1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Идора ва ташкилот ходимлари

 

 

 

Ишхона бизнинг иккинчи уйимиз. Ишлайдиган жойимиз ва жамоамизда соғлом маънавий муҳит, ўзаро бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш ва аҳиллик бўлса, ҳам ишда унум бўлади ва ҳар иш куни яхши кайфият билан қаршиланади. Албатта ишхонадаги асосий талаб иш унумдорлиги ва ҳар ким ўз вазифасини масъулият билан бажара олиши устида боради. Бироқ жамоада ва жамоадошлар орасида ўзаро аҳиллик, ҳурмат-иззат бўлмаса ходимларда яхши кайфият бўлмайди. Яхши кайфият нафаси сезилмайдиган муассасада эса иш унумдорлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ҳозирги кунга келиб айрим корхона ва муассасалардаги носоғлом маънавий муҳит ва ходимларнинг маънавий ҳамда ахлоқий даражасидаги қусурлар ҳисобига жамоаларда бўлмағур гап-сўзлар, бир-бирини кўролмаслик, ғийбат ва фисқу фасод бўҳтонларни тарқатиш анчайин урфга кириб қолди. Бу ҳол  аёл ходималар қолиб эркак ишчиларни ҳам ўз домига тортиб кетяпти. Бугунги оғриқли мулоҳазалар айни мавзу атрофида.
Ишлашдан, меҳнат қилишдан асосий мақсад нима? Албатта, моддий эҳтиёжини қондириш, яхши яшаш ва албатта ўзига тақдир қилинган ризқнинг келишини осонлаштириш. Хўш, ризқни нима ва қандай амаллар барокатли қилади? Аниқки, ён –атрофидагиларнинг дилини оғритмаслик, кераксиз гап-сўзлардан ва ғийбат, бўҳтон отлиқ инсонларга зиёни тегадиган номаъқулчиликлардан нари юриш. Шундай экан, нега биз ризқимизга барака оралашини истаб, ҳар куни эрталабки тўққиздан кечки олтигача уйимиздан, фарзандларимиздан нари бўламизу, амалдаги ишимиз ниятимизга терс мақсадни ифода этади? Баъзида бажарилиши керак бўлган бир уюм ишимиз қолиб, жамоадошларимиз орасидан фалончихоннинг қилғиликларини, писмадончивойнинг аллаким биландир гап олиши бошқачалигию бошлиқнинг янги келган ходимага кўз ташлаши маъноли эканини муҳокама қилишдан бўшамаймиз.  Бемаъни ва бефойда нарсаларга вақт сарфлаб,  қилишимиз керак бўлган ишларга қор ёғдириб қўямизу, йиғилишларда раҳбариятдан гап эшитиб, ранжиб юрамиз. Энг ачинарлиси, ўзимиздан  ранжимаймиз, биздан иш талаб қилаётган раҳбариятдан ранжиймиз! Кўрдингизми, қанчалик маънавий дунёмизнинг қашшоқлиги, феъл-атворимиздаги қусурларнинг аҳволини. Ўзимизни, феълимизни тафтиш қилиш ўрнига оладиган маошимизнинг озлигини, баракаси йўқлигини айтиб зорланамиз, нолиймиз. Биз иш берувчини алдаб, вазифамизни бажариш ўрнига аллақаёқдаги сариқ чақага қиммат ишларга вақт  йўқотсак, жамоадошимизнинг оилавий аҳволи, киядиган кийими ва ҳоказоларини муҳокама қилиш билан  иш кунини охирласагу унуми кўринмас ишимизга ҳақ талаб қилиб, маошимиз баракали бўлишини исташимиз уялгулик эмасми?!..
—    Шаҳримизда мактаблардан бирида директор ўринбосари бўлиб ишлайман,-дейди исми –насабини сир тутишимизни сўраган юртдошимиз.- Жамоамиздаги маънавий ҳолат, ўқитувчи ходимларнинг ўзаро муомала-муносабатини кузата туриб, “эссиз, таълим муассасасидаги  меҳнат одоби шундай бўлса, бошқа ташкилотларнинг шўри қуриган экан-да” деган ўйга бораман.  Аввало мактабимизда фаолият кўрсатадиган ўқитувчиларнинг учта-тўрттаси бир бўлволиб компанияларга бўлинишгани ҳам кулгили... ва ҳам куйгулик ҳолат. Ундан ҳам шармандалиси эса ўша компаниясидаги ўқитувчи дугонасининг орқасидан ғийбат қилиб, унинг сирини ҳаммага ошкор қилиб юришади. Энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ҳам ўқитувчилар орасидаги бу тахлит уятли ҳолатдан хабардорлар. Энди  ўқувчи ўқитувчисининг болаларча қилғиликларини кўриб-билиб турса қандай қилиб ўша устозини ҳурмат қилиб, унинг тарбия ҳақида айтганларига қулоқ солиб, ишонади?! Ўқитувчиларимизнинг ўзларида тарбия, маънавий савия, салоҳият етарли эмас деб ўйлайман. Бу ҳолатдан қаттиқ ташвишга тушаман ва хижолат чекаман. Бир куни директор мени хонасига чақириб, “Бу ўқитувчиларингизнинг одоб-ахлоқи мутлақо на одамгарчиликка на таълим соҳаси ходимининг одоб мезонларига тўғри келмайди. Бир-бирини кўрганда оғиз-бурун ўпишадию, орқасидан мағзава ағдаргани уялишмайди. Кеча биттаси олдимга кириб ўзи билан бир дастурхонда нон-ош еб, опа-сингил бўлиб юрган қизни ёмонлаб чиқди. Имтиҳонларда ўқувчилардан пул олармиш, ўқувчиларга егуликлар келтиришни буюрармиш... Мен унинг гапларини эшитишдан хижолат бўлдим, у оғиз кўпиртириб гапиришдан уялмади!..” қабилидаги гапларни айтди. Нима ҳам дердим, ўзи шундоқ ҳам ишимиз қийин, асабий зўриқиш, ақлий меҳнатдан бошимиз гаранг. Устига айрим бефаросат ўқитувчиларнинг  мактабда шахсий-оилавий муаммоларини муҳокама қилиши, бир-бирига нисбатан шахсий адоватларини ишга аралаштириши роса одамни ҳолдан тойдиради...
Тассуфки, бундай ҳолатлар деярли кўп мактабларда учрайди. Ўқув муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг бу тахлит андишасизлиги ҳақида гапира туриб, кекса ёшли устоз-мураббийлардан бири “Ўқитувчилар болалар билан ишагани учун ҳам бола феъл, майдакаш бўлиб қолишса, керак-да” деган эдилар истеҳзо билан. 
—    Ишхонамиздаги майда-чуйда гап-сўзлар, дилхираликлар сабабли янги келган ходимлар бу ерда узоқ ишлаёлмайди,-дейди  вилоятда ишлайдиган таниш ҳамкасбларимиздан бири.- Муҳаррир билан бош муҳаррир тил бириктиришган, муҳаррир опанинг кўзига ёмон кўринган бечора ходим, бош муҳаррирнинг ғазабига учраб,  ишлаган ҳақини ҳам ололмай ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлади. Қанчадан қанча муаллифлар қалам ҳақини оломай, шундай тубан кимсалар билан тенглашамизми, деб қўл силтаб кетаверишди. Ҳатто муҳаррир хонимнинг дастидан Бош муҳаррирнинг рафиқаси ҳам мутахассис бўла туриб газетамизда ишлаёлмай,  коллежга ишга ўтиб кетди. Бизнинг ишхонамизда ишлаган бирорта ходим ҳали бу ердан рози бўлиб, мен қалам ҳақимни, маошимни тўлиқ олдим, деб кетгани йўқ. Ҳаммаси уч-тўрт ой ишлаб, маош оломаслигига кўзи етгач ишдан “ўз хоҳишига кўра” бўшаб кетади. Буниси ҳам майли, бошқа ташкилотларда гап-сўз, ғийбат тарқатиб юрадиганлар оддий ходимлар бўлса, бизнинг ишхонамизда бундай норасмий ишлар билан бошлиқ ва унинг ўринбосарининг шахсан ўзи шуғулланади!  Ходимларни бир-бирига қарши қайраб, жамоада совуқ уруш кайфиятини уйғотишади. Бу ҳолатга ҳаттоки муҳаррир хонимнинг мактаб ўқувчиси бўлган қизи ҳам ўз ҳиссасин қўшади. Ризқ ошаб турган жойингга тош отиш гуноҳ, лекин ўзи маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлган, журналист, зиёли одамларнинг қилғиликларини кўриб дилинг ғашланади киши...
Ҳамкасбимиз гапириб берган ҳолат кўпчилик идораларда, айниқса хусусий корхоналарда кўзга ташланади.  Айрим хусусий корхона эгалари ўзларини қулдордек тутиб, қўл остида ишлайдиган ходимларга гўёки қулга муомала қилгандек муносабатда бўлишларига кўп ҳолларда гувоҳ бўлганмиз. Шундай ташкилотлардан бирини биламан, ходимлар бошлиғининг ҳаттоки уйини тозалаш, куйиб қолган чироғини алмаштириш, янги уйга кўчаётганида таъмирдан чиққан хоналарни тозалаш, устага овқат қилиб бериш, раҳбарнинг қизининг кийимларини кимёвий тозалаш, бошлиғининг оила аъзоларидан бирор ким касалхонага тушса дори-дармон, дўхтирига чопиш, корхона эгаларининг бозорлигини қилиб, ҳатто ошхонасига сув ташишгача бўлган ишларни бажаришади, десам ишонасизми? Ана шундай тахлитда ходимларини ишлатадиган хусусий корхона эгалари орамизда бор.
Шифокорлик касблар орасида ўзининг масъулиятлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шифокор деганда кўз ўнгимизда ораста, озода, ширинсўз, нигоҳлари мулойим инсон гавдаланади. Аммо буни қарангки, шифокорларимиз орасида ҳам, бир-бирини кўролмаслик, ҳасад ва ғийбат каби иллатлар урчиб ётган экан.
—    Бош шифокор бир ҳамширанинг гапга кириб, мени иш жойимни ўзгартирди,-дейди шифокор дўстларимиздан бири изтироб билан.- Афсуски одамнинг меҳнати қадр топмаса ёмон экан. Ўша ҳамширанинг жияни тиббиёт олий ўқув юртини тамомлаб, тайинли иш тополмаётган экан. Малака ошириш ўқишидалигимда ҳар куни мени ёмонлаб бош шифокорнинг олдига киравериб, мен йўғимда ҚВПда бир талай тартибсизликлар уюштириб, текшириш келганда дори-дармон воситалари айқаш-уйқаш ётгани, ҳисобда турадиган беморларга бепул тарқатиладиган дори-уколлар ҳужжатлаштирилмагани, хуллас ҳамма иш ўлда-жўлда бўлгани рўкач қилиниб, ўқишдан қайтган заҳотим ишдан олиндим ва ўрнимга энди ўқишни битириб келган тажрибасиз, ғўр йигитни қўйишди. Анча пайт узоқ йўлга қатнаб ишлаб қийналдим. Шукр одамлар ҳамма нарсани билади, ким оқ, ким қора, ким яхши ишлайди, ким ўз ишини уддалай олмайди. Мен аввал ишлаган қишлоқда яшайдиганлар ҳатто вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасигача  чиқиб, мени аввалги иш ўрнимга қайтаришди. Ҳозир ҳаммаси ўрнига тушиб кетди. Аммо кўп асабийлашдим, руҳий тушкунликка тушдим, ўзимни ҳимоя қилолмай бир ҳамширанинг фисқу фасодига қурбон бўлдимми деб эзилиб, соғлигимни йўқотдим. Қўлидан иш келмайдиган, ўз ишини эплаб бажармайдиганлар ишлайдиганларга халал бериб, иш унумини пасайтиришади.  Ундайлар Худодан инсоф сўрашдан бошқа нима ҳам қилардик?..
Нима ҳам дердик, шифокор юртдошимиз айтганларидек, ғийбатчи, ҳасадчи жамоадошимизга Худойимнинг ўзи инсоф ва тавфиқ бермаса, ундайларни бошқа ҳеч қанақасига тўхтатиб бўлмайди. Кўнглини эгаллаб олган ҳасад ва ёвузлик кучи ундай кишиларни яхши яшашга, яхши ишлашга, меҳнати ортидан обрў ва ҳурмат топишига йўл қўймайди. Оқибатда ўзидан илгарилаб кетаётган, жамоада ҳурмат топаётган, раҳбарият ва ходимларнинг эътиборини қозонаётган ҳамкасбини кўрарга кўзи қолмайди. Умуман олганда, юқорида айтилганидек, бу ҳар қандай кишининг маънавий даражасига боғлиқ. Унутмаслик керакки, инсон ҳавас билан кўкаради, ҳасад билан эса... Бундайида Ўзи асрасин!..

Умида АЗИЗ

Бунга риоя қилинг:
Жамоадошлар орасида, ишхонада ўзингизни жуда ақлли кўрсатишга уринманг. “Ақлингиз ошиб-тошиб” кетаётган бўлса ҳам ҳамкасбларингиз фикрига қулоқ тутинг. Ҳамма билан бир хил муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг. Унвон ва мансабига қараб муомала қилиш инсонийликдан эмаслигини унутманг.
Ҳар куни ишга худди байрамга кетаётгандек отланинг. Бу сизга кун бўйи кўтаринкилик бағишлайди.
Ишхонадаги муаммоларни шу ернинг ўзида қолдиринг, шунингдек уйдаги муаммоларни ишхонага олиб келманг.
Ҳамкасбларингиз ва жамоадошларингиз билан иш юзасидан бўлиб турадиган майда тортишувлар, кичик дилсиёҳликлардан фожиа ясаманг!
Унутманг, ишхонангиздаги ҳаловат ва хотиржамлик ҳаётингизга файз улашади.   

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ