Сайт бўлимлари
Тилингизни бепарда қўйманг!
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бозор яқинидаги бекатда йўловчи кутаётган автобус ҳайдовчиси (аслида йўловчилар бекатда автобус кутиши керак. Бугун аҳоли гавжум ҳудудлар ва бозорлар атрофида жойлашган бекатларда автобуслар йўловчилар билан зичланган бўлишига қарамай бе-е-емалол яна йўловчи кутиб тураверишади!) ўзидан олдинда турган автобус ҳайдовчисини “луғат”идаги энг “чиройли” сўзлар тизмасидан жумлалар тузиб “сийлади”. Йўловчилар орасида аёллар, ўқувчи ва талабалар, кекса ёшли ҳамюртларимиз бор эди. Ҳамма ўзича пичирлаб-шивирлаб ҳайдовчининг бепарда гап-сўзларидан норозилигини билдирди, лекин ҳеч ким ҳайдовчига бу тахлит иши одоб-ахлоқ, муомала ва жамоат жойида ўзини тутиш маданиятига мутлақо тўғри келмаслиги ҳақида лом-мим деб оғиз очмади. Ҳайдовчи жаноблари эса ўзларини худди улфатлари даврасида ўтиргандек бемалол ҳис қилганча, тилларидан ёғилиб келаётган жаргонлардан ҳузурланиб, сўкинишни тўхтатишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Эрталабда ишга-ўқишга шошилаётган йўловчиларнинг асаби таранг. Қиз-аёллар ҳайдовчининг беҳаёлигидан уялиб бошини эгиб олишди. Эркакларнинг энсаси қотган. Чамаси 5-6 дақиқа давом этган кўча жаргонлари “кўргазмаси”дан кейин ҳайдовчи муҳим вазифани бажаргандек автобусни ўрнидан жилдирди...
Бу каби хижолатли ҳолатларга кўпчилигимиз дуч келганмиз. Оғриқли томони шундаки, ўсмир йигитчаларнинг ўзаро мулоқотларига аҳамият берилса, бир-бирига қарата эшитган қулоқ уяладиган, андишали одам оғзига олишга ор қиладиган ҳақорат сўзларни бемалол ишлатаверади. Катталар эса болаларнинг оғзидан чиқаётган гап-сўзларга эътибор бериб, уларни койиб, танбеҳ бериш ўрнига айрим ҳолларда ўзлари ҳам уларга “ибрат” бўлгулик бўляптилар. Биз норозилигимизни нолиш, шикоят қилиш билан билдирамиз. Аммо ҳеч мулоҳаза қилганмизми
Сўконғичлар аслида қаердан чиқяпти?
— Отам ҳеч қачон биз фарздандлари олдида сўкинмасдилар,- дейди Тошкент шаҳри, Ҳамза туманида истиқомат қилувчи юртдошимиз Рустам ака Саййидхўжаев.- Шунинг учунми оиламизда ҳеч ким, ака-укаларим ҳам, ўзим ҳам сўкиниб гапирмайман. Кўча-куйда, жамоат жойларида сўкиниб гапирадиганларни қаттиқ қоралайман. Бу ўта маданиятсизлик ва тарбиясизлик. Афсуски, ҳозир бундай маданиятсизликдан кўпчилик уялмай қўйди.
Фарзандларингизга шундай тарбия берингки, улар ўз-ўзини назорат килиш, ҳис-туйғу, нохолислик ва номақбул майлларга йўл бермасликка одатлансинлар. Ана шунда сиз уларни келажакдаги уқубатлар ва жамиятни бўлғуси жиноятлардан халос этган бўласиз, -деган эди Бенжамин Франклин.
Шунингдек фарзанд тарбиясида насиҳат, дўқ-пўписа эмас, ибрат ва намуна муҳим омил бўла олади.
Насиҳатнинг энг яхшиси — ИБРАТ
ҳисобланади. Аммо кўча-куйда, жамоат транспортлари, умуман одамлар олдида сўкиниб, тилини, сўзини бепарда қўйиб юрадиган киши қандай қилиб фарзандига сўзлашув маданияти, одоб ва тавозеъдан ваъз ўқиши мумкин?
Ўрнак кўрсатиш ваъз-насиҳатга қараганда ҳар доим кучлироқ таъсир қилади,- деган эди файласуфлардан бири. Болалар ота-оналари ва устозлари, умуман катталарда кўрганларини ўзлаштириш билан тарбияланиб борадилар.
— Қўшни эркакнинг дастидан уйда келинларим, қизларим олдида хижолат чекаман,- дейдилар бухоролик мухлисамиз Гавҳархон опа Муродова.- Оддий гапини ҳам “онасини...” деб бошламаса кўнгли жойига тушмайди. Қўшнимизнинг хотини, қизлари ва ҳаттоки келинлари ҳам қайнотанинг сўконғичлигига ўрганиб кетишган. Ўғиллари ҳам кўчада ҳаммага эшиттириб сўкиниб юради, энди қарасам кичкина невараларининг ҳам тили сўкиниш билан чиқяпти. Уйда бобо, отанинг аҳволи айтганимдек. Ҳатто бувию оналар ҳам унча-мунча шармандали ҳақоратларни писанд қилмай қўйганидан кейин, болалар яхши тарбия, андишали муомалани қайдан ўргансин?!..
Бу оламда кашфиётлар, ихтиролар кўп. Бироқ, барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир. Жамоат жойларида тилию сўзини бепарда қўйиб юборган кишиларни кўриб инсоний фазилатлардан йироқ, оғзидан чиқаётган сўзлар маъносини тафаккур қилолмайдиганларга ачиниб кетади, киши. Барча фазилатлар сингари ўзни тута билиш ҳам машқ орқали ривожланади. Кимки катта ёшга етганда ўз эҳтиросларини бошқаришни хоҳлар экан, бунга у ёшлигидан ўрганмоғи лозим. Ўзини тута билмаган одам эса, гап-сўзини, муомаласини идора этолмайди.
Сўкиниш маданият белгиси...ми?
Айрим замондошларимиз қарашича сўкиниш, ҳақоратли сўзларни ишлатиб гаплашиш маданият белгиси эмиш. Бунисига энди чидаб бўлмайди. Инсонлар орасидаги ўзаро мулоқот кўринишидан оддий туюлгани билан аслида кишидан жуда кучли маърифат, маънавият ва албатта одоб-андишани талаб қилади. Бу хусусиятлар киши фитратида у жуда ёшлигиданоқ ундирилган бўлиши шарт. Инсон табиатига болаликда сингдирилган фазилатларгина мустаҳкам ва ишончли бўлади.
— Ҳозир тили бепаровузлар жуда кўпайиб кетган,- дейдилар яна бир онахон мухлисамиз.- Бозорчилар, ҳайдовчию аравакашларни қўя туринг, болалар учун тайёр кўргазма қурол, ибрат бўлиши керак бўлган ўқитувчиларнинг гап-сўзлари, кўча жаргонларини қўшиб-чатиб гапиришини кўриб-эшитиб юрагингиз зирқиррайди. Таълим-тарбия кишиларидан чиқаётгани шу бўлса, бошқалардан ўпкалашга на ҳожат!?..
Онахоннинг куйинганларича бор. Ҳақиқий таълим одамни одамийликка тайёрлашдир. Муҳтарам устозларимиз, ўқитувчилар ўқувчи шогирдларини одамийлик илмига тайёрлаш йўлида уларга нечоғли ибрат бўляптилар? Таассуфки бу саволга ҳамиша ҳам ижобий жавоб бера олмаймиз.
— Ўғлим эрталаб мактабга бормайман, деб харахаша қилади,- дейди Сурхондарёдан таҳририятга қўнғироқ қилган муштарийимиз Гулноз Неъматова.- Боламнинг айтишича ўқитувчиси қовоғини ўйиб, сўкар экан, “мол”, “эшак” ва яна аллақандай ҳайвонларга ўқувчиларни ўхшатиб ҳақорат қилар экан. Ўқитувчи боланинг шахсиятига тегишга, уни уриб-сўкишга ҳақли эмас-ку. Наҳотки олий маълумотли ўқитувчиларнинг муомала маданияти шунчалик заиф бўлса?..
Ҳилм- хушмуомалалик, мулойим сўз ва тавозеъ инсонни ташқи олам билан боғлайдиган, маънавий қиёфасини кўрсатади.
Диншунос-мутахассис Баҳодир Муҳаммадиев айни мавзуда дейдики:
— Ислом таълимотида кишиларнинг ўзаро сўкиниб, қўпол муносабатда бўлишлари қаттиқ қораланади. Ҳақиқий мўмин – мусулмон киши диндош биродарига тили билан ҳам, қўли билан озор етказмайди. Расулуллоҳ (с а в) шундай марҳамат қиладилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).
Термизийдан ривоят этилган яна бир ҳадисда «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дея марҳамат қилинади. Демак, ҳадисда келтирилган асосга кўра, мусулмон кишининг мусулмон биродари номуси, шаънига тегиб ҳақорат қилиши, унинг розилигисиз молига кўз олайтириш, ҳаётига дахл қилиш қатъиян маън қилинган. Кишининг оиласида яхши тарбия кўрмагани унинг инсонлар билан қўпол ва одобсизлик билан муносабатда бўлишида яққол сезилади. Инсонларни сўкиш, ҳақорат қилиш нафақат хулқнинг яхши эмаслигига далолат, балки гуноҳ ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ (с а в) шундай деб марҳамат қилганлар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).
Сўкиш билан чорак нарсага эришилса, яхши гап ва хушмуомалалик билан бутун бошли мақсадга эришилади. Бу ҳақиқат ўз исботини аллақачон топган. Ёки сизда бошқача фикр борми?
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 436 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар