1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайдими?

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Росули Акрам соллоллоҳу алайҳи васаллам масжидларида ўз кўзи билан кўриб гувоҳи бўлган ғаройиб ҳодисани ҳикоя қилади:
Ансор аёллардан бири Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата:
– Ё Росулаллоҳ, сизга масжидда ўтиргани бирор нарса ясаб берайинми? Менинг дурадгор уста ғуломим бор, – деди.
– Хоҳишинг, – дедилар.
Аёл масжидга минбар ясаб олиб келди. Жума куни бўлгач, Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирдилар. Шунда, илгари Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнида туриб хутба ўқийдиган хурмо дарахти ҳўнграб юборди. У шунчалик қаттиқ ҳўнграганидан ёрилиб кетай деди. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам ўша заҳоти минбардан тушиб, дарахт ёнига келдилар. Уни ушлаб бағриларига босдилар. Дарахт юпанчиққа муҳтож ёш боладай инграй бошлади.
Сўнг юпаниб йиғидан тўхтади.
(Ғаройиб бу ҳодисани масжиддагиларнинг бари кузатаётган эди. Шунинг учун жанобимиз соллоллоҳу алайҳи васаллам буни изоҳсиз қолдирмай):
– У эшитиб турган зикрдан айрилгани учун йиғлаб юборди, – дедилар.
(Қиссанинг асли "Саҳиҳ"да)

"Темирни қизиғида бос" дейилганидек, ушбу ҳадис баҳонасида асл мавзудан бироз четланиб, аёл кишининг жамиятдаги ўрни ҳақида қисқа сўзлашга эҳтиёж сездик. Набототнинг ғам чекишига далил
ўлароқ келтирилган бу ҳадис мадлули кенг бўлгани боис, уни шундай, беизоҳ ташлаб кетгимиз келмади. Чунки аёл ҳуқуқи, жамиятдаги ўрни ҳақида ҳар ким оғзига келганини гапириб ташлаяпти. Кундай
равшан ҳақиқат баъзиларга хира кўринмоқда. Қўлимиздаги шу қисқа бир ҳадиснинг ўзиёқ кимлар учундир чигал туюлган кўп тугунларни ечиб бериб, масалага ойдинлик киритади.
Кимдир: "Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайди, жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни йўқ" деб туҳмат тошини отса, кимдир: "Уйда ўтириш ҳақидаги оят Пайғамбарнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам завжаларига хос, қолган мўминаларга фарз эмас, аёл хоҳлаганда кўчага чиқиб, хоҳлаганда уйга киради", деб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам жаҳолат ботқоғига ботиради. Яна кимдир (булар жуда озчиликни ташкил қилади) қизғанибми, ё бошқа сабабми рафиқасининг остона ҳатлаб ташқарига чиқишига, ҳатто яқинлар зиёратига боришга мутлоқ рухсат бермайди.
Ҳар учала нотўғри тушунчада тафрит-ифрот зоҳир. Жабру жафо ва жаҳолат яққол кўриниб турибди.
Келинглар, ушбу тарихий ҳақиқат орқали диний ҳақиқатга етишишга ҳаракат қилайлик. Ровий дейди:
Ансор аёллардан бири Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата:
– Ё Росулаллоҳ, сизга масжидда ўтиргани бирор нарса ясаб берайинми? Менинг дурадгор уста ғуломим бор, – деди.
– Хоҳишинг, – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ровий: "Ансор эркаклардан бири, машҳур саҳоба, бир нечта ҳунармандлар: дурадгор, темирчи йигитлар ва катта-кичик савдогарлар", демади, балки ансор аёллардан бири деб сўз бошлади.
Бу ибтидо диққатга моликдир. Тааммул ва тафаккурга лойиқдир.
Ҳадисни ҳаммамиз биргаликда тааммул қилиб кўрайлик.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам масжидлари намоз ўқиладиган ибодатхона, илм олинадиган илмгоҳ, маънавият манбаи, ҳикмат хазинаси, билим булоғи ҳамда муаммолар ҳал қилинадиган адлия маҳкамаси эди. Аёллар эркаклар каби бу қутлуғ даргоҳга келиб, ибодат қилишар, ваъз, хутба тинглашар, Росулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам турли-туман саволлар билан мурожаат қилишар эди. Мусулмонлар сафи кун сайин эмас, соат сайин ошиб боради. Иймонлиларнинг тобора кўпайиши боис масжидга келадиганлар сони ортади. Башарият муаллими хурмо дарахтига суяниб ваъз айтишда давом этадилар. Шунда ансор (мадиналик) аёллардан бири Аллоҳнинг элчисига фикр билдиради. Аёл асосан кўпчилигини эркаклар ташкил қиладиган масжид учун минбар лойиҳасини ўртага ташлайди. Ва буни ўз ҳисобидан ясаб беришни бўйнига олади. Ожиза бу ишдан ожиз эмаслигини исботи ўлароқ: "Менинг дурадгор уста ғуломим бор", деб қўшиб қўяди. Онҳазрат соллоллоҳу алайҳи васаллам аёл таклифини рад этмай, жуда ажойиб услуб билан қабул қиладилар. "Хоҳишинг", дейдилар, яъни сен бунга мажбур эмассан, истасанг, бирор нарса ясатиб кел, истамасанг, йўқ, деб ихтиёрни аёлнинг ўзига топширадилар. Диққат қилинг! "Масжидда ўтиргани бирор нарса", Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйларига эмас, балки жамоат йиғиладиган ва боя айтилганидек ибодат, таълим-тарбия билан бирга жамият мушкулотлари ҳал қилинадиган жамоат жойи учун ясаб бермоқчи.
Нега айнан аёл киши бу таклиф билан чиқди?
Бунинг бир неча сабаби бор:
1-Саф кенгайгач, орқа сафда турадиган аёлларга Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қироъатларини ва дарсларини тинглаш бир оз қийинлашган. Минбар бу муаммо учун энг қулай ечим эди.
2-Аёлларнинг билимга чанқоқлиги бунга асосий сабаблардан деб кўрсатиш мумкин.
3-Саҳобиялар жамият ишида фаол эдилар. Улар ўз фикрларини қўрқмай баён қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар.
"Менинг дурадгор уста ғуломим бор".
Бундан иккита нарсани тушуниш мумкин.
1.Аёл қўл остида ишчилар ишлайди. Замона таъбири билан айтганда: у – тадбиркор аёл.
2. Ваъда берилган нарса кўрпача эмас, дурадгор ясайдиган минбар.
Бир ривоятда "Минбар ясаб берайинми?" деган лафз очиқ айтилган.
Бундай ғамхўрликни жамият ғамини ейиш, жамият ишига фаоллик дейилмайдими?!..
Аёл ўз сўзининг устидан чиқади, масжидуннабийга минбар ясаб келтиради.
Шу ҳадисга асосланиб айтиш мумкинки, Исломда биринчи бўлиб минбар фикрини олға сурган, таклиф қилган ва уни ясатган меъмор аёл кишидир.
(Минбар тарихи ҳақида турли маълумотлар келган, лекин уларнинг биронтаси "Саҳиҳ"да келган мазкур ҳадисдек кучга эга эмас). Мадина минбаридан тарқаган нур яшин тезликда оламга таралиб, курраи
заминнинг катта қисмини ёрита бошлайди. Бугунги кунда ер юзида масжиди йўқ мамлакатнинг ўзи йўқ. Ҳар бир Жомеъ масжидида албатта минбар бўлиши шарт. Минбар эса бир муслима ташаббуси
билан ўрнатилган. Бу – тарихий ҳақиқат.
Агар ҳақиқатда Ислом аёлни тутқунликда сақлаганида, мутлақо кўчага чиқармаганида, аёллар жамият ишига умуман аралашмаганида, чинданам жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни, вазни бўлмаганида, бу
аёлнинг фикри умуман олинмас эди. Аслида аёл киши жамоат жойига келмаганида минбар ясаб, мусулмонларга қулайлик яратиш фикри унинг хаёлига умуман келмас эди...
Шундан кейин ким, қайси юз, қандай тил билан: "Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайди, жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни йўқ" дея олади?!..
Саҳиҳи Бухорийда Эрга ва ўз қарамоғидаги етимларга закот бериш (ҳукми ҳақидаги) боб бор. Унда ёзилишича, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг рафиқаси эрига:
– Росулуллоҳдан сўраб берсангиз, сизга ва қарамоғимдаги етимларга садақадан инфоқ қилмоғим жоизми? – дейди.
– Ўзинг сўраб кела қол, – дейдилар Ибн Масъуд.
– Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига йўл олдим, – деб сўзини давом эттиради аёл. Эшик олдида мадиналик бир аёлни кўриб қолдим. Иккимизнинг муаммомиз бир хил экан. Ёнимиздан Билол ўтиб қолди. Биз унга:
Набийдан соллоллоҳу алайҳи васаллам сўраб беринг, биз аёллар эримизга ва қарамоғимиздаги етимларга молимиздан садақа қилсак бўладими? Бизнинг кимлигимизни айтманг! – дедик.
Билол ичкарига кириб аёллар сўзини етказади.
– Ким у ? – дедилар жанобимиз соллоллоҳу алайҳи васаллам.
– Зайнаб, – деб мубҳам тарзда тўғрисини айтишга мажбур бўлади Билол.
– Қайси бир Зайнабларни айтяпсан?
– Абдуллоҳ ибн Масъуднинг рафиқаси.
– Ҳа, жоиз. Унга икки баробар савоб бўлади: қариндошга яхшилик, ёрдам савоби, садақа савоби.
Аёл эрига мурожаат қилиб, Аллоҳнинг Росули: давлат раҳбари, мамлакат муфтиси, масжид имом-хатиби, башарият устози ҳузурига бориб, ижтимоий, иқтисодий муҳим бир масалани ечиб келишини
талаб қилди. Тақводор эр: "ўзинг сўраб кел", деди. Муаммони ўзича ҳал қилмади, ўзича фатво бермади. Балки аёлнинг ўзи бориб бунга аниқлик киритишига рухсат берди.
"Бизнинг исмимизни айтманг!"
Исмнинг махфий тутилиш сири эр обрўсини сақлаш учун эди.
Остонадаги икки аёл тўппа-тўғри Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирмай, кўчадан ўтиб кетаётган Билолни ишга солдилар. Бошқа хабарда:
"Билол аёлларга изн олиб чиққач, ичкарига кирадилар", дейилган.
Бир зумда икки аёл ўзларини қийнаган муаммони эрнинг рухсатидан сўнг, ўзлари Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб ҳал қилиб қайтдилар.
У қандай муаммо эди? "Бой хотин ўзининг қўли юпун эрига садақа қилиши жоизми, жоиз эмасми?"
Бу, аёлларнинг актив, илғор эканлигига далил бўлмайдими?!..
Исломда аёлнинг фуқаролик ҳуқуқи, эрки, ихтиёри бўлмаганида давлат раҳбарининг ёнига кира олармиди?! У билан бемалол сўзлаша олармиди?! Закотга қодир бўлармиди?!..
Агар эр зўравон бўлганида, хотинидан пулни тортиб олмасмиди?!..
Жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни бўлмаганида иккита аёл бегона эркакни (Билолни) ишга сола олармиди?! "Бизнинг исмимизни айтманг!" деб ўз шартини қўя олармиди?!
Уларга эркаклар каби мулкдорлик ҳуқуқи берилмаганида, улар тўла ҳуқуққа эга бўлмаганида эридан кўра бойроқ бўлармиди?!
Ислом оламида Эрга ва ўз қарамоғидаги етимларга закот бериш ҳукми ҳақида баҳс юритилармиди?!
Шундан кейин ким, қайси юз, қандай тил билан: "Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайди, жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни йўқ" дейишга журъат этади.
Ислом Аёлга жамиятнинг тенг ярми деб қарайди. Ва қолган ярмини дунёга келтирган хилқат деб билади.
Демак у – бутунбошли жамият.
Жамият – онаси, дояси, энагаси.
Умр йўлдоши – Эркак учун хотиржамлик маскани.
Насл-насабни давом эттирувчи қиз, келин.
Маслаҳатгўй опа-сингил.
Уларсиз ҳаёт тотли кечмайди, мутлақо давом этмайди.
Улар жамолини ўртада қилишни, гўзаллиги, латофати, аёллиги, орномуси ва ҳаёсига путур етказадиган оғир ишларни улар зиммасига юклашни, заиф кучидан эшак каби фойдаланишни, уларни молдек
ишлатишни баайни зулм, адолатсизлик, жабру жафо деб билади. Бу – келажак оёғига болта уриш, жамиятни вайрон этиш демакдир.

Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳим
Қайғудош" китобидан

Ҳозир сайтимизда 854 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ