Сайт бўлимлари
Ичувчилар учун
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
ЯНА ИЧКИЛИК ёхуд БИРИНЧИ ҚАДАҲдан сўнг ўртага тушмас “қил”нинг оқибатлари ҳақида бир неча оғиз сўз
Тўғри, ичкиликнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида кўп гапирилмоқда ва ёзилмоқда. Аммо… керакли тошнинг оғири йўқ, деган нақл бор. Хўш, нега бугун ҳам бу масалага алоҳида урғу билан қараш лозим бўлиб қолди?.. Ахир бунинг оқибатида руй бераётган ҳодисалар оилаларга бахтсизлик ва кулфат олиб кирмоқда. Албатта, бу йўқотишлар нафақат битта оилага, балки жамиятга ҳам катта зарар келтиради...
“Шароб заҳарларнинг биридир”
Абу Али ибн Сино
“ФОЙДАСИНИ КЎРДИМ, ДЕГАН БОРМИ?..”
Спиртли ичимликларни хурмачадан тошгунча ичиш тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам ҳеч кимга фойда келтирмаган. Шундай бўлса-да, инсоният уни ичишдан тўхтагани йўқ. Ичкиликни ўзи яратиб, яратганидан буён одамзоднинг ўзи унга қарши чораларни ҳам излайди. Чунки мастлик инсонни жаҳолатга элтиб, ҳатто инсонийлик қиёфасини йўқотиши мумкин. Бунга мисол қидирсангиз, атрофингизда далиллар қалашиб ётибди.
Агар бутун дунёдаги шифохоналарда тадқиқот ўтказилиб, натижалари жаҳон жамоатчилигига эълон қилинса аниқки, ичкиликдан азият чекканлар тўғрисида тасвирлаб бўлмас даражадаги даҳшатли бир манзара, “номи йўқ рақамлар” ўртага чиққан бўлар эди...
ФАКТ:
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига қараганда, саломатликка салбий таъсир қилувчи 20 та хатарли омиллардан алкоголь истеъмоли ўлим ва ногиронликка олиб келувчи етакчи сабаблардан ҳисобланади.
Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотлари аҳоли жон бошига нисбатан кўп истеъмол қилинмайди. Лекин, ачинарлиси шундаки, юртимизда сурункали алкоголизм касаллигига чалинган беморлар сони барқарор ўсиб бормоқда.
ЎЗБЕКИСТОНДА ҚАНЧА ИЧИЛАДИ?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон спиртли ичимликлар энг кам истеъмол қилинадиган давлатлардир. Чехия ва Эстония эса дунёда энг кўп спиртли ичимликлар истеъмол қилинадиган давлатлар қаторига киради.
Чехия ва Эстонияда вояга етган ҳар бир шахс йилига ўртача 14 литр, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистонда эса вояга етган ҳар бир шахс йилига ўртача 2 литрдан спиртли ичимлик истеъмол қилади.
Шунингдек, БМТ мутахассислари глобал молиявий бўҳроннинг ичкиликбозлик билан алоқадор ўлим ва жароҳат олиш ҳоллари ўртасида узвий алоқа борлигини таъкидламоқда. Хусусан, Европа Иттифоқида ишсизлар сонининг уч фоизга кўпайгани оқибатида спиртли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш 28 фоизга ва ичкиликбозлик билан боғлиқ ўлим ҳоллари эса уч фоизга кўпайишига сабаб бўлган.
ТИББИЙ ХУЛОСА
Спиртли ичимлик истеъмол қилган одамнинг танасида 3 кунгача заҳарли моддалар сақланиб туради. Агар ичкилик ичиш кетма-кет 2 кун (ва ундан ортиқ) давом этса, бу моддалар ўн баравар кучайиб, унинг танадан чиқиб кетиши янада қийинлашади. Ошқозон яллиғланиши, юрак хасталикларининг бир неча турлари, хафақон ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган турли муаммолар ичкилик оқибатидандир.
Унутманг, алкоголизм даволаб бўлмас касаллик эмас. Жойлардаги психоневрологик, наркологик диспансерларда фаолият кўрсатаётган шифокор-мутахассисларга мурожаат этиш, уларнинг маслаҳатлари билан иш тутиш зарур. Бунинг учун фақат ақл, идрок, мустаҳкам ирода бўлиши муҳим.
Маълумот учун:
“Алкоголь” сўзи аслида арабча “ал-кухл”, яъни, “ўтли сув” деган маънони билдиради. Уни оз-оз ёки тез-тез истеъмол қилиш сурункали одат тусига кириши оқибатида алкоголизм касаллиги келиб чиқади.
Таркибида спирт моддаси бўлган узум, нок, олма, асал, хурмо, арпа, буғдой ва бошқа маҳсулотлардан тайёрланадиган инсонни маст қилувчи барча ичимликлар алкоголдир.
АЁЛЛАР ИЧКИЛИККА ТЕЗ ЎРГАНАДИ
Алкоголизм аёлларда эркакларга нисбатан оғирроқ кечади. Биринчидан, аёллар эркакларга нисбатан алкоголга тезроқ ўрганиб қолади. Агар эркак алкоголизмга учраши учун 7-10 йил мунтазам ичиши керак бўлса, аёл 1-3 йил мобайнида ичкиликка ўрганади. Ичкиликбоз аёлларнинг кўпчилигида оналик меҳри, оила ва болалари олдидаги масъулият ҳисси йўқолади.
Шунингдек, дастлабки вино қадаҳи қанчалик ёшликдан ичилса, унинг оқибати шунчалик оғир ва аянчли бўлади. 14-16 яшар ўғил ёки қиз болага берилган бир қадаҳ вино катта ёшли одамнинг бир шиша ароқ ичгани каби ёмон таъсир этади.
Интервью
МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ВА... ЖАЗО
Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист:
Маълумки, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ҳам кўпинча транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда бошқариш вақтида юзага келади. Ҳар бир ҳайдовчи нафақат ўз автомашинасининг бошқарувчиси, балки шу билан бирга ҳаракатланиш хавфсизлиги учун жавобгар шахс ҳамдир. Афсуски, айрим ҳайдовчиларимиз баъзи ҳолларда ўз олдиларидаги ана шу масъулиятни унутиб қўядилар.
ЭСЛАТМА: масъулиятни унутганларга
Бундай ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этиладиган бўлса, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексидан
СТАТИСТИКА: қайд остидаги зарар
Ҳозиргина навбатдаги улфатчиликдан чиқиб, автомашинасига “шер” бўлиб ўтираётган ҳайдовчилар учун огоҳлантиришларимиз ҳам шунчаки йўқ жойдан дўндирилган гаплар эмас.
Маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ер юзида йилига 1,5 миллион нафарга яқин киши ҳалок бўлади. Жароҳатланганлар сони бундан 20-30 марта кўпдир. Улардан кўрилаётган зарар эса мамлакатлар миллий даромадининг қарийб 2-4 фоизини ташкил этади. Бундай талофатларни ҳатто уруш ва табиий офатлар натижаси билан ҳам тенглаштириб бўлмайди.
Шунингдек, ер куррасида йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳар бир минутда 3 нафар одам ўлиб, 76 нафар одам турли тан жароҳатлари олади. Бир кунда ҳалок бўлаётганлар сони эса 4 мингтадан ошмоқда.
ҚОНУНЧИЛИКДАН
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, яъни коньяк, спирт, тозаланган этил спирти, вино ва таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, сигаретлар, папирослар, сигаралар, чекиладиган тамаки, чилимга солинадиган аралашмалар ва бошқаларни чекиш, суриш, тортиш, чайнаш ҳамда тамакидан тайёрланган унинг ўрнини босувчи маҳсулотларнинг тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш кўзда тутилган.
ДИҚҚАТ: ТАЪҚИҚЛАНГАН ҲУДУД
Ушбу Қонунда: иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, маҳаллий давлат биноларида, корхоналар ошхоналарида, савдо ва умумий овқатланиш объектларида, концерт ва кўргазма заллари, театр, музейлар ва кутубхоналар, ёшлар дам олиш жойларида, жамоат транспортининг барча турларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилинишини таъқиқлаш белгиланган.
Шунингдек...
• Алкоголь маҳсулоти идишидаги ёрлиқ юзасининг камида қирқ фоизи матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантиришдан иборат бўлиши керак;Алкоголь маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш таъқиқланади;
• Алкоголь реализация қилинадиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак;
• Алкоголь маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди;
• Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, унинг зарарсизлиги ҳақида тасаввур уйғотувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.
Биласизми?
“ИЧКИЛИК — ШИРИН ҲАЁТДАН КЕЧГУЛИК ЭМАС...”
*** Француз врачлари ота-оналари ичкиликбоз бўлган 1776 боланинг ҳаётини кузатганлар. Уларнинг тўртдан бир қисми чақалоқлигидаёқ нобуд бўлган, 154 таси тутқаноқ касаллигидан азоб чеккан, 69 тасининг эси паст, 22 та бола эса тентак бўлган.
*** Олимларнинг тадқиқотига кўра, бирданига кўп ичганга нисбатан оз-оз ичганда, организмда тўрт баробар кўп алкогол тўпланади. Одатда алкогол миядан кўра кўпроқ жигарга йиғилади, аммо мияда узоқроқ сақланади, шунга кўра одам кетма-кет ичса, бош мия фаолияти бузилади.
*** Ичкиликбозлар орасида 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган кишиларнинг турли касалликлар билан ўлиши спиртли ичимлик ичмайдиган шу ёшдаги одамлар ўлимига нисбатан анча кўп.
*** Тозаланмаган спирт, депатурат, самогон каби турли ясама ароқлар нерв системаси учун ниҳоятда зарарли. Улар одамни кучли заҳарлайди ва кўр қилади, кўпинча ўлимга олиб боради.
*** 30-35 грамм ароқ ичилганда одамнинг ақлий қобилияти бир неча соатдан бир неча кунгача пасайиши исбот қилинган. Ҳатто ҳисоблаш каби оддий вазифалар оғзаки ёки ёзма равишда бажарилганда ичилган 20-25 грамм ичкилик иш суръатининг пасайишига ва хатолар сонининг кўпайишига олиб боради. Ҳарф терувчиларда ҳарф териш тезлиги 15 фоизга камаяди, хатолар сони 20 фоизга ортади.
СЎНГГИ СЎЗ
Айтилганлардан қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Ўз соғлиги ва ҳаётини ҳар нарсадан устун қўювчилар учун хулоса битта бўлган. Биз эса жимжимадор қадаҳларга қуйилаётган “шайтон суви”ни “соғлик учун” кўтараётганлар ўз соғликлари ҳақида бошқачароқ йўл билан қайғуришларини тавсия этамиз. Саломат бўлинг!
Сарвар Сафаров тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 583 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар