Сайт бўлимлари
Тўйдан олдинги суриштирув керак...ми?
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсонга оиладан бахт топиш тақдир қилинган. Одам боласи ёлғизликда саодат топа олмайди. Кишиларнинг топишиб оила қуришлари, жуфт бўлиб яшашлари учун ён-атрофидагиларнинг ҳам бевосита кўмаклари шарт бўлади. Бундай ёрдамчиларни – совчилар деб атаймиз. Ёшларнинг бир-бирига боғланиб, яқин муносабат ўрнатишлари умуман ёш оиланинг келажаги совчиларнинг нечоғили масъулият ва оқиллик билан иш юритишларига боғлиқ. Совчиларнинг иши эса ҳаммага маълум: Ўғил уйлантирмоқчи бўлган хонадон томонидан танланган қизникига бориб, қиз ва унинг яқинларининг рози-ризолигини олиш, умуман олганда ҳар хил дунёқараш ва тартиб қоидали оила кишилари ўртасида дипломатик муносабатларни аъло даражада уддалашдан иборат бўлади. Шундай қилиб, совчиларга юклатилган вазифа уддаланди. Яъни бўлажак келин томон нариги тараф билан қуда – анда тутинишга рози бўлди. Энди навбат тўйга!... эмас, ҳали бироз шошилмай турганингиз маъқул. Қадимдан ўзбегимиз ўғил уйлайдиган ё қиз узатиш ҳаракатига тушса, бўлажак келин-куёвларнинг етти пушти сўраб-суриштирган. Бу азалий одатимизга парво қилмай ўғил уйлантириш ёки қиз узатиш мумкин эмас. Акс ҳолда охири яхшиликка олиб келмаслиги тайин. Ахир, доно элимиз бекорга оила қуришни
Умр савдоси
— демайди-да! Кексаларимиз турмуш қуришдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани бежизга эмас. Жумладан тўйдан аввалги суриштирув ишлари ҳам икки ёшнинг бахтли, тотув ва саодатманд ҳаёт қуришлари учун хизмат қилиши керак. Қолаверса, турмуш қураётган ёшлар ва уларнинг бошини қовуштириш тарадуддидаги катталар муносиб жуфт билан оила қуришга чуқурроқ аҳамият қаратишлари шарт. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу аснода билан оила қуришдан кўзланган софлик, кўнгил яқинлик, бахт-саодат ва хотиржамлик эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва ҳуснухулққа биринчи ўринда эътибор бериш керак.
Юқорида никоҳ ва оила қуриш умр савдоси эканини алоҳида таъкидладик. Икки инсонни бир умрга боғлайдиган ришта. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади. Жумладан, инсоннинг феъл-атвори, фитратидаги ҳар бир хусусият фарзандига ўтади. Башарти, киши мол-дунё ёки ташқи ҳуснга учиб, одоб-ахлоқида, дини, тарбияси ё соғлигида нуқсони бўлган одам билан турмуш қурса, бу унинг жамиятда жисман ёки маънан кемтикларни кўпайтиришга қўшган “ҳисса”си бўлади.
Умр савдосининг савдоси ҳар қандай оқилу донони бармоқ тишлатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Бироқ, томонларнинг бир-бирини сўраб- суриштиришлари айрим ҳолларда зиддиятларга, ҳатто катта жанжалларга ҳам айланиб кетади. Тўйдан олдинги суриштирувларда қўни-қўшни, таниш-билишларнинг сўралаётган томоннинг ютуғию камчиликлари ҳақида рост гапиришлари нечоғли тўғри?
1- Воқеа: Узатилган қизнинг турмуши уч ойда бузилди. Куёв томон келинчакнинг очиқ-сочиқ кийинишини, уй юмушларини эплолмаслигини ажрашишга сабаб қилишса, келин томон куёвнинг ота-онаси, насл-насаби уларга номуносиблигини рўкач қилишди. Айб ошдамиди, мошдамиди ҳеч ким билолмадию, аммо бир оила бузилиб кетди.
Изоҳ: Келин тушираётган хонадон келинликка танлаган қизини тўйдан аввал обдон суриштирганида, кийиниши, тарбияси ва феъл-атвори ҳақида маълумот йиққанида, балки, фарзандининг турмуши бузилмасди, биринчи бахтидан айрилмасди ва тўй харажатларига куйиб қолмасмиди. Қиз узатаётган хонадон ҳам, ўз ўрнида остонасига харидор бўлиб келган кишиларнинг насл-насаби, кимлиги, феъл –атвори ва туриш-турмуши ҳақида сўраб суриштирганида, қизи “эрдан чиқиб келган” деган номни кўтариб юрмасмиди...
Мулоҳаза: Катталарнинг ҳаётий тажрибаси ёшларникидан бир неча баробар фарқ қилади. Шундай экан, ёш келинчакнинг камчиликларини тузатса, уни оиланинг ўзига хос қонун-қоидаларига ўргатса бўларди. “Калта юбка кияди”, “Рўзғор ишларини эплолмайди”, “Насли тоза эмас экан” каби майда-чуйда гап-сўзлар билан ёш оилани бузиб юбориш оқил кишиларнинг иши эмас.
2-Воқеа: Тўйдан уч кун ўтиб янги келинлик хонадонга бир жувон боласини етаклаб келди. Айтишича, янги уйланган куёв унинг фуқаролик эри экан. Улар уч йилдан бери бирга яшашар экан ва бу хуфёна турмушларида бир фарзанди ҳам бор экан. Келинчак жанжал кўтариб, отасиникига қайтмоқчи бўлди.Уйдагиларга қўнғироқ қилиб, бор гапни гапириб берди. Куёвнинг ота-онаси келинчакни тинчлантириб, у хотиннинг ўғлида ҳеч қандай ҳаққи йўқлигини, кўчадаги жазмандан ўғлига ҳеч қандай зарурат йўқлигини айтишди. Аммо бу билан куёвнинг фуқаролик хотини тинчиб кетмади. Келинчакнинг бу тарздаги уруш-жанжалларга сабри фақат бир йил етди, холос. Қизнинг ота-онаси, “онаси яхши инсонга ўхшаганди, шунинг учун ҳам биринчи келишдаёқ нон синдиргандик” дейишяпти Эри кўчадаги хотинидан воз кечолмагач, келинчак чақалоғини бағрига босиб келинлик уйини тарк этди...
Изоҳ: Воқеа қаҳрамонига ўхшаган енгилтак йигитлар жамиятга никоҳсиз туғилган, ота-она тарбиясини олмаган болаларни кўпайтиришяпти. Бу орада икки аёл, икки бола сарсон-саргардон. Ҳолатнинг бош айбдори- нафсоний истакларини жиловлай олмаган, ўзини идора этолмаган ва ахлоқан нопок эркак! Унинг хатоси оқибатида бир нечта одам азият чекяпти.
Мулоҳаза: Воқеа холисан таҳлил қилинганда, қизнинг ота-онаси айбдор. Нега ота-она қизига совчи қўяётган кишиларнинг кимлигини сўраб-суриштирмайди? Файласуфлар инсоннинг суратига эмас, сийратига эътибор беришни, инсон кийган кийимларни ҳайвон кийса ҳам хушсурат махлуққа айланишини таъкидлаган. Қиз узатаётган ота-она куёвнинг юриш-туриши, феъл-атвори, ота-онаси, оиласидаги маънавий муҳит хусусида етарлича маълумотга эга бўлиши шарт. Нега улар остонасига биринчи марта келган кишига ишониб қизларини узатиб юбораверишади?..
“Ҳақиқатни айтгани бошига бало бўлди”
Қўшнимиз бошқа тумандан келин туширадиган бўлибди,- дейди ҳамкасбларимиздан бири.- Ўғли сал нобопроқ феълли- киссовур эди. Шунинг учун ҳам яқин атрофдан ҳеч ким қизини бермай, узоқдан келин қилаётганди. Хуллас, ўша қўшнимнинг ўғлини суриштириб келишганида, қўшнилардан бири йигитнинг киссовурлигини, бу қўни-қўшни, маҳалладошлар оғзига тушганини айтибди. Тўй бўлиб ўтиб, келин тушгач қуда томон яъни қиз тараф ўзини куёв томонга яхши кўрсатгиси келибди чоғи, “фалон томондаги қўшнингиз куёвни киссовур деганди” деб чақиб берибди. Қўшнилар орасида кўз кўриб қулоқ эшитмаган жанжал чиққанди ўзи ҳам. Одамларга ростини айтсанг ҳам балога қолар экансан...
Хайрли йўлда ёлғон ишлатинг!
Бухоролик муштарийимиз, фахрий ўқитувчи Нозила ая Пўлатова эса айни мавзуда шундай дейдилар:
— Тўйдан олдин келин ёки куёвни суриштириш жараёни оддий, жўн масала эмас! Бу фавқулодда ва ўта муҳим омил. Бу борада фақат ақл билан иш кўрилмаса, сўровчига маълумот етказаётган киши гуноҳга ботиб қолиши ёки ёлғончи бўлиши ё бўлмаса, хайрли ишга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Дейлик, қўшнимизнинг ўғли учига чиққан безори, текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб, ҳамманинг дийдасидан чиққан дилозор. Шу йигитга қаллиқликка танланган қизнинг яқинлари уни суриштириб бизга дуч келишди. Сўровчиларнинг саволларига жавоб беришдан аввал мулоҳаза қилайлик, бир совуқ сўз туфайли Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқмасмикинмиз? Ўша қўшнимизнинг ўғли безоридир, сал-ўзини эркин қўйиб юборгандир, аммо уйлангач ўзини ўнглаган, ювошгина бўлиб, оиласи, аҳли аёлига вафодор бўлиб қолганлар қанча? Балки, маҳалладошимизнинг бизга ёқмайдиган ўғли ҳам уйлангач, дунёқараши ўзгариб, феъл-атворини таҳлил қилар, яхши томонга ўзгарар?.. Бундан бир неча йил аввал маҳалламиздан бир қизга узоқроқ жойдан совчилар келаётгани ҳақида одамлар орасида гап-сўз чиқди. Қизнинг одоби, юриш-туриши хусусида кўп номаъқул гаплар эшитиб юрардик. Бир-икки марта ўзим ҳам аллақандай машиналарда қизни кўча бошига ташлаб кетишганини кўргандим. Бир куни уйда ўтирсам, нотаниш эркагу аёл дарвозани тақиллатиб келишди. Салом-алик, ҳол сўрашишлардан кейин кутилмаган меҳмонлар ўша қизни суриштиришга тушишди. “Келин қилмоқчи эдик, сизни ўқитувчи дейишди, илтимолс, шу қиз ҳақида нима билсангиз айтинг” дейишди. Ўйласам, ҳозир ўша қизнинг тақдири менинг бир оғиз гапимга боғлиқ бўлиб қоляпти экан. Астойдил қизнинг таърифини келтирдим. Пазанда, чевар, иболи, ақлли ва ҳоказо... Хайрли йўлда ишлатилган ёлғон кечирилади, деган умид билан қизнинг мақтовини оширдим. Кўп ўтмай маҳалламизнинг ўша қизи узатилиб кетди. Худога шукр, мен ўшанда бўлажак келинни суриштириб келганларга ёлғон гапирган бўлсам-да, кейинчалик юзим ёруғ бўлди. Ҳозирда ўша қизнинг учта фарзанди бор, тушган жойида иззат-обрўйи яхшигина, қайнота-қайнонаси, эри ундан миннатдор. Демак, оила киши дунёқарашини ўзгартирар экан. Айтмоқчиманки, сўровчиларга кимдир ҳақида маълумот бераётган киши дахлдорлик масъулиятини ҳис қилиб сўнгра гапирса, ҳам гуноҳга ботиб қолмайди, ҳам оти ғийбатчи, ғаламисга чиқиб қолмайди...
— Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Никоҳ нозик масаладир. Сизлардан бирингиз қизини қайга бераётганини қарасин”. Афсуски бугунга келиб аксарият қиз узатаётганлар учун қизини кимга бераётгани эмас, эрга бераётгани муҳим бўлиб қолди!- дейди Хўжа Аламбардор жоме масжидининг имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов. - Насл-насаб ҳоллари, нафақа, мерос ва бошқа эр-хотинлик ҳаётига тааллуқли бўлган роҳат-фароғат ўзаро ҳамжиҳатлик билан турмуш қуришнинг муҳим ва жиддий ишларидан ҳисобланади. Шунинг учун никоҳдан олдин «Хитба» – совчилик қилиш зарурдирки, никоҳ боғлашдан олдин эр аёли ҳақида ва аёл эри ҳақида таниш-билишлар қўни-қўшнилар орқали маълумотга эга бўлиши керак. Чунки никоҳ аниқ маълумотлар асосида бўлса, никоҳ ақди доимий, жуфтлар орасидаги ҳаёт эса гўзал бўлади. Айрим турмушлар қаршиликлар бўлмасада, ажралиш-талоқлар, кун ва ойлар ўтмасданоқ қисқа муддат ичида содир бўлган. Бунинг асосий сабаблари эса эътиборсизлик, ўз ҳаввойи хоҳишларига эргашиш, жиддий мулоҳаза ва чиройли ҳужжат асосида никоҳ бўлмаганлигидир. Сурати (чиройлилиги) алдайдиган қизлар қанча? Қанчадан-қанча қизлар алдов, макр йўли билан номус ўғриларининг арқонига тушиб қолади.
Тўйдан олдинги суриштиришларга адолатли қараш жоиз. Сўровчилар сўраётган кишилари истиқомат қиладиган маҳалланинг иймонли, аҳли солиҳ кишиларидан суриштиришлари мақсадга мувофиқ. Қолаверса, турмуш қураётган ёшлар ҳақида маълумот бераётганлар ҳам тўғри, оқилона ва одилона фикрларни айтишлари лозим.
Умида Азиз тайёрлади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 754 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар