Сайт бўлимлари
Ота-онани мукофотлаш
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат, уни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно», – дедилар».
Шарҳ: Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб охирига етказа олиши қийин.
Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳаққни адо қилди, дейилса, жоиз экан.
Абу Бурдадан ривоят қилинади:
«Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим, у киши Ибн Умарни кўрган эканлар. Яманлик бир одам орқасига онасини кўтариб олиб, Байтуллоҳни тавоф қилаётган экан. У:
«Мен онамнинг минган ювош туясиман,
Уловлари чарчаса ҳам, мен чарчамасман», деган шеърни айтар эди. Сўнгра у:
«Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» – деди.
«Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», – деди.
Кейин Ибн Умар тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да, сўнгра:
«Эй, Ибн Абу Мусо! Ҳар икки ракъат ўзидан олдин ўтганнинг каффороти бўлади», – дедилар».
Шарҳ: Ўйлаб кўрадиган бўлсак, юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас. Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онасининг ундаги ҳаққини адо этган деб ўйлаган эди.
У ўз фикрини катта олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Умарга тасдиқлатиб олиш учун у кишига:
«Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди:
«Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», – деди.
Онанинг бир марта эмизиши шунчалар қимматга эга бўлса, ҳамма эмизишларининг қиммати ва қадри, ҳаққи ва ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар киши ўзи билиб олаверса бўлади.
Онанинг эмизишдан бошқа хизматлари ҳам кўпчилигини ҳамма билади. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўла адо этиши амримаҳол. Шунинг учун, хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.
Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Қадимдан мусулмон фарзандлар оналари хизматида жон фидо қилишни йўлга қўйганлари.
2. Онанинг фарзанддаги ҳаққи улканлиги.
3. Онанинг фарзанддаги энг катта ҳаққи эмизиш орқали собит бўлиши.
4. Ўғил онасини кўтариб олиб тавоф қилдириши яхши иш экани.
5. Икки ракъат тавоф намози ўзидан олдинги баъзи гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши.
Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:
«Ассалому алайкум, онажон! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» дер эди. Онаси ҳам:
«Ва алайка, ўғилгинам! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» дер эди.
«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди.
«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси.
Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».
Шарҳ: Мадийнанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам деган амир бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради.
Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг!
Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди.
Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айлангани фахримиз боисидир. Бу ишни фақат мусулмон фарзандлар, мадрасаи Муҳаммадиянинг талабалари қилиши мумкин, холос.
Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Ислом оламида катта обрўга эга зот бўлганлари.
2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг вақти-вақти ила Мадийнага амир бўлиб турганлари.
3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг оналарига ҳурмати олий даражада бўлгани.
4. Фарзандлар кўчага чиққанда ва қайтганда ота-оналарга хабар, салом бериб, ташаккурлар айтиб туришлари одобдан экани.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат учун байъат қилмоқчи бўлди. У ота-онасини йиғлаган ҳолда қолдириб келган эди. Ул зот:
«Ота-онанг ҳузурларига қайтгин, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай қилиб кулдиргин», – дедилар».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг розилигини топиш, уларни хурсанд қилишни вақти келганда ҳатто ҳижратдан ҳам устун қўйган эканлар. Ота-онанинг ҳаққини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай улуғлаганларига бир назар солинг. Ўзларига ҳижрат учун байъат қилгани келган мухлис кишига, ота-онангнинг ҳузурига бориб, уларни кулдир, демоқдалар.
Баъзи ҳолатларда ёшлар дийний амалларга қизиқиб, ота-оналарнинг ҳаққларини ортга суриш ҳолатларига йўл қўйишлари мумкин. Бундай пайтларда илм соҳиблари дарҳол уларга насийҳат қилиб, ишни тўғри йўлга буришлари керак экан.
Абу Ҳозимдан ривоят қилинади:
«Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибнинг мавлоси Абу Мурра унга хабар беришича, у Абу Ҳурайра билан уловга миниб, унинг Ақийқдаги ерига борган экан. У ерига етиши билан баланд овозда:
«Ассалому алайки ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ! Онажон!» – деб қичқирди.
«Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» – деди онаси.
«Кичиклигимда тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», – деди.
«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳ яхши мукофот берсин!» – деди онаси».
Шарҳ: Бу маънодаги ривоят олдин ҳам ўтган эди. Бу ерда таъкид учун келтирилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ишлари бошқаларнинг гувоҳлигида ҳам бўлиб туриши билдирилмоқда.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 370 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар