1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

ОИША ТУРМУШГА ЧИҚҚАН ПАЙТДА НЕЧА ЁШДА ЭДИ?

            Машҳур муҳаддисларнинг ҳадис китобларида,  хусусан Бухорий, Муслим, Насаий, Ибн Можа ва бошқа ҳадис тўпламларида ҳамда Табарий каби баъзи тарихчиларнинг китобларида Оиша розияллоҳу анҳо Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга никоҳланган пайтида 6 ёшда, у зотнинг уйларига кўчиб келганда эса 9 ёшда эканлиги тўғрисида ишончли ровийлар силсиласи ва бошқа кўрсаткичлари билан саҳиҳ ривоятлар келтирилган.[1]

            Шундай бўлишига қарамай, бу ҳақдаги маълумотларни ва мазкур ҳадис тўпламларидаги бошқа саҳиҳ ривоятларга тегишли саналарни хронологик тарзда ўрганадиган бўлсак, ихтилофга дуч келамиз. Ўрганилган маълумотларни ҳисобга олсак, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз турмуш қурганларида ёшлари анча катта экани маълум бўлади. Унинг ёши 12-13, 17 ҳатто 27 ёш эканини кўрамиз.

Ибн Ҳишом ва бошқа баъзи тарихчилар Оиша розияллоҳу анҳони Исломни илк қабул қилганлардан эканини айтишган, демак турмуш қураётганида ёшлари 15 ёш бўлганлар.[2] Бундан ташқари, баъзи тарихчи ва тадқиқотчилар Пайғамбаримиз солллоҳу алайҳи васаллам совчи қўйишларидан олдин онамизга Жубайр ибн Мутъим ҳам совчи қўйганликлари зикр қилинади. Ўшанда ёшлари 17 ёшда эди.[3]

Бухорий ва Муслимларнинг ҳадис тўпламларида Оиша онамиздан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Мен Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга Маккада Қамар сурасидан оятлар нозил бўлганида кўчада ўйнайдиган бола эдим”. Мазкур оят пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Макка даврининг тўртинчи йили нозил бўлган эди. Яъни 4-5 ёшлик бола кўчада ўйнаши мумкин. Демак, 614 йил (пайғамбарликнинг 4 йили) Оиша онамизнинг ёшлари 5-6 да бўлган. Пайғамбаримиз Оиша розияллоҳу анҳо онамизга 620 йил уйланган ва яна икки йил ўтиб эрларининг уйларига кўчиб ўтганлар. Демак, 622 йилда Оиша онамизнинг ёшлари 13-14 та бўлганлар.

Жубайр ибн Мутъим билан бўлган воқеа ҳам диққатга сазавор. Унинг отаси Оишага совчи қўяди, аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгани маълум бўлгач аҳдидан қайтади. Бу воқеалар мусулмонларнинг Каъба олдида биринчи чиқишларидан  сўнг, яъни рисолатнинг учинчи йили, 613 йилда бўлган. Яна савол туғилади, агар шундай бўлган тақдирда ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг 622 йили Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам уйларига кўчиб ўтганларида ёшлари қанчада бўлиши керак эди. Агар ўшанда ёшлари бешда бўлган бўлсалар ҳам кўчиб ўтганларида ёшлари ҳеч ҳам тўқизда бўлиши мумкин эмас эди.

Шундай қилиб, Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ёшлари ҳақида ихтилоф ва баҳс борлиги ҳақида шак-шубҳа йўқ. Ҳеч ким аниқ-тиниқ қилиб, Оиша онамизнинг ёшлари тўққизда бўлган деб узил-кесил айта олмайди, ҳатто Бухорий ва Муслим ривоятларидан олинган маълумотлар бўлса ҳам, чунки бу Бухорий ва Муслимда келган бошқа ривоятларга хилоф келмоқда.

            Мусулмон уламолари бирон бир ҳадис ёки ривоятни ташлаб юбормаганлар. Одатда барчалари қабул қилинади. Бухорий тўпламими ёки Табарий ёки бошқаларнинг китобими фарқи йўқ. Фақат ҳадислар яхшилаб ўрганилади (текширилади), ровийларнинг ишончлилиги, санадлари, Қуръон оятлари ёки бошқа ҳадисларга хилоф қилиши ёки қилмаслиги аниқланади. Агар ҳадис саҳиҳ, деб билинса, у Бухорийдами ёки бошқа китобларда ривоят қилинадими, фарқи йўқ қабул қилинади. Агар қандайдир иллат топилса, барибир ташлаб юборилмайди, маълумот учун туради. Аксар фақиҳлар заиф ҳадислардан, айниқса, ақидавий масалаларда ҳукм олинмаслигини айтишади.

Биз ўрганаётган масала айнан шудир. Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг турмушга чиққанларида ёшлари тўққизда бўлганлиги ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ бўлиб, Бухорий, Муслим, Насаий, ибн Можа каби муҳаддислар китобида ривоят қилинган бўлса ҳам, бу масала хронологик тарзда синчиклаб ўрганилганда, бошқа, хусусан, Бухорийдаги ривоятларга хилоф жойи бор. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз турмуш қурганларида ёшлари тўққизда бўлган деб аниқ айтиб бўлмайди (инкор қилиб ҳам бўлмайди, чунки бу ҳақида саҳиҳ ҳадислар ҳам бор).

(расмни босинг)

 

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳаётларини реконструкция қилишдаги ишончли тарихий маълумотлар[4]

1.      Оиша розияллоҳу анҳонинг опачаси Асмо розияллоҳу анҳо ундан 10 ёш катта бўлган.[5] Асмо 73 ҳижрий санада вафот этган, ўшанда у исломий тақвим бўйича 100 ёшда эди. Исломий тақвимда йил 355 кунга тенг бўлган, у милоднинг 693 йилида шамсий йил ҳисоби бўйича 98 ёшида вафот этган. Бу ҳодиса ҳижратнинг 71 йилида содир бўлган (622 милодий йил). Ҳисоб қилиб кўрсак, Асмо розияллоҳу анҳонинг туғилган йили милоднинг 595 йилига тўғри келади, демак Оиша розияллоҳу анҳонинг таваллуд санаси милоднинг 605 йилига тўғри келади. Оиша розияллоҳу анҳонинг отаси Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тўртта фарзандларининг ҳаммаси жоҳилия даврида, яъни 610 йилгача туғилган.  Шундан келиб чиқиб, агар Оиша розияллоҳу анҳо никоҳланган пайтда 9 ёшда бўлган деб тахмин қилинса, унда унинг туғилган йили 615 йилга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан камида 5 йил ўтганидан кейинги йилга тўғри келиши керак. Бироқ бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фарзандлари ҳақида хабар қилинган маълумотларга, ҳамда юқоридаги ҳисоб-китобларга тўғри келмайди. Демак, Оиша розияллоҳу анҳо никоҳланган пайтда камида 15 ёшда ва балки ундан ҳам каттароқ бўлган.

2.      Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ҳижратнинг иккинчи йилида, яъни милоднинг 624 йилида уйланганлар. Бундан кўп ўтмай Оиша розияллоҳу анҳога 625 йилдаги Уҳуд ғазотида иштирок этишга рухсат берилган. Ўша пайтда 15 ёшга етмаган ёшлар ғазотда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди. Демак, Оиша розияллоҳу анҳо ўша пайтда кам деганда 15 ёшда бўлган. Оиша розияллоҳу анҳо Исломга Умар ибн Ҳаттобдан олдин, Рисолат тушган дастлабки йилларда, тахминан 610 йилда кирган. Бунинг учун у ҳеч бўлмаса юра олиши ва гапиришни билиши керак эди. Бунинг учун камида 3 ёш бўлиши керак. Бунақада 624 йилда у 17 ёшга кирган бўлади. Ёки бўлмаса, Исломда инсон Шариат аҳкомларини бажаридиган болиғ бўлиш учун 7 ёш деб олинса, унда никоҳланган пайтда 21 ёшга тўғри келади.[6]

3.      Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзи ривоят қилишича, Қуръоннинг 54-сураси (“Ал-Қамар”) нозил бўлган йилда у “ёш қиз” бўлган. Қуръоннинг 54-сураси ҳижратдан 9 йил олдин, яъни 613 йилда нозил бўлган. Ўзини “ёш қиз” деб аташ учун у 7 билан 13 ёш ўртасида бўлиши керак эди. Юқорида келтирилган таваллуд санасидан келиб чиққан ҳолда ўшанда у 8 ёшда бўлган, дея хулоса қилиш мумкин ва бу бизнинг ҳисобларимизга айнан мос келади. Ва аксинча, агар 624 йилда у 9 ёшда никоҳланган деб ҳисобланса, унда 613 йилда ҳали туғилмаган бўлиб чиқади ва унинг ўзи гапирган гапларни йўққа чиқариб қўяди.

Юқорида келтирилган маълумотлар ва рақамлар Оиша онамизнинг Пайғамбаримизга никоҳланган пайтда камида 19 ёшда бўлганининг (эҳтимол 21 ёш) ёрқин исботи бўла олади.

Нима бўлган тақдирда ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга дўстликлари ҳурмати учун шахсан ўз қизларини никоҳлаб берганлар. Бунда ҳеч қандай мажбурлаш бўлмаган. Чунки ҳеч қайси ота ўз қизига ёмонликни раво кўрмайди.

            Энг қизиғи, исломнинг илк танқидчилари (аввалги яҳудий ва насронийлар ҳам) пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни тўққиз ёшар қизга уйланганликлари билан айблаган эмаслар. Демак, ўша вақтда бундай никоҳлар ўша жамиятлар учун нормал ҳисобланган ёки Оиша онамизнинг ўша ёшдан катта эканликлари ҳақида қандайдир маълумотлари бўлган. Агар бунинг акси бўлганида эди, ўша давр дин душманлари бу нарсага қаттиқ ёпишиб олган ва Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ озор беришда буни қурол қилиб олган бўларди. Орадан қанча асрлар ўтиб, Европада замонавий фикрлаш стандартлари шаклланиб бўлгач, бундан Исломга қарши тош отиш омили сифатида фойдаланадиган бўлишди.

Мусулмон уламолари Оиша онамизнинг ёшлари тўққизда бўлган тақдирда ҳам бунинг ёмон жойи йўқ эканини айтишади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “Минг беш юз йил олдинги ҳолат билан бугунги ҳолатни тенглаштириш мумкин эмас. Ўша пайтда ёш қизларга уйланиш ҳамма халқларда бўлган. Иссиқ ўлкаларда қизлар эрта балоғатга етганлар. Уларда қизлар тўққиз ёшда вояга етган. Ҳозир сизга мазкур таънани айтганлар қавмида ёш қизларни никоҳга олиш бўлмаса ҳам, улар ила зино қилиш кенг тарқалганлиги ҳаммага маълум” деганлар роҳимаҳуллоҳ.[7]

Насронийларнинг ривоятларига кўра, Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям ўғилларини туққанларида ёшлари 12 да бўлган экан.

Умуман олганда қадимги жамиятларда эрта никоҳлар одатий ҳол бўлган, айб саналмаган. Ўрта асрлар Европасида ҳам бундай никоҳлар одатий бўлган

            Энг асосий нарса Оиша розияллоҳу анҳо ўз никоҳларида бахтли эдилар, турмуш қураётган вақтда ҳам ундан кейин ҳам қаршилик кўрсатмаганлар, бутун умрлари давомида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам тўғриларида ўзлари учун энг муҳтарам ва севикли инсон сифатида гапириб келганлар.[8]

 

Давоми бор...



[1] Canan İ. Kütüb-i Sitte muhtasari. C. 15. Ankara: Akcağ yayınları, 1995, s. 486.

[2] Şakir M. Hz. Ademden bugüne kadar İslam tarihi. C. 2. İstanbul: Kahraman yayınları, 1993, s.153.

[3] “Жуда кўп тарихий солномалар Оиша онамизнинг опачалари Асмо ҳақида маълумотларни беради. Асмо розиллоҳу анҳо ҳижрий 73 йил 100 ёшларида вафот қилганлар. Демак, ҳижрта вақтларида унинг ёши 27 та бўлган. Оиша онамиз эса, опачаларидан 10 ёш кичик эдилар. Бу эса ўз навбатида оиша Онамизнинг турмуш қурган вақтларида ёшлари 17 да бўлганига далолат қилади. (Bərki A. H., Kəskioğlu O. Xatəmül-Ənbiyya Məhəmməd ve həyatı. Ankara: 1993, s. 211).

[4] Ислам-Тудей.Ру

[5] "Мишкот" муаллифи бундай дейди: "Ҳазрат Оишанинг опалари Асмо ҳижрат асносида йигирма етти ёшда эди. Оишадан ўн ёш катта эди. Асмодан ўн ёш кичик бўлганларига кўра, ҳазрат Оиша ҳижратда 17 ёшда бўлганлар". "Асри Саодат", 2-жилд, 1010-бет.

[6] Расули акрамга пайғамбарлик келмасидан тўрт йил аввал Маккада туғилганлар. Ҳижратнинг эллик саккизинчи санаси (м. 77) Мадинада вафот этганлар. Васиятларига биноан "Жаннатулбоқиъ"да кечки пайт дафн этилдилар. 74 ёшда эдилар. Жаноза намозларини Марвон замонида Мадина волийси бўлган Абу Ҳурайра ўқиб берди. Пайғамбарлик даврининг ўн учинчи йили ҳазрат Оиша 14 ёшларида Расули акрамга фотиҳаландилар. Уч йилдан кейин Мадинага ҳижрат қилдилар. Илк ҳижрат йили - Пайғамбаримизга турмушга чиққанларида 18 ёшда эдилар. Муҳаммад Зако Кўнрапа. Муҳаммад ва Ислом тарихи

[7] Саволлар.Ислом.Уз

[8] Ойдин Али-зода, Али Вячеслав Полосинларнинг "ИСЛАМСКАЯ АПОЛОГЕТИКА. ОТВЕТЫ КРИТИКАМ  ИСЛАМА" китобидан 

Абу Муслим тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 848 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ