1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Синглисини йиғлатмайди МАРД ака

 

Сингил хорижда ишлаб юрган акаларининг тўйида қатнашишини истаб, икки йил тўйни чўзиб юрди. Қуда томон бўладиган тўйнинг кечикиши яхши эмаслигини айтиб, тезлаштириш тарадудига тушишса,  ёшли кўзларини онасига тикиб жавдирарди:
—    Онажон, бор-йўғи иккитагина акам бор-а, улар тўйимда бўлмаса, менга шодлик татирмиди? Илтимос, қудаларингизга айтинг, бироз кутишсин, акамлар қайтишсин...
Бўлмади. Икки йил бўлғуси келинчакнинг акалари чет элдан қайтишини кутган қудалар, охири, агар тўй қилишмаса, фотиҳани қайтариб, бошқа келин излашларини айтишди. Сингил кўзлари йўлда келинликликнинг оқ либосини кийди. “Тўй куни албатта етиб борамиз” деган ваъда билан синглисини хотиржам қилган акалар, тўйда қўнғироқ қилиб табриклаш билан кифояланиб қўя қолишди. У томонларда меҳнат таътилида ҳам ишлаганларга икки баравар ҳақ тўланар экан... Сингил ўксик кўнгил билан узатилди.

Аёл шу нимачасини устидан қўймай кияди. Ўғил-қизлари ҳар байрам, ҳар туғилган кунида бош-оёқ сарпо қилиб, албатта янги нимча ҳам қўшади. Лекин аёл учун шу нимчадан бошқаси бекор! Бирор жойга бораётганда кийинишга тушса қизига:
—    Тоғанг олиб келган нимчани олиб бер, ўшани кийиб кетаман,- дейди ҳар гал.
—    Ойи-и-и, шунча янгилари туриб, увадаси чиқиб кетган нимчани кийиб тўйга кетасизми? Одамлар нима дейди?- ёзғиради қизи. Қизининг гапидан аёл оғринади:
—    Тоғанг олиб келган уни қизим. Эскирса эскирар...

Ака Умра зиёратига бориш олдидан синглисини кўргани келди. Сингил кенжа ўғлини уйлантирган пайтлар бегоналар қатори тўйдан чиқиб кетганича, зиёратга бориш баҳонасида эшикдан кириб келган ака унинг бошига рўмол солди:
—    Онам ўрнидасан, синглим. Дуойингни олайин, деб келдим.
—    Илоҳим, давлатингизга давлат қўшилсин. Мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин,- деб алқади сингил ёшли кўзлари билан жилмайишга уриниб.
Шундан бери ўша рўмол бошидан тушмайди. “Акам Умра зиёратига кетаётиб бошимга рўмол солиб кетдилар”, деб таниш-билишларга ҳанузгача мақтанади. Ваҳоланки, муқаддас зиёратга боришга муваффақ бўлган аканинг синглисиникига қўй етаклаб келишга ҳам имконияти етарди...

Аввалига бахтдан  қоқилиб, сўнг бир неча йил деганда фарзандли бўлган сингил вақт-соати келиб тўйга етди. Армонларини тўлдириш учун орзу-ҳавасли тўй берди. Эрининг барча қариндош-уруғи яхши кунида ҳозиру-нозир бўлиб, имкон қадар тўйга шерик бўлишди. Унинг  акалари алланималарнинг баҳонасида тўйга келишмади. Сингил ўкинган кўйи тўйхона даврасидан акаларини излай-излай толди. Овсин овсинига тош отиб ўрганган эмасми, тагдор қилиб унга:
—    Акаларингиз келишмади-а? Ҳа энди, шунча йил деганда синглиси ўғлининг суннат тўйини ўтказяпти, улар биттадан буқа, ҳеч йўқ қўчқор етаклаб келишлари керак эди-да. Тўёнадан қочиб келишмади акаларингиз...
Сингил бояқиш нима дейишини ҳам билмай, хижолатлик билан лабларини тишлаб қўйди...

Онаси улар ҳали кичкиналигида “учта уканг учта посбонинг, қўрғонинг. Улар сени ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди” деб қулоғига қуйиб қуйганди. Болалик чоғлари чиндан ҳам шундай эди. Укалари  бир бурда нонни ҳам усиз ейишмасди. Аввал боғчадан, сўнг мактабдан қайтган заҳотиёқ бор овозлари “опа, опажон” деб уни қидиришга тушиб қолишарди. У бир умр укаларим менга шундай ҳамроҳ, дилдош, сирдош деб ўйларди. Шошқалоқ йиллар бир-бирини қувиб ўтиб, уларни бир зумда катта одамга айлантириб қўйди. Опа узатилди, укалар уйланди. Укаларнинг болаликдаги ваъдалари ваъдалигича қолиб кетди. Энди опанинг ҳол-аҳволидан ойлаб хабар олишмайди. Баъзилари тирикчилик ташвишлари важидан хабар ололмаётганини рўкач қилиб қўйишади. Иниларининг дийдорига илҳақ опанинг тилида фақат дуо айланади. Кўнгли эса ўксик: “Кошкийди эшикдан кулиб кириб келишса, бир ҳовуч майизи ҳам керак эмас...”

Барака кўтарилса, демак...

Эрта тонгда аксариятимиз  бизга яна бир кунни туҳфа этган Яратганга шукрона келтириш билан эмас, қалбимизни тошдай қаттиқ қилган тирикчилик ташвишларини хаёлан тафтиш қилиш билан уйғонамиз. Эътирозга шошилманг, хўп деяверинг, шундай, биродар. Хуллас, “воей, дарров тонг ҳам отди-я, бир дунё иш кутиб турибди. Бугун ҳаммасига улгурармиканман” деган ўй билан уйқудан кўз очамизу, қовоғимизни очмаймиз. Кундалик ташвишларга ўралашиш билан кунимиз бошланади. Югур-югур, чопа-чоплар оқибатида ҳувиллаб қолган кўнглимизни ҳавойи ҳисларга тўлдирамиз.
—    Рўзғор ташвишлари билан юрибмиз-да...
—    Бола-чақани деб югуриб юрибмиз...
—    Иш кўп, тирикчилик тобора қийинлашиб боряпти. Ишламаса бўлмайди...- деб қўямиз таниш-билишлар билан кўришиб қолганда. Ҳар куни бир хил ҳолат, бир хил гап. Салом-алик, ҳол-сўрашишлар охирида бир хил “навбатчи” жумла: “Иш кўп, тирикчилик йўлида юрибмиз-да” янграйди.
Бир муддат тўхтанг, бирозга мушоҳада қилинг дўстим, УМР ЎТЯПТИ. Эртага бугунни топиб бўлмайди. Ҳаммамиз ҳам ризқу насибамиз билан яратилганмиз. Тиш берган Зот албатта ризқимизни ҳам ато этади. Ризқимизнинг бутун, бекаму кўст бўлиши кафолат бўладиган нарса нелигини биласизми? Бизга тақдир қилинган ризқ — ота-она, жон-жигар, қавм-қариндошларимиз билан гўзал муомалада бўлиш, ришталарни мустаҳкамлаш ва силаи раҳмни қойиллатиш билан кўпайиши ваъда қилинган саҳиҳ китобларда. Биз ғофиллар ризқимизни кўпайтириш, тўкин яшаш учун кун ботганинию тонг отганини билмай-англамай югураверамизу аслида бажаришимиз шарт бўлган амалларни адо этиш хаёлимизга келавермайди. Зеро қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умри баракали бўлиши  ҳақида  Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар:
“Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Эътибор берган бўлсангиз, атрофимиздагиларнинг гап-сўзларида, “Пулнинг баракаси учган”, “Негадир топган-тутганимда барака йўқ, ўлиб-тирилиб ишлаб топган пулимнинг совурилиши бирам осон” деган шикоятлар кўп айланади. Яна кимлар, “авваллари унақамасди, рўзғорда, пулда барака бор эди, нима бўляпти ўзи бизга?!” деб такрорлашга ўрганиб қолишган. Аммо биров авваллари ота-боболаримиз силаи раҳмни қойиллатиб қўйишганини, қариндош-уруғчилик муносабатлари ўз ўрнида турганини, оға-ини, жигарлар бир-бирларига гўзал муомалада бўлганларини негадир эсламайди. Чўнтагимиздан барака кўтарилиб, эртадан-кечгача тиним билмай югурсак-да биримиз икки бўлмаётганининг сабабларини мушоҳада қилиш мавриди келган кўринади, замондош.
Опа ё синглисининг болалари қоқиниб-суриниб ҳаётда йўлини топиб, омади келиб давлати кўпайса ёинки мартабаси ошиб лавозими кўтарилса, тоға бўлмишнинг қариндошлиги эсига тушиб, жиянига насиҳат қилиб қўймоқчи бўлади. Турган гапки, тоғанинг панд-насиҳати жиянга ботмайди. Ахир қандай ҳам ботсин, улар ёшлигида, ота-онасининг қўли калталиги, эҳтиёжмандлигида тоға бўлиб яхши-ёмон кунига ярамаган бўлса, имкони қадар бир камини бутлаб, бошини силамаган бўлса, силаи раҳмни ўрнига қўймаган бўлса...
Ҳар нарсани иш билан, вақт билан боғлаб ўрганиб қолганмиз. Тўғрироғи шу билан ўзимизни ҳам бошқаларни ҳам алдамоқчи бўламиз. Аслида суткадаги 24 соатдан атиги ўттиз дақиқагинасини йўлимизга интиқ жигаримиз, яқинларимиз дийдори учун, баракаси кўтарилиб бораётганидан афсусланаётган чақамизнинг тўрттагина нонга лойиғини биродаримиз кўнглини олиш учун ажратсак, сарфлаган фурсатимиз ва маблағимиз умримиз, ризқимиз ва номаи аъмолимизга қайд этилажак савобларимиз ажри биз кутганда-да бисёр бўлишини қачон англаб етаркинмиз?..

Силаи раҳм нима?

—    Силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати жаноби Пайғамбаримиз (с. а.в)нинг муборак ҳадисларида такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига алоҳида урғу берилади, -дейди мутахасис- диншунос Баҳодир Муҳаммадиев мавзу юзасидан мулоҳазаларини ўртоқлашаркан.- Силаи раҳм хусусида фикр билдиришдан аввал, бу атаманинг маъносига тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. “Силаи раҳм” калимаси тилимизга ўгирилганда, “раҳмни боғлаш” деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани. Она бачадонини ҳам араблар “раҳм” дейдилар. Демак, силаи раҳм деганда қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тушунилади. Эътибор қилинса, бу сўзнинг ўзаги меҳр-шафқат, мурувватни англатувчи “раҳм” сўзи билан битта. Шунинг ўзи оқил одамга кўп нарсаларни ўргатади.
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (сав)нинг шундай деганларини эшитади: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: Мен Раҳмондирман. Мен “раҳм”ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм ясадим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. (Бухорий: “ал-Адаб ал-муфрад”).
Силаи раҳм жамиятимиз гуллаб-яшнашининг энг биринчи ва энг муҳим омилларидандир. Агар ҳамма ўз қариндош-уруғлари билан чиройли алоқада бўлса, борди-келди қилса, давлатманд кишилар ўзларининг қўллари қисқароқ бўлган қариндош-уруғларига меҳрли-мурувватли бўлсалар, ҳолларидан хабардор бўлиб турсалар, оғирларини енгил қилсалар, бу қандай саодат!
Ҳар қандай иши кўп, ўта банд, замонавий ибора билан айтганда манаман деган бизнесмен киши ҳам агар виждони уйғоқ бўлса, силаи раҳмни узган одамнинг дунёю охиратдаги жазоси ҳақида билса, албатта вақт-вақти билан ўзига яқин одамларни ҳолидан хабар олишга вақт топади. Шунча вақтини ақл билан тақсимлаганда, бу нарса учун ҳам вақт топади.  Ҳеч бўлмаганда, телефон орқали ҳол-аҳвол сўраш ҳам силаи раҳм бандларига киради.
Шуни билмоқ лозимки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар.
Бугун иншо этганларимиз кимларнингдир мудраб ётган меҳрини, жигарлик, қондошлик ҳисларини уйғотиб юборган бўлса, кимлардир мулоҳазаларимизни кузатиб қавм-қариндошидан бирровга ҳол- аҳвол сўраб қўйиш учун қўлига телефонини олган бўлса, қалбимиз мамнуният нурларидан мунаввар бўларди. Унутманг биродар, дунё омонат, биз эса ана шу омонатлик ичра ғаниматмиз. Дунё ташвишларини бир чеккага суриб, яқинларимиз дийдорига ошиқайлик. Уларнинг дуоси, қувончи дунё ҳавасларидан минг чандон ортиқ ва завқлидир.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 848 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ