Сайт бўлимлари
Исломда муҳаббат
Ҳаётни муҳаббатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ислом – бу ҳаётдир, унда ҳам ҳиссиётларга, муҳаббатга ўрин бор... Муҳаббат асосида оила қуриш, фарзандли бўлиш ва уларни тарбия қилиш, билим олиш ва ҳунарли бўлиш ва ҳоказо. Исломда муҳаббат турли кўринишларга эга, шулар ҳақида батафсил сўз очмоқчимиз.
Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат
Муҳаббатнинг энг юқори даражаси бу Аллоҳ таолога ва унинг Расули соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир” (Моида сураси, 54-оят).
“Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!” (Бақара сураси, 165-оят).
Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат энг олий даражадаги муҳаббат ҳисобланади ва бу муҳаббатда рақобат жуда кучлидир.
Бу муҳаббатнинг муҳим эканини қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар». (Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.
Хўш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак?
Уламоларимизнинг бу саволларга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
Яна бир ҳадисда Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг энг афзали Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир», дедилар». (Абу Довуд ривоят қилган).
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган мақомга эришган банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган роббоний бандалар қаторидан жой олган бўлади. Чунки бундай киши ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам четга қўйиб, фақат Аллоҳ таоло учун яшайдиган ҳолга ўтган бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт”дан).
Биродарига муҳаббат
Бу турдаги муҳаббат ҳар бир мусулмон учун шартдир. Имоми Муслим қилган ривоятда эса қуйидагича келтирилади:
«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир:
1. Йўлиққанда салом бериш;
2. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;
3. Насиҳат талаб қилса, насиҳат қилиш;
4. Агар акса уриб ҳамд айтса, («Ярҳамукаллоҳ», деб) жавоб қайтариш;
5. Касал бўлса, бориб кўриш;
6. Жанозада қатнашиш». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна бир ҳадисда:
Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримизнинг шарафини билмаган киши биздан эмас», деб айтдилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Ватанга муҳаббат
Эҳтимол, баъзилар Исломда Ватанга муҳаббат йўқ нарса деб тушунар, лекин ундай эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани ўз ихтиёрларисиз, мажбуран тарк қилиб, Мадинага ҳижрат этадилар. Ул зотни Маккадан қавмлари қуваётганди. Шунда, Макка атрофларида Маккага хитоб қиладилар. Унинг тоғлари ва водийларига хитоб қиладилар. Кўчалари ва биноларига хитоб қиладилар. Маҳзунлик қалбларини эзиб, кўзларига ёш тўлиб, шундай хитоб қиладилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганда сендан бошқада яшамасдим!”. (Имом Термизий ривояти)
Маълумки, мамлакат раҳбарининг асосий вазифаларидан бири мамлакат ва унинг фуқароларини ҳимоялашдир. Амалда бу вазифани ватанпарварлик ҳиссиётисиз амалга ошириб бўлмайди. Ватанни ҳимоя қилиш эса Ватанга муҳаббатдан келиб чиқади. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло одамларга ўз уй-жойларини босқинчиларга ташлаб, бошқа ерларга ҳижрат қилиб, Ўзига ибодат қилишга амр қилмасмиди?!
Ота-онага муҳаббат
Ота-онага бўлган муҳаббатни муҳаббатнинг бошқа турлари билан қиёс қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
«Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз», деб айт» (Анъом сураси, 151-оят).
Аллоҳнинг ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги буйруғи Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги амри билан ёнма-ён келганлиги бу ишнинг нақадар юқори ўринга қўйилганига далолат қилади. Қуръон ва Суннат доимо ота-онага яхши муносабатда бўлишга, уларни яхши кўришга, ҳақларини эътироф қилиш ва улардан миннатдор бўлишга ундайди.
Ота-онага ғамхўрлик қилиш ва улар хизматида туриш — Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг бир туридир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юзланиб: «Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онангдан бирорталари тирикми?», дедилар. У киши: «Ҳа, икковлари ҳам тирик», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?», дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббат
Эр ва хотин орасидаги муҳаббат бўйича эса Аллоҳ таоло Ўз бандаларига марҳамат солиб қўйиши билан бирга, дейди:
«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 21-оят).
У аёл кишини эркак учун сокинлик қилиб яратди-ки, унда эркак кишининг қалби сокинлик топади, ва улар ораларида соф севгини солиб қўйди-ки, бу севги марҳамат ила қоришгандир. Зеро, Парвардигори олам бизлар учун аёллардан нима ҳалол ва нима ҳаром эканини айтганидан кейин, бундай деган:
«Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳларлар. Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир» (Нисо сураси, 26-28 оятлар).
Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севишганларни никоҳ тузишга буюрганлар.
Муборак ҳадисда айтилганидек: «Севишганлар учун никоҳдан бошқа (яхши нарса) кўринмайди». (Ибн Можа ривояти).
Муҳбубанг ила никоҳланиш – Аллоҳ таоло берган, буюрган ва тақдир қилган муҳаббат дориси эрур.
Муҳаббатнинг бу кўринишига шаръан рухсат этилган. Қарама-қарши жинсга талпиниш инсон ҳулқига хосдир, унинг бор бўлишининг, асл табиатининг ажралмас қисмидир, шунинг учун ҳам инсон уни бошқара олмайди.
Исломда бундай муҳаббат юзага чиқишининг калити никоҳдир.
Анна Фатима Вердик мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 825 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар