1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Никоҳнинг фойдалари

Қадимдан никоҳ ва оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари эътиборда бўлган.

Барча ижтимоий тузумларда эр оиланинг обрў-эътибори ва мол-дунёсини бегоналардан ҳимоя қила оладиган раҳбари ҳисобланган. Аёл фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор ишларига масъул бўлган.
Никоҳланиш натижасида оилалар ўртасида қариндошлик алоқалари ўрнатилади. Никоҳ сабабли янги оилалар вужудга келиб, фарзанд туғилади ва қариндошлар сони ортади.
Оиланинг вужудга келишида никоҳ асос бўлгани боис у фақат ахлоқий, диний меъёрлар билан эмас, балки махсус қонунлар билан ҳам тартибга солинади. Никоҳ масалалари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида (1998 йил қабул қилиниб, ўша йили 1 сентябрдан амалга киритилган) ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Қомусининг 63-моддасида таъкидланишича, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.
Қуръони каримда: "Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазли карами) кенг ва доно зотдир" (Нур, 32).
Эркак ва аёлнинг розилик билдириш қоидаси Ғарб феодал ҳуқуқларида бўлмаган.
Ислом динида эса бўлғуси эр-хотиннинг розилиги шарт қилинади. Яъни, очиқ сўзлар билан гувоҳлар ҳузурида, бири у билан оила қуришга ўз таклифини билдириб, иккинчиси қабул қилсагина, никоҳ боғланади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида: "Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади", деб белгилаб қўйилган.
Қуръони каримда "Ўзларингиздан жуфт­ларингизни яратиб қўйдим. Сизлар ўз жуфтлари­нгиздан сукунат, ором ва осойишталик топурсизлар ва сизларнинг ораларингизда дўстлик, тотувлик ҳамда ўзаро меҳр пайдо қилди", мазмунидаги оятлар мавжуд.
Инсон ўз вужудининг биологик эҳтиёжларини унутиб, фақат ибодат билангина машғул бўлишдан ҳам қайтарилган. Шу боис намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилишга буюрилгани каби, оила қуриш ва ҳалол йўл билан уни боқишга ҳам тарғиб этилади. Ҳадисда: "Эй йигитлар! Сизлардан қайси бирингиз турмуш қуришга қодир бўлиб имкониятингиз бўлса тезда уйланинглар. Чунки уйланиш инсон кўзини сақлагувчи чироқ (яъни, номаҳрамларга қараб, гуноҳкор бўлишдан сақлагувчи) ва ёмон йўлга кириб кетишнинг олдини олувчи чорадир, ким, уйланишга қодир бўлмаса, ундай йигитлар рўза тутсин, чунки рўза инсонни шаҳвоний нафсини кетказади", дейилган.
Миллий қадриятларимизга кўра, инсон енгилтаклик билан оила қуришига йўл қўйилмайди. Халқчил, миллий анъаналар кўп сақланиб қолган вилоят ва туманларда ажралишлар кўп учрамаслиги бунга мисолдир.

Шаръий йўл билан жуфт бўлиб яшашнинг бир қанча фойдалари бор:

1. Никоҳ ахлоқий покликка сабаб бўлади, жамиятни тушкунлик ва ижтимоий фасоддан сақлайди.
2. Жамиятнинг бирдамлигини, ўзаро борди-келдиларнинг мус­таҳкамлигини таъминлайди. Масалан, оилада ўғил куёв, қиз келин бўлиб, оилалар бир-бирлари билан яқин алоқа қилишларига замин яратади. Натижада қариндошчилик вужудга келади.
3. Бутун инсоният соғлиғининг мустаҳкамланишига ва хатарли касалликлардан ҳимояланишга сабаб бўлади.
4. Никоҳ инсонларни бош­қалар олдида масъулият сезишга ўргатади. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўзига хос юмушлари бўлиб, ҳар ким ўз вазифасини тўла адо этишга мажбурдир.
5. Никоҳ инсон наслининг сақланиб қолишига сабаб бўлади. Шу боис Ислом динида оила қуриб, ўзларидан сўнг чиройли зурриётлар қолдириш шарафли ва ажри улуғдир.

Зайниддин МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети магистранти

Ҳозир сайтимизда 268 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ