. Отаси бор болалар мен учун гўё ўзга оламдан келган бахтли фаришталар мисоли эди. Ва шу тарзда менинг ҳаётимда ягона бир орзу пайдо бўлди. отамни ортга қайтаришим керак! Аммо афсуски, кейин билсам, отам бизни шунчаки ташлаб кетмаган, балки мени умуман тан олмаган ҳам экан. Шунга қарамй, барибир ўз олдимга мақсад қўйдим. Мен, ўз фарзандини тан олмаган отамга унинг пушти камаридан бўлганимни исботлашни, бунга қандай йўл билан бўлмасин эришишни ва отамга тик қараб: «Мен сизнинг ўғлингизман!» дейишни истайман», дейилади бошқа бир мактубда.
Тўғри, «генетик таҳлил» тушунчасининг пайдо бўлганига у қадар кўп вақт ўтмаган бўлса-да, аммо шу давр мобайнида ДНК (дезоксирибонуклеин кислотаси) катакчаларини  таҳлил этиш соҳасида жуда катта натижаларга эришилди.
Дастлаб генетик ахборотларнинг йирик мансаби бўлмиш жиҳатлар — насл сурувчи касалликлар текшириларди. Шундан кейин ДНКдан қариндошлик белгиларини аниқлаш ғоси туғилди. Кейин эса бу текширувлар янада мукаммаллаштирилди.
Хўш, бугунги кун генетик таҳлили ўзида нималарни мужассам этган?
Инсон ДНКси уч миллиард қон таначаларидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар 200-300 тасидан бири бошқаларидан кескин фарқланиб тураркан. Чунки одамлар қанчалик турли-туман бўлишмасин, лекин барчаси барибир одам-да! Содда қилиб айтганда, агар биз ДНК таначаларини кўп кўзли светофор деб тасаввур қилсак, уларнинг ҳар бирида камида иккитадан «кўз»нинг бошқаларга нисбатан ёрқинроқ эканини кўрамиз. Уларнинг ранги, айтайлик, жигарранг ёки қизил, гилосранг ё сариқ бўлиши мумкин. Ана шу ранглардан бири эса ота томонидан бола ДНКсига кўчган бўлади.

ДНК БИЛАН ИЛК ТАНИШУВ

«Оамни қандай топишни билмасдим. Кечалари юм-юм йиғлардим. Шунда машҳур бўлиб кетиб, расмларим газета ва журналларда, ўзим телевизор экранларида пайдо бўлишни орзу қилардим. «Ана шунда, — деб ўйлардим ўзимча, — отам мени кўзу қошимдан, унга икки томчи сувдек ўхшашимдан ҳаммасини тушуниб етади ва мени излаб келади», деб ишонардим.
Балки шунинг учундир, гўёки отамни кўриб қоладигандек телевизордан кўз узмасдим. Буни қарангки, телевизор менга оатмни топиб бермаган бўлса-да, илк бор «Оддий Мария» сериали орқали биринчи марта генетик таҳлил» деган нарса борлигини ва унинг нима эканлигини чал-чулпа тушуниб етгандим. Демак, отам иккаламизни топиштириши мумкин бўлган яна бир нарса — бизнинг ташқи кўринишимиз ўхшаш бўлиши мумкинлигидан ҳам муҳим жиҳат — бизнинг қонимиз экан!»
Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Россияда илк бор генетик таҳлил қилиш хизмати фаолият кўрсата бошлаган эди. Аммо анча вақтгача унга талаб бўлавермаган. Ф ақат Мексика сериаллари оқимига йўл очилганидан кейингина содда одамлар сериал қаҳрамонлари томонидан бот-бот тилга олинмиш ДНК таҳлили аслида нима эканлигига қизиқа бошлаганлар. Кулгили ҳол, тўғри эмасми? Ахир одамларнинг ахборот олиш эҳтиёжи бор-йўғ Лотин Америкасининг арзон-гаров сериаллари билан қондирилаётган бир пайтда бошқа қатор ривожланаётган мамлакатларда мазкур масала юзасидан кеча-ю кундуз маълумотлар бериб борилса, албатта тушунчалар орасида фарқ катта бўлади-да!
Масалан, Россияда ҳар йили 10000 тагача генетик таҳлил тадқиқотлари ўтказилса, АҚШда бу кўрсаткич 300 мингдан ошаётгани бунинг исботи эмасми?
Тан олмай илож йўқ. Бугунги кунда бир пайтлар оталикни бўйнига олмаган айрим бойвачча «дада»лардан нимадир ундириб олиш мақсадида бундай таҳлилдан ўтиш учун елиб-югураётган «болалар» етарлича топилади. Шунингдек, баъзи аёллар алимент ундириш ниятида, баъзилари эса фарзанди кимдан эканини аниқлаш учун ҳам ДНК текширувига келадилар. Энг қизиғи, кўпчилик оталарнинг ҳам дилига гумон оралаганда ўз фарзандини ДНК текширувидан ўтказиши фақатгина кинолардаги гап эмас. Баъзи аёллар ҳам, аксинча, турмуш ўртоғининг шубҳа-гумонларини йўқ қилиш учун елиб-югуриб сохта генетик «материал»лар тўплашга ҳаракат қилар эканлар. Аммо баъзида шунақанги ҳолатлар бўладики, ҳатток кўпни кўрган тиббиёт ходимлари ҳам ҳайратдан ёқа ушлайдилар.

ИККИ ОТАДАН ТУҒИЛГАН ЭГИЗАКЛАР

Чет эл шаҳарларидан бирида ДНК генетик таҳлилига бир ота икки тухумда ривожланиб, дунёга келган эгизак фарзандларини олиб келади. Тўғри, ўша ота эгизакларнинг баъзида бир-бирига мутлақо ўхшамаслиги мумкинлигини жуда яхши биларди, аммо барибир қизиқувчанлиги устун келади. Буни қарангки, таҳлил натижаларига кўра у болаларнинг фақат биттасигагина ота эканлиги маълум бўлади.
Хўш, унда иккинчи чақалоқнинг отаси ким? Бу сирлигича қолди.
Қолаверса, яна бир қизиқ жиҳатни тилга олмай илож йўқ. Кейинги пайтда генетик таҳлил ўтказишни истовчиларнинг асосий қисмини эркаклар ташкил эта бошлаган. Бунинг сабаби иккита: уларнинг айримлари бола уники эканлигини, айримлари уники эмаслигини исботлаш учун текширувни зарур деб билишаркан.

ЎЗИНГНИКИГА НЕ ЕТСИН?

ДНК лабораториясида ишловчи ходимлардан бирининг ҳикоя қилишича, бир кўп болали ота ҳар сафар янги туғилган фарзандини албатта ДНК текширувидан ўтказаркан. Ва ҳар сафар фарзандлари уники эканлиги тасдиқланаверар экан. Шунда ҳалиги эркак экспертизанинг қай даражада тўғри ё нотўғри хулоса чиқаришини синаб кўриш мақсадида бир бегона болакайни олиб келиб, ўзининг фарзанди сифатида текширувдан ўтказади. Боланинг отаси у эмаслиги тасдиқлангачгина хотиржам тортиб, «демак, ўзимнинг болаларим ҳақиқатан ҳам ўзимники экан-да», дейди. Эркак-ки ўзига шу қадар ишонмаса… дейишингиз мумкиндир. Аммо нега шундай?
Руҳшуносларнинг таъкидлашича, бунга асосан эркакларнинг ортиқча рашкчилиги, ҳадеб шубҳа-гумонларга берилавериши, турли ғийбат ва миш-мишларга лаққа тушиши сабаб бўларкан. Бу хусусиятларнинг барчаси эса уларнинг ўзини ўта севиши, такаббурлигидан куч олиб, ўсиб боравераркан.
Беихтиёр ўйга толасиз… Майли, никоҳсиз туғилган боланниг отаси ким эканлигини таҳлиллар, суд, тиббий экспертизалар исботлаб бера олар, бу қалтис масалада ким ҳақ, ким ноҳақлиги фош бўлар ҳам. Аммо… ҳар қандай вазиятда ҳам жабрланувчилар барибир бегуноҳ фарзандлар бўлиб  қолаверади. Ахир «отанг сенга бегона!» ёхуд «мен сенинг отангмасман»», деган жароҳат улар қалбида бир умр сим-сим оғриқ бўлиб қолмайдими?
Нима бўлганда ҳам одамларга инсоф тилагингиз, улардан ҳеч бўлмаганда ўз фарзандларига нисбатан бу қадар жабр қилмаслигини сўрагингиз келади.

Дилфуза ҚЎЗИЕВА,
«Eko hayot»дан


P.S. (Имзосиз мактубнинг давоми)
«…Тақдиримга тан бериб, улғайдим ҳам. Аммо барибир онамдан отамнинг исм-шарифи ва яшаш манзилини суриштиришдан тўхтатмасдим. Ахири онам менга отам билан ёзишган севги мактублари орасидан унинг миттигина суратини топиб берди. Суратдаги киши кўзимга жуда таниш туюлди. Балки отам бўлгани учундир?
Хуллас, излаган одам барибир топаркан. Мен ҳам ниҳоят отамни топдим. Суҳбатимиз оғир, жуда оғир кечди. Бу азобга чидашга бардошим етмади: «Ишонмасангиз юринг, қонимизни таҳлилдан ўтказайлик», дедим унга.
—Мен бормайман, — деди у. — Агар борсам, демак нимадандир шубҳаланаётган бўламан. Менинг эса ҳеч қандай шак-шубҳам йўқ: Мен сенинг отанг эмасман!
Бу гапларни айтаётганда унинг худди меники каби катта-катта қўллари титраётгани, худди меникидек гўштдор бурнининг устини қоплаган реза-реза терни кўрдим. У мен билан хайрлашаётиб, «эсдалик учун» деб, яқиндагина чоп этилган шеърий сўнгги бордир) қолганимни кўриб, кўзларини олиб қочди ва хижолатли жилмайиб қўйганида унинг ёноқларида пайдо бўлган худди меники каби кулгичини пайқадим.
Мен у кишига: «Агар фарзандингиз бўлмасам шундан шу ёққа сизни излаб келармидим?», дегим келди. Аммо индамадим. Мен учун энди буларнинг аҳамияти қолмаган эди. мен энг тўғри генетик таҳлил — бу одамнинг виждони эканлигини тушуниб етгандим».

Ҳозир сайтимизда 448 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ