1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Саҳобаларга ўхшаш мумкинми?

Хаёлнинг бир четида ўша пулнинг учидан муҳтожларга ёрдам қилиш ҳам туради. Лекин бу фикр-ният жуда заиф бўлади. Дунёнинг ҳаваси уни босиб кетади. Чунки ҳиммат йўқ, мурувват кам, хайр-эҳсон учун олинадиган эваз-мукофотга ишонч заиф. Шунинг учун ҳам бошқаларга ёрдам бериш фикри амалга ошмайди.

Мен бу гапларни ўзимдан қиёс олиб гапиряпман. Менга ўхшаган “ҳимматли”лар кўплиги учун гапиряпман. Ҳолбуки, тарих шундай сахий, дунёдан қалбини узган зотларни кўрдики, уларнинг ҳаёти бугун биз учун афсонаю эртакка ўхшайди. Демак, биз улардан шунчалик узоқлашиб кетганмиз.

Ахир, ўша Абу Бакр Сиддиқ эмасми, бор-будини Аллоҳ  ва Расули учун садқа айлаб, сўнг очлик азобини тўсиш учун қорнига тош боғлаб юрган?!

Ахир ўша Умарул Форуқ эмасми, етти иқлимга ўн икки ямоқли ҳирқада ваъз айтган?!

Ахир ўша Усмон Зуннурайн эмасми, бутун бошли карвонини улову эгар-жабдуқи билан садақа айлаган?!

Ахир ўша Абу Дардо эмасми, ўзига ҳадя қилинган олтмиш минг динордан бир дирҳам олиб қолмасдан, эрталабгача муҳтожларга улашиб юборган?!

Ахир ўша...

Тўғриси, бу зотларнинг бу жўмардликлари ўша юз минг сўмни сарфлаб бўлганимдан кейин эсимга тушади. «Фалончи касал эди-я, дори-дармонига озгина ёрдам қилсам бўларди», деб ичимдан қиринди ўтади. «Фалончининг боқувчиси йўқ, рўзғорини қандай тебратяпти экан», деган ўй елкамни эзади. Юз минг сўмнинг, ҳеч бўлмаса, юздан бирини охиратим учун ишлатмаганимга афсусланаман. Сўнг ўзимга ўзим сўз бераман, энди қўлимга пул тушса, фалон-фалон жойларга улашаман, деб.

Сўнг... сўнг яна пул тушади. Аммо бирдан ўзимнинг бошқа янги эҳтиёжларим чиқиб қолади. Сўнг эса, у пул «йиртиқ»ларимнинг ярмига ҳам етмай тугайди, сўнг яна ичимдан қиринди ўтади. Баъзида беришим шарт бўлган жойларимга, масалан, онамга, укамга... бериб, ё бўлмаса, масжиддаги қутига юз сўм-икки юз сўм ташлаб, ўзимни хайр-эҳсон қилаётгандек овутаман. Саҳобийларнинг бутун бошли боғларини ёки бус-бутун карвонини, энг яхши кўрган молини, бойлигини Аллоҳ йўлида фидо этиб юборганига қойил қоламану, лекин қандай қилиб, бунақа жўмард бўлиш мумкинлигини ақлимга сиғдира олмайман.

...Бир куни қўлимга катта пул тушди. Етти милён. Эски мошинамни беш милёнга сотдим, яна икки милён қарз кўтардим. Шунча пул қўлимда. Аммо бу сафар юрагим негадир ҳапқиргани йўқ. Бошқа пулларга ўхшаб бу етти милённинг етти мингта «дарди» ҳам чиқмади. Ҳолбуки, хотин анчадан бери «уйни ремонт қилайлик», дерди; ўғлим валасапид, деб хархаша қиларди; маросимларда кийишга тузукроқ костум-шим олсам, деб юрардим... Хуллас, иқтисодий муаммолар етарли эди. Аммо бу пул уларга «қиё» ҳам боқмади. Чунки ўзининг муҳим «дарди» бор эди. Шунча пулни муҳтожга берибдими, деб ўйламанг. Йўқ, мен ҳатто бундай гумонга ҳам лойиқ эмасман. Мен... янгироқ мошина олмоқчи эдим. Шу пулни берсамгина, олишим мумкинлигига ишончим комил эди. Шунинг учун бошқа кам-кўстлардан кўз юмиб, пулни айтилган жойга олиб бориб бердим ва мошинани миниб келдим.

Ўшанда иш битгач, «Матиз»мас, мундоғроқ «Жигули» ҳам минсам бўлаверарди, бирор милёнини уй ололмай юрган биродаримга, ҳадя эмас, ҳеч бўлмаса, қарзга бериб турсам ҳам, охиратда бирнималик бўлиб қолармидим», деган ўй ичимни заиф тирнаб ўтгани бир бўлдию, саҳобаларнинг иймонлари даражаси қанчалик эканини англаганим бир бўлди. Ўшандагина ҳис этдимки, у зотларнинг сарфлаётган пуллари учун қиёматда оладиган мукофотларига бўлган ишончи камида менинг мошина олишимга бўлган ишончим қадарида бўлган. Ва улар ҳар қандай эҳтиёжларини унутиб, бор-будларини жаннатларда кўшклар, гўзал манзиллар, қасрлар сотиб олиш учун сарфлаганлар...

Хуллас, бахиллигим охиратдаги мукофотларга ишончим заифлигидан, саҳобаларнинг саховатлари эса, Аллоҳнинг ваъдаларига иймонлари мукаммаллигидан эканини англадим. Аллоҳ менга шуни англатди. Аммо англаганларимга амал қилиш учун энди журъат етмай турибди. (Нима дейишни ҳам билмайсан киши бу замоннинг менга ўхшаган мусулмонлари ҳақида...)

Англатган Аллоҳимдан англаганларимга амал қилиш учун тавфиқ сўрашдан бошқа чорам йўқ...

Абдуғафур Искандар

Ҳозир сайтимизда 858 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ