1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бахтли ҳаёт сари

 

 

 

Ҳар-бир йигит-қиз бир кун келиб турмуш қуради. Ҳамма ҳам хотиржам ҳаёт кечиришни орзу қилади. Бахтли ҳаётдан баҳраманд бўлишни истаётган кишиларга маслаҳатим, юқорида санаб ўтилган кўрсатмаларни ўзлари учун дастурул-амал қилиб олсинлар. Вақти-вақти билан мурожаат қилиб, зиммаларидаги баъзи бурчларини унутиб қўйган пайтларида бир-бирларига эслатиб туришлари учун бу аҳд-паймонни оқ қоғозга тушириб, ҳар-бирлари ундан нусха кўчириб олсинлар. Келишув қоғозда қолиб кетмасин...

 

Аллоҳга ҳамду санолар, анбиёлар хотами бўлмиш зотга салоту саломлар бўлсин! Ўзининг соддалиги, исроф ва ғайридинларнинг мункар урф-одатларидан холилиги билан ажралиб турадиган исломий никоҳ маросими тугагач, келин-куёв ўзларига ажратилган хонага кириб кетади. Куёв қўлини келиннинг бошига қўйиб, қуйидаги маъсур дуони ўқийди: «Эй Аллоҳим, мен Сендан унинг ва унга (туғма) табиат қилиб берган нарсангнинг яхшилигини сўрайман. Унинг ва унга (туғма) табиат қилиб берган нарсангнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман». Бухорий ривояти.

Кейин таҳорат қилиб, келин билан икки ракат намоз ўқийди ва ҳаётлари давомида мана шу ёш оилаларини ҳар-хил ёмонликлардан асрашини ҳамда бирга аҳил-иноқ умр кечиришни сўраб Аллоҳ таъолога илтижо қиладилар. Ёш оилаларининг мусаффо ҳавоси кирланмаслиги ва ширин турмушларининг бардавом бўлиши учун улар қуйидаги асосларга амал қилишга келишиб оладилар.

1. Ниятни холис қилиш

Ният ҳар бир ишнинг асоси ҳисобланади. Амалларнинг бир-биридан афзал бўлишидаги асосий омил ҳам ниятдир. Агар ният холис бўлса, одатий амаллар ҳам ибодат даражасига кўтарилади. Аллоҳ таъоло бандаларини –ниятлари холис бўлса - кундалик амалларини ҳам улкан ажрлар билан мукофотлайди. Шунинг учун келин-куёв турмуш қуришдан нима мақсад эканини англаб олишлари лозим. Мусулмон ва муслиманинг турмуш қуришдан мақсади жоҳил кимсаларнинг мақсадларидан фарқ қилиб, фақат жинсий ғаризани қондиришдан олийроқ туриши керак.

 

Исломий оилани вужудга келишига қуйидагилар сабаб бўлади:

 

а) Пайғамбар алайҳис-салом ёшларни уйланишга буюриб дедилар: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди...». Муслим ривояти.

б) Авратни, кўзни ҳамда иффатни ҳаромдан сақлаш ниятида қурилган оила Аллоҳ ваъда қилган ёрдами ва тавфиқига нойил бўлур.

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Уч тоифа кишига ёрдам бериш Аллоҳ таъоло зиммасидаги ҳақдир: (улар) Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, ўзини озод қилиш учун ҳожаси билан келишган қул ва (зинодан) покиза бўлиш мақсадида уйланган йигит». Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари,

в) Аллоҳ таъоло манҳажига мувофиқ оила қуриб Аллоҳ таъолодан ажр умид қилиш.

г) Ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган ва Пайғамбар (с.а.в) Қиёмат куни бошқа пайғамбарлар олдида кўплиги билан фахрланадиган Ислом уммати сафини кўпайтирадиган солиҳ фарзандлар дунёга келтириш.

д) Уларни исломий руҳда тарбиялаш. Шояд, Аллоҳ таъоло улар орасидан дин ғамини ейдиган, мусулмонларни нусрат ва ғалаба сари етаклайдиган йўлбошчиларни чиқарса! Эҳтимол улар етук олимлар, паҳлавон мужоҳидлар сафига қўшилар!

е) Аёли ва фарзандларига қиладиган ғамхўрлиги эвазига Аллоҳдан ажр умид қилиш.

 

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ким Аллоҳдан ажр умидида аҳли оиласига нафақа қилса, бу нафақаси унинг учун садақа ўрнига ўтади». Муттафақун алайҳ.

Агар эр-хотин мана шу мақсадларни астойдил кўнглига тугса, ҳаётлари ибодатга айланиб, ҳар-бир олган нафаслари учун ажрга эга бўладилар.

 

2. Аллоҳ таъоло тоат-ибодатида ҳамкорлик

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Кечаси туриб, намоз ўқиган, аёлини ҳам намоз ўқишга уйғотган, агар бош тортса, юзига сув сепган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб, намоз ўқиган, эрини ҳам намоз ўқиш учун уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган аёлга (ҳам) Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!». Абу Довуд ривояти. 

Агар эр-хотин ўртасида бир-бирини ибодатга ундаш сифати бўлмаса, лоақал бу йўлдан бир-бирларини тўсмасинлар. Қанча аёллар эрларининг ибодат, илм олиш, жиҳод ёки даъват ишларига тўғоноқ бўлиб, эри зиммасидаги ўзининг айрим ҳақ-ҳуқуқларини унинг ибодати, жиҳод қилиши йўлида қурбон қила олмайдилар.

«Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир». «Мунофиқун»-9. 

Аёлларимизга ҳар соҳада Пайғамбаримиз жуфти ҳалоллари-Оналаримиз ва саҳобий аёллар муносиб намуна бўла оладилар. Улар эрларини кўчага кузата туриб бундай дер эдилар:

«Эй фалончи, биз хусусимизда Аллоҳдан қўрққин! Биз очликка чидашимиз мумкин, лекин ҳаромга сабр қила олмаймиз».

 

3. Аллоҳ шариатига мувофиқ исломий оила қуриш

Улар барча амалларини Аллоҳ Китобига қараб бажарадилар. Бирор масала хусусида Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини билсалар, ҳавои нафслари ва урф-одатлари билан унга қарши чиқмайдилар. Ўзларининг соф ақидалари билан олий бўлиб тураверадилар. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларига зид бўлган ҳар қандай ботил аҳли қаршисида виқор ва салобат билан тура оладилар. Улар бошқа мусулмонларга ҳам исломий оила масаласида намуна бўлишга интиладилар. Бундай оиладан Қуръони Карим ва Расул Акрам суннатининг нафаси уфуриб туради. Нечоғли баракотли оила бу!

 

4. Аллоҳ таъоло ва Расулуллоҳ (с.а.в) буйруқларига бўйсуниб, оилаларини меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат асосига қурадилар. Оила аҳд-паймони жуда нозик бўлиб, Аллоҳ таъоло аҳдга вафо қилганларга чиройли оқибат, аҳдни бузганларга эса жазо тайёрлаб қўйгандир. Эр-хотин ўртасида нафрат, адоват, ҳасад каби қабиҳ иллатларнинг бўлиши исломий тасаввурга мутлақо ётдир.

«Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш ёки чиройли суратда ажрашиб кетиш ҳақида) қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз?!». «Нисо»-21

Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ мазкур оят хусусида айтади: «Ояти-каримадаги ... (ифзо) - қўшилиш калимаси эр-хотиннинг бир-бирига жинсий жиҳатдан қўшилишинигина англатмайди, балки ҳис-туйғу, муҳаббат, ҳамдардлик, тасаввурларнинг бир-бирига тўғри келиши ҳамда эркак ва аёл ҳаётининг ажралмас қисмларидан бўлган бундан бошқа ўнлаб кўринишларини ўзида мужассам этиши мумкин. Муҳаббат изҳор этиш, бир-бирининг оғирини енгил қилиш, хушмуомалалик, оғир-енгил кунларда бир-бирига далда бўлиш ва ҳатто аёлига бироз тегиниши ҳам оятда зикр қилинган қўшилиш сўзи жумласидандир...». «Фи Зилалил Қуръан», 1- том.

Шунингдек, Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат эрларни аёллари билан - ҳатто уларни яхши кўрмасалар ҳам- хушмуомалада бўлишга буюради ва бу Ислом динининг аёлларга нисбатан улкан ҳурмат-эҳтиромидир. Ҳамиша биз учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом гўзал намунадирлар. У зот шундай марҳамат қиладилар: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қиладиганларингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчи кишиман». Ибн Можа ривояти.

«Мўминларнинг комил иймонлилари уларнинг чиройли хулқлиларидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига чиройли хулқ билан муомала қиладиганларингиздир». Термизий ривояти.

 

5. Ҳамиша ислом назари билан яшамоқ

Эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат уларни бир-бирларининг мункар ишларини тўғрилашдан тўсмаслиги лозим. Ҳаром ишни қилаётган кишига –ким бўлишидан қатъий назар- хушомад қилиш ва унинг шариатга беэътибор бўлишига жим қараб туриш Расулуллоҳ (с.а.в) суннатларига зиддир. 

Пайғамбар (с.а.в)га аёллари ичида энг суюклиси Оиша (р.а) эдилар. Оиша (р.а)ни «Эй Оиш», «Эй Ҳумайро», деб гоҳида исмларини қисқартириб, гоҳида эркалатиб чақирар эдилар. Оиша онамиз ҳайз ҳолатларида бир идишдан сув ичсалар, Пайғамбар алайҳис-салом ҳам ўша идишнинг айнан Оиша онамиз ичган жойидан сув ичардилар. Рўзадор ҳолларида ҳам аёлларини ўпардилар. Бироқ, Аллоҳнинг ҳудудлари оёқ ости қилинган ерда Набий (с.а.в) ғазабларини ҳеч нарса тўсиб қололмасди.

 

Оиша (р.а)дан: «Мен сурати бор матодан Расулуллоҳ (с.а.в)га ёстиқ тикдим. У киши уйга келгач, эшик олдида туриб қолдилар ва юзлари ўзгарди. Мен: - Нима гап, Ё Расулуллоҳ!»- деб сўрадим. 

Шунда Пайғамбар алайҳис-салом:

- Мана бу ёстиқ қаердан келди?,- дедилар. 

- Буни сиз ёнбошлашингиз учун қилгандим»,- дедим мен.

- Ахир, сурат бор уйга фаришталар кирмаслигини билмайсизми?!- дедилар Набий (с.а.в)». Бухорий ривояти.

 

6. Бир-бирига таскин бериш

Эр-хотин бир-бирига мулойимроқ бўлиши керак. Абу Дардо ва Умму Дардо бунга ёрқин мисол бўла олади. Агар Абу Дардо ғазабланса, Умму Дардо сукут сақлаб, эрининг кўнглини олишга ҳаракат қиларди. Умму Дардо бирор нарсадан хафа бўлиб қолса, Абу Дардо сукут сақларди ва аёлини тинчлантириб, уни рози қилиш йўлларини қидирарди. Улар турмуш қурган илк кунларидан бошлаб мана шу йўлни ўзларига дастурул-амал қилиб олишган эди. Ҳақиқатан ҳам бу оқилона йўл эди.

Оилада келишмовчилик чиққанида ғазабларини тизгинлай олмайдиган қанча кишиларнинг оиласи бузилиб кетди.

 

7. Хато қилиш инсон табиатидандир

Инсон фаришта эмас. Ҳаёт хато-камчиликсиз бўлмайди. Оилада эр-хотин бир-бирини кечириб яшаши лозим. Йўл қўйилган арзимас нуқсон сабабли бир-бирларининг катта-катта яхшиликларини унутмасинлар. Албатта бу ерда дунёвий масалалар кўзда тутиляпти. Ҳар иккала томон нафсониятга тегмайдиган юмшоқроқ йўлларни қидирсин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в) эркак кишини бирор сафардан қайтганда уйига ярим тунда кириб боришдан қайтардилар. Чунки, эр аёлининг хунук ҳолати устидан чиқиб қолиб, ундан кўнгли совиши мумкин. Бу Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ўзига хос услубларидан эди.

 

Расулуллоҳ (с.а.в) аёлларининг уйида навбати билан тунар эдилар. Бир куни Оиша (р.а)нинг ҳужраларида асҳоблари билан ўтирардилар. Умму Салама онамиз бир лаганда Расулуллоҳ (с.а.в)га овқат олиб келдилар. Оиша (р.а) эса бу пайтда бир матога ўраниб олган ҳолда қўлида тош билан турарди. Оиша (р.а) онамиз Умму Салама келтирган лаганни қўлидаги тош билан (атайин) уриб, иккига бўлиб юборди. Набий (с.а.в) лаганнинг синган бўлакларини териб оларканлар, бундай дедилар:

«Еяверинглар, еяверинглар, онангиз рашк қилди». Насоий ривояти.

Доно фикр, шундай эмасми?! Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша онамизнинг хатосини ҳалимлик билан қарши олиб, сабр қилдилар.

 

8. Оиладаги гап кўчага чиқарилмайди

Оилада бўладиган камчилик, келишмовчилик ва ҳар хил муаммолар эр-хотин ўртасида қолиши, ота-она ва бошқа қариндош-уруғлар қулоғига етиб бормаслиги лозим. Агар ўртадаги келишмовчилик кучайиб, низо бирга яшаб кетишларига кўзлари етмайдиган даражада кескин тус олса, қариндошлари орасидан динда мустаҳкам ва фаҳм-фаросатли бир кишини муаммони хал қилишда ҳакам қилишлари мумкин.

 

9. Ўзаро маслаҳат

Келин-куёв яқин кунларда ёки келажакда қилмоқчи бўлган ишлари ва бу ишларга қандай эришмоқчи эканликлари ҳақида бир-бирларига ошкор айтишлари керак. Шояд, уларнинг мақсадлари бир-бирига мувофиқ келиб, барча муаммоларини баҳамжиҳат хал қилсалар. Эҳтимол келиннинг ўзига хос (ҳеч кимга айта олмаётган) бирон режаси бордир. Аёлига кўмаклашиши ҳамда унинг мақсадларига тўсқинлик қилмаслиги учун эр ўз хотинининг сирларидан ҳам воқиф бўлишида ҳеч қандай ҳараж йўқ. Зеро, аёл эрининг рухсатисиз бирон иш қилиши мумкин эмас.

 

Итоат ҳақида

Оилада эр киши бошлиқ бўлиши керак. Аёлга маъсият бўлмаган ўринларда эрига итоат қилиб яшаши вожиб бўлади. 

Аллоҳ таъоло айтади: «Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларни бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёлларидан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулклари ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, панд-насиҳатларингиз кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам бўйсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир». «Нисо»-34.

Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий эҳтиёжларига жавобгар бўлган ҳамда уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли ҳам у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, итоатли, эрининг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси аввало унга яхшилик билан тушунтириш, тушунмаса меҳру муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини билдиришдир. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб роҳатланиш учун эмас, балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб кетиш лозимки, бу борада келган ҳадисларда юзидан бошқа жойига қон чиқмайдиган ва асари кўринмайдиган даражада уриш керак деб айтилган. Чунки юз инсон аъзолари ичидаги энг мукаррами саналади. Лекин табиийки, эрга итоат қилишни ўзига бурч деб биладиган итоатли аёл бу охирги чорагача етиб келмайди.

 

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: "Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, энг аввал аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим".

Эрига итоат қилмайдиган аёлда ҳеч қандай яхшилик йўқ!

 

Хотима

 

Ҳар-бир йигит-қиз бир кун келиб турмуш қуради. Ҳамма ҳам хотиржам ҳаёт кечиришни орзу қилади. Бахтли ҳаётдан баҳраманд бўлишни истаётган кишиларга маслаҳатим, юқорида санаб ўтилган кўрсатмаларни ўзлари учун дастурул-амал қилиб олсинлар. Вақти-вақти билан мурожаат қилиб, зиммаларидаги баъзи бурчларини унутиб қўйган пайтларида бир-бирларига эслатиб туришлари учун бу аҳд-паймонни оқ қоғозга тушириб, ҳар-бирлари ундан нусха кўчириб олсинлар. Келишув қоғозда қолиб кетмасин. Ҳали сиёҳлари қуримасдан туриб унга амал қилишга киришсинлар, бутун умр баҳоли-қудрат уни ҳаётга татбиқ қилишга интилсинлар. Аҳд-паймон жуда оғир бўлгани боис, уни амалга ошириш кишидан бироз сабр-матонат ва сабот талаб қилишини бир-бирларига эслатиб туришни ҳам унутмасинлар. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин! 

Пайғамбар алайҳис-саломга, аҳли оилаларига, асҳобларига ва Қиёматга қадар уларга чиройли суратда эргашганларга Аллоҳнинг салоту саломлари ёғилсин!

 

Сўзимиз охирида Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таъолога ҳамду санолар айтиб қоламиз.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 853 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ