1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келин бўлувчи қизга бериладиган ўгит

Бу ҳикоя жуда машҳур, ибрат дарси берувчи бир диний ҳикоядир. Ақлли қизлар оналари ва келин бўлгувчи қизлар учун ибратли бир ҳикоя.
Бу ҳикоя шундай бир қиз ҳақидаги ҳикоя-ки, унинг отаси қабила бошлиғи, қабиладаги барча одамлар унинг амридадир. Бир раҳбар, аллома отанинг қизи. Онаси эса жуда ақлли, оқила, ҳаётни яхши билган ислом онасидир. У — бошлиқнинг, раҳбарнинг хо тини. Яхши бир оиладан чиққан она.
Бу қиз шундай бир оила қизики, бойлик, мақом, шуҳрат, рутба, мавқе уларда бор. Сиз ҳозир қизига онаси тарафидан берилган ўн ўгитнинг ҳикоясини ўқийсиз. Ёзиш биздан, ўқиб ибрат дарси олиш сиздан, халққа таъсир этиш Жаноби Ҳақдандир.
Машҳур ривоятга кўра, Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёв уйига — ҳожасининг уйига кетадиган кун онаси У мома томонидан унга шундай насиҳат берилган:
«Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла. Насиҳат ҳар кимга лозимдур, ўгит ҳаммага зарурдир. Насиҳат — билмаганга ўргатади, билганнинг эсига солади».
Дин насиҳат билан тик туради. Насиҳат тинглаганлар динни жуда яхши ўрганадилар. Насиҳат тинглаб юрганлар дунёда масъуд ва бахтиёр бўлурлар.
«Севикли қизим! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен ҳеч замон узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат, мақом ва эътибор соҳибидир. Сен шундай бир одам қизисан!..
Лекин ҳаёт бошқачадир. Тангри бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон Тангри берган қонунлар чегарасида ҳаётини ўтказади. У берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўядиган вақти келганда, ҳар бир қиз бир ҳожага, ҳар бир ҳожа бир аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эса эркаклар учун яратилгандир. Яъни бир хотин бир эркак билан, бир эркак эса бир хотин билан дўст, маҳбуб ва маҳбуба бўлиб оила қурмокдикка муҳтож шаклда яратилгандир. Бу Тангри таоло қонунидир. Бу қонунни ҳеч ким буза олмайди. Бу қиёматга қадар давом этади.
Шу сабабли сен, қизим, туғилиб-ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб, ўйнаб юрган ерингдан чиқиб ўзинг билмайдиган, нотаниш бир уйга борасан. Шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган уйга борасан.
Эй менинг жигарпорам, суюкли қизим, кўзимнинг нури, болажоним! Сенга шуларни айтаман. Сен ул зотга (эрингга) шундай хизмат қилки, ул ҳам сенга қул бўлсин! Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Сен ҳожанг — эрингга бир уй бўл, ул сенга устун бўлсин!
Севикли қизим! Энди сен мени диққат билан тингла! Сенга баъзи бир мезонларни айтиб ўтаман. Уларга яхши эътибор бергин. Ҳеч улар ёдингдан кўтарилмасин, улардан вақти келганда фойдаланасан.
Бу айтганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечирасизлар, масъуд, бахтиёр ва саодатли бўлурсизлар. Бизлар ҳам (ҳар икки оила — бизнинг ҳам, эрингнинг оиласи ҳам) ҳузур-ҳаловатда бахтиёр бўламиз. Акс ҳолда (яъни айтганларимга амал қилмасанг) иккала оилада ҳам ҳузур-ҳаловат бўлмайди. Сен ўзинг бир жаҳаннамда яшагандай бўласан.
Қизим! Энди сенга айтадиган ўн ўгитимга қулоқ сол! Буларни доимо ёдингда тут:
1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб, хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
2. Эрингга итоат қил, қил деган ишларини қил, қилма деганини қилма! Яъни эринг билан суҳбатлашганда, мулоқотда бўлганда итоатли бўлишингни, унинг сўзларини одоб билан тинглаб адо этишингни сенинг сўзлашиб, қулоқ солишингдан тушуниб оладиган бўлсин. Шунда Тангри таоло сендан хушнуд ва уйингиз саодат нуридан порлоқ бўлади.
3. Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, ҳожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.
4. Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида сенинг обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгилки, тозалик ва зарифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.
5. Овқатни вақтида тайёрла. Яъни овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтда овқатингни тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг тез жаҳлини келтиради.
6. Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафақон этади. Асаблари бузуқ, хафақон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.
7. Ҳожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни ҳожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг мол-дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик иш билиш ва қадрига етиш демакдир.
8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни ҳожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат, ҳожангнинг эътиборини қозонмоқ демакдир. Уларни ҳурмат қилиш ҳожани ҳурмат қилиш демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишдир.
9. Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб, уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.
10. Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни ҳожангнинг динга уйғун бўлган буйрукдарини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Шуни яхши билиб олгинки, ҳожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамган бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга муносиб ишдир.
Бу сен каби юксак бир тарбия кўрган ақлли ва оқила хотинларга муносиб эмас.
Болажоним! Эрингга қанчалик кўп севги ва ҳурмат кўрсатсанг, ўзинг шунчалик муҳаббат ва ҳурматга эришасан. Айтганларини қандай бажарсанг, сўзларини тингласанг, шу даражада муҳаббат ва ҳурматга сазовор бўласан.
Фарзандим! Шуни яхши билгинки, бу ўгитларимни ўрнига қўйиб бажариб, керагичалик амал қилиб, ўзингнинг шахсий истак ва орзуларингта эришишинг учун эринг ҳам ўз истакларига эришиши керакдир. Эринг — ҳожангнинг истакларини ўзингнинг орзу-истакларинг деб билсанг, у ҳолда бу ўгитларимга амал қилган бўласан!»

Изоҳ ва ўгит
Эй. оила уясида Жаннат ҳаётида яшашни истаган аёл қардошлар ва келинчаклар!
Бу ўгитларни (ўн ўгитни) қизига уқтирган исломга мансуб она ушбу мезонларни ҳаёти давомида тажрибадан ўтказган ва оила уясини ушбу қоидалар билан жаннатмакон бўлишини қизига тушунтирган.
Оила, ширин турмуш қуриш ва уни чиройли идора этиш учун ҳар бир оқила аёлга ва турмушга чиқувчи ақали қизга ушбу ўгитлар сув ва ҳаводек зарурдир.
Қисқасини айтганда, бу ўн ўгит оила қурган ва ёки қурмоқчи бўлган ҳар бир аёлга кераклидир.
Қаноат соҳиби бўлиш ширин турмуш қурмоқчи бўлган ҳар бир оилага лозимдир. Эрга итоатда бўлмоқлик уйида тотув бир хаётда яшашни истаган ҳар бир аёл учун ҳаво ва сувдек зарурдир.
Эрнинг кўзи тушиши мумкин бўлган ерларга яхши эътибор бериш, эрни ўзига меҳр риштаси ила боғлаш демакдир, уйга боғлаш демакдир.
Қанчалаб гўзал чеҳрали, гўзал қоматли ёш аёлларни биласиз-ки, уларни танийсиз-ки, андишасиз ёки танбалликлари учун эрлари тарафидан севилмайдилар ва ардоқланмайдилар.
Бир куни бир дўконда ўтирган эдим. Шу дўконга бир ёш одам келди. Дўконда шундай гап бўлди:
— Ажаб хотинини севмади. Хотини ёш эди, тоза, покиза, гўзал эди. Ундан гўзалини билмайман.
Ул ёш одам гапга қўшилди:
— Ота, мен нима учун ундан қутулдим? Юзи гўзал, ўзи гўзал, аммо аёллиги — хотинлиги йўқ эди. Феъли ёмон эди. Тонгда уйдан чиқиб кетардим. Оқшомда уйга қайтиб келганимда уй тонгда қандай бўлса, шундай турарди. Авф этинг, ётоқхонам ҳам эрталаб қандай бўлса, шундай тураверарди.
Йигит яна анча дардларини айтди. Бу ҳикоядаги учинчи бандни хотирладим.
Демак, ақлли бир онанинг тарбиясини олган қизга уйланмоқ керак. Аёлни тарбияламоқ керак. Оиласи яхши қизларга уйлан моқ керак.
Бадбўй жойларни тозалаш эрнинг қалбини ўзига ром этмоқ демакдир.
Хушбўй ҳид келмайдиган аёл қанча гўзал бўлса ҳам одамни жиркантиради. Оқшомлари эрини доғ дастурхонлар, ёғли либослар билан кутиб олиш ақпли аёлларга тўғри келмайди.
Овқатланиш вақтгини, уйқу вақтини яхши билиш зарур.
Оталаримиз «жон бўғиздан чиқади» дейдилар. Режали оила ҳаёти жаннат ҳаётидир. Аёл эрига, унинг одат ва қизи-қишларига боғлиқдир. Унинг вақтини тежаши, фароғатини сақлаши керак.
Ҳожасининг мол-мулкини сақлаш.
Эрининг мол-мулки демак, болаларининг мол-мулки демак-дир. Уйда эр мулкини тежамайдиган, сақлашни билмайдиган хотин бул уйнинг бекаси бўлмоғи душвордир. Эрининг мулкини тежаш ва сақлашни ўрганиш ва бу йўлда тўғри, дуруст ҳаракатда бўлиш ҳар бир хотиннинг бахти учун зарурдир.
Эрнинг қариндошларига ҳурмат кўрсатиш.
Бу ақлли аёл учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «гулни севган тиканини эъзозлайди» дейдилар. Эрининг қариндошларига иззат ва ҳурмат кўрсатишни билмайдигаи аёл хузур ичида яшаш йўлларини билмайдиган аёлдир. Гул севилиб, тикан севилмайдими? Тиканни иззат қилмаган, гул исидан бебаҳра қолади. Эрининг қариндошлари, яқинларига ҳурмат кўрсатишни билмаган ақлсиз аёл ҳожасининг кўнглини ололмайди, ҳожасининг меҳрини қозона олмайди. У эрининг нафратига учрайди, муҳаббатини сўндиради. Ҳожасининг ақраболарига ҳурмат-иззат кўрсатмаган хотин ҳамма вақт унинг кўзига хунук кўринади. Бу то оиланинг бузилишигача давом этади.
Эрнинг сирини ўзгаларга ошкор этмаслик.
Эрининг баъзи сирларини билиб олиб, уларни сақлай олмаган, тўғриси, хотин дейишга лойиқ эмасдир. Эр сирини қалбининг энг тубида тутишни билган ақяли хотинлар ўз оилаларида ҳузур ва роҳатда яшайдилар. Эрининг сирини ичида сақлай олмаган аёл ландавур, бадбахт хотиндир, у эр нафратига учраб, хунук кўринади, оилада барака бўлмайди. Эътимод бўлмаган оилада ахлоқ ҳам бўлмайди. Ўгитнинг бу моддаси ҳам шунинг учун ҳар бир аёл учун зарурдир.
Эрининг динга хилоф бўлмаган барча амрларини бажариш.
Эр сўзига кулоқ солмаган хотинлар жаҳаннамга ўтин бўладилар. Агар хотиндан эр мамнун бўлса, у хотин жаннатга киради дегани бўлади. Жаннатга кирадиган хотинлар эр сўзига қулоқ солувчи, эрининг динга уйғун амрларини бажарадиган хотинлардир. Эрининг юзига жаҳл ила тикқараб, сўзига қулоқ солмайдиган хотинлар учун жаҳаннам доимо бор бўлсин.
Зотан бундай бадбахт аёллар борлигидан оила уясининг жаҳаннамдан фарқи бўлмайди. Бундай феълли аёллар билан яшаш, бу дунёда жаҳаннам ҳаётини ўтиш билан тенгдир. Ота-боболаримиз «Эрини суймаган хотинни эшигингда тутма», деганлар.
Шунинг учун ҳар бир оқила она, қизини узатар экан ёки бўйи етган пайтидан шунга ўхшаш нарсаларни ўргатиши керак. Бу унинг оқила хотин эканлигидан далолат беради.
Боболаримиз: «Онасини кўр, қизини ол!», деганлар...
Ҳар бир она қизига ўрнак бўлиши шарт!
Сен авлодингга тарбия бериб етиштир-да, Тангрига топшир.
Қўлингиздаги бу китобда сизларга йўлингизни ёритувчи чироқ тутадиган ҳикоялар мавжуддир. Ниятимиз сизларга фойда етказишдир. Ислом оиласининг энг буюк устуни бўлган оналарга ва оналикка номзод аёлларга, фароғатли оилаларда яшар эканлар, бизнинг кичик насиҳатимиз фойда берган бўлса, ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.
Ушбу ўгитларимизни ўзингиз ўқиб тушунинг ва дўстларингиз, қариндошларингизга тавсия этинг. Улар ҳам ўқисинлар. Бу эса сиз учун савобдир.

Юсуф Товаcлийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан