1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Яқиндаги узоқ одамлар

Тушимга бувим кирибдилар. Нимагадир мендан хафаликларини сездим. Адангизга яхши қаранглар болам, дедилару, ғойиб бўлдилар. Вафот этган бувимнинг бу гапларидан сергак тортдим: охирги марта отам билан қачон тузукроқ гаплашдим? Қачон кўйлакларини ювиб бергандим-а? Баъзан болам-чақам, рўзғор деб тинмай ишлаётган отамнинг қачон келиб, қачон кетганларини ҳам билмай қоламан. Ҳа, бувим тушда бўлса ҳам мени муҳим нарсадан огоҳлантирдилар. Менга яқинларим керак. Мен фақат улар бетоб бўлиб қолганда эмас, балки ҳар куни уларнинг аҳволи билан қизиқишим лозим. Шу ўринда мавзуга доир дугонамнинг ҳикояси ёдимга тушди.

Разм солсам, ҳаммамиз ўз ишимиздан, ўй-хаёлларимиздан ортмай қолганмиз. Рўзғор аталмиш зил-замбил аравани тортиш учун қаёққадир югурамиз, шошамиз. Отанинг ўғил билан, онанинг қиз билан гаплашишга вақти йўқ. Кузатсам, онам ишдан келиб уйқусираганча уй юмушларини буюришдан, отам ўқишларинг яхшими, деб сўрашдан нарига ўтишмайди. «Ҳа, буларни боқаяпман, эртанги тушлик пулини бердим-ку», балки шундай ўйлар отам. «Қизимнинг сарпосига қизил духоба олдим, сариғига ойлигим етармикан», бу онамнинг кўнгилларидан ўтгани. Тўғри, ота-онам ишлашлари керак. Аммо бизни узоқлаштиргани учун баъзан ишни ҳам ёмон кўриб кетаман.

Кеч кириб, дастурхон атрофига йиғилганда ҳам мавзу бозордаги нарх-наво ва кимнингдир оилавий қўйди-чиқдиси ҳақида боради. Бўғилиб кетаман, етти ёт бегонани соатлаб муҳокама қиламиз. Бизга алоқаси йўқ ишларга аралашиб юрамиз. Гўёки  ёнгинамизда ўтирганлар билан айтиб сирлашадиган, маслаҳатлашадиган гапимиз йўқдек. Баъзан шунчаки танишимизнинг ишини битириш учун ҳам вақт ажратамиз.

Асли бир-бирига жуда яқин инсонларнинг кўнгли яқин эмаслигига сабаб нима? Гоҳо оналарнинг болам айтганимни қилмайди, деб нолиганини эшитиб қоламиз. Қизиқ, нега фарзанд онасининг гапига қулоқ солмайди? Айрим оилаларда ота билан фарзанд ўртасида кўринмас «жарлик» пайдо бўлган. Бир қарашда ҳаммаси кўнгилдагидек туюлса-да, аммо болаларнинг ота-онадан узоқлашишига, баъзан ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлиб қолади. Фикримни изоҳлашга ҳаракат қиламан. Аёл киши уйда кам бўладиган хонадонда жанжал кўп бўлади. Ҳозир эса давр аёлнинг ишлашини ҳам тақозо қиляпти. Бироқ, ота-оналик масъулияти фақат болани боқиш билан ўлчанганда у жуда енгил бўларди. Бола учун тарбиядан муҳимроқ либос, илмдан афзалроқ бойлик бўлмаса керак. Кўп кузатганман, ўзига тўқ оила фарзандлари бироз бемеҳрроқ бўлиб ўсади.  Уларга ота-онаси истаган нарсасини муҳайё қилиб берса ҳам нимадандир норози бўлаверадилар. Ўртаҳол оилада гарчи фарзандлар сони кўп, бириникини бири кийиб улғайса ҳам жигар-жон бўлиб воя
га етадилар. Демак, болани ҳеч нимадан  кам қилмай ёки ўртамиёна боқиш унинг тарбиясини белгиламайди.

Назаримда, фарзанд ва она ўртасида кўринмас жарлик пайдо бўлишининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Бугунги кунда кўпчилик талабалигида турмушга чиққан қизлар фарзандлик бўлгач, уни боқиш учун энага ёллайдилар. Хўп, талабанинг-ку ўқиши бор, аммо, бола боқишга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр бўла туриб энага ёллашни оқлаш қийин. Эҳтимол энагаларнинг тажрибаси кўп бўлиши мумкин, бироқ бола учун у ҳақиқий маънода она ўрнини боса олармикан? Ахир халқимиз бежизга туққан она эмас, боққан она деб айтмаган. Қолаверса, энг нозик пайтидан то оёққа тургунча боқиб, тарбиялаган энага болага яқин бўлиб қолади. Ўз онасидан керак пайтида ғамхўрлик  кўрмаган бола келажакда волидасига меҳрибон бўлади, деб ким кафолат бера олади?

Зухра Бобохўжаева

Ҳозир сайтимизда 840 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ