Сайт бўлимлари
Аёллар йиғилишларида...
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 29 Май 2014
- (Нашр қилинган санаси)
...Уйланаётган йигитларга аёллар хусусида Аллоҳга тақво қилишини насиҳат қиламиз. Аёлларига муомалада ва турмушда яхшилик қилиб, мақсади Аллоҳнинг розилиги бўлиб, фаҳм ва шармандаликдан эҳтиётда бўлишсин. Чунки аёлларнинг ўзларининг йиғинлари бор, у ерда эрлари хусусида сўзлашади, худди эркаклар ўз йиғинларида аёллари ҳақида сўзлашганидек. Ҳар бир аёл эрининг табиати ва аёлига бўлган яхши-ёмон муомаласи ҳақида сўзлайди. Қуйида биз келтирадиган қисса мана шу аёллардан бирининг уйида йиғилган ва эрларининг яхши-ёмон сифатлари ҳақида айтиб беришга аҳдлашган ўн битта аёл ҳақидадир. Уларнинг эри ва ўзи ўртасидаги пардани олиб ташлаб, унинг ахлоқи, табиати, ўзига бўлган муомаласи ҳақида, шу жамоаси ичида гапириб беради. Бу ривоят қилинадиган ҳадисни Имом Бухорий саҳиҳларида «Аҳлиаёлга чиройли муомала боби»да ёритиб берганлар. Ҳадиси шарифнинг матнини ибрат учун эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Ўн бир аёл иштирок этган мажлисда ўтирдим. Улар эрлари ҳақида ҳеч нарсани яширмай гапириб беришга аҳдлашиб олдилар.
Биринчиси айтди: «Эрим қия тоғ бошидаги ориқ туя гўштига ўхшайди. Осонмаски чиқилса, семизмаски олишга арзиса. (Эрини ориқ туя гўштига ўхшатяпти, у чиқиш қийин бўлган тоғнинг бошига қўйилгандек. Инсон унга машаққатсиз етолмайди, гўшти ҳам семиз эмаски, ҳаракат қилса. Тоғнинг ҳам йўллари осон эмас, чиқаман деса кўп захмат чекади. Эрини ёмон хулқи сабабли яхшилиги кам, яхшиликлардан узоқда, деб таърифлаяпти Бу сўзлари билан эри ёмон, унда яхшилик йўқлигини ирода қиляпти)»
Иккинчиси айтди: «Эримнинг хабарини берсам, тўхтай олмайманми, деб қўрқаман. Ундан фақат камчилик ва хатоларини гапираман. (Камчилик ва хатоларидан мурод ички ва ташқи айбнуқсонларини айтмоқчи: «мен у ҳақда гапиролмайман, чунки айблари санаб бўлмайдиган даражада кўп, айблари ва қабиҳликларини санаб тугата олмайман деб қўрқаман, деб эрининг зоҳирий ва ботиний айблари кўп ва яхшилиги йўқлигини ирода қиляпти)».
Учинчиси айтди: «Эрим «ашаннақ», гапирсам бўламан талоқ, жим турсам қоламан муъаллақ («ашанноқ» – жуда ҳам узун бўйли) (Эрини ҳаддан ташқари узун ва ҳаддан ташқари аҳмоқ, деб таърифлаяпти. Агар айбларини зикр қилса, талоқ қўйиб юборади ва калтафаҳм, аҳмоқлигини гапирмай жим бўлса, на тулга ва на эри бор хотинга ўхшамай, муаллақ қолади. Унинг ҳам эри юқориларникидай ёмон, яхшилик йўқ. Бўй бору, ақл йўқ).
Тўртинчиси айтди: «Эрим Тиҳома (жойнинг номи)нинг кечаси каби. Иссиқ ҳам, совуқ ҳам, хавфли ҳам эмас, зерикарли ҳам эмас. (Бу аёл эрини мақтаб, Тиҳома тунларига қиёс қилмоқда. Чунки у ерда тунлар мулойим, мўътадил, димлик ҳам, совуқлик ҳам йўқ, худди шундай, эрининг ахлоқи гўзал, аёлига муомаласи яхши) Ибн Ҳажар «Фатҳ»да айтадилар: «Эрини гўзал муомала, мўътадил ҳолат (табиат) билан васф қилди ва ботини (ички дунёси) ҳам саломатлигига ишора қилди. У айтмоқчики: «Хулқи ёмон эмас, у билан бирга зерикмайман, чунки мен у билан худди Тиҳома аҳллари мўътадил тунлари билан лаззатланганларидек, лаззатли ҳаёт кечирмоқдаман» (Бу ўта балоғатли (қисқа ва ойдин) мақтов. Эрини гўзал турмуш ва мукаррам ахлоқ билан мақтамоқда)
Бешинчиси айтди: «Эрим кирса қоплан, чиқса арслон, аҳд ҳақида асло сўрамайди». (Эрини шижоат ва душманларга йўлиқишда қоплон ва шерга ўхшатяпти, лекин у аҳли оиласи аҳволи ҳақида сўрамай, ишларига қарамайди, шу томонлама қосирлиги бор) Демак, эрини бир жиҳатдан мақтаб, бир жиҳатдан қоралаяпти)
Олтинчиси айтди: «Эрим еса семиради, ичса семиради, ухлашга ётса, ҳар томонга юмалайди, дардимни билиш учун кафтимга қўл солмайди. Овқат еса, ичимлик ичса, дастурхонда бирор нарса қолмайди, ухласа кийимларига бурканиб, аҳли аёлига орқа қилиб қотиб ухлайди, аёлининг дарди, ғамалами нималигини билишга қўл чўзмайди. Бу ёмонлашнинг юқори чўққиси. (Уни очкўз, уйқучи, аҳлига нисбатан яхшилиги йўқ, деб таърифлаяпти»).
Еттинчиси айтди: «Эрим ё дудуқ, ё адашган ё ёпиқ. Ҳамма дард унга ҳамдард. Ў сени ёради, ё синдиради, ё сенга ҳаммасини йиғлаб таттиради» (Эрини тили чучук, фасоҳатсиз, ишларида худди зулматда юргандек адашиб юради, саодат сари йўлни англай олмай, тўғри текис йўл топа олмайди, деб таърифламоқда. Бу унинг яратилиш табиати, энди хулқи ва аёлига муомаласи хусусида жирканч, разил ва кўп касал бўлишига қарамай аҳлига доим ёмон муомалада бўлади. Уни урганида ё бирор жойини ёриб, ё синдириб ташлашига оз қолади. Бу қабиҳлик ва жирканчликнинг учига чиққан ҳолати). Эрини калтафаҳмлик ва аҳмоқлик билан, ёмон сўз ва ишлар билан таърифлаяпти, чунки у ахлоқи ёмон, табиати қабиҳлик маразликда учига чиққан.
Саккизинчиси айтди: «Эрим ушлаши «арнаб», ҳиди эса «зарнаб» (Бу эрини мақташ бўлиб, хулқи юмшоқ, турмуши гўзал ва кийимлари ва терисининг ҳиди ширинлиги билан «зарнаб»га ўхшайди. Зарнаб – ширин ҳидли ўсимлик. Сўзларининг юмшоқ ва латофатлилиги, табиатининг ҳаловатлилиги бўйича «арнаб» қуён ушлашга ўхшайди.) Бу момиқ табиат ва мукаррам хулқ ва гўзал муомаладан киноядир.
Тўққизинчиси айтди: «Эрим устунлари соз, бўйлари дароз. £ўллари тошқин, уйлари чақирувчига яқин» (Эрини шараф, юқори мартаба ва мансаб билан таърифлаяпти. Шу билан бирга сахий, меҳмондўст, чунки кулларнинг кўплиги ўчоқда олов кўплигини билдиради. Оловнинг кўплигини бу эса таомнинг кўплигига, у эса меҳмонларнинг кўплигига далолат қилади. Бу юқори мансаб ва кенг имконият ва сахийкаримликдан киноядир.
Ўнинчиси айтди: «Эрим жуда ҳам мулкдор. У мулкдорликда қолганлардан ўтар. Жуда кўп туяси бор, жуда кам ўтлар. «Уд» товушини эшитса, ўламан деб додлар» (Эрини мақтаб айтяпти, у юқоридаги эрларнинг ҳаммасидан яхшироқ. «Жуда ҳам мулкдор» деган сўзидан мурод – ишлари ва шаънини улуғлаб, мақтайди. Яна эрининг меҳмондўстлигини таърифлаб, шу нарсани туялари ҳолатига мисол қилиб келтиряпти, улар ташқарида ўтлаб юрмай, кўпинча ҳовлиси ичида туриб, меҳмонлар учун мўлжалланган. Ва агар унинг уйига меҳмон келса, иззат-икром кўрсатиб туяларидан бирини сўйишга шошилади. Туялар ҳам чолғу товушини эшитса, сўйилиши ва гўшти овқат бўлиб, меҳмонларга тортиқ қилинишини билиб типирчилаб қолади. Бу ўта сахийлик белгисидир) Уни ҳамма юқорида ўтган эрлардан кўра яхшироқ, деб таърифлаяпти. У бой, молмулки ва меҳмони кўп, меҳмонлар учун жонлиқ сўйишдан қочмайди.
Ўн биринчиси айтди: «Эрим – Абу Заръ. Қандайин ҳам Абу Заръ? Зирак ила қулоғимни туширди, ёғ ила билагимни пиширди. Мени хурсанд қилиб, руҳимни шодлади. Мени ғанимат аҳлидан олдию, кейин мени кишнаб ўсган ва қуриллаганлар аҳлига солди. Унинг ҳузурида сўзлайман, ухлайман, тонг оттираман, ичаман, чанқоғимни қондираман». (Айтмоқчики: У мени ҳар турли тақинчоқлар билан тўлдирдики, зираклардан қулоқларим тушиб кетди. Ўзининг гўзал муомаласи билан мени хурсанд, шод этиб, мартабамни оширди. Мени чорвалари оз бўлган фақирлар аҳлидан топиб, отлари, туялари, экинзорлари, ва товуқўрдаклари сероб оилага олиб келди.) Сўнгра Абу Зарънинг онаси, фарзандлари ва хизматкорлари ҳақида гапириб, сўзини якунлади.
Айтди: «Абу Зар мешлар кувланган (яъни, сутлардан ёғлари олинган) пайт кўчага чиқиб, икки, қоплондек (эпчил) фарзандлари атрофида ўйнаб юрган бир аёлни кўриб қолиб, мени талоқ қилиб унга никоҳланиб олди, мен ҳам ундан кеийин бир чавандоз, асил аёғирга минган, айбдорларга шафқатсиз, мени нознеъматга кўмган ва ҳар хушбўйликдан менга жуфт берган ва: «Егин Умму Заръ ва аҳлинг (оиланг)ни ҳам таъминла деган мардга эрга тегдим»
Айтди: «Лекин у менга берган ҳамма нарсани йиғадиган бўлсам ҳам, Абу Зарънинг энг кичик идишига ҳам сиғмайди!!!»
Оиша (р.а.) айтдилар: «Менга ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен сенга Абу Заръ, Умму Заръга бўлганидек бўлдим» деган эдилар» (Бухорий «Фатҳул Борий»да, Муслим «Умму Заръ ҳадисларининг зикри боби»да ва Термизий «Шамоил китоби»да келтиришган)
Ҳадис маъноси: Эри Абу Заръни жамики эркаклардан устун деб, гўзал муомаласи, гўзал ахлоқи, мукаррам сифатларини мақтади. У аёлига турли хил неъматларни тўкибсочган, кўп эҳсон (яхшилик) қилган. Унинг ҳузурида аёли гапириб қолса, гапини хунук санамаган. Аёли ухласа, у то ўзи уйғонмагунича бирортаси безовта қилмаган, бирор нарса ичса, қониб ичган, чунки у мукаррам уйда, эркалатиб унга фақат саодат ва хурсандчиликни раво кўрган кишининг ҳузурида яшаган.
Лекин ҳаёт доим бир маромда давом этавермас экан. Саодат ҳам у аёлда давомий бўлмади. Одамлар сутдан сариёғ чиқараётган, баҳор кунларининг бирида эри кўчага чиқиб, чиройда тўлин ойга, шўхлик ва ҳаракатчанликда қоплонга ўхшаган, ёнида икки фарзанди бор бир гўзал аёлни кўриб қолди. Аёл Абу Зарънинг кўнглига ўтириб, уни севиб қолади. Аёлини талоқ қилиб, уни никоҳига олади. Аёли эса ундан кейин жасур, шавкатли, чавандоз, шу билан бирга аёлидан ҳеч нарсани аямайдиган сахий кишига эрга тегади. Бу хусусида у шундай дейди: «Иккичи эрим ҳам турли нознеъматлар бериб: «Ебич ва хоҳлаганингча аҳлинг (ўзингнинг оиланг)га ҳам яхшиликлардан бер», деди. Лекин менга берган ҳамма нарсаларни йиғсам ҳам, Абу Зарънинг идишлари ичидаги энг кичик идишга ҳам сиғмасди». Бу сўзи аввалги эрини кейингисидан кўра кўпроқ яхши кўрганига далолатдир.
Яна бир ривоятда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Оиша (р.а.)га айтганлар: «Мен сенга (яхшилик ва муҳаббатда) Абу Заръ, Умму Заръга бўлгани кабидурман, лекин мен аёлларни талоқ қилмайман» (Табароний ривояти).
Бу аёллар эрлари ҳақида гапириб, уларнинг айбларини очиб ташлашди. Энди эркаклар бундай нарсадан қутила оладими? Бундай шармандаликдан сўнг қандай қилиб аёллари билан яхши муносабатда бўлишсин?!
Муҳаммад Али Сабуний китобдан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 696 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар