1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Номаҳрам билан суҳбатлашиш

Шариатнинг асосий мақсадларидан бири ҳаромга олиб борувчи барча эшикларни тўсмоқликдир. Аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши, уларнинг бир бирига хат ёзиши, ўзаро дўстона муносабатда бўлиши агарчи аввалида бу ишни шайтон уларга зийнатлаб, ҳаромдан пок, ёмон ниятда эмаску, деб  кўрсатса ҳам, аслида бу ишлар ҳаромга олиб борувчи энг катта воситалар ҳисобланади. Чунки эркак билан аёл ўртасидаги яхши ният билан бошланган қанчадан-қанча муносабатлар аянчли якун топганига гувоҳ бўлганмиз.
Шунинг учун фуқаҳолар аёлнинг бегона эркак билан гаплашишига зарурий ҳожат бўлгандагина рухсат берганлар. Масалан: савдо-сотиқ каби молиявий муомалалар, аёлнинг олим кишидан шаръий масала сўраши ёки аёл олима бўлса, ундан эркак кишининг шаръий масала сўраши ва шу каби эркак билан аёлнинг сўзлашиши зарур бўлган ўринларда рухсат берилган.
Ҳанафий Аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил Тоҳтовий раҳматуллоҳи алайҳ Мароқий ал-фалаҳга ёзган ҳошиясида Абу Аббос ал-Қуртубийдан нақл қилиб қуйидаги матнни келтирган: “Биз зарурат тақозо қилган пайтда бегона эркакларни аёллар билан гаплашишини жоиз деймиз. Лекин овозини кўтариши, гапни чўзиши, майин овозда гапириши ва юзланиб гапиришини жоиз демаймиз. Чунки бунда эркакларнинг уларга моил бўлиши, уларга нисбатан шаҳватнинг уйғониши бордир”.
Моликийлар ибодатлар фиқҳи бобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари саҳобалар билан гаплашгани ва саҳобаларнинг улардан дин аҳкомларини ўрганганини далил қилиб номаҳрам билан гаплашишни жоиз дейдилар. Улар бундан илм талабида таълим олиш ва таълим беришнинг жоизлигини олганлар.
Шофеийлардан Имом Ғазолий зарурат бўлганда номаҳрам билан гаплашиш жоизлигига саҳобалар замонасида аёлларнинг эркаклардан фатво сўрашда, савол сўрашда ва маслаҳат каби нарсаларда гаплашганини далил қилиб келтиради.
Жумҳур тўрт мазҳаб уламоларининг қавлига кўра агар фитнадан омонда бўлинса, аёл кишининг овози аврат ҳисобланмайди. Лекин фитна хавфи бўлса, аёл кишининг овозини эшитиш мумкин эмас. Бунда ҳатто Қуръон тиловати бўлса ҳам мумкин эмасдир.
Суҳбатлашиб туришни ният қилиб бегона аёлни бирор вазифага қабул қилишни уламоларимиз ҳаром деганлар.
Зарурат ўринларда эркак киши билан аёлнинг гаплашиши жоизлигига қуйидаги оят далил бўлади:
﴿يَا نِسَاء النَّبِيِّ لَسْتُنَّ كَأَحَدٍ مِّنَ النِّسَاء إِنِ اتَّقَيْتُنَّ فَلَا تَخْضَعْنَ بِالْقَوْلِ فَيَطْمَعَ الَّذِي فِي قَلْبِهِ مَرَضٌ وَقُلْنَ قَوْلاً مَّعْرُوفاً﴾ الأحزاب:32
Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар. (Аҳзоб;32)
Бу оятда аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши жоизлигида икки шарт қўйилган;
Биринчи: сўзнинг майин бўлмаслиги
Иккинчи: гапирадиган гапи фақат зарурий маъруф гап бўлиши
Мазкур оятдаги хитоб Расулуллоҳ с.а.в.нинг аёлларига бўляпти. Улардан эркаклар билан гаплашганда ушбу оятнинг буйруғига бўйсуниш талаб қилинмоқда. Аслида у жамият, яъни, саҳобаи киромлардан ташкил топган жамият энг пок, энг соф, энг иффатли жамият эди. Демак булардан бошқаларнинг бу оятнинг кўрсатмасига эътибор қаратиши ва амал қилиши авлороқдир. Улар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари бўлгани учун мўминларнинг оналари ҳисобланади. Ақлан олиб қарасак, уларга бировнинг таъмаси бўлмайди. Уларгаки ушбу буйруқ бўлганидан кейин, ахлоқий таназзулга учраган бугунги кунда биз учун бу оятга амал қилиш янада авлороқдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фуқаҳоларнинг мазкур сўзларига кўра зарурий ҳолатда аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши жоиз бўлиши учун қуйидаги шартларга риоя қилиш лозим бўлади:
Биринчи: Гаплашиш шаръий зарурат учун бўлиб, унда ҳожат доирасидан ортиқ гапни чўзиб, кенг мазмунда гаплашмаслиги.
Иккинчи: Сўзида, майинлик, юмшоқлик, мулойимлик, ҳазил-мутойиба, шаъма қилиш кабилар бўлмаслиги, токи бу нарсалар шаҳватни қўзғалишига сабаб бўлмасин.
Учинчи: Гаплашаётганда иккиси ёлғиз қолмаслиги.

*** НОМАҲРАМ БИЛАН ГАПЛАШМА, ИФФАТИНГНИ САҚЛА, АЛЛОҲДАН ҚЎРҚ!!!
 1. Сен гаплашаётган, шилқимлик қилиб, тегажонлик қилаётган қиз сен яшаб турган жамиятнинг бир аъзоси ҳисобланади. Бу дегани сен истак-майлингни қондириш учун жамиятнинг бузилишида ўз ҳиссангни қўшяпсан, деганидир. Аслида сен мусулмон бўлсанг, жамиятнинг ривожига, ислоҳига ҳиссангни қўшишинг керак эди. Жамиятинг ва унинг қизларини бузилиб кетишига рози бўласанми???
2. Сен гаплашаётган, у билан фаҳш ишларни қилган ёки қилишга ҳаракат қилаётган қиз келажакда гарчи сенинг хотининг бўлмасада, лекин сенинг яқин дўстинга ёки бирор бир мусулмон йигитга хотин бўлади. Худди шунингдек бошқалар ўйнашиб юрган қизларни Аллоҳ таоло дунёдаги қилган фаҳш ишларинга жазо бўлиши учун уйланаётганингда сенга тўғирлаб қўйиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган: “Нопок аёллар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок аёллар учундир.” (Нур;26)
3. Аёлларнинг ва жамиятнинг бузилиши айнан сендан ёки ривожига сен ҳисса қўшган ишдан бошланиб, келажакда сенинг яқинларинга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бугун сен ёки сенга ўхшаган кимсалар йўлдан оздирган аёллар сенинг хотининга, опа-синглинга ёки бирор қариндошинга дугона бўлиши мумкин. Натижада у аёл сенинг яқинларингни ҳам йўлдан оздириши мумкин. Чунки улар жамиятнинг ажралмас бир бўлагидир. Дарҳақиқат Набий алайҳис салом бу ишнинг оқибатидан огоҳлантириб шундай деганлар:
عن أبي سعيد الخدري - رضي الله عنه - ، عن النَّبيّ - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( إنَّ الدُّنْيَا حُلْوَةٌ خَضِرةٌ ، وإنَّ اللهَ مُسْتَخْلِفُكُمْ فِيهَا فَيَنْظُرَ كَيفَ تَعْمَلُونَ ، فَاتَّقُوا الدُّنْيَا وَاتَّقُوا النِّسَاء ؛ فإنَّ أَوَّلَ فِتْنَةِ بَنِي إسرائيلَ كَانَتْ في النِّسَاءِ  (رواه مسلم)
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан эҳтиёт бўлинглар, аёллардан эҳтиёт бўлинглар! Чунки Баний Исроилга етган аввалги фитна аёллар сабабли бўлган эди.”, дедилар. (Муслим ривояти)
4. Сен билан ношаръий алоқада бўлган аёлнинг оиласида нима гуноҳки, сен уларнинг обрўсини булғаяпсан. У аёлнинг бу ишга рози бўлиши унга нисбатан тажовуз қилишинга узр бўладими? Агар бир йигит сенинг синглинг билан гаплашиб юрса, ношаръий алоқада бўлса ва бу шармандалик фош бўлганда, у  узр сўраб сенга: “синглинг ўзи рози бўлганди”, деса, сен уни кечириб юборасанми?
5. Сен ўзинг яшаб турган жамиятга хиёнат қилиб, унинг аёлларини йўлдан оздираётган бўлсанг, бу ишни қилаётганингда сендан қандай ҳис-туйғу ўтади? Сен мусулмонмисан?
6. “Жазо худди қилинган амалнинг жинсидан бўлади” ёки “қайтар дунё” деган сўзларни эшитгансан. Демак, қилган фаҳш ишларинг муқобилида ор-номусинг булғанишига тайёрмисан? Баъзан: “уйлангунча ёки фарзандли бўлгунча тавба қилиб оламан”, дерсан?. Лекин Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилиб, сени ҳам худди шундай мусибат билан жазоламаслигига кафолатинг борми? Ахир, Аллоҳ таоло: “Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир.”, (Шуро;40) деганку!. Унутма!, изғиб юрган бўрилар кўп, сенинг эса онанг, қизинг, синглинг, хотининг, амманг, холанг ва уларнинг ҳам қизлари бор. Эҳтиёт бўл!!! Сен иффатли бўлсанг, оиланг ҳам иффатли бўлишади. Иффатини сақламаган ва зинодан тавба қилмаган кимсанинг оиласидан зинодан қўрқмайдиган иффатсизларнинг етишиб чиқиш хавфи бордир. Чунки жазо худди қилинган амалнинг жинсидан бўлади. Зинокор уйланганда худди ўзи каби иффатсиз аёлга уйланиши ёки унинг маҳрамлари ҳам худди ўзи каби иффатсиз бўлиб қолиши мумкин. Хусусан унинг зино қилиб юришидан маҳрамларининг хабардор бўлиши уларни ҳам фаҳш ишларга қўл уришга журъатли қилиб қўяди.
قال الإمام الشافعي – رحمه الله:
عُفّوا تَعُفّ نساءكم في الْمَحْرَمِ = وتجنبـوا ما لا يليق بمسلـم
إن الزنـا دين إذا أقرضته = كان الوفا مِن أهل بيتك فاعلم
من يَزْنِ في قوم بألفي درهم = في أهله يُزنَى بربـع الدرهـم
Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

Агар сақласангиз иффатни сизлар,
Шунда аҳлингиз ҳам иффатли бўлар.
Қай бир иш мўминга бўлса агар ор,
Ундай ишга яқин бормангиз, зинҳор.

Зинони қарз дерлар, сен уни қилсанг,
Аҳлинг тўлар уни, хушёр бўл, билсанг.
Ким берса зинога икки минг дирҳам,
Аҳли зино қилар чорак пулга ҳам.

Ривоят қилинишича бир киши ўғлини сафарга кузаётиб: “синглингни муҳофаза қил”, деб васият қилибди. Йигит отасининг бу васиятидан ҳайрон бўлди. Чунки у синглисидан узоққа сафарга кетаётган эди. Йигит сафардан қайтаётиб бир жойда дам олиш учун тўхтайди ва у ерда бир аёлга кўзи тушиб, унга тикилиб қолади ва нафси ғолиб келиб, бехосдан бориб аёлни ўпиб олади. Аллоҳнинг назоратида эканини ва отасининг васиятини эсга олиб, дарҳол истиғфор айтади. Шундан сўнг йигитнинг отаси ҳам уйига сув олиб келувчи унинг қизини бехосдан ўпиб олганини кўриб қолади. Йигит сафардан қайтиб келганидан сўнг отаси унга: “Сенга синглингни муҳофаза қил демаганмидим?”, дейди. Йигит “нима бўлди?”, деб сўрайди. Ота: бирма-бир гапириб беради ва “Агар сен зиёда қилганингда, сувчи ҳам зиёда қилган бўларди”, дейди.
7. Агар инсонлар икки қисмга яъни, ислоҳ қилувчилар ва фасод қилувчиларга ажратилса, сен ўзингни қайси биридан деб биласан, ўйлаб кўр?!!!. Аллоҳ таоло фасод қилишдан қайтарганку! “Ва ислоҳ қилинганидан кейин ер юзида фасод қилманг” (Аъроф;56)
8. Сен бир фоҳиша билан зино қилётганингда устинга ота-онанг ёки ака-уканг ёки хотининг ёки болаларинг ё сенга ишонган дўстларинг ёки сендан айб қидириб юрган душманларинг кириб қолишса, сени шундай жирканч ишингни кўришса, сен ўзингни қандай ҳис қиласан? Майли, уларнинг кўзидан узоқда бўлишинг ҳам мумкин, лекин Аллоҳнинг кўзидан йироқда бўла олмайсанку! Сен Қиёмат куни Маҳшаргоҳда Аллоҳнинг ҳузурида туришингни ўйлаяпсанми? Бугун қутилиб қолганинг билан Қиёмат куни қутилиб қололмайсанку!. Аллоҳ таоло албатта шарманда қилади.
 عن ابن مسعودٍ، وابن عمر، وأنس رضي الله عنهم قالوا: قَالَ النَّبيّ صلى الله عليه وسلم: «لِكُلِّ غادِرٍ لِواءٌ يَوْمَ القِيَامَةِ ، يُقَالُ : هذِهِ غَدْرَةُ فلانٍ». متفق عَلَيْهِ.
Ибн Масъуд, Ибн Умар ва Анас розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир хоин учун Қиёмат куни байроқ ўрнатилади ва бу фалончининг хиёнати дейилади”, дедилар. (муттафақун алайҳ)
9. Сен одамларнинг обрўсини, ор-номусини пой-мол қилиб, ўткирлигинг, ақлу-заковатинг ва уддабуролигинг сабабли дунёда сиринг фош бўлмасдан қутилиб қолишинг мумкин. Лекин Аллоҳ таолонинг бу оятига нима дейсан?:
وَلَا تَحْسَبَنَّ اللَّهَ غَافِلًا عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ ۚ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الْأَبْصَارُ( إبراهيم (42.
 “Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос.” (Иброҳим;42)
10. Бундай нопок қилмишларингни Аллоҳ таоло фош қилмаганини У зотнинг сенга нисбатан ҳурмат-эҳтироми деб ўйлайсанми? Йўқ, балки мана шу жирканч иш устида вафот этиб, Аллоҳга тавба қила олмай йўлиқишинг учун истидрож (яъни, сени аста-секин, даражама-даража ҳалокатга учратаётган) бўлиши ҳам мумкинку.
عن أَبي موسى رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: «إنَّ الله لَيُمْلِي لِلظَّالِمِ، فَإِذَا أخَذَهُ لَمْ يُفْلِتْهُ»، ثُمَّ قَرَأَ: وكَذَلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَا أَخَذَ الْقُرَى وَهِيَ ظَالِمَةٌ إِنَّ أَخْذَهُ أَلِيمٌ شَدِيدٌ  (هود 102) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло золимга муҳлат беради. Қачон уни жазолайдиган бўлса, у қутулиб кета олмайди, дедилар сўнгра: “Роббинг золим юртларни ушлаганида, ана шундай ушлайди. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир.” (Ҳуд;102) оятини ўқидилар.” (муттафақун алайҳи.)
عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ مَاتَ عَلَى شَيْءٍ بَعَثَهُ اللَّهُ عَلَيْهِ (رواه أحمد، صحيح)
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир иш устида вафот этса, Аллоҳ таоло уни шу ишнинг устида тирилтиради” (Аҳмад ривояти, саҳиҳ)
11. Фараз қилайлик, Аллоҳ таоло сенинг бу ишингни фош қилмади. Лекин сен бу ишни қачонгача қиласан?, Аллоҳдан ҳаё қилмайсанми?
12. Ҳаётингнинг охирги бекати ўлим эканини унутма! “Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир.” (Бақара;281) Сенинг бутун халойиқдан ажралиб ўзга йўлга кетишга имконинг борми? Албатта йўқ! Шундай экан, нима учун ўлимга, қабрга, унинг қоронғулиги, Сиротда тойилиб кетиш хавфи каби ҳолатларга тайёргарлик кўрмаяпсан? Билгинки, сен ёлғиз ўзинг ўласан, ёлғиз тириласан, ёлғиз ҳисоб қилинасан!!!
13. Зинокорга дунёда қандай азоб берилишини эшитгансан, биласан. Ҳадисда зинокорлар учун охиратда махсус олов ёқилиб, улар ўша оловда қип-ялонғоч ҳолатда куйдирилиши ворид бўлган. Ахир, сен улардан бўлишни хоҳламассан?!
14. Тўй қилиш қийин бўлиб кетганини баҳона қилиб, унинг ечимини ҳаромдан излайсанми? Бу ҳаром йўлда қанча-қанча қийинчиликларга дуч келсанг ҳам бор кучинг, ўй-фикринг ва мол-мулкингни сарфлаб, уларни енгиб ўтиб савоб ўрнига гуноҳ орттирасану, нима учун бунча куч-қувват, ақл заковат ва ҳимматни ажр-савобга эришадиган ҳалол йўлга сарфламайсан?
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишига ёрдам бермоқлик Аллоҳ учун ҳақдир”, деб, улардан бирини “иффатини сақлаш ниятида никоҳ қуришга ҳаракат қилган киши”, деганлар.
15. Гуноҳ сабабли банда ризқдан маҳрум бўлади. Зино ва унга олиб борадиган ишлар ризқни кесадиган гуноҳларнинг катталаридан ҳисобланади. Сен ўзинг ва оилангдан бараканинг кўтарилишига, уларнинг ризқдан маҳрум бўлиши ва бахтсиз ҳаёт кечиришига сабаб бўлаётганингни биласанми? Сенинг бу қилмишинг учун оиланг жафо кўришига розимисан?
عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ الرَّجُلَ لَيُحْرَمُ الرِّزْقَ بِالذَّنْبِ يُصِيبُهُ ... (رواه أحمد و الحاكم و ابن ماجة و بن حبان و الطبراني)
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта киши қиладиган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади”, дедилар. (Аҳмад, Ҳоким, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Тобаронийлар ривояти)
Шунингдек зинокор яшаб турган заминдан ҳам барака кўтарилиб кетади ва барчаси қурғоқчилик билан жазоланишади.
وعن عمرو بن العاص قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول: "ما من قوم يظهر فيهم الزنا إلا أخذوا بالسنة وما من قوم يظهر فيهم الرشا إلا أخذوا بالرعب". رواه أحمد
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси бир қавмда зино зоҳир бўлса, улар қурғоқчилик билан тутилурлар, ...”, деганларини эшитдим, дедилар. (Аҳмад ривояти)
Бундай номақбул ишларни қилиб юрган киши бу ишларнинг нафақат жамиятда содир бўлишига, ҳатто ўзининг оиласида содир бўлишига ҳам оддий қарайдиган бўлиб қолади. Натижада ўзи ҳам даюсга айланади. Аллоҳ асрасин!!!
Эй биродар, сен телефон орқали гаплашаётган аёл бировнинг хотини бўлиши мумкин. Бунда сен нафақат у аёлнинг ҳаққини балки унинг эрининг ҳам ҳаққини пой-мол қилаётган бўласан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аёлни эрига қарши айнитса, у биздан эмасдир” деганлар. (Аҳмад ривояти, саҳиҳ) Агар у аёлнинг болалари бўлса, уларда нима гуноҳки, уларнинг ҳам ор-номусини топтаяпсан? Сенинг бу жирканч қилмишинг сабабли оила бузилиб, эру-хотин ажралиб кетади, болалари эса сарсон-саргардон бўлишади. Буларнинг барчасига сен сабабчисан, сен айбдорсан! Аллоҳнинг олдида қандай узр айтасан?!!!
وعن أبي أمامة: أن فتى من قريش أتى النبي صلى الله عليه و سلم فقال: يا رسول الله ائذن لي في الزنا فأقبل القوم عليه وزجروه فقالوا: مه مه فقال: "ادنه" فدنا منه قريبا فقال: "أتحبه لأمك؟ " قال: لا والله جعلني الله فداك قال: "ولا الناس يحبونه لأمهاتهم" قال: "أفتحبه لابنتك؟ "قال: لا والله يا رسول الله جعلني الله فداك قال: "ولا الناس يحبونه لبناتهم" قال: "أفتحبه لأختك؟ "قال: لا والله يا رسول الله جعلني الله فداك قال: "ولا الناس يحبونه لأخواتهم" قال: "أتحبه لعمتك؟ "قال: لا والله يا رسول جعلني الله فداك قال: "ولا الناس يحبونه لعماتهم" قال: "أتحبه لخالتك؟ "قال: لا و الله يا رسول الله جعلني الله فداك قال: "ولا الناس يحبونه لخالاتهم" قال: فوضع يده عليه وقال: "اللهم اغفر ذنبه وطهر قلبه وحصن فرجه". قال: فلم يكن بعد ذلك الفتى يلتفت إلى شيء  (رواه أحمد والطبراني في الكبير ورجاله رجال الصحيح)
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қурайшдан бўлган бир ёш йигит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Ё Расулаллоҳ, менга зинога изн беринг”, деди. Қавм унга юзланиб уни койишди ва: “тўхта, бас қил!”, дейишди. У зот унга: “яқинроқ кел”, деди. У Пайғамбар алайҳис саломнинг ёнига келди. У зот: “онанга шу ишни раво кўрасанми?”, деди. У: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!, асло раво кўрмайман”, деди. У зот: “Одамлар ҳам оналарига бу ишни раво кўрмайдилар”, деди. У зот: “қизинга шу ишни раво кўрасанми?”, деди. У: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!, асло раво кўрмайман”, деди. У зот: “Одамлар ҳам қизларига бу ишни раво кўрмайдилар”, деди.  У зот: “опа-синглинга шу ишни раво кўрасанми?”, деди. У: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!, асло раво кўрмайман”, деди. У зот: “Одамлар ҳам опа-сингилларига бу ишни раво кўрмайдилар”, деди. У зот: “Амманга шу ишни раво кўрасанми?”, деди. У: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!, асло раво кўрмайман”, деди. У зот: “Одамлар ҳам аммаларига бу ишни раво кўрмайдилар”, деди. У зот: “холанга шу ишни раво кўрасанми?”, деди. У: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!, асло раво кўрмайман”, деди. У зот: “Одамлар ҳам холаларига бу ишни раво кўрмайдилар”, деди. (Абу Умома розияллоҳу анҳу:) Пайғамбар алайҳис салом унга қўлини қўйиб: “Аллоҳим, унинг гуноҳини мағфират қилгин, қалбини поклагин, фаржини сақлагин!” деди. Шундан сўнг у йигит (зинога олиб борувчи) бирор нарсага бурилиб ҳам қарамайдиган бўлди. (Аҳмад ва Тобароний ривояти)
Аллоҳ таоло зинодан қайтариб шундай деган:
وَلاَ تَقْرَبُواْ ٱلزّنَىٰ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً    الإسراء 32
 “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир.” (Исро;32)
Эътибор қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло “зино қилманглар” демасдан балки, “Зинога яқинлашманг”, деб хитоб қилди. Бундан Аллоҳ таоло бандаларини нафақат зинодан, балки зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам қайтараётгани маълум бўлади. Зинодан узоқда бўлиш учун номаҳрам билан нафақат гаплашиш, балки улардан кўзимизни ҳам тийишимиз лозимдир.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِيَّاكُمْ وَالْجُلُوسَ عَلَى الطُّرُقَاتِ فَقَالُوا مَا لَنَا بُدٌّ إِنَّمَا هِيَ مَجَالِسُنَا نَتَحَدَّثُ فِيهَا قَالَ فَإِذَا أَبَيْتُمْ إِلَّا الْمَجَالِسَ فَأَعْطُوا الطَّرِيقَ حَقَّهَا قَالُوا وَمَا حَقُّ الطَّرِيقِ قَالَ غَضُّ الْبَصَرِ وَكَفُّ الْأَذَى وَرَدُّ السَّلَامِ وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ وَنَهْيٌ عَنْ الْمُنْكَرِ (رواه البخاري)
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар зинҳор йўлларнинг юзида ўтирманглар”, дедилар. Улар: “иложимиз йўқ, у бизнинг суҳбат қурадиган мажлисимизку”, дейишди. У зот: “Агар ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, йўлнинг ҳаққини адо қилинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима?”, дейишди. У зот: “Кўзни тиймоқ, азият бермаслик, саломга жавоб бериш ва маъруфга буюриб, мункардан қайтариш”, дедилар.  (Бухорий ривояти)
Биродар, умид қиламанки, сен Аллоҳ таоло қуйида зикр қилган инсонлардан бўлмасанг керак:
وَإِذَا قِيلَ لَهُ اتَّقِ اللَّهَ أَخَذَتْهُ الْعِزَّةُ بِالْإِثْمِ ۚ فَحَسْبُهُ جَهَنَّمُ ۚ وَلَبِئْسَ الْمِهَادُ (البقرة: 206)
Яъни, “Агар унга, Аллоҳдан қўрқгин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а?” (Бақара;206)
Биродар Аллоҳга қайт, тавба қил, ҳақиқий тавба албатта олдинги гуноҳларни ўчириб юборади.
فَمَن تَابَ مِن بَعْدِ ظُلْمِهِ وَأَصْلَحَ فَإِنَّ اللَّهَ يَتُوبُ عَلَيْهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ) المائدة: 39(
Яъни, “Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.” (Моида;39)

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Ҳозир сайтимизда 407 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ