1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жигаримни бегона қилманг, келин!

Келин! Хонадонимизга қўйган қадамларингиз қутлуғ бўлсин! Онажонимнинг супрасию баракаси бисёр рўзғори сизга муборак бўлсин! Жигарим билан бир умр бахтиёр ва саодатмандликда умргузаронлик қилинг. Энди сиз болалигимизнинг беғубор дамлари ўтган, жажжи қадамларимизнинг излари қотган уйимизнинг бекасисиз. Онажоним ошхоналарини, саранжом-саришта хонадонларини сизга ишониб топширдилар. Келин-синглим, ишончни ОМОНАТ ўрнида кўринг. Омонатга хиёнат қилиш гуноҳ ҳисобланади. Гуноҳдан сақланинг, зеро, уйимизга фаришта мисоли нур олиб кирдингиз. Келин-синглим, мен ота уйимга онда-сонда меҳмон бўлиб бораман. Сиздан ўтинчим, болалик уйимда мени бегона билманг. Бу уйда жигарларим билан бир бурда нонни тенг бўлиб еганмиз. Бу уйда туғишганларим билан бир кўрпа тагида тепишиб ўсганмиз. Бу уйнинг деворларида  ортга қайтмас ширин хотираларим акси қотган. Келин-синглим, энди сиз мезбонсиз, мен меҳмонман, остонангиздан қадам қўйганимда, чеҳрангизни очиб қарши олинг. Зеро, ота уйимга ҳадик ва хавотир билан безиллаб эмас, соғинч ва меҳр билан хушнуд кириб борайин. Бугун сизга айтишга чоғланганларимни насиҳат ўрнида билманг, келин-синглим. Бу – хонадонига келин тушган қиз-жигарларнинг ўтинчи, илтижоси. Зинҳор сизга ақл ўргатиш ниятим йўқ. Ахир, онажоним қизлар орасидан энг оқила, энг фарзона, энг доно, энг чаққон ва албатта энг гўзал қиз- Сизни келинликка танладилар. Сиз фақат ақллигина эмас, балки, ақл ва фаросатни бирдай эгаллаган оқила қизсиз. Сиз жуда яхши биласизки, қиз жигар ҳамиша биродарларининг меҳри ва эътиборига муҳтож бўлади. Келин-синглим, сиз укамга мендан тез-тез хабар олишини, мен жигаримнинг нонига эмас, меҳрига, оқибатига эҳтиёжманд эканимни уқтириб туришингиздан умидворман. Мен қатъий ишонаманки, сиз ривоятларда келтирилган синглисини кўриш учун буғдойни пайҳон қилган гуноҳи авф этилган йигитнинг амалини укамга эслатиб турасиз. Мен биламан, сиз ҳеч қачон жигаримга менинг, оила аъзоларимнинг камчилигимизни айтмайсиз. Келин-синглим, жигарим ортидан келган яқиним сиз, сизни ҳеч қачон бегона билмаймиз. Сиздан илтимос, бизни ҳам жигаримиздан бегона қилманг. Жон келин, этни тирноқдан айирганнинг гуноҳи оғир. Бу дуёнинг ҳар бир иши ҳисоб-китобли. Маҳалламизда бир аёл бўларди. Эрининг қариндошлари гўёки, унинг душмани эди. Уйига эрининг яқинлари келса, қовоғини очмай, дастурхон тугул, ҳатто дарвозадан ичкарига киритишга ҳам рўйхушлик бермасди. Бора-бора эр уруғлари жигариникидан оёқ узишди. Эркаклар-ку, дарди ичида, аммо аёл жигарлар гап-гаштакда “ота уйимизга бизни бегона қилди. Ота-онамизнинг руҳини шод қилиб, болалигимиз ўтган уйга боришни, ўтганлар руҳига хатм-Қуръон қилишни истаймиз. Лекин қовоғини ўйиб, бизга рўйхушлик бермайдиган келиннинг дастидан дод” деб кўз ёши қилишарди. Чархифалакнинг ишини қарангки, вақт ўтиб ўша эрининг жигарларини ёт билган аёлнинг уйига ҳам келин тушди. Ва келин бир пайтлари қайнонасиэрининг уруғига кўрсатган “оқибат”ини куёвининг яқинларига такрорлади. Қайнона эса кўз олдида келинининг оқибатсизлигини кўриб, ичдан зил кетиб яшади. Дунё деворига нўхат отсанг, бир куни ўзингга тош бўлиб тегади дейишади. Аёл кишига эр уйидан бахт топиш тақдир қилинган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Надоматларки, айрим аёллар бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етавермайдилар. Эркакни жигарларидан бегона қилишга уринадиган аёлларнинг доимий куйлайдиган қўшиғи “... Уруғ-аймоқларингиз...” деган ибора билан бошланди. Шайтоннинг лашкари улар. Жигарлар эту тирноқ бўлишини, этни тирноқдан айирганга жавобу жазо муҳаққақ эканини билмайдиганлар. Келин-синглим, файзиёб хонадон, сербарака рўзғор, фаровон турмуш калити нелигини биласизми? Бу- сиз ва укамнинг жигарларингизга оқибатли бўлишингиз, силаи раҳмни ўрнига қўйишингизда! Силаи раҳм- банданинг Аллоҳга яқинлашуви ҳамдир. Зеро, қавм-қариндошларига силаи раҳм қилган, муносабатларини яқин қилган киши билан Аллоҳ ҳам яқин бўлишини, силаи раҳмни узган бандасини Яратган ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйиши далил этилади ҳадисларда. Сиз “қариндош” сўзининг ўзагига аҳамият берганмисиз?  Асоси “қорин” сўзидан келиб чиққан бу сўз, бир қориндан тушган, қондошларга нисбат берилганда ишлатилади. Бундай ришта билан бирлашган кишиларни айириш нега гуноҳи кабиралар сирасига киришини энди ўзингиз мулоҳаза қилаверинг.
Бир дугонам алам билан ҳаётидан шундай ҳикоя қилганди. Бугун дугонамнинг ўша изтиробли ҳикоясини сизга айтишга қарор қилдим. Сиз оқила, мулоҳазали қизсиз, ушбу ҳикоя асносида сизга нима демоқчилигимни фаҳмлаб олишингизга ишонаман.
-    Эсимни танибманки, онам дадамнинг қариндошлари – амма, амакиларим билан чиқишмайдилар,- дейди дугонам.- Овсинларнинг келишмовчилиги, доимий уруш-жанжаллари ака-укалар орасига ҳам раҳна солиб улгурган. Дадамлар уч ўғил, бир қиз. Аммам бояқишга раҳмим келади. Узоққа келин бўлган, ота-онасининг руҳини шод қилиш учун киндик қони тўкилган уйга келгиси келади. Қишлоғига келса ака-укалар, келинойиларнинг аҳволи бу! Катта акасиникига борса, унинг хотини овсинларини ёмонлайди. Кичик акасиникига борса, кичик келинойисининг қовоғи солиқ. Укасиникига ўтса ҳам бундан баттар ҳол. Хотинларнинг муросасизлиги туфайли ака-укалар душман. Қишлоқнинг тўй-маъракаларида бир-бирига терс ўтиб кетишади, салом-алик йўқ. Бобом билан бувим бу исноддан бош кўтаролмай ўтиб кетишди. Қариндош-уруғлари билан иноқ оилаларга, амаки-аммалари билан борди-келди қилиб юрадиган тенгдошларимга ҳавасим келади. Онам дадамларнинг оиласидаги бош келин. Ҳамманинг бошини қовуштириб, ўзидан кичикларга ибрат бўлиш ўрнига ўзидан кейингиларга ҳам жигарларни бир-биридан айиришни ўргатган...
Келин-синглим, сиз жуда яхши биласиз, инсонга ёлғизликда бахт топиш тақдир қилинмаган. Киши ҳаётида ота-она, қондош жигарлар, жуфти ҳалоли ва жуфтининг қам-қариндошларининг ўз ўрни бор. Қариндошчилик алоқаси, жигарлик ришталари кишининг  ҳаётдаги мавқеини ҳам белгилашини ҳам сизга ўргатишимнинг ҳожати йўқ! Ўзиникилар билан муросаю мадора қилолмаган, туғишганларига меҳрибон бўлолмаган киши бегоналарга қандай қилиб яхши муносабатда бўлади?..
Келин-синглим, бугун ойдай тўлиб, кундай сочилиб хонадонимизни нурга тўлдиряпсиз. Ўтинчим, уйимизнинг меҳр нури бўлинг! Сиз туфайли бизнинг туғишганларимизга меҳримиз янада мустаҳкамлансин. Хонадонимизга бахт топиш, саодатли бека бўлиш умидида қадам қўйдингиз. Бу бахтни мулойим табассум жилваланаётган чеҳрангиз ва адоғи кўринмас меҳрга лиммо лим тўлган қалбингиз билан топасиз, иншоаллоҳ. Бугун юрагимдан тўлиб-тошиб чиққан нидоларни малол олманг. Бахтли бўлинг, келинжон, токи сиз биродарим билан бахтли-саодатли, тотув ҳаёт қуриш билан менинг ярим кўнглимни тўлдирасиз, юрагимга хотиржамлик бағишлайсиз...

ФАРЗОНА

Ҳозир сайтимизда 847 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ