1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Вақт уволи умр заволи

Қуръони каримнинг «Набаъ» сурасида айтилганидек, Аллоҳ таоло кечани барча нарсани яширувчи либос, кундузни эса тирикчилик вақти қилди. Хуллас, табиатни инсон учун мослади, уни барча жонзотлар ичра азизу мукаррам айлади. Ана шу неъматларни ўз ўрнида ишлатиб, бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилишлари инсонларнинг бандалик бурчлари, ножоиз сарфлашлари эса ношукрлик, исрофдир.
Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинади:
“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг. Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвадигорига нисбатан ўта ношукрдир” (Исро, 26-27).
Инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади нима? Унинг бу дунёдаги хадафи, Аллоҳнинг амрига итоат этмоқ, унинг ҳузурига арзигулик сармоя билан бормоқ, бир сўз билан айтганда, Аллоҳ ризосига эришмоқдир. Аллоҳ ризосига эса Унинг неъматларига шукр келтириш – исроф қилмаслик билан эришилади.
Ҳозирги кунда исрофни жуда тор маънода тушуниб, уни фақат ноз-неъматларгагина қўллаймиз. Аслида эса исрофгарчиликнинг тури беҳисоб. Ақл-идрокни фойдасиз, ҳатто инсонлар учун офат келтирувчи нарсаларга сарфлаш билан юзага келувчи ақл-идрок исрофи, на дунёси ва на дини учун наф бермайдиган сўзларни сўзлаш орқали пайдо бўлувчи сўз исрофи, инсон онгига зарар етказувчи нарсаларга боққанда юзага келувчи кўз исрофи, ўтган бир кунини ортга қайтариб бўлмайдиган умрни бесамар ўтказишдан вужудга келувчи вақт исрофи бордир.
Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ кечаю кундузни миқдорли қилди” (Музаммил, 20).
Аллоҳ бизга белгилаб берган ана шу вақт умр дея аталади. Инсоннинг бу дунёга келиб кетиши – саёҳати учун ажратилган вақт. Биз бу саёҳатни қанча қисмини ўтаб бўлдигу, қанчалик арзигулик саёҳатнома ёздик? Чиққиллаб турган соат миллари умримизнинг бир бўлагини мангуга олиб кетаётганини баъзан унутамиз. Бизга сездирмай айланаётган ер шари ёшимизга ёш қўшиб, бизни бандлик оламига банди этаётганини, “Кун ҳам ўтаяпти-я?» деган ҳиссиз гап билан беэътибор қолдирамиз. Ислом таълимотида эса бунга бошқачароқ ёндошилади, унга неъмат деб қаралади.
Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ўз умридан ниҳоятда самарали фойдаланган инсонлар сирасига киради. Сабаби бобокалонимиз йилда фақат икки кун, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари дам олган. Йилнинг қолган 363 кунида эса ўз илмини ошириш, китоб ёзиш, билимини амалиётда тадбиқ этиш билан банд бўлган.
Алишер Навоий давлат ва жамоат ишлари билан банд бўла туриб икки йилда ёзиб битирган асарни бир ҳаттот кўчириб чиқиши учун 6 йил муҳлат керак бўлар экан. Машҳур изқувар Шерлок Холмснинг вақтдан унумли фойдаланиши ҳам таҳсинга сазовор. У дам олиш учун вақтини сарфламаган, балки бошқа зарур машғулот билан банд бўлган. Масалан, у жиноят ечимини жуда жиддий ўрганаётиб бирданига кимёвий реакциялар ўтказишга шу қадар берилиб кетадики, Доктор Ватсон унинг қиёфасида уста химикни кўради. Ёки барчасини унутиб уста машшоққа айланади. Машғулот тарзини кескин ўзгартириб, мияни бир фаолиятдан буткул озод қилиб, иккинчисига ўтиши асаб тизимлари учун энг ишончли хордиқ экани эса бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Донишмандлардан бири айтади: «Инсон ёруғ дунёдан кўз юмиш арафасида яна ортга, ҳаётга қайтгиси, қилган гуноҳларидан поклангиси, Аллоҳ мурувватига мушарраф этадиган хайрли ишлар қилгиси келади. Аммо қазо муқаррар, ортга қайтолмайсиз. Бас, шундай экан ҳаётлигингизда қадамни билиб босинг, сўнгги пушаймонга ўрин қолдирманг!»
Ҳарс ибн Минҳолдан шундай нақл қилинади: “Бир куни қабрларни айланиб юриб, бир жойда ўтирдим. Дуолар ўқирканман уйқу олибди. Бир маҳал шундоққина остимдаги қабрдан дод-фарёд ва оташдан бўлган темир қамчиларнинг овози эшитила бошлади. Азобловчи фаришталар бир маййитга азоб берар эдилар. Маййит фарёд этиб: «Агар дунё аҳли мени кўрсалар эди, заррача гуноҳ қилмас эдилар. Ҳаётимни бекор ўтказдим, ҳозир бунинг жавобини бераяпман», дер эди.
Аллоҳ берган неъматлардан ўз ўрнида фойдаланиш, Унга шукрона келтириш, умр деган имтиҳондан омад билан ўтиш гаровидир.
Бизлар-чи, умр дафтарини безай олдикми?! Ўтган умримиздаги вақтни қанчалик қадрладик – яъни қанчасини ўлчов билан ишлата олдигу, қанчаси йўқ. Келинг азиз мухлис! Сиз ҳам кун якунида ўтган вақтга бир назар солинг. Кўнглингиз таскин топгудек жавоб ола олармикансиз? Зеро, вақт уволи умр заволидир.

Н. МАМАСАИДОВА

Ҳозир сайтимизда 846 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ