Сайт бўлимлари
Жамиятдаги иллат – Тиланчилик
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 01 Март 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бугунги кунда кўча-куйда садақа сўраб, қўл чўзаётган турли ёшдаги эркагу аёллар ва ҳатто болаларни кўриб, беихтиёр ўйга толасан киши: наҳотки шу одамлар қилаётган ишларининг моҳиятидан бехабар бўлсалар? ”Худонинг йўлига садақа қилинг”, “Аллоҳ розилиги учун беринг”, дея тинмай жавраб, одамларнинг йўлини тўсаётганлар исломга кўра садақа олиш кимга ва қай миқдорда жоизлигини билмайдиларми? Улар қилаётган ишларига турли важи-карсонларни баҳона қилиб кўрсатишади: бирининг бор пулини ўғри уриб кетган бўлади, уйига етиб олиш учун “арзимас” пул кераклигини айтади: Бошқасининг “Учта етим гўдагидан” бўлак “ҳеч вақо”си йўқлиги сабаб, олдидаги пакети пулга тўлиб кетса ҳам, “норасидалар”и учун кун бўйи “ўч-тўрт сўм” сўрашдан толмайди ва ҳоказо.
Айниқса, жума кунлари тиланчиларнинг жомеъ масжидлар остоналарида қатор бўлиб ўтириб олишлари хунук манзарани юзага келтиради. Жума намози тугагач эса, уларнинг “хониш”лари авжига чиқади. Ажабланарлиси шундаки, улардан баъзилар ҳатто масжид ҳовлисининг ўртасида туриб олганча, бақириб-чақириб тилана бошлайди (бу асосан лўли аёлларга хос), аммо намозхонларнинг таъбини хира қилаётган бу ҳолатга масжид мутассадиларидан бирон киши ҳам парво қилмайди.
Тўғри, тиланаётганлар орасида чиндан ҳам муҳтожлик, чорасизликдан шунга мажбур бўлиб қолганлар ҳам бор: кимдир ногаҳоний талофат туфайли бор-йўғидан ажралган; қайсидир вилоятлик талаба шартнома пулини тўлай олмай гирён, агар пул фалон муддатгача кечикса, у ўқишдан четлатилади; яна қайсидир икки-учта боласи бир ёш жувоннинг эри Россияга ишлашга кетганича, бир йилдан бери қорасини кўрсатмайди. У билан бирга кетган маҳалладошлари насибага яраша озми-кўпми пул топиб қайтдилар, жувонга эрининг саломат юргани, уйига ҳеч шошилмаётгани айтдилар. “Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди”, “бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон”, деганларидек, уларнинг ҳам ўзларига яраша эҳтиёжлари бор. Бошқа бир киши эса, ёш ва соғломлигига қарамай тиламчилик қилаётганини изоҳлар экан, илгари бир заводда ишлаганини, завод тўхтагач ишсиз қолганини, қўлида бирор ҳунари йўқлиги сабаб нима қиларини билмай охири шу ишга мажбур бўлганини айтиб куюнади.
Шу ўринда озгина тафаккур қилиб кўрайлик, бу каби инсонларнинг тиланчилик қилишгача бориб етишларига бепарво қараб турганимиз – бизнинг айбимиз эмасми? Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир мўминнинг бу дунёдаги бир машаққатини аритса, Аллоҳ унинг охиратдаги машаққатини аритади. Кимда ким бир камбағалнинг дунёвий ишини енгиллатса Аллоҳ унинг дунё ва охиратдаги ишларини енгиллатади”, - дея марҳамат қиладилар.
Кило-кило ош дамлаб, ҳар хил бидъат маросимлар ўтказиш, туғилган кунни ҳам дабдабали туйдай қилиб нишонлаш ўрнига ана шу каби талофат кўрган инсонларга, илм талабидаги қўли қисқа ёшларнинг ўқишига ва чорасизликдан нима қиларини билолмай қолган бева аёллару етим болаларга сарфласак бўлади-ку! Ахир мусулмонлар бир-бирлари билан оға-ини эмасмилар? Шундай экан, қайси ҳамиятли, ориятли киши ўз ака-укаси, опа-синглисининг кўча-кўйда одамларга муҳтож қўлини чўзиб, тиланишига чидаб тура олади? Ўша ҳеч кими йўқ бева аёлнинг жилла қурса қўни-қўшнилари бордир, маҳалла-кўй бордир. Шу биргина оиланинг эпини қилолмай, масжид остонасида тилантириб қўйиш уларга ор-номус эмасми? Ахир “Ўзи иссиқ овқат еб, қорин тўйғазиб, иссиқ ўрнига чўзилар экан, қўшниси оч-наҳор ҳолда тонг оттирган киши биздан эмас-мўмин эмас!” – деган зот шу мусулмонларнинг пайғамбари-ку?!
Бундан ташқари, ишсиз қолган, қўлида ҳунари йўқ инсонларни бирор касбга йўналтириш ҳам улуғ садақа, савобдир.
Хулоса ўрнида айтадиганим шуки, соатнинг ҳар чиққилаши бизни бу имтиҳон дунёсининг чиқиш эшиги сари етакламоқда, барчамиз ҳам бирин-кетин баримиз ўламиз! Яхши кўриб тўплаган молимизни эса, фақат динимизда кўрсатилган ўринларга, хайрли жойларга сарфлаб, солиҳ амал шаклидагина “орқалаб” кета оламиз. Зотан шундагина топган молимиз дунё ва охиратда биз учун манфаатли бўлади, ҳамда бу билан “Аллоҳга қарзи ҳасана берган», “Фойдали савдо”ни амалга оширган бўламиз.
Мана шундай хайрли ишларга киришсак, табиийки, муҳтож одамларнинг тиланишига ҳожатлари қолмайди. Демак, кўча-кўйда энди фақат енгил-елпи даромад топишга ўрганган, тиланчиликни доимий касб қилиб олган одамларгина бу ишда давом этишлари мумкин. Уларни эса, тартибга солиб қўйиш қийин эмас.
Нўъмон Абдулмажид
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар