Сайт бўлимлари
Аптекачи масъулияти
Қишнинг совуқ кунлари кимдир томоқ оғриғидан шикоят қилса, яна биров тез-тез шамоллаб қолаётганидан нолийди. Кўпчилигимиз шамоллаш, грипп ёки тумовга чалиниб қолсак, «шунга ҳам азза-базза овора бўлиб шифокорга бориб ўтираманми, дорихонадан бирор хил дори олиб ичарман» деган хаёлда дорихоналарга кириб, аксар ҳолларда аптекачи қайси дори воситасини тавсия қилса, ўшани харид қилиб, пала-партиш истеъмол қилаверамиз ҳам. Айримлар эса, оммавий ахборот воситалари томонидан тинимсиз реклама қилинаётган дориларни шифокор тавсиясисиз, ўзлари билганча қабул қилаверишади. Айрим ҳолларда дорихонага кириб, сотувчидан «Цитрамон» дори воситасини сўрасам, пештахтага «тап» этиб «Тримол», «Ультрамол» ва яна номига тил келишмайдиган аллақанча «...мол»ларни ташлайди-да:
- «Цитрамон» йўқ эди. Мана бу таблеткалар ундан кўра яхшироқ таъсир кўрсатади, - дейди билағонлик билан.
Дорихоналарда савдо қилаётган аптекачиларнинг харидордан шифокор рецептини сўрамай, ўз билганича маълум бир дори воситаларини сотиб олишни тавсия қилиши қай даражада тўғри? Бугун шу савол атрофида баҳслашишни ният қилганмиз.
Дилдора Муродова, ўқитувчи: - Кўп ҳолларда дорихонага кирганимда, ўзим сўраган дори воситаси қолиб, унинг ўрнига аллақандай бошқа дориларни сотиб олишимни тавсия қилишган. Тўғриси, авваллари «дорихоналарда ишлайдиган сотувчилар ҳам бирор нарсани биладики, шу воситаларни тавсия қилишар», деб ўйлардим. Вақт ўтиб бу фикрим ўзгарди. Билишимча, харидорга ўзбилармонлик билан бошқа дориларни сотиб олишни таклиф қиладиган аптекачилар янада кўпроқ даромад олиш, қолаверса, эшигидан кириб келган харидорнинг пулидан қуруқ қолмаслик учун шу йўлни тутишади...
Тўлқин Бекмуродов, ҳайдовчи: - Аслида бу ҳолат мутлақо нотўғри. Аптекачилар харидор сўраган дори воситаларини сотаётганда шифокор рецептини сўраши, агар рецептсиз сотилиши керак бўлган дори воситаси талаб қилинаётган бўлса, мижоз сўраганини бериши керак. Ўз билганича, пул учун дуч келган дори воситасини сотиш оғир ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Жамол Неъматов, шифокор: - Аптекачининг дорихонага келган мижозга ўз фойдасини кўзлаб қиммат нархдаги ёхуд бозори юришмай қолган дориларни сотиши мумкин эмас. Агар шифокор рецептида кўрсатилган дори воситаси дорихонада бўлмаса, унинг ўрнига таркиби бир хил, аммо номланишида фарқланадиган дори-дармон воситасини сотиши мумкин. Шунда ҳам рецептга харидорга сотилган дори воситасининг номини илова қилиб, имзо билан тасдиқлаши шарт.
Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан 2010 йил 18 июнда «Даволаш- профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги» буйруғида ҳам бу масала алоҳида кўзда тутилган. Ҳозирда дори воситалари савдосида ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш ва дори воситаларини қабул қилиш оқибатида ножўя таъсирларнинг олдини олиш учун шифокорлардан беморга тавсия қилган рецептининг яна бир иловаси ўзида туриши талаб этилмоқда. Шунингдек, дорихонадан дори воситаларини сотиб олганда аптекачи рецептга беморга сотган дори-дармонларнинг серия рақами, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини ёзиши, харидорга дори воситасидан фойдаланиш йўриқномасини кўрсатиб, у билан танишиб чиқишни тавсия қилиши керак. Жумладан, харидорлар ҳам телевизор ёки радио орқали рекламада кўрган-эшитган дори воситаларини ёки аптекачилар тавсия этган ҳар қандай дори воситасини ўз билганларича қабул қилмай, аввало шифокор билан маслаҳатлашиб, унинг тавсияларига риоя қилишса, яхши бўларди.
Бу масалада мутахассис фикри билан қизиққан эдик, фармацевтика фанлари номзоди Низом Давурович Суюнов қуйидагича мулоҳаза билдирдилар:
- Бугунги кунда давлатимиз томонидан аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини дори воситалари билан самарали таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, дори воситалари ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол маҳсулоти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам дори воситаларини ишлаб чиқариш ва савдо қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу борада эҳтиёткор ва эътиборли бўлишлари шарт.
Кўтарилган мавзу хусусида мулоҳаза юритадиган бўлсак, аввало айтишим керакки, аптекачининг бемор олдидаги масъулияти шифокор масъулияти билан баравар. Турли савдо номига эга, бироқ таркибида битта таъсир этувчи модда сақловчи дори препаратларини бир вақтнинг ўзида тайинланиши жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Аптекачининг дори номларини, унинг шакли ва қўллаш дозасини билмаслиги дори препаратлари билан даволашнинг хавфсизлигига путур етказади. Истеъмолчиларда улар қўллаётган дори воситасининг ўзаро фармакологик таъсирлашуви ҳақидаги тўлиқ ахборотнинг йўқлиги ҳамда турли савдо номига ва шаклга эга бўлган битта халқаро номга оид (таркибида битта таъсир этувчи модда сақловчи) дори препаратларининг қўлланиши ҳам жиддий аҳамият касб этади.
Дорихоналарда дори воситасини халқаро патентланмаган номи, дори шакли ва дозаси бир хил, аммо турли хил давлатлардаги турли фирмалар томонидан тайёрланган дори препаратларининг ҳар хил савдо номлари мавжуд. Бундай дори препаратлари орасида халқаро номи бир хил, аммо савдо номлари турлича, бироқ дори шакли ва дозаси бир хил бўлганларининг нархлари орасидаги фарқ ўртача етти баравар ва гоҳида ундан ҳам кўп миқдорни ташкил этмоқда. (Масалан, айнан таркибида битта таъсир этувчи модда сақловчи дори препаратлари турли хил ишлаб чиқарувчи фирма ва давлатлар томонидан тайёрланмоқда ва уларнинг нархлари орасидаги фарқ 1000 сўмдан 7000 сўмгача бўлмоқда. Бу беморнинг руҳий, жисмоний ҳамда иқтисодий ҳолатига катта зарардир). Аммо бундай дори препаратларининг самарадорлиги орасидаги фарқ сезиларли эмас. Демак, аптекачи хал¬қаро патентланмаган номи, дори шакли ва дозаси бир хил, аммо турли хил савдо номларида бўлган, қиммат нархдаги дори препаратларини харидорнинг ўз талабига кўра, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган, беморга манзур дори воситалари билан алмаштириши мумкин. Лекин зинҳор ўз манфаатларини кўзлаб, қиммат нархлардаги дори воситаларини харидорга тавсия этиши мумкин эмас. Шунингдек, аптекачи беморга сотаётган дори воситасини истеъмол қилиш тартиби ҳақида ҳам тушунча бермоғи керак.
Юқорида айтиб ўтганимдек, дори воситалари ижтимоий аҳамиятга эга. Шундай экан, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва уларнинг олди-сотдиси билан шуғуланишда ниҳоятда эътиборли бўлиш лозим. Доришуносликка пул топишнинг бир йўли, бизнес сифатидагина қараш тўғри эмас.
Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин. Ўз соғлиғига эътиборли бўлган одам дорихона сотувчилари тавсия қилган дори воситаларини кўр-кўрона қабул қилавермайди, аввало касалликка чалинмаслик ва унинг олдини олиш тадоригида бўлади. Қолаверса, асабларни асраш, кўнгил хотиржамлиги ва шукронани бой бермаслик, ҳар қандай дори воситалари ва муолажалардан минг карра афзал, тўғрими, муҳтарам муштарий?
Умида АЗИЗ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 846 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар