1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Писта фурушнинг “ҳақиқат”лари

 

 

 

Йўл бўйида, кўп қаватли турар жойлар кираверишида,  бекатлар олдида писта-сақич, тамаки маҳсулотлари, қурт, ширинликлар сотиб ўтирган «бизнесмен», янада тўғрироғи, «бизнеследи» холаларни деярли ҳар куни  учратамиз. Эътибор берган бўлсангиз, «тадбиркор» кеннойиларнинг аксарияти — кекса, пенсия ёшидаги аёллар. Баъзан кўча-куйдан ўтиб-қайтаётганда, уларнинг шанғиллаганча, кўча жаргонларини ишлатаётганлари ҳам  қулоққа чалиниб туради.  
Сотиб олишингиз ШАРТ!
Айримларининг юз-кўзидаги қаҳр-ғазабни кўриб, беихтиёр  қўрқувдан ёқа ушлаб ҳам қоласиз. Улар “савдо” қилаётган ҳудуддан ўтиб кетаётганингиз учун албатта  писта ёки сақич, ё бўлмаса сигарета сотиб олишингиз шартдек гўё. Энг ачинарлиси, анчагина ҳаётий тажрибага эга бўлган бундай “ишбилармон”  холаларимиз, ўсмирларга, ёш болаларга тамаки маҳсулотларини ҳеч қандай истиҳолаю мулоҳазасиз сотиб юборишади. Ҳатто, айрим ҳолатларда кўча-куйда ноқонуний савдо қилаётганлар нос ва сигарета кабиларни ўзига хос реклама асосида ҳам ўсмирларга сотаётганларига гувоҳ бўлганмиз. Лекин, бирорта мард чиқиб, сизни ҳам шу бола ёки шу қизалоқ тенги неварангиз бордир, бу сигарета манавинақа, униси анавинақа, деб болага авраб-алдаб сотгани уялмайсизми, деб танбеҳ бермайди. “Менга нима?! Шу болани ҳам ўз ота-онаси бордир, энди кўчадаги етти ёт бегона бола учун ҳам аллакимлар билан тортишиб юраманми”, деган ўй билан ҳалиги пистачи аёлларга нисбатан кўнглимизда уйғонган исённи бостирамиз. Аслида шаҳарнинг аллақайси бир бурчида ана шундай кўча «тадбиркор»лари бизнинг фарзандимизга ҳам тамаки маҳсулотларини сотаётган бўлиши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Пистачининг кирдикорлари

Бироз аввал телевизорда кўрсатилган бир жиноят тафсилоти ҳақидаги кўрсатувда ҳали йигирмага ҳам тўлмаган, жиноят кўчасига билиб-билмай кириб қолган йигит надомат билан шундай деганди: “Мактабдан дўстларим билан қайтаётиб, уйимиз яқинидаги бекат олдида писта, сигарет сотиб ўтирадиган аёлдан тез-тез бир нималар олиб турардик. Бир куни у бизга доналаб ҳам сигарет сотишини айтиб, энди катта бўлганимизни, чекиб кўрсак бўлишини айтди. Аввалига сигарет менга ёқмади. Кейин ҳалиги аёлнинг, қизларга катта, сигарет чека оладиган, ароқ ичадиган йигитлар ёқиши ҳақидаги гапларидан кейин тез-тез чекадиган бўлдик. Кейин ўша хотин бизга бир таниши сигаретдан ҳам яхши чекса маза қиладиган нарса борлигини айтганини, агар хоҳласак ундан бизга ҳам ўша нарсадан олиб беришини, лекин унинг учун кўпроқ пул керак бўлишини айтди. Ўшанда биринчи марта отамнинг чўнтакларидан пул ўғирлаганман. Уйдагилар ё билишмаган ёки билган бўлса ҳам биз болаларга билдирмаган. Кейин уйимиздаги пул турадиган жойни билиб олдим. Ҳар сафар пул ўғирлаб, ўша хотиндан ҳалиги нарсани сотиб олардик. Кейинчалик уйдагилар пулнинг жойини ўзгартиришганидан кейин, ўртоқларим билан кичик дўконларга, бировларнинг уйига ўғирликка тушадиган бўлдик…”
Кўрсатувни томоша қила туриб, бўлиши мумкин эмас, қандай қилиб уч-тўрт қути сигаретаю бир товоқда писта-қурт сотиб ўтирадиган аёлдан шу даражадаги қабиҳлик чиқса, деган истеҳзоли эътироз уйғонганди менда. Аниқроқ қилиб айтганда, камерадан юзини яширган куйи тавба тазрарру қилаётган жиноятчи йигитнинг айтганларига ишонгим келмагани бир бўлса, ғашим келгани бир бўлди. Лекин қайсидир куни тунда бир дўстимнинг қаҳвахонада нишонлаган туғилган кунидан қайтаётиб, йўл четида бир сават ашқол-дашқолини уюб ётган аёлнинг ёнидан ўтаётганимизда, ҳамроҳларимиздан бири:
—    Ярим тунда шу аёлдан ким писта ёки сақич сотиб оларкан?! Булар қандай йўл билан пул топиши кўрга ҳасса-ку! Худодан ҳам қўрқишмайди, хилват-хилватларда ўтирволиб ўзларини гўё майда-чуйда нарсалар сотадигандай кўрсатишади, - деган эди, беихтиёр телевизорда намойиш этилган кўрсатувни эсладим.

Нима мажбур қиляпти?

Тўғри, кўча ва бекатларда майда-чуйда нарсалар савдоси билан шуғулланадиганларнинг ҳаммасини ҳам шу тоифага мансуб деб ҳукм чиқармоқчи эмасмиз. Ўйлантиришга ундаган ҳолат бошқа. Сигаретаю писта сотиб тирикчилик ўтказаётганларнинг аксарияти давлат томонидан маълум миқдордаги қарилик пенсиясини олишади-ку! Аксарияти, кўринишидан ёши анчага бориб қолган, фарзандларидан тиниб-тинчиган онахонларга ўхшайди. Хўш, уларни кўчада тирикчилик қилишга нима мажбурлаяпти экан?.. 
Биз ана шундай аёлларни гапга тутишга уриндик: 
—Ўзим зерикканимдан, уйда ўтиравериб сиқилганимдан кўчада майда-чуйда сотиб ўтиришни истадим. Айтганингиздай, оладиган пенсия пулим ўзимга етиб ортади. Лекин барибир тирик жон, болаларнинг, келину куёвлар, невараларнинг туғилган куни бўлади, тўю издиҳомлар бўлади, чўтакда ортиқча пулнинг тургани зиён қилмайди-да. Нима, бизнинг бировга зараримиз тегяптими?! Ҳеч кимга мажбурлаб сигарета сотмаймиз. Соғлиққа зарар бўлса, нега сотишга  чиқариб қўйибди?..
Амаллаб бир холани суҳбатга тортгандик, ана шу жавобларни олдик. Яна бир кўча «тадбиркор»и оиласидаги иқтисодий қийинчиликни пеш қилди, яна бири ишлай деса, тузукроқ иш тополмаётганини рўкач қилди. Аммо бирортаси, “кўчада, дуч келган жойда савдо қилиш ноқонуний-ку, бундан хабарингиз борми» деган саволимизга тайинли жавоб беролмади...

Фарзандларининг зулми билан...

Ҳар гал шаҳримиздаги кўча-хиёбонлар, транспорт бекатлари ва кўпқаватли уйлар ҳовлисида ноқонуний савдо қиладиганларга кўзим тушганда, ўқувчилик йилларимда гувоҳ бўлганим бир манзара юрагимга оғриқ солади. Мактабимиз ошхонаси девори остида етмиш ёшлардан ошиб қолган нуроний момо қурт, сақич, семичка ва уч-тўрт қути печенье ёки шоколад сотиб ўтирардилар. Мактаб раҳбарияти ўқув муассаси ҳудудида писта ва сақич сотиш мумкин эмаслигини айтиб, онахонни мактаб ҳудудидан чиқариб юборишса, улар мунг тўла кўзлари билан ўқитувчиларга термула – термула сал узоқроқ кетардилару, яна бирор дарахтнингми, деворнинг панасидами ўтирволиб сотиладиган нарсаларини ёйиб олардилар. Чамаси, ўн биринчи синфда ўқирдик. Қаттиқ ёмғир ёғиб пистачи момо (биз уларни шундай атардик)  ёмғирда ивиб қолдилар. Синф раҳбаримизнинг уларга раҳми келди ва иккита синфдошимизга момони уйларига олиб бориб қўйишни айтдилар. Топшириқни бажариб келган синфдошларимиз бизга пистачи момонинг келини ҳар куни уларни мажбурлаб, майда-чуйда нарсаларни сотиб келасиз, деб кўчага ҳайдаб солишини, момонинг ўғли ҳам индамай хотинининг қилғилигига томошабин бўлиб ўтиришини гапиришди. Ёмғирда дийдираб уйига борган момони келини қаҳр-ғазаб билан кутиб олиб, савдодан тушган пулларни санаб, “нега бунча кам?! Ёмғир бировни ўлдирганмиди  сизни ўлдирса? Ўтириб, болаларнинг ўқиши тугаганча сотиб келсангиз бўлмайдими?” деб жанжал кўтарган экан. Ўшанда бир синф бола хомуш бўлиб қолгандик. Қаҳри қаттиқ,  табиати оғир синф раҳбаримиз йигитларга қараб:
—    Эртага уйланганингдан кейин сен ҳам хотинингга онангни хўрлатиб томошабин бўлиб ўтирларинг! Агар шундай қилсанглар, берган таълим-тарбиямга рози бўлмайман! Ўлсам, қўлларим гўрдан чиқиб туради,- деб танбеҳ бергандилар. Биз қизларга эса:
—    Сенлар ҳам келин бўласан бир куни. Агар турмуш ўртоғингнинг онасига пистачи момоларингнинг келинидай муомала кўрсатсаларинг, айтиб қўяйин, рўшнолик кўрмайсизлар. Бу дунёнинг ипи узун. Ҳали у хотин ҳам Худо лойиқ кўрса, бир куни қайнона бўлади. Ҳали бир муштипар онанинг хўрлиги, хорлигининг уволи унга қайтади,- дегандилар. Шунинг учунми йўл бўйида писта-сақич сотиб ўтирган кекса онахонларни кўрганимда ўша воқеани, синфдошларимнинг гапларию, синф раҳбаримнинг куйинганларини хотирлайман. Балким улар ҳам кимнингдир қистови, мажбурлаши зулмидан кўчада майда-чуйда сотиб ўтиришга мажбурдирлар. Яна ким билади. 
Кекса отаси ё онасини сигарету писта сотиб ўтиришга ёки бозорга чиқишга мажбурлаганни одам деб аташга тилинг бормайди, киши. Ундай фарзандни боқишдан кўра, ит боққан афзал. Ҳарқалай итда раҳм-шафқат ва вафо бўлади, дейман-да... Нима дедингиз, биродар?

Баҳор Турсунзода

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ