Сайт бўлимлари
Сахийлар ва бахиллар
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ, демасдилар. Бир куни бир киши Набий алайҳиссаломдан бирор нарса беришларини сўради. Шунда у зот бир водийга сиғадиган қўй подасини тортиқ қилиб юбордилар. Қўйларни қўлга киритган одам ўз қавмининг олдига бориб: «Эй қавмим, Исломга келинглар, Муҳаммад алайҳиссалом фақирликдан қўрқмайдиган инсондек сахийлик билан хайр-эҳсон беради», деди.
Кимга мол-дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ-эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.
Бу ҳақда хабарларда бундай дейилган: «Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир»; «Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқинганида уни қўлидан тутиб туради»; «Сахийлик бамисоли жаннат дарахтларидан биридир. Унинг шохлари дунёга осилиб тушиб туради. Ким унинг шохларидан бирини тутиб олса, у жаннатга бошлаб боради. Бахиллик эса дўзах дарахтидир. Унинг шохлари дунёга чиқиб туради. Ким шу шохлардан бирини ушласа, уни дўзахга бошлаб боради»; «Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради», дейилган.
Сахийлик бобида солиҳ аждодларга тенг келадигани бўлмаган. Аббон ибн Усмон шундай ҳикоя қилади: «Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббосни бир бопламоқчи бўлиб, Қурайш қабиласининг катталарига келиб: «Абдуллоҳ бугун сизларни нонуштага таклиф қилди», дебди. Улар розилик билдириб, нонушта вақтида Абдуллоҳникига боришди. Унинг ҳовлиси одамга тўлиб кетди. Абдуллоҳ бу ҳолни кўриб, нима гаплигини сўради. Меҳмонлардан бири уни бир четга тортиб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Шунда Абдуллоҳ дарҳол мева-чева келтиришни буюрди, нон ва турли таомлар тайёр бўлгунича меҳмонларни мева билан сийлаб турди. Кетидан дастурхон ёзилиб, хилма-хил таомлар тортилди. Меҳмонлар овқатланиб, ўринларидан тураётганида Абдуллоҳ хизматкорларидан: «Шундай таомларни ҳар куни тайёрлай оламизми?», деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, меҳмонлардан ҳар куни шу ерда нонушта қилишларини илтимос қилди.
Воқид ибн Муҳаммад ал-Воқидий бундай дейди: «Отамнинг айтишича, зиммасидаги қарзи кўпайиб, тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етганида ўз арзи-ҳолини бир вараққа битиб, халифа Маъмуннинг ҳузурига чиққан экан. Халифа аризани ўқиб кўриб, орқа тарафига бундай деб ёзиб қўйибди: «Сенда саховат ва ҳаё хислатлари жамланган. Саховатинг қўлингдаги бор нарсанинг кетишига сабаб бўлди. Ҳаё эса аҳволингни бизга маълум қилишдан тўсди. Сенга юз минг дирҳам беришларини буюрдим. Агар сенинг хусусингдаги фикрларим тўғри бўлса, бундан кейин ҳам қўлинг янада очиқ бўлаверсин. Агар адашган бўлсам, у ҳолда сенга ўз сўзингни эслатиб қўйишга ижозат бер! Ёдингдами, отам Ҳорун ар-Рашид саройида қозилик мансабида турганингда менга Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бир ҳадисни айтиб берган эдинг. Ўша ҳадисда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввомга бундай деганлар: «Эй Зубайр, билгинки, барча бандалар ризқларининг калитлари Аршда бўлиб, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага қилган харажатига қараб (ризқ) беради. Кўп харажат қилганга кўп беради, оз харажат қилганга кам беради. Яна ўзинг мендан кўра яхшироқ билгувчисан». Шунда отам: «Аллоҳга қасамки, халифанинг мен билан ҳадис музокара қилиши унинг менга юз минг дирҳам ҳадя қилишидан яхшироқдир», деган эканлар.
Мажидиддин Хавофий бундай дейди: «Олимларнинг айтишларича, одамлар тўрт тоифадан иборат: уларнинг бирлари очкўзлардир, булар ўзлари еб, бошқага беришмайди. Иккинчилари ўтакетган зиқналар бўлиб, улар ўзлари ҳам ейишмайди ва бошқага ҳам беришмайди. Учинчи тоифа сахий кишилар бўлиб, улар ўзлари ҳам ейишади ва бошқага ҳам беришади. Тўртинчилари олийҳиммат кишилардир, улар ўзлари емай бошқаларга беришади». Яна шу киши: «Сахийлик – бу инсоннинг саховат кўрсатиб, кейин бу ҳақда унутишидир», деган.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: «Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил».
Яҳё ибн Муоз айтади: «Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор».
Ҳасан Басрий: «Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади», деган.
Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг «Иҳёи улумид-дин» китобида саховатли кишиларнинг фазилатлари ҳақида ўнлаб ибратли ҳикоялар келтирилган: Ҳикоя қилинишича, Абдулҳамид ибн Саъд Мисрда амирлик лавозимида турганида у ерда қаҳатчилик бўлди. Раъиятнинг аҳволидан ниҳоятда изтиробга тушган амир: «Валлоҳи, мен шайтоннинг душмани эканимни билдириб қўяман», деб то арзончилик бўлгунича барча муҳтожларни ўз қарамоғига олди. Лекин орадан кўп ўтмай уни вазифасидан четлатишди. Мисрдан кетаётганида унинг зиммасида шу ерли савдогарлардан минг-минг дирҳам қарзи бор эди. Шунинг учун у хотинларининг беш юз минг дирҳамли зийнат-тақинчоқларини уларга агровга қўйиб кетди ва кейин ҳам қарзларини уза олмаса, ўша зийнатларни сотиб, ўз ҳақларидан ортганини амирнинг эҳсонларидан баҳраманд бўла олмаган бечораларга тарқатишларини сўраб мактуб ёзди.
Абу Марсад ниҳоятда саховатли киши эди. Бир шоир унинг шу фазилатини мадҳ этиб шеър ёзди. У шоирга: «Худо ҳаққи, менинг сенга берадиган ҳеч вақоим йўқ. Лекин сен мени қозининг олдига олиб бор-да: «Унда ўн минг танга ҳаққим бор», деб даъво қил. Мен бунга иқрор бўламан. Кейин мени ҳибсга олдир. Қариндошларим мени маҳбус қилиб қўйишмас». Шоир унинг айтганини қилди. Ўша куни кеч кирмасиданоқ унга ўн минг дирҳам берилиб, Абу Марсад озодликка чиқди.
Шу китобда Лайс ибн Саъднинг сахийлиги ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган: Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид атоқли олим Молик ибн Анасга беш юз динор ҳадя юборди. Бу воқеани эшитиб Лайс ибн Саъд олимга минг динор совға юборди. Бундан хабар топган Ҳорун ар-Рашид ғазабланиб: «Мен беш юз динор берсаму сен менинг фуқароим бўлатуриб минг динор берасанми», деди. У бундай жавоб берди: «Эй мўминлар амири, менинг кундалик киримим минг динордир. Шундай улуғ зотга бир кунлик фойдамдан ҳам озроқ ҳадя юборишга номус қилдим». Ҳикоя қилинишича, Лайс ибн Саъднинг кундалик кирими минг динор бўлишига қарамай, унга ҳеч қачон закот вожиб бўлмаган экан. Чунки унинг қўлида ҳеч қачон бойлик тўпланиб қолмаган, тушган мол-дунёни ўша заҳоти муҳтожларга тарқатиб юбораверган. Яна ҳикоя қилинадики, бир хотин Лайс ибн Саъддан озроқ асал сўради. Лайс унга бир меш асал беришларини буюрди. Шунда одамлар: «Озроқ берсангиз ҳам бўларди-ку», дейишганида, бу зот: «Аёл эҳтиёжига яраша сўради, биз эса ҳолимизга яраша бердик», деган экан. Айтишларича, Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш мискинга садақа қилмагунича биров билан гаплашмас экан.
Бир куни Ҳазрати Алининг йиғлаб ўтирганини кўришди. Бунинг сабабини сўрашганида у: «Етти кундирки уйимга бирорта меҳмон келмади. Аллоҳ даргоҳида ҳурматим қолмадими, деб қўрқяпман», деб жавоб қилди.
Бир киши дўстининг ёнига келиб, тўрт юз дирҳам қарз бўлиб қолганини айтиб, ундан ёрдам сўради. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни топиб жўнатдию уйига қайтиб киргач йиғлаб юборди. Хотини унга: «Бунчалар қийналар экансан, нега бердинг?» деди. «Пул берганимга эмас, унинг ҳолидан хабар олмай уйимга ёрдам сўраб келишгача мажбур қилганим учун азобланиб йиғлаяпман», деб жавоб берди эр.
Абдуллоҳ ибн Омир таниши Холид ибн Уқбадан бозор яқинидаги ҳовлисини етмиш минг дирҳамга сотиб олди. Тунда у Холиднинг аҳли-аёли йиғлаётганини эшитди ва яқинларидан нима бўлганини сўради. Улар: «сотилиб кетган ҳовлиларига хафа бўлиб йиғлашяпти», деган жавобни қилишди. Шунда у ходимига айтди: Уларнинг олдиларига бориб айтгинки, ҳовли ҳам, унинг пули ҳам уларга бўлақолсин».
Бахиллик, хасислик эса инсоний иллатлар ичида энг ёмони, энг қораланганидандир. Ҳақиқатан ҳам бир бандага кўп миқдорда мол-дунёни бериб қўйилган бўлса, унда бева-бечора ва мискин-фақирларнинг ҳам ҳақи борлигини огоҳлантириб қўйилган бўлсаю, у ана шу бойлигидан ҳеч кимга бермай, хасисилик қилиб юрса, Парвардигорга исён қилган, Унинг амрларидан чекинган бўлмайдими?!
Бахилликнинг нақадар ёмон хулқ экани ҳақида бир неча хабарлар келган: «Мўминда икки хислат: бахиллик ва ёмон хулқ бирга жам бўлмайди»; «Хасислик ва иймон банда қалбида асло бирга жам бўлмайди»; «Эй Аллоҳим, Сенинг номинг ила қўрқоқлик ва бахилликдан паноҳ тилайман».
Хаттобий айтадики: «Рад этишдаги хасислик бахилликдан қаттиқроқдир».
Салмон Форсийнинг айтишича, «Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: «Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!». Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: «Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди», дейишади. Баъзи ҳукамолар: «Ким бахил бўлса, мол-мулкини унинг душмани мерос қилиб олади», дейишган.
«Бахил киши ўз мол-мулкининг қоровули ва ўзгаларга қолдирадиган меросининг хазиначисидир», деган Муҳаммад Зеҳний.
Абулбаракот Қодирий шундай дейди: «Киши қанчалик бадавлат бўлмасин, у хасис ва бахил бўлса, эл ичида обрўсиз ва қадрсиз бўлади».
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: «Арабларнинг улуғларидан Ҳожиб жуда бахил киши эди. Кечалари бирор киши кўриб қолиб, нуридан фойдаланмаслиги учун олов ҳам ёқмас эди. Агар олов ёқишга муҳтожлик сезилиб қолса, оловни ёқардию кўрадиган нарсасини кўриб олиб оловни дарҳол ўчирарди».
Айтишларича, Марвон ибн Абу Хафса одамларнинг энг бахили бўлган. Бир куни у халифа Маҳдийнинг олдига бормоқчи бўлди. Хотини унга: «Агар унинг ҳузуридан мукофот билан қайтсанг, менга нима берасан?» деб сўради. У: «Агар менга юз минг дирҳам берилса, сенга бир дирҳам бераман», деди. Иттифоқо, унга олтмиш минг дирҳам ҳадя қилинган эди, у хотинига тўрт чақа берди.
Баъзи бахиллар жуда бой бўлишларига қарамай тийиннинг устида думбалоқ ошишган. Шундайлардан бири бозордан ўзига керакли нарсаларни сотиб олибди-да, уларни кўтартириш учун бир ҳаммолни чақирибди. Ҳаммолдан: «Бу нарсаларимни уйимга олиб бориш учун қанча оласан?» деб сўрабди. Ҳаммол «Бир ҳабба (тийин)», дебди. Хасис бой «сал арзонроқ қил», деярмиш. Ҳаммол: «Тийиндан ҳам ози йўқ-ку, нима дейишимни ҳам билмай қолдим», деди. Шунда хасис бой бундан ҳам арзонлатишнинг «йўлини» топди: «Яхшиси, бир тийинга сабзи сотиб оламиз ва бирга ўтириб уни еймиз».
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Қанча-қанча бахиллар бор, етарли мол-дунёси, бойлиги бўлишига қарамасдан ўзи касал бўлса даволанмайди, яқинлари, ҳатто оила аъзолари муҳтож бўлишса-да уларга бирор нарса бермайди, кўнгли истаган нарсасини харид қилиб ея олмайди. Хулласи, Ҳазрати Али айтганларидай, «Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 676 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар