Сайт бўлимлари
Чимилдиқсиз ўтаётган тўйлар
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Маконига содиқ ўрдаклар
Бир пайтлар ўғилларимиз қизиқиб ўрдак боққанди. Йигирматача паррандадан ўлиб-нетиб, сўйилиб кетиб, охири бир жуфт она-бола ўрдаклар қолишганди. Шу жониворларни уйимиздан анча наридаги дала ҳовли хизматчисига қопга солиб бериб юбордик. Хизматчи кўп ўтмай ўрдаклар йўқолиб қолганини айтди. Эҳтимол, бу маҳалладаги шўх болаларнинг ишларимикин, деган тахминда эътибор бермадик.
Шу гапдан кейин орадан бир ҳафталар ўтиб, шом чоғи дарвоза томондан "ғо-ғо"лаган овозлар эшитилди. Ёпиқ эшикни очгани бориб, не кўз билан кўрайликки, ўзимизнинг она-бола ўрдакларимиз остонада "эшикни очинглар, биз келдик!" дегандек басма-бас сайрашарди.
Уларнинг ранги рўйи афтодаҳол, патлари юлинган, озиб-тўзиган, гўё олис йўл юриб ҳориган йўловчига ўхшарди. Эшикни очишимиз билан тўғри катаклари томон учиб-югуриб кетишди.
Жуда ҳайратда қолдик. Оддий тилсиз, онгсиз парранда учун туғилган (яъни тухумдан чиққан) яшаган, туз тотган гўшаси - ҳовлидаги икки метрли тўр симли катакчаси шунчалар азиз бўлса! Аслида у ёқда ҳам шароитини созлаб бергандик. Шунга қарамай, она-болалар бир ҳафта мўлроқ йўл юриб, излаб-қидириб, йўллардаги "ҳужумларни" енгиб, кўз очиб кўрган маконларига етиб келишибди.
Боқаётган ит ёки мушукларидан безор бўлган эгалари ҳайвонларни узоқларга олиб бориб ташлаб, адаштириб келганларини биламиз. Орадан кўп ўтмай бу вафодор жониворларнинг яна ўз "уйларини" топиб келганларини ҳам кўп эшитганмиз. Айтишларига қараганда, ит-мушуклар ўз уяларини кечаси осмондаги юлдузларга қараб топишар эмиш. Бу макон тушунчаси ҳатто ҳайвонлар, паррандалар учун ҳам ўзгача қадрли эканига далолатдир. Инсонга эса бу борада таъриф-тавсифга сўз етмайди.
Ўз уйим - ўлан тўшагим
Бошқани билмадиму шахсан мен маҳаллага чиқсам ўз уй-жойимни, марказга борсам ўз маҳалламни, Тошкентга ёки бошқа вилоят ё шаҳарга бориб қолсам, она шаҳрим Наманганни устун кўравераман, соғинавераман. Бирор иш баҳона четга, бошқа республикага чиққанда-ку "Ўзбекистон" деган номни эшитгандаёқ юрак томилиб кетаверади.
Бу ватанпарварликми ё юртпарастлик! Аммо шуниси аниқки, қанчалик кенгроқ доирага чиққан сари "Ватан" деган тушунча ҳам шунчалик кенгайиб, қадри юксалиб бораверади.
Тўй оқшоми узатилаётган қиз янгаларини хуноб қилиб, туғишганларининг кўзини ёшлатиб, нечун юм-юм йиғлайди. Буни қизлик оламидан келинлик оламига ўтишдаги қўрқув ва хавотир, ўзга хонадондаги муҳит ва муносабатлардан ташвиш ё ота-онаси бағридан узилиш алами ҳам дейлик. Аммо энг муҳими - булар эмас. Энг муҳими - туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган гўшадан узоқлашиш. Ҳар гарди, ҳар бурчаги, ҳар бир туп дарахти, гули, гиёҳи қадрдон, азиз бўлган ота маконидан, кунда меҳр билан супуриб, сув сепадиган ҳовлисидан жудолик қайғусидир.
Дарвоқе, тўй ҳақида. Тўй - инсон ҳаётидаги, жоиз бўлса бир марта бўладиган, энг эсда қоладиган, йигит-қизнинг турмушини бутунлай ўзгартириб юборадиган воқеа. Ота-она фарзанд туғилганидан сўнг узоқ йиллар мобайнида унинг тўйи учун тайёргарлик кўради, орзу-ҳавас қилади. Бу чоғда у умр бўйи йиққан-терганини сарфлаб эл олдига дастурхон солади.
Дунёда ўзбекнинг тўйичалик чиройли, гўзал тўй бўлмаса керак, фикримча. Совчиликдан бошланадиган бу тантана тўйдан олдинги ва кейинги урф-одат ва расм-русумлар, баъзан биз танқид қиладиган оворагарчилик ва дабдабага бой бўлса-да, ер юзидаги ҳеч бир халқда учрамаслиги аниқ.
Никоҳ тўйининг рамзи
Тўғри, ўнта одамни бир стол атрофига ўтқазиб, қадаҳ уриштириб икки соатда ўтадиган тўйлар ҳам кўп. Лекин бизники бошқача. Никоҳ оқшоми деганда ҳатто эллик йил бирга яшаб қўйган бобо-ю момоларимизнинг ҳам қалби бир энтикиб қўяди. Оналаримизнинг сочига оқ, юзига ажин тушса-да, чимилдиқда айтилган дил изҳорлари қулоқлари остида ширин тушдай хотира бўлиб шивирлайверади.
Давлатнинг ўз рамзи - герби ва байроғи бўлганидек, чимилдиқ никоҳ тўйларининг рамзига ўхшайди худди. Бошқа туркий халқларда қанақа аҳамиятга эгалигини билмадиму, аммо ўзбекнинг никоҳида бу одатнинг нуфузи баланд. Айримлар ҳақида "чимилдиқ кўрмаган" дея маломатли, тўғрироғи иснодли сўзларни ёки "чимилдиқ кўрмай кетди" деган афсусларни эшитиб қоламиз. Биринчисида ўз шаънини бўлғаган қизлар назарда тутилган бўлса, иккинчисида уйланиш насиб этмай бир сабаб билан эрта хазон бўлган йигитлар ҳақида гап боради. Шу икки иборадан ҳам чимилдиқ миллатимиз ҳаётида ор-номус, ғурур ва шаън, қадр-қиммат туйғуларига йўғрилиб кетганини сезиш мумкин.
Ўзингиз ўйланг, никоҳ тўйида биргина чимилдиқ билан боғлиқ қанча нозик расм-русумлар бор. "Оёқ босиш", "писта чақиш", "ширин чой ичиш", "ойна кўрсатиш" цингари сирли ва сеҳрли урфлар яна қайси элу элатда бўлиши мумкин.
Дунё гўзал, ранг-баранг ва қизиқарли бўлиши учун турфа мамлакатлар, миллатлар, дин ва тилларга бўлинганлиги шубҳасиз. Бўлмаса бир осмон остидаги бутун ер юзи халқларини бир миллат ва бир эътиқодга бўйсундириб қўйиш Аллоҳ таоло учун қийин эмас эди.
Ҳар бир онгли инсон ота-боболари дину диёнатига, урф-одат ва анъаналарига содиқ қолади. Ўз миллатининг гуллаб-яшнаши, равнақ топиши, ўзга халқлар ичида энг илғор ва пешқадами бўлиши учун ҳаракат қилади. Охир оқибатда ўзидан насл зурриёт қолдирадики, умр бўйи йиққан миллий, руҳий ва моддий-маънавий бойликларига муносиб меросхўр, шунингдек, бу хазинани кўпайтирувчи, ривожлантирувчи, уни янада бойитувчи бўлсин деб. Чунки, дунё азалий рақобат майдони. Ким кимдан ношуд, ожиз, нотавон бўлса у ўшанга тобе бўлади. Тобе одамнинг шахсияти, ўзлиги эса аста-секин ўлиб бораверади.
Муҳаббат ниқобидаги беҳаёлик
Талабалик йилларимизда айрим ўзига бино қўйган қизларнинг бири афғон, яна бири ҳатто қора танли бўлган чет эллик бой йигитлар билан "дўстлшганини" кўрганмиз. Муҳаббат ниқоби остидаги, аслида пул учун бўлган бу яқинликдан биз жирканардик, ўша ҳамюрт қизларимиздан нафратланганмиз. Ваҳоланки, бу атиги бир-икки йиллик муносабатлар эди холос.
Қонун бузилмаяпти, лекин...
Қайси қизнинг қай йигитга кўнгил қўйиши, қаерга турмушга чиқиши - бу унинг ихтиёри. Бу борада ҳеч қандай қонуний чеклов ҳам йўқ. Лекин ёзилмаган қонунлар бор... Миллий ғурур, ифтихор деган улуғ туйғуларни фақат қалбдан ҳис этиш керак. Ўзбек қизларининг Кореяга турмушга чиқаётганларидан яқинда ажаблангандик. Эндиликда бундай ҳолатни эшитавериб, қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди. Чамаси... кўникдик. Фақат охири бахайр бўлишидан умидвормиз.
Коллежлардан бирида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган танишим бир воқеани ҳам кулиб, ҳам афсус билан айтиб берди.
- Давлатобод даҳасида яшайман, - дейди у. - Кўп қаватли уйимизда Н исмли хулқи ҳавас қилиб бўлмайдиган қиз ота-онаси билан яшарди. Ғирт бекорчи бу қиз қачон қараманг бўяниб, ўтган-кетганга гап отиш, бемаза- чучмал музикаларни баланд қилиб қўйиб, асабларни эговлаш билан овора эди. Бир куни ишдан келаётсам йўлакда ўтирган қўшни аёллар Н нинг никоҳ тўйи бўлаётганини, мени ҳам кафега тўйга таклиф этганини айтишди. Хурсанд бўлдим, ўзидан тиниб-тинчиб кетсин илоҳим. Хайрият қулоғимиз тинчиб қоларкан, дедим. Ҳайрон бўлганим - Н Кореяга, корейс йигитга турмушга чиқаётган эмиш, қандайдир воситачилар кўмагида.
Куёв гангиб қолди
"Кўксу" ресторанида икки соатча 20-30 чоғли одам иштирокида тўй бўлди. Куёв ҳақиқатдан хам корейс, ёши тахминан 40-45 лар атрофида. Ўтиришдан сўнг келинни Тошкентга кузатиш чоғида Н нинг онаси фарёд солиб қолди:
- Войдод, менинг қизим чимилдиққа кирмай кетадими?
Аёллар куёв-келинни квартирага олиб келиб, хонанинг бир бурчагига чимилдиқ тутишга уринишди. Келинни киргизишди. Тил билмас куёвни туртиб-суртиб чимилдиққа киришга ундашди. Бечора ҳайрон: кўзи аланг- жаланг, нима дейишни, нима қилишни билмайди, ҳеч кимнинг сўзини тушунмайди. Бўлди кулги, бўлди томоша. Аммо бу кулгу қанчалар аччиқ эканлигини ўша ердагилар англамаётгани янада аламли эди.
Дунёдаги фан-техника тараққиёти мамлакатларни мамлакатлар билан, сарҳадларни сарҳадлар-ла, ҳаттоки, дилларни дилларга яқинлаштирди. Биргина параболик антенна орқали бутун жаҳон тасвири, воқеа-ҳодисалар кичкина хонадонингизда намоён. Компютерни пухта ўзлаштирган, тил билган, ўқимишли ўзбекойим қизлари дунёнинг нариги бурчагидаги ҳамфикр тенгдош йигитлар билан интернет орқали танишиб, дўстлашиб, севишиб турмушга чиқа бошладилар. Уларнинг аксарияти ривожланган мамлакат - жанубий Корея йигитлари эди. Шоҳидларнинг гувоҳлик беришича, буларнинг ҳаёти бирмунча мустаҳкам пойдевор асосига қурилган.
Ақлан, маънан ва жисмонан гўзал ўзбек қизлари бора-бора корейс йигитларининг қизиқишини орттирган. Ўзларида уйланиш, қиз танлашда кўплаб муаммоларга учраётган "Жун Санг"лар Ўзбекистоннинг сулувларига уйланиш ҳаракатига тушиб қолдилар. "Ҳам арзон, ҳам сифатли" дегандай...
Тез орада бу соҳада расмий-норасмий идоралар фаолияти ҳам бошланди. Интернет орқали суратлар юбориш, танишувлар йўлга қўйилади. Воситачилар ишга солинади. Ва бу ҳолат уч-тўрт йил ўтмай кенг ёйилди. Гўё у ёқда нақд жаннат ё олтин тоғ кутиб тургандай айрим қизлар, ёш жувонлар, ҳатто ота-оналар ҳам шошиб қолишди.
Мен қўрққан савол
- Бу каби воқеалар бизнинг туманимизда ҳам бўлиб турибди, -дейди Тошбулоқ саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, "Шуҳрат медали соҳибаси Муҳайёхон Эшонқулова. - Одатда бунақа тўйларга бизларни таклиф этишмайди. Орқаваротдан эшитиб қоламиз. Нафақат иқлими-ю шарт- шароити, балки тили, дини, миллати бутунлай бегона йигитга узатилаётган қизлар, уларга розилик бераётган ота-оналар фақат бугунги кунни - оёқлари остини ўйлашяпти. Орадан тўрт-беш йил ўтгач, ишончим комилки, улар адашганларини тан оладилар.
- Мен бир нарсадан қўрқаман, - сўзида давом этади Муҳайёхон. -Талабаларга тарих, ҳуқуқ, миллий истиқлол ғояси фанларидан сабоқ бераман. Уларга тинимсиз равишда ватанпарварлик, юртга садоқат, миллатга муҳаббат ҳақида гапираман. Бирор зийрак ўқувчим: "Опа, сиз шунақа дейсизу, нега фалончи, пистончилар Ватанимиздан узоққа, корейс йигитларига ихтиёрий равишда эрга тегиб кетяпти?" - деб савол бериб қолишидан хавотирдаман.
Муаллиманинг ташвишланиши бежиз эмас.
Масъул кишиларнинг фикрича, Кореяда ҳам ўзбекистонлик келинчакларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажрабди. Таҳлилларга кўра, Намангандан олиб кетилган қизлар бошқа вилоятлардаги келинларга қараганда ўзининг шарм-ҳаёси, одоби, тарбияси билан тарозини босиб кетибди. Шунга кўра, энди корейс жаноблар асосан Намангандан қиз ахтаришаётган эмиш. Бу эса - ҳам яхши, ҳам ёмон.
Бу орзуми ё хомхаёл?
Кўрганларимиз, эшитганларимиздан шундай хулоса қилиш мумкин. Хорижни ҳавас қилганлар ё муҳтож оиладан бўлган қизлар ёки "бахти" келишмай эрдан ажрашган, кўпроқ енгил йўлни танлаган ёш жувонлар. Биринчи ҳолат-ку тушунарли: чет элга бўлса-да, бели бақувват, бой йигитга тегиб, оиласидаги ночорликдан қутулиш.
Иккинчи ҳолат эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўз юртида бир йигитнинг этагидан маҳкам тутиб, сабр-тоқат қилиб ҳалол-пок ҳаёт кечиришга кўнмаган аёл олис ва бегона юртда ўзга дунё кишисининг кўнглини топиб, кўзига қараб яшай олармикан?!
Уларда осон эмас
Қолаверса, корейс халқи турмуш тарзи, ахлоқ-одоби меъёрлари, келинлик бурчлари бизникидан қаттиқроқ бўлса борки, асло енгил эмас. Корейс йигитлари аёл хиёнатини кечирмайдилар, ёлғонни ҳазм қилолмайдилар. "Нима қилиб бўлса-да, тегиб олиб, у ёғига ўзим билганимча яшайман" деган "афиристкалар" янглишадилар. Кўп ўтмай ўзларининг шармандалари чиқиб юрт, миллат шаънига салбий таассурот туғдирганлари қолади холос. Бунга мисоллар ҳам бор.
Урф-одат, турмуш тартибларида ҳам бутунлай биз учун бегона қоидаларга амал қилинади. Масалан, бизда таом еб бўлгач, кекириш ёмон одат ҳисобланмайди. Уларда эса аксинча, энг хунук одобсизлик белгиси бўлиб, дастурхон устида беихтиёр "ҳиқ" деб юборганни кетига тепиб ҳайдашдан ҳам тоймас эканлар.
Буёғи нима бўларкин?
Давлатобод даҳасида Дилноза исмли йигирма беш ёшли жувон билан танишдик. У шаҳар маҳалласида туғилиб ўсган. Бамаъни оилада улғайган. Мактабни тугатибоқ ота-она ихтиёри билан турмушга чиққан. Фарзанд кўрмаган. Ўзининг айтишича, қайнонаси кун бермагани сабаб ажрашиб кетган.
Ота уйига қайтиб келган қиз улар измига бўйсунмай қўяди. Аллакимларнинг таъсири, ўзининг "энгиллиги" боис "кўчага чиқиб кетади". Микрораёндаги кўп қаватли уйларнинг биридан паноҳ топади.
Дилноза ўзи, ота-онаси ҳақида гапиришни истамади. Кейинги ҳаёти ҳақида ҳам бировга "ҳисоб" бериш нияти йўқ.
Тошкентга борганида Юлдуз исмли аёл билан танишиб қолади. Юлдуз ўзига ёққан бир нечта қизларнинг, жумладан, Дилнозанинг ҳам суратини интернет орқали хорижга жўнатиб юборади. Кореядан жавоб келади. Дилнозани ёқтирган йигитнинг Тошкентга фалон куни келиши маълум этилади. Бу 33 ёшли, аввалги турмушидан ажрашган, қизнинг айтишича, банк бошлиғи (?) бўлиб ишлайдиган Ху Ван Сок экан.
Улар Тошкентда учрашишади. Йигитга қиз маъқул тушади. Қизга эса бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Таржимон орқали тил топишган келин- куёвлар уч кун ўтиб, ФҲДЁ бўлимида рўйхатдан ўтишади. Сўнгра Тошкентдаги ресторанлардан бирида 30 чоғли одам билан туйни нишонлашади.
Шундан сўнг келин-куёв тўрт кун меҳмонхонада яшашади. Кейин эса куёв Сеулга кетди, келин Наманганга қайтди. Орадан маълум муддат ўтгач келин виза билан у ёққа - Кореяга чақиртирилди. Бир ой яшаб, нимагадир яна ўз юртига қайтиб келди.
Дилноза бунинг боисини айтгиси келмади. Эрини, у ёқдаги шароитларни мақтайди. "Виза келса яна кетаман", - деяпти-ю ниманидир яшираётгани сезилиб турибди. Кўнглимиздан "Аҳмоққа Косон бир тош экан- да" деган нақл кечади, ойига Сеулга бориб келиш осон бўлмаса керак ахир? Ҳай, майли, буни вақт кўрсатади.
Тенги-тенги билан эмасми?
Расмий идораларнинг маълумотига қараганда 2006-2007 ва 2008 йилларда ўзбек қизларининг, жумладан наманганлик хонимчаларнинг Жанубий Кореяга турмушга чиқишлари авж олган. Узатилаётганларнинг 90-95 фоизи ҳали ҳаётни яхши билмаган ёш қизлар. Бир нарса кишини ташвишга солади. Қизларимизга харидор куёвларнинг ёши 35 - 50 ёшларгача...
Баъзиларнинг ёшларида худди ота-боладек тафовут бор. Савол туғилади: орадаги шунча фарқ билан икки инсон бир-бирини тушуниб умрбод турмуш қуриб кета олармикан? Дунёқарашларида ер билан осмонча айрилик бунга халал бермайдими? Мабодо, у ердан турмуши бузилиб келса, қизларимизга бу ерда ақли расо, тузукроқ эркак уйланармикан? Ўзбек ва корейс омухталигида бино бўлган фарзанд кимни кўпроқ тан олиб, қайси миллатга содиқ қоларкин? Бу каби саволларга тўрт-беш йилдан сўнг аниқ жавоб топиш мумкин Айтинг-айтинг, алланималарнинг иштаҳаси билан хорижлик куёвни кўнгли тусаган ҳамюртларимиз йиллар ўтиб афсус ва пушаймонлар алангасида ёнишмаса бўлди.
Авваллари кўп эшитардик. Бир қизнинг ўз қишлоғи ё шаҳри қолиб, нариги қишлоқ ё шаҳарга узатилиши ўша ерлик йигитларнинг ғурурига шикаст етказган. Тўйда куёвнавкарларни тузуккина сийлаб ҳам жўнатишган. Ёки водийлик талаба қизга гап отиб қолган жанублик йигит албатта сиқувга олинган, баъзан калтакланган ҳам...
Хўш, қўшниси, ҳамқишлоғи бўлган қизни жуда олис юртга, тили, дини, миллати бошқа одамга ихтиёрий тегиб кетаётганига бугунги йигитларимиз қандай муносабатда бўлмоқдалар? Ёки улар ҳам ўтакетган "демократ" бўлиб кетдиларми?
Нозимжон Жабборов, компютер мутахассиси: Шахсан мен бу қизларнинг тутган йўлини ёқламайман. Ҳозир билинмаслиги мумкин. Орадан йиллар ўтиб, ёши улғайганда она-юрт, туғишганлар соғинчи қаттиқ сезилади. Моддий жиҳатдан қанчалик тўкис яшамасин, соғинч дардига ҳеч нима малҳам бўлолмайди.
Яқинда Корея телевидениеси орқали худди шу мавзудаги бир кўрсатувни кўриб қолдим. Кореялик мухбир айнан наманганлик келин билан суҳбат қиляпти. Туғилган Ватани, ота-онаси, қариндошлари, болалиги, яхши кўрган таомлари ва бошқалар хусусида. Шундан сўнг қизга туғилган ва яшаган шаҳри, кўчалари, таниш, қадрдон жойлари акс этган видео тасвирни қўйиб берди. Қиз фақат йиғларди. Ваҳоланки, унинг ҳаёти ёмон эмас экан. Фақат бемисл соғинч, афсус ёшлари зоҳир эди унинг кўзларида.
Ёқубжон Қурбонов, тадбиркор: Ўзбекларнинг туркий халқлар билан қудалашуви тарихдан маълум. Уруш йилларида, кейинчалик ҳарбий хизматдан йигитларимизнинг баъзан рус қизларини олиб келиб уйланишига ҳам кўниккан эдик. Аммо айнан Кумушойим ворисларининг корейс йигитларини маъқул кўраётганлари кишини нафақат ажаблантиради, балки миллий, диний ғурурини камситади. Масалан, мен синглим ё қизимнинг ҳеч қачон шунақа олис мамлакатга турмушга чиқишига йўл қўймасдим. Бу борада ота-оналар, ака-опаларнинг ҳам масъулияти сусайганга ўхшайди.
Яна энг муҳими, Ватанга муҳаббат динга эътиқод цингари мустаҳкам, собит бўлиши зарур. Икковиси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ўзингиз ўйланг, корейс-ўзбек никоҳидан туғилган бола қайси динга эътиқод қилиши мумкин. Бу борада ота-она ўртасида ихтилоф чиқмайди, деб ким кафолат беради?!
* * *
Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Ватандан олисда Ватанга зорлик душманнинг ҳам бошига тушмасин.
Рислиқхон Мажнунова, журналист
Наманган шаҳри
П. С. Муаллиф жамиятимизда илдиз ота бошлаган жиддий муаммони қаламга олганлар. Масалани ҳар томонлама таҳлил этишга уринган ва бунга эриша олган куйинчак ижодкоримизнинг фикрларига қўшимча қилишни истардик. Аксарият ўзбек қизларининг бугун ўз миллатдошларини, диндошларини эмас, балки бошқа миллат ва ғайри дин вакилларини умр йўлдоши сифатида маъқул кўраётганлари чиндан ҳам оғриқли муаммо. Кимлардир буни – кўнгил иши, дер... Ватан ва миллат тушунчаларини англаб етмаганлик, ғофилликни сабаб билар. Бунинг ортида бой-бадавлат, бекаму-кўст яшаш истаги ҳам кўпроқдир, эҳтимол. Нима бўлганда ҳам ўзини, ўзлигини билган, англаган одам бундай хатоларга йўл қўймайди.
Дарвоқе, ижодкоримиз қаламга олганлари – мавзунинг диний томонини назардан қочирибдилар. Шариатга кўра, мусулмон эркаклар аҳли китоблардан – насроний ёки яҳудий динига мансуб аёлга (мажусий, бутпараст, оташпараст аёлларга эмас) уйланишлари мумкин. Аммо муслима аёлнинг бошқа динга мансуб кишига турмушга чиқиши мумкин эмас. Агар муслима аёлга уйланишни истаган эркак Исломни қабул қилса, шариатда бундай никоҳга рухсат берилган. Никоҳ остонасида турган қизларимиз ҳамда уларнинг ота-оналари буни назардан қочирмасалар ва дин уламолари мазкур мавзуга ўз муносабатларини билдирсалар айни муддао бўларди.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 759 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар