1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Баракот изланг

Момом қўлларини дуога очар эканлар: -  Болам, барака топ, топганингга Худо баракот берсин, ‑ дейишни канда қилмасдилар. Аслида баракат сўзи ҳар биримиз болалигимиздан ўрганиб қолган, ҳаётимизга эш бўлиб келган сўз ҳисобланади. Боласини уришишга оғиз жуфтлаган она ҳам: Ҳой, барака топкур, дея койинади. Тортишиб турган набираларини момоси: болам, бир кун уриш чиққан уйдан 40 кун барака қочади, дея тартибга чақиради, барака қочиши билан қўрқитади.

Болалик тасаввуримдаги баракот – ҳуркак, кўзга кўринмас мўъжизакор қуш эди...гўё. Уни авайлаб асраш керак, у момолару боболар дуога қўл очишганда қўлингга қунадию, яхшилик қилсам олдимда қоладиганга ўхшарди.

 

Баракот сўзи арабчадан олинган сўз бўлиб, барака (ёки баракат) сўзининг кўплик шаклидир, маъноси луғатда ўсиш, ортиш, кўпайиш бўлса, истилоҳда эса Аллоҳнинг фазлу марҳаматини билдиради.

 

Унчалик кўп бўлмаган миқдор нарсага эга бўлган ҳолда, унинг ёрдамида кўп нарсага эришиш, қисқа муддат ичида бир талай ишни қилиб улгуриш, яъни ишларнинг юқори даражадаги самара ва унумини билдирувчи баракот  ‑ Аллоҳнинг бандасига берган неъмат ва марҳаматидан дарак беради.

 

Тезкор замонамизда баракот бир хазинага ўхшайди – кун ўтган сари уни топиш мушкуллашиб бораётгандек... Чунки тезлашиш асрида ҳамма нарсанинг суръати ошиб кетган. Орамизда уйқусию, ишларидан, вақти, молию пулидан баракот қочганидан шикоят қилувчилар анча‑мунча топилса керак. Аслида ҳаракатда баракот, дейишади. Биз ҳам мана шу мақолга амал қилган ҳолда, баракот келтирувчи бир қанча тавсияларни бериб ўтишни  лозим кўрдик. 

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, ‑ баракот  - бошлаган ишларимизда Аллоҳ таолонинг марҳаматини қозониш ва ишимизнинг самарадорлигини ошириш. Кичик ёки кам миқдорли манба билан кўп нарсага эришиш ва бу ишнинг биз учун юқори даражада фойдали бўлишидир. 

 

Баракот манбаи

 

Инсон ҳаракат қилади, Аллоҳ таоло эса унинг ишларига баракот беради.

 

1.      Холис, яхши ният

 

Бирор иш бошлаганингизда, унинг баракотли бўлишини истасангиз, аввало бу ишдан бир хайр кутинг ва тўғри ният қилинг. Энг аввало ишингиз кимгадир ниманидир исбот қилиш ёки риё учун эмас, холис Аллоҳ таоло учун бўлсин.

 

 2.      Диёнат ва Аллоҳга имон

 

Қуръони Каримда шундай дейилади: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бач, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик” (Аъроф, 96)

 

Ва яна: “...уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир...” (Талоқ, 2‑3)

 

 

3.      Аллоҳга таваккул қилиш (барча ишларда Аллоҳга суяниб, оқибатини Унга топшириш)

 

 Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай ваҳй қилади:

 

“...Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир” (Талоқ, 3).

 

Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилишнишича, Пайғамбаримиз с.а.в.: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганинигизда оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар»  (Ибн Можа, Ан‑Насаи, Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган).

 

 4.    Қуръон тиловат қилинг

 

 

Қуръони Карим баракот булоғи! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқлар (ва шаҳарларнинг) онаси – маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир...” (Анъом, 92)

 

Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг ва ҳаётингизнинг ҳар бир соҳаси баракотланиб бораётганини ҳис қиласиз. Қуръондан қанчалик кўп узоқлашсак, ҳаётимиздан шунчалик баракот кетади. Ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир сурани қироат билан ўқишликни одат қилинг.

 

 5.      “Басмала”ни канда қилманг

 

 Ҳадисда айтилишича, “Бисмиллаҳ”сиз бошланган ишнинг орти кесикдир, яъни бу ишнинг баракоти бўлмайди. Ишингизни “Басмала” билан бошласангиз, бу ишингизга шайтон аралашмайди.

 

Албатта, аввалига ўзингизга кўникма ҳосил қилгунингизга қадар баъзан ишларингиз бошида “Бисмиллаҳ” дейиш ёдингиздан кўтарилиши мумкин. Аммо бунга аҳамият бермасдан, доимо ёдингизга тушган он, Бисмиллаҳни такрорланг ва шу тарзда буни ўзингиз учун одат шаклига келтира оласиз.  

 

 6.      Кўпчилик бўлиб таомланиш

 

 Халқимизда “Меҳмон келар эшикдан ризқи келар тешикдан”, деган мақол бор. Ҳар биримизга маълумки, меҳмон келганда уйимизга бошқача файз, дастурхонимизга ўзгача баракот киради. Исломда меҳмон кутиш хайрли ва яхши амаллар турига киради. Ундан ташқари, дастурхон атрофида кўпчилик бўлиб ўтириб таомланиш ҳам Исломда тавсия қилинган ишлардан ҳисобланади.

 

 7.      Савдода ҳаққонийлик

 

 Бу ҳар қандай савдо‑сотиқ, тижорат учун муҳим қоида. Олди‑сотди, савдо, шу жумладан интернет орқали амалга ошириладиган олди‑сотдилар ҳам ҳаққоний ва ростгўй тарзда олиб борилиши керак. Ўз молини ёлғондан мақтаб сотиш ва умуман савдога ёлғон аралаштириш кўп пул олиб келади, деган янглиш фикр мавжуд. Пул келтиради, аммо ҳаромдан топилган даромаднинг жазоси ҳам бор ва бу даромаднинг баракаси бўлмайди. Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сотувчи ўз молининг айбини яширмаса ҳамда олувчи ҳам пул беришда ғирромлик қилмаса, (бундай) савдода барака бўлур. Агар ҳар иккала томон ҳам бир-бирига ғирромлик қилса, бундай савдода барака бўлмас!»— дедилар»
.(Бухорий) 

 

 8.      Дуо

 

 Дуо ибодатнинг мағзидир. Садақа киши бошидан балони аритса, чин дилдан қилинган дуо эса Аллоҳнинг изни ила қадарни ўзгартириш кучига эга. Аллоҳ таолодан ўзингиз, ишларингиз ва Унинг ризосига эришишда қилган ҳаракатларингиз, оилангизга баракот беришини сўранг.

 

 9.      Ҳалол пул топиш

 

 Халқимизда ҳалол таомланиш билан биргаликда ҳалол касбдан даромад топишга ҳам катта аҳамият берилади. Исломда ҳаром ва ҳалол тушунчаси ниҳоятда муҳим ўрин эгаллаган бўлиб, касб ва даромад топишда ҳам ҳалол йўлни танлаш лозим. Кишининг қўли ҳаромга борган бўлса, унинг ҳаётининг бошқа жабҳаларидан ҳам баракот қочади. 

 

Бир олим шундай ёзади: киши рухсат берилмаган нарсани истеъмол қилса, ёки рухсат қилинмаган ишни қилса, унинг қўл ва оёқлари бу гуноҳда иштирок этади. Аксинча, гуноҳни тарк қилса, унинг қўл ва оёқлари, борингки, ҳар бир ишига баракот киради, яъни яхши амалларни бажариш учун.

 

Бир қария ёш ва навқирон йигитлардан кўра узоқроқ ва баландроққа сакрар экан. Ундан бунинг сирини сўрашганда, қария: “Оёқ, қўлларимизни гуноҳ қилишдан тийсак, Аллоҳ уларни бизнинг қаригунимизга қадар асрайди”, деб жавоб берган экан.

 

 10. Суннатга амал қилиш

 

 Ҳар бир мусулмон киши учун Пайғамбаримиз с.а.в. нинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак, ҳар биримиз улар каби яшамоқликка ҳаракат қилмоғимиз даркор. Пайғамбаримиз с.а.в. нинг суннатларига амал қилсак, ҳаётимизга баракот кириб келади.

 

Ўнг қўл билан овқатланиш, рўза пайтида саҳарлик қилиш, уйқуга ётганда ўнг томон билан ётиш, мисвок ишлатиш ва шу каби кундалик суннатларга одатланинг.

 

 11. Истихора намози

 

 Истихора бир иш ҳақида хайрли ёки хайрсизлигини билиш учун икки ракаат намоз бўлиб, намоздан сўнгра дуо ўқилади. “...Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг – таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади” (Оли Имрон, 159)

 

 Истихора дуоси қуйидаги ҳадисда келган:

 

 Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга барча ишларда истихора (яхшилик тилаш)ни худди Қуръондан сура ўргатганлари каби ўргатар эдилар.

 

Айтардилар: Бирортангиз бир иш қилишни дилига тугса, фарз намозидан бошқа 2 ракаат (нафл) намоз ўқисинда, сўнгра айтсин: «Парвардигоро! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора этаман – яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қудрат-қодирлик тилайман. Сендан улуғ фазлингдан (менга марҳамат қилишингни) сўрайман. Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билувчи эмасман. Албатта, Сен ғайбларнида билувчидирсан. Парвардигоро, агар мана шу ишни – ҳожатининг номини айтади – мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатимда – ёки яқинимда ва узоғимда (дейди) – яхши эканлигини билсанг, мени унга қодир эт ва уни менга осон қил. Сўнгра уни менга баракотли эт. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатимда – ёки яқинимда ва узоғимда – ёмон эканлигини билсанг, мени ундан узоқлаштир-четлат. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни насиб эт. Сўнг мени бу яхшилик билан рози қил. (Бухорий ривояти).

 

 12. Шукр қилувчилардан бўлинг

 

 Аллоҳ таоло шукр қилувчилар учун яхшиликларни орттиради. “Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман ...” (Иброҳим, 7 оят).  Аллоҳ таоло ўз ваъдасида тургувчи Зот.

 

 13. Садақа

 

 Садақа радди бало, дейишади. Бирор бир қийинчиликка дуч келганингизда садақа қилинг, бирор бир кишига ёрдам беринг. Ҳаётингиздаги баракот гуноҳларингиз сабабли сиздан кетган бўлса, садақа қилиш гуноҳлардан поклайди. Яхши ишларингиз эса хатоларингизни тўғрилашда ёрдам беради. Ундан ташқари, бировга ёрдам берганингиздан сўнгра ўзингизни ҳам яхши ҳис қила бошлайсиз.

 

 14. Қариндошлик ришталарини узманг

 

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».

 

...У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота‑онага яхшилик қилингиз: болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз...” (Анъом, 151).

 

 15. Уйқудан эрта ўйғонинг

 

 Болалагимиздан “Ким уйқудан эрта турса, унинг хонадонига баракот ёғилади”, дея ўргатишган. Ҳақиқатан қанчалик эрта турсангиз, ишларингиз самарали ва баракотли бўлганини ҳис қиласиз. Ҳамда бу соғлиқ жиҳатидан ҳам фойдали. Бомдоддан кейинги вақт баракот билан йўғрилган, иложи бўлса, Бомдод намозини адо қилганингиздан сўнгра то қуёш чиққунга қадар ухлашга ётманг. Бу вақтни ишларингизни бажаришга ёки илм ўқишга сарфласангиз, кунингиз қанчалик баракотли бўлганига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

 

 16. Оила

 

 Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда дейди: “Ўз ораларингиздаги тул‑беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу‑карами билан бой‑беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу‑карами) кенг, билгувчидир” (Нур, 32). 

 

Шунингдек, ҳадиси шарифларда никоҳда баракот борлиги нақл қилинади. 

 

 17. Намоз

 

 “Аҳли‑умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат‑жаннат аҳли тақвоникидир” (Тоҳа, 132)

 

Намоз ҳар бир мусулмон учун фарз. Аммо аксар ҳолларда: “вақтим йўқ, 5 вақт намозни адо қилиш осон эмас”, каби баҳоналар билан бу фарз амални бажаришда ялқовлик қиламиз. Қабрда илк аввало намоз ҳақида сўроқ савол қилинамиз. Абу Довуд ва Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда келишича, Қиёматда ҳисоб-китоб вақтида энг аввало бандага унинг ўқиган намози кўндаланг қилинади,  агар тўлиқ ва солиҳ (яроқли) чиқадиган бўлса, зафар топиб, қутулиб кетади, агар бузуқ ва нуқсонли чиқадиган бўлса,  муваффақиятсизликка учраб, хор бўлади (уйи куйгани шу). Ҳазир бўлайлик.

 

Намоз қалбимиз озуқаси, худдики замонавий телефонлар электр тармоғидан заряд олгани каби, бизнинг руҳимиз ҳам кунига 5 маротаба Роббимизни ёдга олиб, намоз амалини бажариб, ўзига керакли бўлган руҳий озуқани олади. Бу амал дунё ва охиратимиз учун муҳим амаллардан ҳисобланишини ёдимиздан чиқармайлик!

 

 18. Тавба

 

 Инсон ўз гуноҳлари учун Аллоҳ таолога тавба қилиши билан бирга бу гуноҳни қайтармасликка ҳаракат қилади. Зеро, тавбанинг қабул бўлиш шартларидан бири ҳам бу гуноҳни қайта қилмасликдир. Гуноҳларига тавба қилиш инсоннинг қалбини тозалайди, ишларига ҳам ўзгача баракот келтиради.

 

 

 

Умид қиламизки, бу мақолада баракот келишига сабаб бўлувчи баъзи муҳим амалларни санаб ўтдик. Иншооллоҳ, бу амаллар ҳар бир мусулмонга нафақат баракот келтиради, балки шу билан бирга ҳаётини янада Исломга хос яшаши, дунё ва охирати ҳақида қайғуриш ҳиссини ҳам беради . Бу амалларга риоя қилсак, иншаАллоҳ ҳеч биримиз кам бўлмаймиз.

 

Аллоҳ таоло барчамиздан ўз лутфу карамини дариғ тутмасин.

productivemuslim.com сайтидан таржима қилинди

(muslima.uz)

 

Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ