1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муслималарга қарши уруш

Ислом лашкари ўрта ер денгизи мамлакатларини фатҳ қилган кун буюк ва бахтли кун бўлди. Мусулмонларнинг шодликдан кўзлари ёшларга тўлди. Аллоҳ уларга кутмаган жойларидан нусрат ва ғалаб насиб этган эди..
Бироқ, Ислом лашкари хурсанд бўлаётган бир пайтда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири Абу Дардо розияллоҳу анҳу аччиқ кўз ёши тўкардилар. Одамлар у зотнинг олдиларига келиб «Эй Абу Дардо! Нима учун йиғлайсиз? Аллоҳ бизга нусрат берди. Аллоҳ бизга янги ерларни фатҳ қилиб берди!» дейишди. Абу Дардо шундай жавоб бердилар: «Бу кишилар Аллоҳга осий бўлдилар, шунинг учун Аллоҳ бизни улардан устун қилди. Лекин мен қўрқаманки, бир кун келиб, биз ҳам Аллоҳга осий бўлсак, Аллоҳ уларни биздан устун қилиши мумкин!».
Афсуски, ўша кун келди. Эй иймон келтирганлар! Бугунги кунда мусулмонлар икки йўл олдида туриб қолдилар. Тарихда бундай зиддиятлар бир неча марта содир бўлган: шундай қудратли уммат, шундай салоҳият, шунча ёш, бақувват, чиниққан эркаклар, оқила, кучли аёллар бўла туриб, барибир… шу қадар мағлубият, шу қадар ҳақорат…
Уммат ўсмоқда, биз олға қадам ташлаяпмиз, шунинг учун ҳам кўпчилик бу зиддиятни тушуна олмайди. Бизга холис таҳлил керак. Келинг, очиқчасига гаплашайлик. Мен ҳозир ислом олими сифатида эмас, бирор бир ҳаракатнинг раҳбари ёки муфтий сифатида эмас, балки Исломга кирганига 20 йил бўлган, реал муаммоларни кўриб турган, улар билан бирга яшаётган оддий биродарингиз сифатида гапирмоқчиман.

Тарихга назар солиб, мусулмонларнинг бугунги аҳволига бир қарайлик. Мен нажотнинг Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзларида кўраман: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга бўйсунинглар ва тўғри сўзланглар. У амалларингизни тўғрилайди ва хатоларингизни кечиради. Ва Аллоҳга ва Унинг Росулига иймон келтирганлар синовга дучор қилинадилар».

Мен Сизга ақлим билан эмас, қалбим билан мурожаат қиламан. Келинг, мансаб, лавозимга қараб эмас, биродарлардек, ака-сингиллардек, бир оиланинг фарзандларидек суҳбат қилайлик.
Ҳозир ажабланарли бир ҳодисани кузатиш мумкин. Баъзи ҳолларда мусулмонлар маълум вақт давомида ғалаба қозонмоқдалар. Бироқ, ҳамма гап ғалабадан кейин нима қилиш кераклигида экан (биз бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришимиз керак). Душман мағлуб бўлгач, биз ўз-ўзимиз билан ёлғиз қоляпмиз. Ана шунда ҳақиқий уруш бошланяпти.
Ғарб матбуоти ва тарих дарсликлари Ислом ва унга эргашганларни душман билиб, уларга тез-тез ҳужум қилиб турса ҳам, фитналар чиқариб, цивилизацияларни бир-бирига гиж-гижлаб турса ҳам, улар бутун кучларини муслима аёларга қаратиб, ҳижобда юрганлари учун уларга тажовуз қилсалар ҳам, мен аниқ ишонаманки, биз аввал айбни ўзимиздан, ички дунёмиздан қидиришимиз лозим.
Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: «Ўзингиз ўзгармагунингизча, Аллоҳ Таоло сизларни ҳаргиз ўзгартирмайди».
Бир пайтлар Аллоҳ Таоло бизга нусрат, куч-қувват берган, бизни заифларнинг ҳомийси қилган эди, биз эса зиммамиздаги мажбуриятларни унутиб қўйдик. Шунинг учун бизнинг муваффақиятимиз роҳат ўрнига ғам-алам олиб келди. Шунинг учун ҳам биз қалбимизга назар солишимиз лозим. Мен бугун пардаларни бироз очиб, ижозатингиз билан хонадонингизга, шахсий ҳаётимизга - Исломда эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар назар солмоқчиман, чунки оила – Исломнинг асосидир. Агар бизнинг уйимиз, масжидларни қўллаб-қувватлаб турувчи, жамоатимизниг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган уйимиз мустаҳкам бўлмаса, демак келажагимиз ҳам йўқдир.
Агар оила кучли бўлмаса, фарзандлар ҳам кучли бўлмайдилар. Агар фарзандлар кучли бўлмасалар, келгусида бизда яхши раҳбарлар етишиб чиқмайди.
Энди бир нарсани очиқчасига тан олайлик. Биз Аллоҳни унутиб қўйдик!
Бир мусулмон мамлакатда сафарда бўлдим (қайси мамлакатлигини айтмайман). Менга диндошларим ҳамроҳ бўлишди.
Бир куни бир мадрасанинг олдидан ўтиб қолдик. Мен талабаларнинг Қуръон ўқишни, тафсир ва ҳадисларни ўрганаётганларини кўриб, ёнимдагилардан сўрадим: «Бу ерда кимлар ўқийди?» Улар «Ўғил болалар» дейишди.
- Қизлар учун ҳам мактаблар борми? – сўрадим мен.
- Э йўқ, йўқ, Абдуллоҳ биродарим! Улар қанчалик кўп билса, бошимизда шунча кўп муаммо бўлади!
Улар менга шундай жавоб беришди. Тўхтанг! Бу қандай дин ўзи? Нималар деяпсиз ахир!?
Аллоҳ Таоло бизга ҳар доим «Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилади. Менинг фикримча, бу ерда эркаклар ҳам, аёллар ҳам назарда тутилади. Ҳар қандай оят ва ҳадис эркакларга ҳам, аёлларга ҳам тааллуқли бўлади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Илм талаб қилиш фарздир» деб марҳамат қилганларида муслимларни ҳам, муслималарни ҳам назарда тутганлар.
Бу қандай дин ўзи? Ойиша онамиз розияллоҳу анҳа, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари 2210 та ҳадис ривоят қилганлар. Шунингдек, бу зоти муҳтарама ўша пайтнинг етук олималаридан бири бўлганлар. Буюк саҳобаи киромлар ҳам Ойиша онамиз розияллоҳу анҳадан савол ва маслаҳат сўраб турганлар.
Машҳур ровий Ибн Асокир мўътабар алломалар сифатида 80 та аёлни санаб кўрсатганлар. Имом Ас-Суютий ҳазратлари ҳам бир неча аёлларни билимлар занжирининг эътиборли бўғинларидан деб билганлар, уларга мурожаат қилиб турганлар, баъзиларини эса ҳатто ҳадис ва тафсир илмида ўзларидан устун кўрганлар. Фотима бинти Молик ибн Анас розияллоҳу анҳа ҳам машҳур арбоб бўлганлар. Бу рўйхатни тўхтамай давом эттиравериш мумкин…
Ислом инсонни юксалтиради. Мусулмонларнинг биринчи, иккинчи ва учинчи авлодида шундай бўлди. Ислом ҳаққи, айтинг-чи, нима учун биз бугунги кунга келиб билан инсонларни паст кўряпмиз? Биз Аллоҳни унутиб қўйдик!
Бир мусулмон мамлакатида аёллар шундай дейдилар (қайси мамлакатлигини айтмайман, бир халқ бошқасига душман бўлиб қолмасин): «Бизга агар эринг уриб турмаса, Жаннатга кирмайсан, деб ўргатишган».
Бу қандай дин ўзи? Сиз қайси суннатни айтяпсиз? Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаи мутоҳҳараларини бирор марта урмаганлар. Ўз яқинларингизни, оила аъзоларингизни қандай қилиб хорлаш, ҳақоратлаш, уриш мумкин? Қандай қилиб? Ислом ҳаққи, Аллоҳдан қўрқаман, деб турган эр қандай қилиб аёл кишини уриши мумкин?
Ҳа, Қуръонда, «Нисо» сурасида Аллоҳнинг қонунларини бузган, ҳаддидан ошган аёл кишини енгил шапатилаб қўйиш мумкин, деган маънодаги ояти карима бор, бунга шубҳа йўқ. Бироқ, бунгача аёлга насиҳат қилиш, ундан алоҳида ётиш, икки томондаги қариндошларни чақириб, маслаҳат бериш керак-ку! Шундан кейингина енгил шапати уришга рухсат берилади. Бироқ, муҳтарам эркаклар, айтинг-чи, орангизда жаҳл устида фақат енгил шапати уриб қўя оладиганлар борми?
Келинг, биродарлар, ҳақиқатнинг кўзига тик қарайлик. Мен бу саволни ўзимга ҳам бераман. Қайси биримиз жаҳл отига миниб турган пайтда енгил шапати бера оламиз? Масалан, рўмолча ёки мисвок билан… Йўқ, кўпчилик биродарларимиз нақ Майк Тайсон бўлиб кетадилар. Бироқ, бу Исломга ёт ва зид нарсадир.
Мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, чўчқа гўшти ейдиган Исломнинг душманлари қандай қилиб бизни енга олдилар, биздан устун бўла олдилар? Исломдаман, деб юрганларга нима бўлган ўзи? Бунинг замирида қандай сир бор? Биз қандай дуоибадга учрадик ўзи?
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар» деб марҳамат қилганлар. Мазлум кишининг дуоси билан Аллоҳ Таолонинг ўртасида парда бўлмайди. Агар аёл зулмга учраса, йиғлаб, қўлларини кўтариб, Аллоҳга ёлворса ва бизни, мени ёки сизни қарғаса, тамом бўлдик, биродарлар. Шўримиз қурийди… Биз Аллоҳни унутиб қўйдик!
Мен бир неча йил Канадада худди бу ерда, Австралиядаги сизникига ўхшаш бир жамоатга имом бўлдим ва жиддий муаммоларимиз борлигини кўрдим. Пардалар кўтарилгач эса, унинг ортида нималар борлиги кўринди. Биз уйларимизда аслида нималар содир бўлаётганлигини кўрдик. Биз Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолони унутиб қўйибмиз!
Бизнинг жамоатларда муаллақа деб аталадиган ҳодиса ҳам учраб турар экан, бунда аёл ё оилали бўлмай, ё эридан ажрала олмай, аросатда қолиб кетади. Афсуски, бу нарса кўп учрар экан. Масалан, эр уйдан кетади, хотинини хафа қилади, зиммасидаги нафақаларни адо этмайди (аёлни уй-жой, озиқ-овқат, кийим-бош ва шу кабилар билан таъминламайди), яна бунинг устига «Мен энди уни боқмайман, лекин талоғини ҳам бермайман» дейди. Хўш, бу бечора аёл энди қиёматгача ана шундай аросатда юравериши керакми?
Бу нарса қаердан пайдо бўлди? Мен буни суриштириб, аниқладим. Очиқчасига айтадиган бўлсам, ортодоксал яҳудийларда шундай нарса бор экан – эркак киши никоҳни бекор қилувчи сўзни айтмагунча аёл ўз ихтиёри билан никоҳдан чиқа олмас экан. Вазият қандай бўлса ҳам, эркак киши нима қилса ҳам, у ҳақми, ноҳақми, барибир бу сўзни фақат эркак киши айтиши мумкин экан.
Бу ғоя қандайдир йўл билан бизнинг миямизга ўрнашиб қолибди. Кўпчилик эркаклар никоҳ фақат эрнинг талоқ айтиши билангина бекор бўлади, деб ўйлайдилар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган қоидаларга кўра, аёл киши ҳам ўз ихтиёри билан никоҳдан чиқиши мумкин. Барча фиқҳ олимлари суннатда очиқ-ойдин кўрсатиб берилган бу масала бўйича иттифоқ қилганлар.
Бу «талоқ» сўзи… Бу сўз баъзан оғзимизнинг бир четидан чиқиб кетади. Эрлар жаҳл устида «Талоқсан, талоқсан…» дейдилар… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни эшитсалар, ғазаблари келар эди. Агар Сиз бу сўзни кўп айтсангиз, демак жоҳилият даврининг, илмсизлик, жоҳиллик даврининг одами экансиз.
Талоқ – бу жуда жиддий сўздир. Ҳатто Сиз уни ҳазиллашиб айтсангиз ҳам! Бу билан ўйнашиб бўлмайди. Бироқ, бу сўзни аёлларни қўрқувда тутиб туриш учун, уларни шантаж қилиш учун айтаверамиз. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деган эдилар:  «Биз жоҳилиятда эдик. Аллоҳ Таолонинг бизга юборган нарсаси очилмагунча, Аллоҳ бизга уни тақсимламагунча, биз аёлларга ҳеч қандай ҳуқуқ бермас эдик».
Исломнинг дастлабки вазифаси – инсонларни озодликка, ҳурликка чиқариш эди. Аёлларга нисбатан эса: ҳеч бир мафкура, ҳеч бир сиёсий ҳаракат, ҳеч бир армия, ҳеч бир цивилизация, ҳеч бир маданият аёлларга Ислом берган ҳуқуқларни бермаган эди.
Аёллар тириклай кўмилар, эндигина туғилган қизчалар ўлдириб юборилар эди. Барча жамиятларда, шу жумладан Европада ҳам аёлларда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ йўқ эди. Улар чўри эдилар, бозорларда сотилар, сотиб олинар эдилар. Улар ҳақсиз эдилар, ўлиб кетаверар эдилар. Бироқ, Ислом келгач, аёллар қонуний ҳуқуқларга эга бўлдилар.
Эркакларга ёқса-ёқмаса, аёлда ҳам қалб, руҳ борлиги очиқдан-очиқ эълон қилинди.
Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: «Ҳар бир нафс ўз амаллари учун масъулдир»
Кўпчилик ҳайрон қолса керак, лекин насроний черкови йигирманчи асрда ўртага шундай савол ташлаган эди: «Аёлда қалб борми?». Бу саволга ҳамма ҳам ижобий жавоб бера олмаган.
Ислом аёлга мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини ҳам берди. Аёл ўз мол-мулкига эгалик қилиши мумкин. Шунингдек, никоҳда куёв келинга берадиган тўй совғаси – маҳр ҳам маълум бир қийматга эга бўлиши шарт қилиб қўйилди. Маҳр рамзий ёки оддий совға эмас, келиннинг отасига бериладиган пора ҳам эмас. Маҳр – аёлнинг қонуний мулкидир. Бу ҳуқуқни аёлга Ислом берган экан, уни ҳеч ким бекор қила олмайди. Масалан, аёл киши банкда ўз ҳисобини очиш ҳуқуқига эгадир ва ҳоказо.
Ҳайронмисиз, биродарлар? «О, севгилим, ақллигим, пулларни менинг ҳисобига ўтказиб қўй!» Ээээ, йўқ! Аёлингизнинг ўз ҳисоб рақамини очишга ҳаққи бор. Баъзилар эса буни билмайдилар.
Аёл қандайдир ишларни мустақил олиб бориш ҳуқуқига ҳам эгадир. Ва агар, Аллоҳ асрасин, бирор кор-ҳол юз берса, ёки никоҳ бузилса, аёлга тегишли мол-мулк унга иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишга имкон беради, яъни аёл батамом эрига қарам бўлиб қолмайди. Ислом Европадаги озодлик ҳаракатидан анча аввал аёлларга ана шундай ҳуқуқлар берган эди.
Шунингдек, никоҳланаётган аёл эрининг исми-шарифини олишга ҳам мажбур эмас. Унинг ўз ота-онаси бор.
Икки шахс, икки тенг ҳуқуқли томон никоҳдан ўтади. Эр-хотин дегани кўпчилик тушунгандек, хўжайин ва қул эмас, балки икки ҳамкор бўлиши, бир-бирини тўлдириши, бир-бирига қарши курашмаслиги, адоватда бўлмаслиги лозим. Бироқ, биз Аллоҳни унутиб қўйганмиз!
Ҳатто исломий ҳаракатларда ҳам қуйидаги ҳолатлар кузатилмоқда: кўпчилик эркаклар Исломга қанчалик кўп амал қилинса, аёлни шунчалик кўпроқ бўйсундириш, уйга қамаш, оғзини очирмай қўйиш, танбеҳ бериш, унинг ақл-заковатини ва ташаббусларини жиловлаб қўйиш керак деб тушунадилар. Улар буни Исломдан деб биладилар. Мен эркаклар билан аёлларни тенг кўришни назарда тутмаяпман, бу нарса Исломда табиий ҳол. Мен кўпчилик билган бошқа нарсаларни назарда тутяпман.
Бироқ Аллоҳ Таоло аёлга таълим олиш ҳуқуқини берди. Бу ҳуқуқни уларга биз берганимиз йўқ!
Энди эса келиб чиқиши африкалик бўлган америкаликлар ўртасида, шунингдек, уларнинг ичида юрган ва Исломни қабул қилаётганларнинг аҳволини бир кўриб қўйинг. Аёллар қуллик даврида оиланинг маркази бўлганлар.
Уларнинг кўпчилиги ўз оталарини эслай олмайдилар, чунки қулдорлик тузумида эркаклар кўп нобуд бўлар, оқибатда улар ичкиликка берилиб, ўлиб кетар эдилар.
Буни қарангки, инсон Исломни қабул қилади, сўнг эса нима учундир хотинини ҳақоратлашга тушади, ваҳоланки унга барча қонун-қоидаларни ўша аёл ўргатган бўлади.
Хўш, нима учун энди Исломга кирганингизда аёлни паст кўрасиз? Ислом бизга буни ўргатмайди, чунки Ислом – инсоннинг ҳурриятидир. Биз ягона Аллоҳнинг қуллари, унинг хизматкорларимиз, бизни бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳақоратлаши керак эмас.
Энди эса эркак ва аёлнинг ўртасидаги тафовут концепциясини таҳлил қилиб кўрайлик. Мен тўғридан-тўғри гапираман.
Бизга нима бўляпти ўзи? Баъзан, фуқаролар ўртасида иккинчи табақани ҳам ҳосил қилиб қўямиз. Агар биринчи табақани бир томонга, иккинчи табақани иккинчи томонга ажратиладиган бўлса, бу исломий тақсимот эмас.
Биз, эркаклар ва аёллар, Аллоҳнинг каломини баравар тинглаймиз. Биз Исломнинг ҳамма жиҳатларини баравар ўрганамиз. Мана шу исломий концепция бўлади.
Кўпинча, илмий анжуманларда мусулмон биродарларимиз фиқҳ, ақида, тафсирни муҳокама қиладилар, Ислом тарихи ҳақида сўз юритадилар. Муслима биродарларимиз тўпланишганда эса «Овқатни ким пиширади?», «Эркак ва аёлларнинг мажбуриятлари нима?» деган масалаларни муҳокама қиладилар. Эътибор беринг: аёлларнинг ҳуқуқлари эмас, мажбуриятлари! Яна бу йигирма биринчи асрда!
Кўпчилик мамлакатларда масжидларга кирсангиз, эркаклар томонда тоза гиламлар тўшалган, ҳаммаёқ саранжом-саришта, аёллар томонда эса қурт-қумурсқалар ўрмалайди, том қулаб тушай деб туриган бўлади.
Бир куни Марокашга бордим. Менга ёққан нарса шу бўлдики, аёллар учун ҳам эркакларникига ўхшаган таҳоратхона қилиб қўйилибди. Аёлларга алоҳида хона қилиб, бемалол намоз ўқишлари учун шароит қилиб қўйилибди. Уларга уйда бўлмаган пайтларида Аллоҳ Таолога ибодат қилишга имконият яратиб қўйилибди. Хуллас, биз назарда тутаётган ажратиш чеклаб қўйишга (изоляцияга) айланиб қолмаслиги керак. Бу нарсаларнинг катта фарқи бор.
Келинг, биз дуч келган бу муаммони, бу инқирозни виждонан кўриб чиқайлик. Келинг, холис бўлайлик. Ахир, биз жамиятни ўзгартиришимиз мумкин. Агар аёл маълумотли бўлса, демак бутун оила ҳам маълумотли бўлади. Агар эркак маълумотли бўлса, унинг ёлғиз ўзигина маълумотли бўлиб қолаверади. Агар она Ислом ҳақида ҳеч нарса билмаса, болалар Исломга қандай меҳр қўядилар?
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга маълум бир ҳуқуқлар бердилар. Биз уларни ана шу ҳуқуқлардан маҳрум қила оламизми?
Биринчидан, биз ҳаммамиз, ҳар биримиз тақво даражамизни юксалтиришимиз керак. Айниқса, эркак биродарлар. Мен буни самимий айтаман, чунки елкамизда улкан синов турибди.
Энди эркаклар аёлларга нисбатан ёмонроқ муносабатда бўлаётган кўпчилик мусулмон мамлакатлардаги жамиятларга бир назар ташлайлик. Улар ўзларига нисбатан қандай муносабатда эканлигини бир кузатиб кўрайлик-чи. Диққат қилинг (!) – эркаклар аёлларга ёмон муносабатда бўладиган мамлакатларда улар бир-бирларига ҳам жуда ёмон муносабатда экан! У ерлардаги эркаклар ўзаро муносабатларда ҳам ҳеч чиқиша олмайдилар. Бир зумда жаҳллари чиқиб, ғазаб отига миниб оладилар.
Нима учун улар бундай? Бу оловни ўчириш учун сув керак. Бу ерда аёл керак, биз жамоатнинг манфаатиучун бирор қарор қабул қилаётганимизда аёлнинг фикри ёрдам беради, у оловни сўндиради.
Америкага биринчилардан бориб, жойлашган аҳоли дастлабки уйларни қура бошлаганда улар ўз-ўзларига «Уч авлоддан кейин нима бўлади?» деган саволни берганлар. Улар фақат ўша пайтнигина ўйламаганлар. Уйни дарёнинг бу қирғоғига қурсак, яна уч авлоддан кейин нима бўлади? Улар ўз оилаларининг, келажакнинг, миллатнинг ғамини еганлар, фақат ўзларини, иззат-нафсларини эмас…
Аллоҳдан қўрқайлик, ахир!
Иккинчидан, биз ўз характеримизга, аҳлоқимизга эътибор беришимиз керак. Биз урф-одатларга кўпроқ эътибор беряпмиз, лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен карамли аҳлоқларни камолига етказиш учун юборилдим» деган сўзларини унутиб қўйяпмиз.
Шунинг учун ўз ҳулқимизга, шунингдек, ўзаро муносабатларимизга кўпроқ эътибор беришимиз лозим.
Эсланг, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагилар билан қандай муомала қилар эдилар – талабчан эдилар, бироқ ҳар доим юмшоқ табиат бўлар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли эдилар, доим бирликка, вазминликка интилардилар. Бизнинг ҳулқимиз ҳам ана шундай бўлиши керак: бошқаларни кечиришимиз, бир-биримизга дўстона қўл узатишимиз, бирлашишимиз лозим.
Душман бизга тажовуз қиляпти, кеча-кундуз режа тузяпти. Биз ўзаро муносабатларимизга, меҳр-оқибатга кўпроқ эътибор беришимиз керак: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли аёлларига қандай муносабатда бўлганлар? Мусулмонлар бир-бирларига қандай муносабатда бўлганлар?
Учинчидан: «эркак» тушунчаси ва «аёл» тушунчаси концепциясини ўзгартириш керак. Исломда эркак ким ўзи? Исломда аёл ким? Бизда устунлик, пешқадамлик ҳақида нотўғри концепция шаклланиб қолган. Кўпчилик вазиятларда иерархия муаммоларига дуч келяпмиз. Биз иерархияни ҳамкорликка қарама-қарши қўйяпмиз. Натижада раҳбар бошқалардан юқори ва алоҳида имтиёзларга эга бўлиб қоляпти. У қолганлар юқоридан назар ташлайди ва буйруқлар беради. Унинг унвонлари қанча кўп бўлса, у шунча кўп ҳокимият ва пулга эга бўлади. Бу нарса нафақат корхона ва ташкилотларимизга, балки оилаларимизга ҳам тааллуқлидир.
У томонда эса ҳамкорлик: мусулмонлар бир-бирларини тўлдирадилар. Ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда камтар инсон бўлганлар. Мадинага келган кишилар аввалига қўрқувдан қалтираб туришар, бироқ у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашгач, энди ажралишни истамай қолардилар. Бир куни бир киши келиб, тўпланганлардан: «Сизларнинг қайси бирингиз Пайғамбарсиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)» деб сўраган экан. Уни ажаблантирган нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахтда ўтирмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келсалар, ўтирганлар сакраб турар, бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўтиришни буюрар, шундан кейингина улар билан қўл бериб кўришар эдилар.

Энди Ислом дунёсининг бугунги пешволарига бир қаранг. Агар улар ўз идораларидан чиқиб, бошқа бир жойга борадиган бўлсалар, икки кун олдин полиция машиналари ҳаммаёққа шовқин сола бошлайдилар. У киши чиқиб, жумъа куни жомеъга кирсалар, ҳамма сурилиб, ҳамманинг кўз ўнгида бемалол намоз ўқиб олишлари учун у зотга жой очади.

Ҳамкорликка интилиш – ҳақиқий раҳбарнинг сифати ана шудир. У тунда ҳам, қавми ухлаб ётганда ҳам улар ҳақда ўйлаши керак.

Бизга ҳақиқий намуна – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жангларда ўзларини тутишларидир. Душмандан бироз чўчиган мусулмонлар у зотнинг ёнларида нафас ростлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим ўз биродарлари билан ёнма-ён эдилар, қаердадир орқароқда эмас, айнан ёнма-ён, улар билан елкама-елка эдилар, ҳар қандай дардни улар билан бирга чекардилар. Ҳақиқий раҳбар ана шундай бўлади! Шунинг учун ҳам иерархия бир томонда, раҳбарлик бошқа томондадир.

Бизнинг уйларимизда ҳам шундайми? Бу - ҳал қилувчи муаммодир. Биз бу муаммони ҳал қила оламиз. Оилаларимиздаги кўпгина муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда, «тоннелнинг охиридаги ёруғликни» кўриш мумкин. Фақат ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик керак.

Уйдаги амир, уйдаги раҳбар. Ҳа, у – амир, яъни оила бошлиғи. Бироқ, «амир» деган сўз нимани англатади? У диктатор бўлиши керак эмас! Агар хотини ҳақ бўлса, у «Алҳамдулиллаҳ. Сен ҳақсан» дейди. Бироқ, афсуски, одатда бундай бўлмайди. У буйруқ беради. Ишхонадан туриб, уйга қўнғироқ қилади: «Кечқурунга шилпилдоқ қил. Йўқ! Ҳеч қанақа ош қилмайсан!» ва «қарс» этиб телефон гўшагини улоқтиради. Балки уйда ун қолмагандир! Шунинг учун хотини ош қилади. Эр уйга келгач, эса жанжал бошланади: «Мен нима дегандим?!...»

Ғарбий Африкалик машҳур Ислом олими шайх Усмон дан Фодио аёлларга қарата нима деганларини унутмайлик: «Агар эрингиз Сизга уйда илм бермаса, Аллоҳ Таоло эса илм талаб қилишни фарз деб турса, лекин Сиз эрингизга эргашсангиз, Аллоҳга осий бўласиз! Мен ҳар куни шомдан кейин тўгарак олиб бораман. Агар уйингизда Сизга илм беришмаса, бизнинг тўгаракка келинг!»

Бу нарсанинг ҳақиқат эканлиги жуда қайғулидир. Бир биродаримиз Исломни қабул қилибди, сўнг бир муслимага уйланибди. Келин коллежда ўқир, ҳадис, Қуръон ўрганар эканлар. Қачон улар ўртасида бироз тортишув бўлиб қолса, келин кетма-кет ҳадисларни келтирар, шариатдан далиллар келтириб, уларни қаторлаштириб «ёғдириб» ташлар эканлар. Охири бир кун эрининг тоқати тоқ бўлиб: «Етар ўқиганинг! Энди рухсат бермайман!» деб қичқирибди. Шундан кейин ўзи ҳадисларни ўрганишни бошлабди.

Лекин бу яхши эмас, биродарлар! Яхши эмас! Агар рафиқангиз ҳадисларни билса, Сизни ҳам жаҳаннамдан сақлаб қолади-ку! Шунинг учун, ҳамжиҳатлик ва яна бир марта ҳамжиҳатлик дейман. Аёлнинг сифатлари эркакнинг сифатларини тўлдиради.

Мен муслима биродарларимизга ҳам мурожаат қиламан. Бу муаммо фақат эркак биродарларгагина хос эмас. Масалан, эркак хато қилиб қўйса ёки ишдан бўшаса, жуда омонат аҳволда қолади. Ана шу вазиятда хотин эрга қандай муносабатда бўлади? Уришади-а? Кўпинча аёллар шундай дейдилар: «Эҳ, ландавур, эпловсиз… Ўзингизга бир қаранг! Пул топишни ҳам эплолмайсиз! Эркакмисиз ўзи?!» Шундан кейин эркак ўзини қандай ҳис қилсин? Аёл унинг жуда нозик жойига тегди. Аёллар турли сирларни ва макр-ҳийлаларни биладилар.

Хадича онамиз розияллоҳу анҳа нима қилган эдилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк ваҳий келганда ғордан қўрқувдан титраб-қақшаб келган эдилар. Ҳазрати Жибрийл у зотга: «Иқро! Иқро! (Ўқи)» деган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб бунинг буюк ваҳийнинг бошланиши эканлигини билмаган эдилар. Инсоннинг ақли бовар қилмайдиган даҳшатли қудрат бевосита у Зотга мурожаат қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам титрар, қўрқиб кетган эдилар. Хадича онамиз розияллоҳу анҳа эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ётқизиб, устларини иссиқ ўраб қўйдилар.

Хадича онамиз розияллоҳу анҳа у Зотдан гина қилмадилар, мазах қилмадилар. Онамиз у Зотга ишонар эдилар. Онамиз оқилалик қилдилар. Ва Исломни мустаҳкамладилар. Биринчи бўлиб иймон келтирдилар.

Ҳақиқий муслима ана шундай бўлади. Агар эркакнинг заиф томонини топиб олиб, уни пастга урсангиз, кейин ундан яхши муомала кутманг. Бунақаси кетмайди. Ҳамжиҳатлик қилиш керак.

Икки томон бир-бири билан футбол командаси аъзоларидек ҳамжиҳат бўлиши керак: бири (бақувватроғи) – ўртада, қолганлар – чеккада, улар тўпни узатадилар, қолганлар қабул қилиб оладилар – ҳамма бир-бирига ёрдам беради. Мусулмон оила ана шундай бўлади. Агар буни англаб, тушуниб етсак, оилада ким бошлиқ бўлади, ким қарор қабул қилади, деган муаммолар ҳал бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ана шунда Аллоҳ Таоло эркакларга устунликни кучли ёки баландроқ бўлганлиги учун эмас, балки масъулияти кўпроқ бўлганлиги, Қиёмат Кунида Аллоҳ Таолонинг олдида ўз аҳли ҳақида сўралиши туфайли берганлигини кўрамиз.

Яна бир таклиф – бирор қийинчиликка, жиддий муаммога учраганларга ёрдам кўрсатадиган, «қўллаб-қувватлаш механизми» деб аталадиган махсус муассасалар ташкил қилиш керак. Бизга ижтимоий ташкилотлар керак.

Мен беш йил давомида Торонтодаги улкан жомеъ масжидининг имоми бўлдим. Бизга мурожаат қилган кишиларнинг саволлари камдан-кам фиқҳ ёки ақийда масаласида бўлар эди. Асосий саволлар иқтисодий, руҳий ва ижтимоий муаммолар билан боғлиқ эди. Менга ёрдам керак эди. Мен бу соҳаларда кучли эмас эдим, бундай муаммоларни ҳал қилиш йўлларини ўргата олмас эдим.

Кўпчилик жамоатларда баъзи кишилар оқкўнгиллик билан бу муаммоларнинг барчасини ўз елкаларига олишга, имкони йўқ нарсага уринадилар. Ваҳоланки, бу муаммоларнинг ҳар бир алоҳида, индивидуал равишда ҳал қилиниши керак. Бунинг учун ҳар бир соҳанинг ўз мутахассислари керак.

Биз қийин вазиятда қолган одамлар қўнғироқ қилиб, ёрдам олишлари учун ижтимоий марказ ва «доимий қўнғироқ линияси» ташкил қилдик. Икки йилдан сўнг бизга йилига 5000 киши мурожаат қиладиган бўлди. Биз бирорта қўнғироқни эътиборсиз қолдирмадик.

Ижтимоий марказда имомлар шифокорлар, адвокатлар, ижтимоий ходимлар, руҳшунослар билан ҳамкорлик қилар эдилар. Бизда ўз минтақамиздаги барча мусулмон мутахассисларнинг маълумотлари киритилган база бор эди. Агар бир киши наркотиклар билан боғлиқ муаммога дуч келса, детоксикация бўйича мутахассисни топардик; асаблари чарчаган кишилар мурожаат қилса, психологга қўнғироқ қилардик; иқтисодий муаммолар бўлса, ҳукумат органларида ишлайдиган ёки бадавлат биродаримизга, ҳуқуқий муаммолар билан эса адвокатга мурожаат қилардик.

Кишилар бундай марказга қўнғироқ қилсалар, уларга шу соҳасининг мутахассиси жавоб берарди. Мутахассис қийин аҳволда қолган киши билан қандай муомала қилишни биларди. У ўз соҳасидаги бутун маҳоратини ишга солиб, вазиятдан чиқиш йўлларини топишга муваффақ бўларди. Бироқ, муаммони шариат доирасида ҳал қилиш учун бу мутахассис масжиднинг имоми билан бамаслаҳат иш олиб борарди.

Биз гунг-соқов биродарларимиз учун ҳам синф ташкил қилдик. Исломий маърузалар ўқилганда бармоқ билан гапиришни биладиган мутахассис ҳам таклиф қилинар, у маърузани гунг-соқовларга таржима қилиб борарди. Аллоҳнинг каломини ҳаммага етказишимиз зарур.

Жамоатимиз инқирозли вазиятига тушиб қолган, бироқ, биз яшаётган жамият ҳам инқироздадир. Биз зўравонликка, ирқчиликка қарши дастурларни, ёшларни иш билан таъминлаш, ривожлантириш, турли тўгараклар, соғлиқни сақлаш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишимиз керак.

Муслима биродарларимизни ҳам жалб қилиш керак. Улар фақат китоб ўқиш билан чекланиб қолмасликлари керак. Муслималар ҳам маълум бир кўникмаларни эгаллашлари керак. Биз маълумот олаётганимизда, Исломни табиий равишда жорий қилаётган, унга амал қилаётган бўламиз.

Масалан, муслима опа-сингилларимиз спорт билан ҳам шуғуланишлари керак. Балки, ҳайрон бўлаётгандирсиз? Торонтода нималар бўлганини билмайсиз-да… Бу ерда фақат муслималарни зўрлаган бир маньяк пайдо бўлди. Инсон қиёфасидаги иблис. У фақат ўранган, ҳижобдаги аёлларни таъқиб қиларди…

Улар ўзларини ҳимоя қилиш учун шарқ яккакурашларини ўргана бошладилар. Машқлар тугаган пайтда улар тахтани қўллари билан синдира оладиган бўлдилар. Мен бир қизга шундай деган эдим: «Зайнабхон! Мана шу тахтани 2001 йил 22 апрел куни синдирасиз!». Шу синглимиз бунга муваффақ бўлдилар. Синдирган тахталарини эса уйга, кўзга кўринарли жойга илиб қўйибдилар. Бир сафар эрлари жаҳл устида бир қўл кўтармоқчи бўлибдилар, лекин тахтага кўзлари тушиб: «МашааАллоҳ! МашааАллоҳ!» дебдилар, «Ишлар ҳамжиҳатлик билан ҳал қилинади» деган оятни эслаб қолибдилар…

Ўша маньяк кейинроқ қўлга тушди, қамалиб кетди. Лекин энди муслималаримизнинг ўзларига бўлган ишончлари анча кучайган эди. Бу уларга жуда керак! Бу исломий шахс тарбиясининг бир қисмидир!

Бошқа мамлакатларда ҳам мастураларга тажовузлар бўлиб турибди. Ундай бўлса, ўз-ўзини ҳимоя қилиш усулларини ўрганинг!

Сўзимнинг охирида муслима биродарларимиздан узр сўрайман. Бизларни кечиринг. Биз баъзан нима қилаётганимизни билмай қоламиз. Мен эркак биродарларимизга ҳам мурожаат қиламан: агар Сиз ҳақ йўлда бўлсангиз, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Бироқ, агар хато қилаётган бўлсангиз, тавба қилинг, Аллоҳга истиғфор айтинг, раҳм-шафқат, куч-қудрат сўранг, оилаларимизга бугунги кунда кучайиб кетаётган куфр ва зинодан паноҳ сўранг. Шунингдек, Сиз кўнглини оғритган, зулм қилиб қўйганладан ҳам узр сўранг, розилик сўранг, чунки мазлумнинг дуоси билан Роббимизнинг ўртасида парда йўқдир.

Шайх Абдуллоҳ Ҳаким Квик
(Маъруза Австралияда, 2001 йилнинг августида ўқилган)
Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда 838 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ