Сайт бўлимлари
Телевизор дилбузарга айландими?
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳар доим ҳам телевизор орқали ўзимиз истаган мавзудаги кўрсатувларни, томоша қилишга арзигулик фильмларни кўра оламизми? Томошабин бугунги миллий телеканалларимиз фаолиятидан мамнунми? Биз телевидение орқали намойиш этилаётган кўрсатув, фильмлар борасида томошабинларнинг фикрини билиш мақсадида юртдошларимизга мурожаат қилдик.
Малика, банк ходими, 24 ёш: - Мен кўпинча «Ўзбекистон» телеканалини томоша қиламан. Кўрсатувлари бошқа каналларга қараганда бирмунча маънили, ҳарқалай бу телеканалнинг ижодий ходимлари томошабинга маънавий озуқа беришга уринишади. Аммо айрим намойишларига эътирозим ҳам йўқ эмас. Байрам кунлари албатта «Чимилдиқ» кинофильми берилади. Ҳозиргача шу фильм «Ўзбекистон» канали орқали беш юз маротаба қўйилгандир, десам лоф бўлмас. Телеканал ходимлари режа билан ишламайдиларми?! Телеканал мутасаддилари байрам кунларидаги дастурларини обдон ўйлаб кейин тайёрлашса, яхши бўларди.
Равшан ака, тадбиркор, 33 ёш: - Биз тижорат одамларимиз, кунимиз бозорларда ўтиб кетади. Телевизор кўришга кўп ҳам вақтимиз бўлмайди. Лекин пайтини топиб кўришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир телеканалларимизда корейс ва турк сериалларидан бошқа нарса берилмаяпти шекилли. Телевизорни ёқсам, «Ёшлар» телеканалида турк сериали, «Ўзбекистон» телеканалида ҳам туркларнинг киноси. Қаҳрамонлари ғийбатчи, ҳаёсиз... Энсам қотиб, дарҳол ўчираман. Шунақа сериалларнинг таъсирими дейман, қиз отага ўқрайиб гап қайтаряпти, ўғил тап тортмай онани ҳақорат қиляпти, бирортасини севиб қолса, ота-онанинг розилиги-ю, хоҳишини бир четга суриб ташлаяпти... Одоб-ахлоқдаги бу таназзул кечаю-кундуз телеканалларда айланаётган мантиқсиз турк сериалларининг таъсири эмаслигига ким кафолат беради?!..
Наргиза, 20 ёш, талаба: - «Заковат» кўрсатувини қолдирмай томоша қилишга ҳаракат қиламан. Аммо сериаллар борасида бироз норозилигим бор. Хорижий давлатларда ишланган сериаллардан кўра, ўзимизнинг миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, ўзбекона ҳаёт тарзи кўрсатилган ўзбек сераиллари кўпроқ намойиш этилса, яхши бўларди. Бу масалада «Ўзбекистон» телеканали анча-мунча яхши ишларни йўлга қўйди. «Бир кам дунё», «Туташ тақдирлар», «Дил пайванди», «Ўзи уйланмаган сов¬чи», «Умр манзаралари» каби сериаллар биз мухлисларни беҳад мамнун этди. Аммо бошқа телеканаллар ҳали-ҳануз корейс, турк ҳатто Мексика сериалларини беришда давом этяпти. Бу сериалларни ёш болалар ҳам катталар билан баб-баравар томоша қилишади. Хорижий сериал ва фильмларда кўрсатилаётган турмуш тарзи бизнинг миллий қадриятларимизга, ўзбекона тарбиямизга мутлақо мос тушмайди...
Телевидение ижодкорлари талабалар ҳаётига бағишланган, уларнинг муаммоларини, ютуқ ва камчиликларини кўрсатадиган кўрсатувлар ҳам тайёрлашса, биз талабалар ҳам хурсанд бўлардик.
Жамол ота, 66 ёш, маҳалла фаоли: - Телевизорда намойиш этилаётган кўрсатувларга жиддийроқ ёндашиш керакми, дейман. «Ўзбекистон» телеканалининг айрим кўрсатувларида халқимизнинг яшаш шароити, туриш-турмушини кўрсатиб беришга ҳаракат қилиняпти. «Эзгулик», «Одамлардан бири», «Заковат» «Очун», «Бир ўлка-ки...» каби кўрсатувларни томоша қилиш жараёнида киши ўзи истаган нарсасини топгандай бўлади. Бошқа телеканаллар ҳам тайёрлаётган дастурларига миллий маънавиятимизни ҳисобга олган ҳолда ёндашишса, яхши бўларди.
Аксарият ҳолларда телевизорда такрор ва такрор кўрсатилавериб, ҳаммага ёд бўлиб кетган фильмларни намойишдан аввал жонга тегар даражада реклама қилишади. Реклама қиладиган йигитимиз овозига ўзгача тус бериб, киноларнинг ҳаммага таниш мазмунини «ҳикоя» қилади. Бу оҳанжама нимага керак, ҳайронман...
«Айланай», «Рўзғор мактаби» деган кўрсатувларни томоша қилиш нари турсин, номини эшитгандаёқ катта ёшли кишиларнинг энсаси қотади. Барака топкурлар, ҳамманинг ҳам маънавий дунёси, фаҳм-фаросати артистларнинг бозор қилиши-ю, овқат тайёрлашига ҳавас қиладиган, афт-башарасига бўёқ чаплаб, «сунъий гўзал»га айланаётган хотин-қизлардан завқланадиган даражада эмас-да!..
Нигорахон, 30 ёш, журналист: - Телевидение орқали намойиш этилаётган ўзбек сериаллари орқали ҳашамат ва дабдаба тарғиб қилинаётганга ўхшайди. Бу сериаллардаги қаҳрамонлар яшайдиган ҳовли-жойлар ва улардаги ҳашамат манаман деган бой хонадон аҳлининг ҳам ҳавасини келтиради. Сўнгги урфдаги кийимларни кийиб, қўлни белга тираб эрга «маъруза» ўқишни аёлларимиз телевидениеда кўрсатилаётган ўзбек сериалларидан ўргандиларов, деган хаёлга ҳам бораман...
Нафақат сериалларда, ҳатто айрим кўрсатувларда ҳам «ҳашамат рекламаси» кетади. Айниқса, бирор бир санъаткорнинг хонадонидан тайёрланган кўрсатувларда бу ҳолат яққол кўзга ташланиб туради. Кўрсатув бошловчиси билан қаҳрамон зўр бериб ортиқча ҳашаматга, дабдабага берилмасликни кўзда тутгандай мулоҳаза билдиради-ю, кадр ортидаги «фон», қаҳрамоннинг уй-жойи у томонидан маъқулланаётган фикрларга мутлақо терс ҳолда гавдаланади. Телевидениеда фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз, муҳтарам режиссёрлар мана шу ҳолатни ҳам бир мулоҳаза этсайдилар...
Диққат қилган бўлсангиз, аксарият юртдошларимиз телевидение фаолиятига танқидий нигоҳ билан қарашяпти. Ўз ўрнида томошабин ҳақ. Ҳақиқатдан ҳам телеканалларимизда мазмунли, мулоҳазали ва қизиқарли кўрсатувлар тобора камайиб кетаётгандек, томошабинни телевизор қаршисига «мих»лаб қўядиган дас¬турлар деярли намойиш этилмаётгандек... Хўш, сабаби нима? Бу ҳақида фикр ва мулоҳазаларингиз бўлса, биз билан ўртоқлашинг.
УМИДА АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 843 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар