1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Рўзғорнинг “ғазначиси”

Рўзғор- ғор дейдилар, унинг камини бутлаш, бўшаган ўрнини тўлдириш эр-хотиннинг вазифаси. Бу вазифадан жуфтлардан бири бўйин товласа ёинки оила “ғазнаси”га хиёнат қилса, рўзғор юритиш мушкул бўлади. Оилада тежамкорлик ҳам, ҳалоллик ҳам бирдек зарур. Оила бюджетидан оқилона фойдаланиш йўқчиликнинг олдини олади. Юртдошларимиз билан “Оилада пул кимда туриши керак?” “Рўзғор ғазначиси ким?” деган саволлар атрофида мунозара қилдик.

Мастура опа, 53 ёш, пенсионер:- Мен қизимни узатаётганимда унга бу масалада сабоф бериб: “Болам, оиланинг усттуни- эр. Рўзғорни таъминлаш, кам-кўстини бутлаш асосан унинг зиммасида. Сенинг вазифанг- турмуш ўртоғингнинг топиб келганини саришталик билан, тежам билан ишлатиш” деб уқтирганман. Оила бюджетига эр жавобгарми, демак, пул ҳам эркакда туриши керак!

Шоҳиста, 28 ёш, ўқитувчи:- Ота уйимда пул фақат онамда турарди. Улар “Аёл киши пул харж қилишнинг устаси, бўлар-бўлмасга пул совурмайди. Эркакнинг нимаси кўп, улфатчилигу оши кўп. Пул уларнинг қўлига тушадиган бўлса, уйдан файз-барака қочади”, деб биз қизларини ҳам шу йўлда тарбиялаганлар. Шунинг учун ҳам оиламизда пул менда туради. Турмуш ўртоғим маошларини олиб, шундайлигича қўлимга олиб келиб берадилар. Бозор-ўчарни бирга қиламиз. Менимча, пул аёл кишида тургани маъқул.

Жўрамурод ака, 46 ёш, ҳайдовчи:- Эркак- кўчанинг одами. Унинг вазифаси, бурчи- оиласини таъминлаш, хотин бола-чақасини боқиш. Хотин эса уйнинг, ошхонанинг “эгаси”. Шундай экан, пул аёл кишида туриши керак. Эркак ўша маблағнинг ҳисобини, нимага қанча сарфланганини билиб турса бўлгани.

Муниса, 30 ёш, чевар:- Қизлик уйимда пулнинг ҳисоб-китоби билан онам шуғулланардилар. Дадам топиб келган пулларини уларга обкеб берардилар. Бозор-ўчарни ҳам онам қилардилар. Бизга нима керак бўлса ўзлари оберардилар. Келин бўлиб тушган уйимда одат, “расм-русум” эса буткул бошқача экан. Тўйдан кейин қайнотам менга “ Келин, ҳар ойда еб-ичишингиз учун менга фалон сўм обкеб берасиз” десалар бўладими? Ҳайрат билан эримга тикилдим. У ҳам мум тишлагандай жим ўтирибди. Куёв иккимиз қолганимизда унга дадасининг гапи кўнглимга оғир ботганини айтсам, эрим ҳам “Тўғри-да, улар сени келин қилиш учун фалон миллион сўм сарф қилишган. Еб-ичишинг учун ўзинг пул топишинг керак”, деди. Дод деб юбормаслик учун тилимни тишладим... Хуллас, ҳар ойда чеварчилигим орқасидан келган пулларни “еб-ичишим” учун қўлимдан юлиб олишади. Мен пул аёл кишида туриши керак, деб ўйлайман. Ахир оилага нима кераклигини, қандай рўзғор анжоми зарурлигини хотин киши яхшироқ билади-да. Аёллар пулни тежаб сарфлашади. Фақат аёл пулни эри билан бамаслаҳат сарфласа бўлгани.

Нозимахон, 33 ёш, ҳамшира: - Оила бюджетининг хўжайини эркак киши бўлгани дурустроқ. Пулни меник ё сеники деб тортишиш жуфтлар орасига совуқчилик солади. Рўзғорнинг иқтисодий ишлари фақат эркак гарданида бўлгани маъқул. Шунда аёлларимиз ўзларидан катта тўрва халталарни кўтарволиб, бозорма бозор, дўконма дўкон изғиб юришмайди.

Шавкат ака, 36 ёш, тадбиркор: - Пул албатта аёл кишида туриши кеарк. Биз эркакларнинг хаёлимизда мингта ўй, минг битта ташвиш. Қайсии нарсага қанча сарфлаганимиз ҳам унча эсимизда турмайди. Қолаверса, эркаклар бозор-ўчарда тортишишни унча хушламайдилар. Аёллар эса тортишиб, талашиб савдолашдилар, улар олмоқчи бўлган нарсаларини ярим баҳосигача тушира олиш қобилиятига эгалар-да. Шундай экан, пулнинг ҳисоб-китоби, кирим-чиқим билан хотинжонлар шуғулланганлари маъқул.

Гулбаҳор, 23 ёш, иқтисодчи: - Келин бўлганимга уч ой бўлди. Биласизми, янги уйимда менга маъқул бўлган одат- бу ҳамманинг топган-тутганини қайнонамга оилб келиб бериши бўлди. Аввало қайнотам маошларини олган заҳоти ойижонимга обкеб берадилар. Кейин қайноғам билан овсин опамлар беришади. Мен билан хўжайиним ҳам пулимизни берамиз. Кимларгадир эриш туюлар, аммо бу манзаранинг завқини туйиш менга хушнудлик бахш этади. Энг қизиғи, қайнона-ойижоним ҳаммамизнинг пулимизни алоҳида-алоҳида олиб қўярканлар. Агар пул ўзимизда турса, ҳали унга, ҳали бунга сарфланиб, бааркаси ўчади. Ойижоним эса тийин-тийинигача саришталаб қўядилар. Бу ҳаммамиз учун фойдали.

Ризвонгул опа, уй бекаси, 42 ёш:- Ота уйимда ҳамманинг топган-тутгани онамда турарди. Рўзғорга бирор нима керак бўлса ота-онам икковлари бамаслаҳат олиб келишарди. Мен ҳамма рўзғорни ўзимизникидек деб ўйлабман. Турмушга чиққанимдан кейин кўп қийналдим. Чунки келинлик уйимда ҳамманинг пули ўзида турар, ким нмиани топса ўзи алоҳида пишириб ейдиган одат бор экан. На қайнонам, на қайнотам болалрини пул масаласида тергашмас эди. Шунданми, бирор нарсага пул орттиришимиз қийин бўларди. Оиланинг файз-баракаотли бўлиши аёлга боғлиқ. Пул хотинда туриши керак.

Моҳтоб ая, 74 ёш, пенсионер:

- Оила ҳам кичик давлат. Ўзингизга яхши маълум, давлатнинг фуқаролари фаровон, тўкин яшамоғи учун унинг иқтисодий таъминоти кўнгилдагидек бўлиши керак. Жумладан, оилада ҳам муҳтожликка, йўқчиликка дуч келмаслик учун аввало астойдил меҳнат қилиш керак. Сўнг ўша ҳалол меҳнат билан топилган давлатни тежаб-тергаб сарфлай билиш керак. Тежамкор одам ҳеч қачон йўқчилик кўрмайди. Йўқчилик бўлмаган оилади келишмовчилик, уриш-жанжал ҳам бўлмайди. Оиланинг сарфу сариштасини бажариш- аёлнинг вазифаси. Эркак топиб келадиган, аёл эса уни эпчиллик билан бажарадиган, камни кўпайтирадиган бўлиши керак. Айтмоқчиманки, пул хотинда тургани яхшироқ. Фақат эридан сўрамай, эрининг изнисиз пулни сарфлаш гуноҳ эканлигини аёлларимиз унутмасалар бас.

Ҳар бир оила бекасининг эр меҳнатини қадрлаб, у йиққан жамғармани тежамкорлик билан сарфлаши рўзғорга барака келтиради. Юртимизда ҳар томонлама тўкис, тотув оилалар кўпайишини ният қилган ҳолда, мавзуни якунладик. Азиз муштарийларимизнинг ушбу баҳс юзасидан фикр мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Рухшона ФАРРУХ

Ҳозир сайтимизда 846 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ