Сайт бўлимлари
Фолга ишонма, фолсиз юр!
- Подробности
- Бўлим: Меҳнат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Одам боласининг феъл-атвори ғалати. Бошига бирор мушкулот тушиб қолса, кутилмаганда дардга чалинса, ёки ишларидан унум, қўлидан барака ариса, сабабини қаердадир хатоликка йўл қўйганидан излаб, мусибатга дохил бўлаётганини ўзининг қилмишларидан билиб, феълини, юриш-туришини тузатмайди-ю, дарров фолбинларга чопади. Гўё шу билан енгил тортадигандай, ёки ишлари юришмаётгани, боши касалдан чиқмаётгани боисини фолбин яхши биладию уни балолардан фориғ этадигандай. Тан олиш керак, кўпчилигимиз ҳаётимиз давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам фолбинга борганмиз. Баъзан унинг айқаш-уйқаш гап-сўзларидан битта ростини топиб олиб ҳайратга тушганмиз, кўп ҳолларда кетган пулимиз ва беҳудага сарфланган вақтимизга куйиб қолаверганмиз. Фолбинларнинг ёлғон уйдирмалари касофати туфайли парокандаликка учраётган оилалар, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетаётган қариндош-уруғ, ёр-биродарлар ҳақида кейинги вақтларда кўп эшитяпмиз. Аммо... эшитиб, билиб, кўриб турсак-да, яна ўшалардан нажот излайверамиз. Нега?
Уйдаги “бегона”
- Қайнонам ҳеч бир сабабсиз мени уйдан ҳайдаб юбордилар, - дейди таҳририятимизга арзи-ҳол билан келган ёшгина келинчак йиғидан ўзини базўр тийиб. - Аллоҳ гувоҳ, ҳеч кимга ёмонлик қилганим йўқ. Бир-икки ойдан буён қайнонамнинг тоблари йўқ эди. Ҳали бошлари, ҳали оёқлари оғрирди. Шифохонага олиб бориб текширтирайлик десак, кўнмайдилар. Бир қўшнимизнинг маслаҳати билан фолбинга борган эканлар, фолбин: «Уйингизнинг фалон ерига амал кўмилган. Келинингиз сизни ёмон кўраркан, сизни йўқ қилиш учун сеҳр-жоду қилиб юраркан», дебди. Фолбиннинг уйидан дарғазаб бўлиб келган қайнонам мени уйдан ҳайдаб юбордилар... Оилам бузилишини истамайман! Мен унақа ёмон ишлар билан шуғулланмаганман, Худо асрасин. Тўғриси, сеҳр-жоду билан бировни касал қилиш ёки бирор зарар етказиш мумкинлигига ишонмайман ҳам. Аммо қайнонам мени эшитишни истамаяптилар. Онам билан ўша фолбинникига бордик. «Менинг уйим бузилишига сабабчи бўлиб қоляпсан, айбдор эканимни исботлаб берасан», дедим. Фолбин бўлса довдираб: «Мен келинингиз шундай қилган демаганман, бегона қилган деганман», дея ўзини оқламоқчи бўлди. Қайнонам эса: «Фолбин «бегона» деганда сени назарда тутган-да», деяптилар...
Кўпни кўрган аёл бир фолбиннинг далил-исботсиз фоли туфайли ўз ўғлининг оиласини бузишгача борса-я! Афсуски, орамизда бундай калтабин кимсалар оз эмас.
Мақолани тайёрлаш жараёнида бир фолбинни суҳбатга тортдим. Аввалига гапларимни эшитишни ҳам истамаётган ромчи аёлга кескин саволларни қалаштириб ташлаганимдан сўнг, довдираган кўйи тилга кирди:
- Мен одамларни мажбурлаб чақирмайман, ўзлари келишади. Қолаверса, бу ишга киришишимдан аввал узоқ йиллар хасталаниб, тўшакка михланиб ётганман. (Агар аҳамият берган бўлсангиз, фолбинларнинг ҳаммаси эгаллаган «касб»ига кириб келиш жараёнини шундай изоҳлайди). Агар гуноҳ бўлса, Яратган шу илмни буюрмасди-ку. Мен ҳам намоз ўқийман, рўза тутаман. Худодан қўрққаним учун ҳам одамларга «иссиқ-совуқ» амаллар қилиб бермайман. Масалан, бир куни олдимга ёшгина бир жувон келди. Айтишича, бир йигитни севиб қолганмиш. Бу жувон оилали бўлиб, иккита боласи ҳам бор экан. Жувон севиб қолган йигитини ўзига иситиб беришимни сўради. Аммо мен ундай қилмадим. Жувоннинг кўзига ҳозир ўша йигитдан бошқа ҳеч ким кўринмаяпти, ҳатто икки норасида боласи ҳам! Буни билиб турганим учун, унга ўз эрини яхши кўрсатадиган илму амаллар қилиб бердим. Менимча, бундай иш гуноҳ эмас...
Ана шунақа гаплар билан фолбинлар ўзларининг хато ишларини оқлашга уринишади. Гўёки, уларга бировларнинг тақдирини Яратганнинг ўзи аён қилармиш. Гўёки, фолбинларга бу «истеъдод»ни Аллоҳнинг ўзи юқтирганмиш.
Фолдан туғилган туҳмат
- Талабалик йилларимда бир гумроҳ фолбиннинг уйдирмасини деб, аълочи, жамоатчи дугонамиз ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган, - дея афсус билан хотирлайди ҳамкасб дугонам. - Талабалар уйида яшардик. Бадавлат оила фарзанди бўлган бир курсдош дугонамиз чиройли кийинишни хуш кўрар, ҳамиша сўнгги урфдаги кийимларни харид қиларди. Куз фаслининг охирги кунлари бозордан қимматбаҳо, жуда чиройли пальто олиб келди. Ҳамма қизлар ҳавас билан пальтони бир-бир кийиб кўрдик. Пальто бир хонадош дугонамизга ҳаммадан кўра кўпроқ ярашди. Ҳатто пальто соҳибасининг ҳам ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Орадан ўн беш кунча вақт ўтиб, дарсдан қайтсак, бойвучча дугонамиз дод-вой солиб йиғлаяпти. Дарсда эканимизда хонага ўғри тушиб, жавондаги яп-янги пальтони ўғирлаб кетибди. Катта курсда ўқийдиган қизлардан бири тинмай йиғлаётган дугонамизни етаклаб, аллақаёқдаги фолбинга олиб борди. Талабалар шаҳарчасининг участка нозири ҳаммани сўроқ-саволга тутди... Хуллас, бу тўполонлар бир ҳафта давом этди. Вазият бироз юмшаб, ўғирланган пальто воқеаси унутилаёзган эди, якшанба куни хонадош дугонамиз хурсанд ҳолда кириб келди. Ота-онаси қишки кийим-бош олиш учун пул юборган экан, бор пулга пальто сотиб олибди. «Этикни стипендиямга оларман», деди дугонамиз чиройли пальтосини кийиб бизга кўрсатар экан. Шу пайт ҳалиги бойвучча курсдошимиз хонага важоҳат билан кириб келди-да, уни ҳақоратлаб, ўғридан олиб ҳаромхўрга солиб қарғай бошлади. Қиз бояқиш ёшли кўзларини йиғилганларга тикиб, айбсизлигини, уйидан пул келганини, унга пальто сотиб олганини айтиб зорланар, ранги ҳам, ўлчови ҳам ўзининг йўқолган пальтосига мос тушаётган пальтони унинг қўлидан юлқиб олган бойвучча курсдошимиз эса: «Фолбин айнан сени, мана шу куни пальто олиб келишингни, ўша пальто меникилигини айтганди. Сен пальто сотадиган дўкончи билан тил бириктиргансан. Бу пальто меники! Ўғри! Сен минг йил яшаганингда ҳам бунақанги қиммат пальтони сотиб ололмайсан» деб бақирди ва ўзини фолбинга олиб борган қизга қараб: «Фолбин хола тўғри айтган экан, мен фол бунчалик тўғри чиқишини кутмагандим» деди. Пальто сотиб олган шўрлик дугонамизга ҳеч ким ишонмади... Ҳатто ўзимиз ҳам... Ўша фолбиннинг гаплари тўғри чиққани учун, ҳаммамиз ундан хавфсирайдиган, ўзини хонада ёлғиз қолдирмайдиган бўлдик. Бу муносабатлардан эзилиб кетган хонадошимиз ўқишни ташлади-ю, қишлоғига кетворди. Биз эса унинг ўғрилигига тамоман ишониб қолдик. Орадан бир ойча вақт ўтиб участка нозири пальтосини ўғирлатган курсдошимизни излаб келди ва уни ўзи билан олиб кетди. Кейин эшитсак, унинг пальтосини ўша беозоргина хонадошимиз эмас, талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги маҳаллалардан бирида яшайдиган, тарбияси оғирлиги боис ички ишлар ходимлари ҳисобида турадиган безори дераза ошиб кириб, ўғирлаб кетган экан. Курсдошимизга етказилган моддий зарар ундирилди. Аммо... туҳматга қолган хонадош дугонамиз ўқишга қайтмади. Келаси йили бошқа олий ўқув юртига ўқишга кирибди. Излаб борган эдик, биз билан гаплашишни ҳам истамади. Бойвучча курсдошимиз айбини ювиш учун унга пальто олиб бориб, дугоналарига ташлаб келган экан, пальтони қайтариб олиб келиб, ётоқхона навбатчисига бериб кетибди... Бизни кечиролмади. Ана сизга фолга ишонишнинг оқибати!..
«Фолбиннинг сўзини тасдиқлаган киши...»
Мақолада кўтарилган мавзу юзасидан Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддиновнинг фикрларини сўрадик.
— Бугунги кун одамлари сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси билан балоланган, - дейдилар Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов. - Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап.
Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда? Fайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат?!
Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот (с.а.в) фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда тақиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимиз бор ҳатто. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опа- сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Фолбинлар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак.
Сеҳр-жоду, илму амалга келсак, сеҳр - афсунлар ўқиш, тугунлар тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва бошқа шу сингари ёмонликларга сабаб бўлади. Сеҳргар (саҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек, у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, севишганларни ажратади, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради.
Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят).
Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – «иссиқ-совуқ» ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.
Пайғамбар (с.а.в) «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар.
Фирибгарнинг жазоси
Хўш, товламачилик ва фирибгарликнинг ўзига хос йўлини танлаган бу кимсаларни қонуний жавобгарликка тортиш мумкинми? Бу ҳақида ҳуқуқшунос Амрулло Аҳмедоев шундай дейди:
- Фолбинлик, сеҳр-жоду билан одамларни алдаш ва алдов орқали кишилардан пул ва шунга ўхшаш моддий нарсаларни таъма қилиш фирибгарлик ёки товламачиликка киради. Агар шахс фолбинлик ёхуд сеҳр-жоду йўли билан одамларни алдаб юрган кимсалардан жабрлангани ҳақида тегишли ҳуқуқий муассасаларга мурожаат қилса, фолбинлик қилиб юрган товламачига қонун доирасида чора кўрилади. Етказилган зарар жуда катта миқдорда бўлса, жиноий жавобгарликка ҳам тортилади. Жумладан, товламачиликда айбланган жиноятчига уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси, ёхуд ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатда ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, фирибгарлик жиноятида айбланувчига эса энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси тайинланади. Башарти фирибгарлик жинояти ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзда тутиб содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
УМИДА АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 842 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар