Сайт бўлимлари
Эркак ва аёл хиёнати тенгми?
Бир неча йил олдин намойиш этилган «Клон» сериали ёдингиздами? Бош қаҳрамон Жади (муслима) турмуш ўртоғи Саид (муслим)га Лукас (севган йигити насроний) билан хиёнат қилади. Бундан хабар топган Саид эса қасос олиш учун Лукаснинг аёли Маиза билан Жадига хиёнат қилади. Томошабинларнинг бунга муносабати икки хил бўлди севгани билан алоқа ўрнатган Жади ҳақ, чунки Саид бошидан ҳаммасини биларди ва никоҳ кечаси Жадининг айбини бекитган эди (сўралганларнинг 27 фоизи). Иккинчи томон фикрича эса, эрини қанчалар ёмон кўриши ва Лукасни қанчалар севишига қарамай, Жади оила поклигини сақлаши, ўзини тийиши керак эди (сўралганларнинг 70 фоизи). Иккиси ҳам нотўғри деганлар ҳам бўлди (атиги 3 фоизи). Рақамлардан кўриниб турибдики, Жади ноҳақ дегувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Савол: Нега?
Жавоб: Чунки у аёл.
Ғалати туюлса-да, жамиятимизни асосан шу савол-жавоб бошқаради. Эркак кишининг имтиёзи жуда кўп: кеч қолиши (умуман келмаслиги ҳам), истаганини қилиши, турмуш ўртоғини ўзи истаб танлаши ва ҳоказоларни бемалол қилиши мумкин. Бу имтиёзлар унга болаликдан ота-онаси, қариндош-уруғлари, умуман, жамият томонидан тақдим этиб борилади. Аёл эса оиласи чизиб берган чизиқда юришга мойил қилиб тарбияланади. Ўша чизиқдан четга чиқиш аёл обрўсига путур етказади, у ҳақда турли фикрлар (асосан, ёмон) туғилишига сабаб бўлади. Ижтимоий, иқтисодий, маиший, маънавий яъни, ҳаётнинг деярли барча соҳаларида намоён бу ҳол бот-бот «Нега эркакларга мумкину менга мумкин эмас, уларнинг шохи борми?» деган саволни туғдиради. Баъзи аёллар шу кайфиятдан туғилган аламзадалик билан оила бузилишигача олиб келадиган ишларга қўл уриб қўяди. Уларнинг оқлови: «Аллоҳнинг олдида эркак-аёл тенг. Жинс айириш Исломда мавжуд эмас, буни эркакларнинг ўзи тўқиб чиқарган».
Савол: Аслида-чи?
Жавоб: Унчалар ҳам тўғри эмас.
Заҳро опа (отинойи):
Дарҳақиқат, Аллоҳ наздида барча баробар. Аммо бу баробарлик иймон келтириш, фарзларга амал қилиш, ютуққа қувониб кетмаслик, ғамдан тушкунликка тушмаслик кабиларга оиддир. Эркак ва аёл тенглиги масаласининг кўндаланг қўйилишига сабаб бўладиган асосий ҳолат хиёнат бобида эса баробарлик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Савол: Нима сабабдан?
Жавоб: Эътиқод туфайли.
Ҳа, Жади хиёнатига муносабатнинг икки хиллиги айнан дунёқараш ва эътиқодга боғлиқ. Оқловчи томон ё европалашган ўзбек ёки насроний. Шундан қораловчи томон кимлиги аниқ. Хиёнат ва диннинг қиёси кимгадир эриш туюлиши мумкин. Аммо оила инқирози сабаби айнан эътиқодга бориб тақалади.
Аёлнинг хиёнати ҳамма жойда ҳам қораланмайди. Шундай давлатлар борки, у ердаги эркаклар аёлининг хиёнатини билиб туриб ҳам яшайверади. Улар бу қилмиш сабабини ўзларининг иш билан жуда бандлиги, хотинига етарли эътибор бера олмагани, аёли рўзғор ташвишлари билан ўралашиб сиқилиб қолганидан кўришади. Айби тушунилган ва кечирилган аёл ҳеч нарса бўлмагандай эри билан яшаб кетаверади, фарзанд кўриб, бирга тарбиялашади.
Ҳозирча (Худога шукурки) асосан Европага хос бундай тутим илдизи оила қуришдан асл мақсад нималигига бориб тақалади. Европа оила асосида муҳаббатнигина кўради. Эридан совигани учун ажрашмоқчи бўлаётган аёлни бир неча йиллик ҳамкорликдаги умр, ўртадаги болалар тўхтатиб қололмайди. Ва жамият ҳам аёлни оқлайди севмаган кишинг билан яшашга не ҳожат?! Болаларга сабаби тушунтирилади. Бирга ўтган умр учун ажрим вақтида аёлга суд эридан салмоқли маблағ ундириб беради.
Шарқ дунёси эса хоин аёлга шафқатсиз муносабатда бўлади. Боиси Шарқ кишиси насл давомийлигини таъминлаш учун оила қуради. У бўлажак турмуш ўртоғини севмаса ҳам, яхши оиладан чиққани, соғломлиги, тарбиялилиги, хуллас, ички ва ташқи гўзаллиги ўз талабларига уйғун келгани учун уйланади. Умуман, Шарқ дунёсида қиз болага жуда қаттиқ талаб қўйилади, аёл кишининг юки оғир келади. Ҳар бир қизалоққа аёл, бўлажак она, деб ёндашилади. Эшик қоқиб келган аёллар ҳам қизнинг соғлиғига алоҳида аҳамият беришади. Соғлом фарзанд соғлом онадан туғилади-да!
Ана энди асл мақсадга ўтамиз.
Эркак ва аёл хиёнати нечун тенг эмас?
Наслга шунчалар аҳамият берилгани учун.
Баҳром Маъдиев (руҳшунос-ўқитувчи):
— Эркак хиёнати оила ташқарисида юз беради ва оила поклигига дахл қилмайди. У эркакнинг обрўсини тушириши, аёли ва болаларининг кўнгли совушига олиб келиши мумкин. Яъни, оила тинчига дахл қилади, поклигига эмас. Аёл хиёнатида эса нопоклик оила ичига кириб келади. Эркак учун хиёнат жисмоний ҳолатгина, холос. У турмуш ўртоғи ва болаларини жуда яхши кўргани, қайғургани ҳолда бемалол чапга ҳам юраверади. Аёл хиёнати анча чуқур илдиз ва мураккаб сабабларга эга. Аёл турмуш ўртоғидан бутунлай кўнгил узганда, оилани сақлаб қолишнинг имкони ва ҳожати йўқ, деб ҳисоблаганда хиёнат қилади. У бу йўлга ортга қайтмас бўлиб киради.
Демак, аёл учун хиёнат бутун тақдири, ҳаётини ўзгартириб юборадиган жиддий ҳолат, эркак учун бир хилликдан узилиш, янги ҳавога интилишдир.
Зотан, эркак хиёнат қилганда оиладаги болаларнинг насаби аниқ бўлади. Аёл хиёнатида эса насл поклиги шубҳа остида қолади
«Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу аёлларга ўлим келгунча ёки Аллоҳ бирор йўлга солгунча уларни уйларида сақлангиз!» (Нисо сураси, 15-оят).
Хиёнатга хиёнат билан жавоб бериш тубанликдир. Инсон (жинсидан қатъий назар) бундан устун туриши керак. Статистик маълумотларга кўра, хиёнатга хиёнат билан жавоб беришда америка, француз ва рус оилалари етакчилик қилар экан. Ўзбек оилалари, умуман, Шарқ дунёсида эса бу ҳол сийрак учрайди.
Жамила Йўлдошева (методист):
— Аёл киши ҳеч қачон қасд-мақасдига хиёнат қилмайди. Унинг табиатида мойиллик бўлсагина, шу ишни қилади. Эрининг хиёнати аёл табиатида мавжуд иллатнинг юзага чиқишига баҳона бўлади, холос. Аёл қасос олиш мақсадида эмас, балки аслида номуссиз бўлгани учун хиёнат қилади. Эркак хиёнатининг саба-би оиладаги вазият уни қониқтирмаслигида, аёл хиёнати сабаби эса номуссизликда. «Хиёнат қанчалар оғир ботишини билдириб қўймоқчиман» деган важларнинг ҳаммаси бўлмағур гаплар. Хиёнаткор аёл аслида беномус аёл!
Нилуфар Матлабова (адабиёт ўқитувчиси):
— Ҳақиқий аёл бундай вазиятда эрининг хиёнатини яшириб, ҳеч нарса бўлмагандай яшайверади. У оиласи шаънини ўйлагани учун шундай қилади. «Эртага эшигимга совчи келса ё ўзим борсам, «Буларнинг отаси қани?» деган саволга нима дейман? Болаларимнинг тақдирини синдириб қўйишим мумкин. Отаси ҳақида миш-миш тарқалган хонадон билан ўзини ҳурмат қилган қайси оила қуда тутинишни истайди?» каби ўйлар уни тўхтатади. Аёл болалари учун ўзини фидо қилади.
Хосият Тошмуҳаммедова (ҳуқуқшунос):
— Йилдан-йилга аёллар хиёнати кўпайиб кетмоқда. Илгари оилани эркаклар тебратарди, ҳозир 60 фоизи аёллар қарамоғида. Ажрим талаб қилишда ҳам шу аҳвол. 2006 йилнинг тўққиз ойи мобайнида 170 та оиланинг никоҳи бекор қилинган бўлса, шуларнинг 97 таси аёл ташаббуси билан юз берган. Қизиғи: кўп аёлларнинг хиёнатидан эри бохабар бўлса-да, ажрим талаб қилмайди. Аксинча, яшамоқчиман, дейди.
Муҳаббат Ямгирова (тадбиркор):
— Эр бўлиб пул топиб келмаса, бола-чақасини боқмаса... Охирги марта қачон уйга нарса кўтариб келганини эслаёлмайман. Хотин бошим билан топган пулимни ейишдан уялмаган одам билан яшагим келмади. Болаларим ҳам мени қўллашди. Мен хорижга чиққанимда эркак сафардошларим бўлади. Биласизми, турмуш ўртоғимга атайлаб гапирсам ҳам, рашк қилмади. Эркак киши шунчалик лоқайд, беғам бўладими, ахир. Демак, унга мен эмас, топаётган пулим керак экан. Қандай йўл билан топаётганим барибир экан.
Эркак-аёл хиёнати илдизлари ҳақида қатъий фикр айтиш, охирги хулосани чиқариш имконсиз. Қўлимиздан келгани ёмонга ёндашиш яхшиларга хос эмаслиги, тубанлар билан тенглашиш разолатга сабаб бўлишини яна бир карра ёдга туширишдир. Зотан, «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» (Нур сураси, 26-оят), Ҳар бир кишининг ўз дунёқараши, амал қиладиган шахсий қонунлари мавжуд. Шу билан бирга ҳар бир инсон аёлининг ношудлиги туфайли ёки эридан қасд олиш мақсадида эмас, фитратида мойиллик мавжудлиги боис хиёнат қилиши ҳам бор гап.
Муҳайё ИСМОИЛОВА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 126 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар