Сайт бўлимлари
“Алиментга яшаб бўладими?”
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
ёхуд “оиладан сўнг...” қўлга олинган “қурол”
Инсон ҳаётини тартибга солиб турувчи мезонлар бор. Эр-хотин бўлиб яшашнинг ҳам алоҳида қонун-қоидалари борки, турмушнинг аввалида уларни яхши англаб олиш оилавий ҳаётнинг бахт-саодатини таъминлайди. Жамиятдаги деярли барча кўнгилсизликлар оиладаги бир қанча илоҳий меъёрларнинг бузилишидан келиб чиқади. Сўнг синган шишани чегалаб бўлмаганидек, узилиб бўлган оила ришталарини миллиардлаб алиментлар ҳам қайта тикламайди. Тўғри, алимент аслида оилани қайта тиклашга хизмат қилмайди. Айтиш мумкинки, тўла-тўкис ҳаёт кечиришга ҳам. Унда нимага?..
“ЧИҒИРИҚҚА ҚАЙТГАН ҚИЗ”
Халқимизда қадимдан бир қизнинг турмушдан ажралиб ота уйига қайтиб келиши ўша оила учун катта иснод саналган. “Чиғириққа қайтган” қизнинг ота-онаси номусдан ҳатто кўчага чиқа олишмаган. Шу боис, ҳар қандай аёл аввало сабри, матонати, “йўқни йўндира олиши” билан оила ришталарини сақлаб турса, эркак номуси, ори билан муқаддас қўрғонни ҳимоя қилган. Тиғ тобора жондан ўтиб, бир-иккита ажримлар учраса ҳам, сабаблари бугунгидек енгил ва арзимас бўлмасди. Уларнинг ажрашишганини ҳатто биров билиб, биров билмай қоларди...
МАЪНАВИЯТ
Агар оилалар аҳил бўлса, юртнинг тараққиёти ва фаровонлиги ортади. Акс ҳолда эса, жамиятга ҳам моддий ва маънавий зиён етади. Шу боис, динимиз ва қонунларимизда ҳам ҳар бир оилавий келишмовчиликни, энг аввало, тинч йўл билан ҳал этиш белгиланган. Шунингдек, муборак ҳадисларда айтилишича, мубоҳ, яъни рухсат берилган амаллар ичида Яратганга энг хуш келмайдигани талоқ (ажрашиш) экан. Бу сўз айтилганда, ҳатто Арши аъло ҳам ларзага келиши қайд этилган.
Маълумот учун:
Мустақиллик йилларида оила билан боғлиқ 50 га яқин Қонун, Президентимизнинг 20 га яқин Фармон, Қарор ва фармойишлари, 70 дан ортиқ ҳукумат қарорлари, фармойишлари қабул қилинди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан 1998 йил “Оила йили” ва жорий 2012 йилнинг ҳам “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши оилага бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистонда оилаларнинг бузилиши дунё бўйича энг паст даражада
Айрим Ғарб давлатларида оилаларнинг бузилиши 30-40 фоизгача етиб боргани, баъзи ҳудудларда кўрсаткичлар бундан-да аянчлироқ эканлиги қайд этилмоқда.
1970 йилда Ўзбекистонда оилавий ажримлар сони 13 минг, 1980 йилда 22,5 минг, 1990 йилда эса 30 мингни ташкил этган. Ҳозирда юртимизда оилаларнинг бузилиши дунё бўйича энг паст даражада эканлиги эътироф этилмоқда. Шунингдек, ўтган йилларда оилавий ажралишлар 1,5 бараварга камайган. Бироқ...
ШУНГА ҚАРАМАЙ...
Турмуши бузилаётган оилалар ҳали ҳам борлиги ачинарли. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оилалардаги келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса рўзғордаги муаммолар, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиққан.
“ИККИ ОДАМНИНГ ХАТОСИ...”
...Бир оила бузилди. Машаққатлар билан барпо этилган бир қўрғон вайрон. Ўртада фарзандлар бўлса-чи?! Бу вазиятда бировларнинг қўлида қурол бўлгувчи — АЛИМЕНТ!
Фин ёзувчиси ва журналист Марти Ларни “Алимент – икки одамнинг хатоси учун бирининг тўлайдиган жаримаси”, деганди. Фарзандга ота-онанинг моддий ва маънавий кўмаги бирдек зарур. Аммо турли сабаблар билан ажрашган оила фарзандлари учун қонун ота ёки онанинг моддий таъминотини кафолатлайди.
Биласизми?
Алимент — (лотинча “alimentum”) озуқа, таъминот деган маънони билдиради.
Алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани аҳамиятли эмас. Бунда аввало, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги оталик тўғрисидаги ёзув ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш асос бўлади.
“АЛИМЕНТГА ЯШАБ БЎЛАДИМИ?”
Шу ўринда болани фақатгина алиментнинг ўзига таяниб боқиш, вояга етказиш мумкинми, деган табиий савол туғилади. Боланинг таълим олиши, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайиши бевосита оила даромадига боғлиқ. Болага уни ким таъмин этаётганининг фарқи йўқ. У аввало, ҳам отасининг, ҳам онасининг эътибори, мадади ва хайрихоҳлигига муҳтож. Бола отаси билан кўришиб турмаслиги учун собиқ эридан алимент олишни хоҳламайдиган аёллар ҳам учрайди. Шунингдек, судьяларнинг кузатувларига кўра, судлашув пайтида боланинг ўзи билан яшашини хоҳловчи оталар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Нега?..
ҲАМ МОДДИЙ, ҲАМ МАЪНАВИЙ
Ҳар қандай ота-она фарзандига ўзининг нафақат моддий, балки маънавий ёрдами ҳам кераклигини ичдан ҳис қилиши, оила бузилган тақдирда ҳам буни унутмаслиги лозим. Бир уйда яшамаётган бўлса-да, бола ҳақида тенг қайғуриш фақат қонун таъкидлагани учун “хўжакўрсин”га эмас, виждон даражасида бўлиши керак.
Маълумот учун:
Оила Кодексининг 5-бўлими “Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланади.
“ИЛТИМОСГА КУНИНГ ҚОЛМАСИН”
Алимент суд қароридан ташқари, уни тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчининг оғзаки келишуви асосида ҳам тўланиши мумкин. Лекин бундай келишув ҳуқуқ доирасидан четда бўлгани учун тез-тез бузилиши аёлларни талаб қилувчи эмас, балки илтимос қилувчига айлантиради.
Алимент ундириш учун нима қилиш керак?
Даъвогар қарздорнинг турар жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга ариза топширади. Аризага паспорт, никоҳ ва фарзандларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалардан нусхалар, яшаш жойидан, боланинг саломатлиги ҳақида ҳамда қарздорнинг иш жойидан маълумотномалар илова қилинади.
ҚАНЧА ТЎЛАНАДИ?
Ота ёки онанинг ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадининг
бир бола учун – тўртдан бир қисми
икки бола учун – учдан бир қисми
уч ва ундан ортиқ бола учун – ярми ундирилади.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга эса ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий сумма белгиланади.
Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади.
ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТСА...
Алимент тўлаш билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бош тортганлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
“Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш” дегани нима?
Оила Кодексининг 84-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш, шунингдек, болалик фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Аммо бу ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Бундан ташқари, боланинг турар-жойга бўлган мулк ҳуқуқи, ундан фойдаланиш ва мерос олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Ота ва онанинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қаромоғига берилади.
АЛИМЕНТНИ БЕКОР ҚИЛИШ
Алимент борасидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бир тарафлама розилик ёки қаршилик билан қонунан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қуйидаги ҳолларда суд тартибида ундирилаётган алимент тўлаш тугатилади:
- бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
- алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;
- суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;
- меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;
- алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда.
ОЛАМШУМУЛ АЛИМЕНТЛАР
90-йилларнинг энг машҳур топ моделлари бешталигига кирган канадалик Линда Евангелиста яқинда француз миллиардери Франсуа-Анри Пинодан беш яшар ўғли учун рекорд даражада — ойига 46 минг АҚШ долларини алимент сифатида тўлашини талаб қилди.
Россиялик ишбилармон Роман Абрамовичнинг оиласи бузилганда, хотини Ирина ва ўртадаги 5 нафар фарзанд оила бошлиғининг ярим бойлигига (камида 5,5 млрд. АҚШ доллари) ҳақли, деган тахмин илгари сурилганди. Суд жараёнидан сўнг «муштипар» хотин «атиги» 300 млн. долларни, Британия ва Россиядаги ҳашаматли уйларни, хусусий самолётни қўлга киритди.
“Титаник”, “Аватар” фильмлари режиссёри Жеймс Кемерон рафиқаси билан ажрашганида 50 миллион долларга "тушган".
СЎНГГИ СЎЗ
Оила қўрғонининг пойдевори ишонч, устунлари меҳр ва муҳаббат, деворлари садоқату вафо, дарвозалари ор ва номусдан тиклангандагина мустаҳкам бўлади. Устунларнинг қанчалик бақувватлигию ўзаро тенглиги, бир-бирига монандлиги қўрғонни шамолу бўронлар таъсирида бузилиб, тўкилиб кетишдан ҳимоя қилади. Аввало, оилангизни асранг, унинг мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилинг.
Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист Малика Мазбудова билан ҳамкорликда Сарвар САФАРОВ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 259 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар