1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қиз фарзанд ўстириш ва жаннат

Қизини қадрлаган отанинг ҳикояси Ҳар кимки уч қиз фарзанд ўстириб, уларни турмушга бериб, уларга яхшилик қилишини давом эттирса, ул кимса жаннатидир. (Ҳадиси шарифдан)

Бир вақтлар давлатманд ва жуда диндор одам яшаган экан. Бу одам илмли, кўпни кўрган мусулмон бўлиб, фарзанд тарбиясида динга мос, уйғун иш олиб бораркан.
Ўзи динни жуда севгани каби, динни яхши билар эди. Шунинг учун фарзандларига яхши ўрнак бўла олар эди. Хушфеъл, хуш хулқ бу мусулмонни атрофдагилар жуда ҳурмат қилишар, яхши кўрардилар. Хотини, болалари ҳам уни жуда севар эдилар. Бу одамнинг икки ўғли ва бир қизи бор экан.
Қизини бир мусулмон, диндор йигитга турмушга берибди. Куёви диндор ва жуда ахлоқли йигит бўлгани учун қайин ота тарафидан жуда севимли куёв бўлди.
Қизнинг укалари атроф-муҳитнинг ёмон таъсирида қолибми ёки жуда ёш бўлганлариданми, оталари поччаларини бунчалик яхши кўришига ғайрлик қила бошладилар.
Ўғилларидан бири онасига бир кун:
— Онажон, отам ҳадеб «куёвим, куёвим» дегани-деган. Ҳамма вақт поччамиз уйга келганида турли ширин овқатлар қилинади. Отам «куёв ундай, куёв бундай», деб мақтайди, холос. Куёв шундай яхшими? — деди.
Исломни жуда яхши биладиган, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётини яхши ўқиб, ўрганган, ўғилларининг динга хилоф ишларидан кўнгли оғриган бу оқил ота бир кун кечки овқатни еб бўлганларидан кейин болалари туриб кетмай, хотинига:
Хотин, эртага шохли оқ қуйни сўйдир. Гўштидан беш-олти хил овқат пишир. Яхшилаб тайёрлан, эртага кечқурун энг қадрли меҳмонлар куёв билан қизимиз келишади, — деди.
Ўғилларининг юзлари аввал оқариб, сўнг қизариб кетди. Аммо бирон сўз демадилар.
Эртаси кун қўзи сўйилиб, турли-туман гўштли овқатлар пиширилди, ширинликлар тайёрланди. Кечки пайт куёв билан кизлари келди. Турли тотли овқатлар ейишди, шарбатлар, айронлар ичишди. Овқатлар еб бўлиниб, дуо ўқилгандан сўнг дам олиш хонасига ўтдилар. У ерда қаҳва, чой ичилди. Ҳамма тўпланиб ўтирганда, ота:
— Ҳаммамиз шу ердамизми? — деди.
— Ҳа, ҳаммамиз шу ердамиз, — дедилар оила аъзолари.
Ота қизига ўгирилиб, дўқ қилиб:
— Қизим, қани сен чиқиб бир ўйнаб келгин-чи, — деди.
Киз бу муомаладан кўрққанидан эрига яқинроқ ўтириб ўнга суянди.
Бор ўйнаб кел! деб ота қайтарган эди, қиз эрининг пинжига кирди ва:
— Қаерга бораман, ўйнагим келмаяпти, — деди-да, эрининг қўлидан ушлади. Оталарининг бундай муомаласидан қўрқиб кетган оила аъзолари «унинг асаби бузилиб қолибди», деб ўйладилар. Ҳамма шошилиб хонадан чиқиб кетмоқчи бўлиб турган эди, ота катта ўғлини тўхтатиб:
Ўғлим, шошилма, менга қара. Бу қиз менга ким бўлади-ю, сенга ким бўлади? Мен унга кимман, сен унга кимсан? — деди.
— Сиз унинг отасисиз, мен укаси, жавоб берди ўғил.
— Эй, менинг ақли тўлишмаган ўғилгинам, куёвимни, поччангни нега яхши кўришимни биласанми? — деди ота. — У бизнинг номусимизни қўриқлайди. Қизимизни, опангни, фарзандимизни, болажонимизни ҳимоя этади. Аслида мен қизимни ҳимоя этишим керак, лекин ҳозир у ҳимоя қиляпти.
Мен уни яхши кўрмай, кимни яхши кўрай? Қизимни жуда яхши кўрганим учун куёвимни жуда яхши кўраман. Куёвимни севиш қизимни севиш демакдир, қизимни яхши кўришим, куёвимни яхши кўришимдир. Агар қизимга куёвим қарамаса, мен қарашим керак бўларди. Севикли ўғилларим, кўзим нурлари! Номуснинг нималигини сизларга ўргатдим. Мен қандай бўлсам, сиз ҳам шундай бўласиз. Опангиз сизнинг номусингиздир. Мен ўлсам, поччангизга бир гап бўлса, опангизга сиз қарайсиз, унинг номусини сиз қўриқлайсиз. Шундай экан, менинг айтганимга қулоқ солиб, поччангизга меҳр ва ҳурмат кўрсатасиз. Ҳақиқий мусулмон шундай бўлмоғи керак. Мусулмонликда қариндошлик ришталарини учиш жаҳаннамга чипта олиш билан баробар. Қариндошга меҳр кўрсатганлар Жаннат юзини кўрадилар.
Икки ўғил хижолат чекиб, оталаридан узр сўраб қўлларини ўпдилар.
Отажон, биз онамизга ҳазиллашган эдик. Поччамизга бирор нарса деганимиз йўқ. Сиз ҳозир тушунтирганингиздай нозик ва тўғри тушунмас эдик. Поччамизнинг қадр-қимматини, онамизнинг қадрини билмас эдик. Бу ўгитингиз биз учун жуда яхши бўлди, уни ҳеч унутмаймиз. Бизни авф этинг, — дедилар, ўғиллар оталарининг гапларини тўғри тушуниб.

Изоҳ ва ўгит
Эй, динни севгучи мўмин! Динларини астойдил севгучи оталар болаларини худди шундай тарзда тарбия қиладилар. Сукжли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амрлари, ўгитларига амал қиладилар. Болаларга насиҳат қилиш, ўрнак бўлиш, уларни гўзал тарбия билан ўстирмоқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тавсияларидир.
Қизларига яхши тарбия бериб турмушга чиқариш, кейин уларга яхшилик қилишни давом эттириш ҳақ йўлида бўлмоқ демакдир.
Мусулмонликда қиз авлод, эркак авлоднинг фарқи йўқ. Ҳатто, қиз авлодга нисбатан бир қадар меҳрибонлик, ҳассослик, шафқат бор.
Севикли Пайғамбаримиз (с.а.н.)нинг ушбу Ҳадиси шарифида ана шу назокат, меҳрга ишорат бор.
«Ман ала саласа банатин фаъаддабаҳунна ва завважахунна ва аҳсана илайҳинна фалаҳул жаннаҳ». Маъноси: «Кимки уч қизни ўстириб, тарбиялаб ва турмушга чиқариб ва яхшилик қилишни тўхтатмаса, ул жаннатидир». Бошқа бир ҳадисда: «Ҳар кимки, икки қизни тарбия қилиб ўстирса, қисмат куни мен ва у жаннатда ёнма-ён бўламиз», деб айтар эканлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак бармоқларини бир-бирига теккизиб «шундай ёнма-ён» деб кўрсатгандилар. Динимиз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг бу амрларини билган ҳар бир диндор, эс-ҳуши жойида оталар болаларини ажратмасликлари, ҳатто қиз фарзандларига тузукроқ эътибор бериб тарбиялашлари уларнинг ўзларининг манфаатларидадир. Севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётини ўқиган ва буюк авлиёуллоҳларнинг ҳаётларини ўқиган мусулмонлар қиз авлодни ўстириб тарбия бериш жуда савоб иш эканлигини яхши билиб тушунадилар.
Севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрат Фотима волидамизни қандай ўстириб, тарбия қилганлар? Мусулмонман деган ҳар бир авлод соҳиби (ота) шундай бўлиши ўзининг манфаатида эканлигини тушунса, қиз фарзандларнинг қадр-қиммати намоён бўлади.
Қизини турмушга чиқариб, ундан алоқасини узган ота яхши ва ҳақиқий мусулмон эмас. Ҳақиқий мусулмон — қиз фарзандини ҳам астойдил тарбиялайди, ҳам турмушга беради, ҳам кейинчалик унга меҳрибонлигини кўрсатиб туради. Буларнинг ҳаммаси дин мезонидадир. Бу қиз, бу куёв деб бепарволик қилиб, улардан узоқлашган, қизи, куёвидан хабар олмайдиган ота, тўғриси, жаннат юзини кўрмайди. Жаҳаннамга ўтин бўлади. Зотан, бундай ишлари билан у ўтиндан фарқ қилмайди. Фарзанди, авлоди қадр-қимматини билмаган, авлодига муҳаббати бўлмаган, авлодини ёмон йўлдан қайтармаган, тўғри йўлга бошламаган ота ҳақиқий, чин мусулмон эмас.
Бу қандай жоҳиллик, бу қандай аҳмоқлик! Эй инсон, модомики, куёвингни севмасанг, у ақлли-ҳушли одам бўлмаса, ахлоқи яхши бўлмаса нега жигар поранг, кўзинг нури қизингни унга бердинг? Жаҳаннамда ёниб сен бунинг жазосини олмайсанми? Модомики бўлар иш бўлибди, сен ҳеч бўлмаса инсонийлигинг билан, хушфеъл ва намунали одобинг билан ул адашган одамни тўғри йўлга киргиз, токи сенинг фарзандинг ҳам роҳат кўрсин. Қандай қилиб ёш аёлни икки ўт ўртасига ташлайсан?
Мен қарши эдим, ўзи кетди, ўзи шундай қилди, деб айтишинг мумкин. Унда сенинг айбинг аввалгидан ҳам кўпроқдир. Сен ўз вазифангни адо этмагансан. Қизингга яхши бир Ислом тарбиясини бермагансан. Ўзинг ўрнак бўларли бир мусулмон ота ёки она бўлмагансан. Табиийки, қизинг ҳам ўрнак бўларли бир ислом қизи бўла олмаган. Шундай бир бало бошингизга келган. Бунинг учун фарзандингнинг соҳиби бўл. Ўрнак бўла оладиган бир ислом ота-онаси бўл! Бизга тушган вазифа — билганимизни айтиш ва ёзиш. Тўғри йўлга солиш, қадрини билиш сендан.
Ота-боболаримиз: «Марҳамат (меҳр) имондандир»,
«Марҳамат этганга марҳамат этгувчи ҳам кўп бўлади», «Шафқатсиз одам, шафқат кутмайди», «Меҳрсиз — меҳр кўрмайди», «Меҳрсиз кишиларнинг меҳрибони бўлмайди», «Сенга тош отганга овқат от (нон бер)», деганлар.
Бу мезонларнинг, одобларнинг имон билан кучли боғлиқлиги бор. Бу одоб, мезонлардан узоқ бўлганларнинг жаҳаннамда ўз жойлари бордир.

Юсуф Товаcлийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан