Сайт бўлимлари
Қизлар беҳаё, йигитлар бебурд...ми?
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Одам боласи ёлғизликда ҳеч қандай бахт топган эмас. Эркакнинг саодати аёл, аёлнинг тугал бахти эркак билан бекам ҳисобланади. Гоҳида қулоғимизга “ҳозирги қизлар беқадр, йигитлар эса жуда бебурд бўлиб кетган” деб нолийдиганлар кўп. Бугун ёшлар ҳақида айнан уларнинг ўзи ҳақидаги, яъни йигитлардан қизлар, қизлардан йигитлар борасидаги фикрларини билишга қизиқдик. Мунзорамизнинг бу галги иштирокчилари йигитлар ва қизларнинг феъл-атвори, одоб-ахлоқи борасида мулоҳаза билдирадилар.
Рустам Абдусаматов, 21 ёш, талаба:- Ҳозирги қизларда ҳам кишига маъқул келадиган фазилатлар бормикан, деб ўйлаб қоламан, баъзида. Ҳаммасининг кўзи йигитларда, қайси бирининг пули кўп, қай бирига тегсам яхши яшайман, деб жони ҳалак. Билмадим, буларнинг тили “эр” деб чиқадими?! Олдингизга келиб севги изҳор қилишдан ҳам тап тортишмайди. Ҳаммасининг қўлида нархи фалон минг турадиган сотка. Билмадим, улардан қанақанги аёл, уй бекаси, она чиқаркин... Уйланиш ёшига етдим, лекин оила қуришни ўйласам юрагим орқага тортади...
Зарина Шамсиддинова, 16 ёш, коллеж ўқувчиси:- Йигитларнинг қадрланадиган фазилатлари... Улар фақат қизларни алдашади-ку. Ҳозир телефон ва интернет орқали танишиш авж олган. Биттаси танишган қизни бошқа жўраси ҳам эрмак қилади. Ҳақиқий ўзбек йигити қизларни алдамайдиган, уларни бошига кўтарадиган, вафоли бўлиши керак, деб ўйлайман.
Ботиржон Ашуров, ҳуқуқшунос, 24 ёш:- Ҳозирги қизларга беш кетса арзийди. Қойил! Замонавийлик деганда, сочини сариққа бўяб, тор шим, калта юбка, олди очиқ кофталарни ярашса ярашмаса кийиш, емай-ичмай қимматбаҳо қўл телефонларини сотиб олиб, беш –олти сим картадан йигитларга қўнғироқ қилиш учун ҳам маълум маънода “жасорат” керак! Хаёли фақат йигитларни “илинтириш”да! Ишонасизми, кўчага чиқшга чўчийдиган бўлиб қолганман, битта яримтасининг “тўр”ига “илиниб” қолмай деб. Баъзан қўл телефонимнинг ҳисобига ўз-ўзидан пул келиб тушади. Қизларнинг дастидан телефонни ўчириб қўйиб ҳам қутулолмайман. Ўзлари пул ташлаб, ёқиб дарров топволишади. Идеал қизлар ҳақида орзу қилмасак ҳам бўлади! Анча олдин қўшни вилоятдаги қадрдонларимизникига боргандим. Учинчи синфда ўқийдиган невара қизлари бор экан. Қизча ва укаси билан гузардаги дўконларни айланиб юрган эдик, мен гўдак деб ўйлаётган ҳалиги қизалоқ, “Ака, сиз тўй бўлганмисиз?” деб сўради. Уйланмаганимни айтдим. Қизча ҳайратланиб, “Йигирма бирга кириб ҳали тўйиз бўлмадими? Мен ўн етти ёшимда келинчак бўламан, бувим билан аям шунақа дедилар” дейди! Қотиб қолибман. Тўққиз яшар қизалоқ тезроқ болалиги тугаб, ўн еттига тўлишни истаяпти. Келинчак бўлармиш. Тўғриси, ўшандан кейин ҳалиги қизча билан унча гапимиз қовушмади. Нимага деганда, аввал мен уни бола, гўдак хаёл қилиб болаларча муносабатда бўлаётгандим. Кейин ёшига нисбатан анча улғайиб қолган бу қизалоқ билан тиллашиш учун менда “истеъдод” йўқлигини англадим.
Замонавий ўзбек қизи, хусусидаги саволингизга келсак, сочлари қоп-қора, майда ўриб ироқи дўппи кийиб олган, атлас кўйлаги товонини ёпадиган, гапирганда ҳаёланиб ёноқлари лов-лов ёнадиган, қоши ўсмадан, кўзи сурмадан, юзлари қатиқдан бошқа бўёқни кўрмаган қизларни фақат... туш кўриш мумкин!
Шаҳло Эшонова, 23 ёш, таржимон:— Йигитлар ҳақида ўйласам юрагим увишиб, ўз-ўзимдан хижолатга тушаман. Улар шунақанги бойликпараст, мол-дунёга ўч бўлиб кетишганки, бу борада хотинларни ҳам ортда қолдиришади. Мен нуфузли олий ўқув даргоҳида ўқиганман. Яқинда магистратура таҳсилини ҳам тамомладим. Иш жойим ҳам обрўли ташкилот ҳисобланади. Биласизми, йигитлар мени кўриб, бир бадавлат оиланинг арзандаси, бунга уйланиб отасининг мол-дунёси, машина, уй-жойга эга бўламиз, деган хаёлга боришади, шекилли, ўзим билан танишиб, уйимизга совчи юброришгандан кейин ҳафсаласи пир бўлади. Чунки икки хонали “дом”да яшаймиз. Ота-онам ҳам оддий одамлар. Мен ўз билимим, кучим билан ўқишга кирганман. Дипломимдан, билимимдан бошқа кўзга кўринган бойлигим йўқ. Ўша менга “ошиқу беқарор” бўлиб, совчи юборган йигитлар ҳақиқатдан хабар топганидан кейин қуённи расмини чизиб кетишади... Саволларингизга шу гапларим орасидан жавоб топа олгандирсиз? Келиннинг мол-давлати, отасининг бойлигига қараб уйланадиган йигитлардан қандай оила бошлиғи чиқишини ўйламаган эканман.
Муҳаммаджон Султонов, 19 ёш, уста:— Қизларнинг камтар, одобли, хушмуомалалигини қадрлайман. Айримлар, ҳозир сен айтган сифатларга эга қизлар қолмаган, дейиши мумкин. Кимга қанақа. Мен ўзим қизларни алдаб, улар билан соатлаб телефонда гап сотишга, учрашиб юриб, алдашга вақт топмаганим каби, уйидаги юмушларидан, ўқиш-ишидан, тикиш-бичишидан ортиб йигитлар билан вақтичоғлик қилолмайдиган қизлар ҳам бор, деб ўйлайман. Тўғри, ҳозр қизлар кийиниш борасида бироз ҳадларидан ошишяпти, буни тан оламан. Лекин атлас, адрас, яна аллақандай матолардан ўзбекона кийимлар тиктириб кияётган қизлар ҳам йўқ эмас. Замонавий ўзбек қизи деганда, атлас кўйлакли, бошида дўпписи бор, сочлари узун, ҳам ўқимишли, ҳам ҳунарли қизларни тушунаман. Худо хоҳласа, ўзим ана шундай фазилатларга эга қиз билан ҳаётимни боғлашни ният қиламан.
Нафиса Камолова, 24 ёш, чевар:- Йигитларнинг бир сўзли, аҳдида содиқлигини тан оламан. Биласизми, мен авваллари ҳамма йигитларни ваъдабоз, ёлғончи, қизларни эрмак қиладиган субутсиз, деб ўйлардим. Уларга ишончим бўлмагани учун ҳам турмушга чиқмай юргандим. Аммо тақдир менга шундай йигитни йўлиқтирдики, ҳозир мен йигитлар ҳақидаги фикримни буткул ўзгартирганман. Ўзим идеал деб билган инсонимни топдим. Демак, орамизда идеал йигитлар бор! Фақат ҳаётга оптимистик нигоҳ билан қараш кифоя. Уйим-жойим дейдиган, ичмайдиган, чекмайдиган, ёмон йўлларга юрмайдиган, садоқатли йигитлардан ажойиб оила бошлиғи чиқади. Бир кам дунё дейдилар, камчиликсиз одам бўлмайди. Йигитларнинг феъл-атворидаги айрим нуқсонлар киши таъбини хира қилса-да, яна такрор айтаман, хиёнатдан бошқа ҳамма камчиликни кечирса бўлади. Кўп нарса одамнинг ўзига боғлиқ.
Замира Ниязова, 20 ёш, қандолатчи:— Йигитларга гап бўлиши мумкин эмас! Уларни айрим қизлар бузади. Ўзингиз ўйланг, қайси йигит қаршисида сузилиб, ўзини очиқ-сочиқ кийимларда кўз-кўз этаётган қизга бефарқ қараб туриши мумкин?! Ҳозир айрим бетавфиқ қизлар одамларнинг оиласини бузишгача боришяпти. Яқинда ён қўшнимиз икки гўдаги билан ота уйига қайтиб келди. Сабаби эри ўн саккиз яшар бир қизга илакишиб қолган экан, қиз ҳомиладормиш. Қўшни опа бояқиш, одамлардан ор қиламан, кўчага чиқишга уяламан, деб йиғлайди. Анави қиз эса опанинг эри билан тўй бўлаётган эмиш. Шармандаларда бет ҳам қолмабди, дедим бу гапни эшитиб. Хўш, бу воқеада ким айбдор? Ўша хотини, боласи бор эркакка сузилган қиз айбдор-да! Қизларнинг қилиғини, кийиниши, юриш-туришини кўриб, қиз бола бўлиб туғилганимга афсусланаман, Худо кечирсин...
“Уят эркакларнинг виқори бўлса, аёлларнинг ҳуснидир” деган жумлаларни ўқигандим қаердадир. Ҳақиқатан ҳам орият, уят, шарм ва ҳаё ҳамма учун бирдек зарур нарса. Айримлар эса бу ҳислардан айро тушиш билан ўзларининг қадр-қимматларидан айрилиб қолаётганларини англамаяптилар, назаримизда. Бу хусусда ҳар хил мулоҳазалар бор. Нима бўлганда ҳам, хоҳ йигит, ҳох қиз бола бўлсин, ҳаёни ўзига абадий йўлдош билса қадру мартабаси юксалиши аниқ. Муҳтарам муштарийнинг мавзу юзасидан мулоҳазалари қандай? Мактуб йўлланг ёки қўнғироқ қилинг.
Фарзона Турсунова тайёрлади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 809 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар