1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хайрли «қасос»

 

 

 

«Карвон бехатар бўлмас», деганларидек, оилаларда гоҳо «тўлқин-пўртаналар, довул ва зилзилалар» ҳам бўлиб туради. Тўсатдан бирор нарса сабаб бўлиб эр-хотиннинг муросалари келишмай қолади. Уришиб қолишади. Бир-бирларига  муҳаббатлари сусайгандай бўлади. Рашк ҳужумга ўтади. Кўнгил шишасини синдирадиган ёмон гап оғиздан чиқиб кетади. Ишдан ё кўчадан хуноби ошиб келган эр (ёки хотин) аламини шеригидан олади. Эр «қилиқ» чиқариб, бошқа бир аёлга кўнгил қўяди ёки уйланиб олади.
Оилаларда ҳамиша чиқиб турадиган кўнгилсизликлар, можароларнинг сабаби кўп. Ана шундай ҳолларда эр ва хотин қандай йўл тутиши керак? Масалан, нонига кундош шериклик қилаётганини сезиб қолган аёл нима қилиши зарур?
Баъзи аёллар бундай ҳолларда нима қилиб бўлса ҳам эрларини ўша «ёсуман» тузоғидан ажратиб олиш пайига тушишади. Улар бирга яшаётган хонадонга бориб, уриш-жанжални қизитишади, кундошининг «адабини беришади», эрини элга шарманда қилишади. Бунга ҳам қаноат қилмай, эрини ҳар қадамда таъқиб қилади, унга нисбатан тўнини тескари кийиб олади, ҳатто у билан гаплашишни ҳам истамайди, болаларини унга қарши қайрайди.
Бу билан у қанчалик асабидан ажраётгани, соғлиғини йўқотаётгани, қариндош-уруғлар ўртасида обрўсини тўкаётгани билан ҳам иши бўлмайди. Лекин шунча йўқотишдан кейин ҳам эр иккинчи хотинидан ажрашай демайди, аксинча кўз очиб кўрган хотинининг қилмишларидан дили ранжиб, ундан кўнгли қолади. Баъзан эса сўнгги қадамни қўйишга ҳам мажбур бўлиб қолади.
Бошқалари эса бундай пайтларда ҳиссиётга, шайтоний васвасаларга бўйсунмай, ақл билан иш тутишади. Энг аввало, бу иш жиноят ёки гуноҳ бўлмаганидан кундош «фожиаси»га кўнишади, сабр қилишади. Бордию бунга чидай олишмаса,  эрларидан бу қилмишининг сабабларини сўраб, таҳлил қилишади. Чунки, «эркак уйида йўқ нарсани кўчадан излайди», деган нақл бор. Эҳтимол, аёл эрига етарли эътибор, муҳаббат кўрсата олмагандир? Балки  бирор қилиғи, тутими эрига ёқмай қолгандир? Ёки тўйдан кейин ўзига қарамай қўйгани, пардоз-андозни эсдан чиқариб юборгани эрининг кўнглини совутиб қўйгандир? Нима бўлганда ҳам сабаблар таҳлилидан сўнг камчиликни тузатишга, сабр ва тадбирлар билан эрини «уйга қайтариш»га ҳаракат қилади.  
Наманганлик Насибахон К. исмли жувоннинг ҳикоясидан: «Ота-онамдан эрта етим қолганим учун мени тоғам тарбия қилдилар. Ўн еттига тўлишим билан тагли-тугли бир хонадонга узатишди. Қийинчилик-йўқчилик ичида катта бўлганим учун тушган жойимга канадай ёпишдим. Қайнотам беш йилча бурун ўтган эканлар. Қайнонам касалманд эдилар, эримдан ташқари бир ўғил ва бир қизлари бор эди. Биргалашиб яшай бошладик. Хизматни дўндириб турибман. Оиладагилар билан аҳилмиз. Эримнинг хулқлари яхши эдию, аммо ишёқмас, сал эрка, ҳавойироқ эдилар. Аввал ялиндим, йўлга солмоқчи бўлдим, атрофдагиларни ибрат қилиб кўрсатдим. Қаёқда? Авваллари ул-булга куйманиб, пул топиб турардилар. Тўйимиздан олти ой ўтгач, диванни бутунлай «ижара»га олдилар. Эртадан-кечгача телевизор олдидан кетмайдилар. Ора-сира укаларидан ё оналаридан пул «униб» қолса, чойхонага чиқиб улфатлар билан ош қилишади.
Бирин-кетин икки фарзандли бўлдик. «Кўпайишсак, боланинг меҳри ишлашга мажбурлаб юборса керак» деб ўйлаган эдим. Шунда ҳам ўзгармадилар. Қарасам, икки болам билан оч қолиб кетадиганман. Шартта тижоратни бошлаб юбордим. Аввалига озгина сармоя билан совун, порошок, тиш пастаси сотиб юрдим. Кейинроқ сармоям кўпайиб Қўқонга, Қорасувга  қатнай бошладим. Чорсудан кичикроқ жой тегди, ишим юришиб, қўлимга пул кирди.
Худди ўша кунларда эрим йўқолиб қолдилар. Уёқ-буёққа даракладим. Уйдан телевизор, у кишининг кўча кийимлари ғойиб бўлганини сезиб, кўнглимга шубҳа тушди. Адашмаган эканман. Эшитсам, Давлатобод туманидаги битта танноз хотинга илакишиб қолиб, ўшаникига кириб кетибдилар. Телевизор ҳам у киши билан кундошимникига «кўчибди».
Уч кунгача не аҳволга тушганимни ўзиму ёлғиз Худо билади. «Ғам тўйдиради», деганларидай бир ярим сутка оғзимга увоқ солмабман. Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам номард эрим кўз олдимга келаверади. Қайси гуноҳим учун Худо мени бундай жазолади, деб савол бераман ўзимга. Шайтон «Ҳозир бориб ўша манжалақини сочини юлиб, қонига белаб кел», деб турибди. Аммо ниятимдан қайтдим. Кўпчилик ўртасида эркак кишининг обрўси тўкилиб, юзи шувут бўлмасин, деб ўйладим.
Кейин ўзимни қўлга олдим. «Сабр қилай-чи, Худо бир йўл кўрсатар», деб ўзимни меҳнатга урдим. Эрта чиқиб кетиб, шомда қайтаман. Ҳафтада бир марта бошқа шаҳарларга товарга қатнайман. Уйга келгач, қайнонамга, болаларга қарайман. Қайниним ва қайнсинглимнинг овқатини тайёрлайман, кирини юваман, йиртиқ-ямоғини қиламан. Оиладагиларнинг эримнинг қилиғидан афсусланмай, одатий ҳолдай муносабатда бўлишлари юрагимни тирнаса ҳам, ҳеч нарса бўлмагандай аламимни ишдан олавердим.
Бу орада қайнонам вафот этдилар. Қайнинимнинг топиши яхши бўлмагани учун у кишини ўзим кўмдим, маъракаларини эл қатори ўтказдим. Эрим таъзия куни бир-икки соат одамларнинг кўзига ўралашиб юрдилару кейин яна ғойиб бўлдилар. Қайнонамнинг қирқлари чиқиши билан қайнсинглимга совчи кела бошлади. Маъқул жойи чиқувди, уни турмушга узатдим. Сепию, тўй харажатлари яна зиммамга тушди. Миқ этмадим. Маҳалла-кўйдагилар, қўни-қўшнилар вазиятни тушуниб, ёнимга киришди.
Орадан бир йил ўтиб, қайнинимни ҳам уйладик. Тўққиз ойча янги келин-куёвни болаларимга қўшиб боқишимга тўғри келди. «Эримдан нима кўрдиму сан нима қилиб берардинг», дегандай баъзи кунлари жаҳлим чиқиб юрди. Аммо буям Худо йўлига бир эҳсон-да, деб ўзимни овутаман. Охири қайниним маҳалла-кўйдан уялдими ё виждони қийналдими, ҳарқалай қайнотасига қарашли квартирага кўчиб кетди. Олти сотих ҳовлида шўппайиб ўзим қолдим.
Кунлар шу зайлда ўтаверди.  Меҳнатдан аламимни оламан. Туриб-туриб эримнинг қилмиши вужудимга ўт ёқсаям, ҳеч нарса бўлмагандай ўзимни овутаман. «Осмон йироқ, ер қаттиқ» эди. Қўшниларим мендаги бардошни, сабрни кўриб: «Сиз одам фарзанди эмассиз, тошдан ясалгансиз» деб «тасалли» бериб қўйишади. Кўнглимни кўтаришади. Бу орада болаларим ҳам катта бўлиб, биринчи синфга чиқишди. Аммо дадалари бирор марта кўргани келмас, аҳволимиз билан қизиқмас эдилар. Аммо ҳали булар ҳолваси экан…
Бир куни шомдан кейин ишдан келсам, лабини памилдоридай қизартириб олган семизгина хотин фартуғимни тутиб олиб ошхонада куйманиб юрибди. Юрагим «шиғ» этди, «ҳойнаҳой кундошим шу бўлса керак», деб ўйладим. Қизиқ, у бизникида нима қилиб юрибди? Шу пайт ичкари уйдан қайнсинглим билан эрим чиқиб келишди. Мени кўриб, бир талмовсираб олишди. Кейин асосий мақсадга ўтишди: эмишки, эрим иккинчи хотинининг квартирасини сотиб, уйимизга кўчиб келармиш. Ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор олишар эмиш. Мен болаларим билан ярмида бемалол яшайверармишман. Агар ғиринг-пиринг дейдиган бўлсам, умуман шундан ҳам маҳрум бўлармишман.
Ҳозир қўлимга болтани олиб, ҳаммасини қувиб кўчага чиқариб қўйгим ҳам келди. Яна ўзимни босиб олдим. «Нима бўлса ҳам кўз очиб кўрган эрим, ҳозир шайтон йўлдан уриб турибди, бир кун ўзларига келсалар ҳали қилмишларидан уялиб қоладилар, сабр қилаверай-чи», деб яна ўзимни босдим. Уйдан ҳайдашса, икки болам билан кимникига сиғаман, деб ўйладим.
Хулласи, ҳовлида икки кундош яшай бошладик. «Севишганлар»нинг иккови ҳам ҳеч қанақа иш қилмас, пул ҳам топмас, топиб келганимга шерик бўлиб ўтиришар эди. Ҳай, Худонинг бу синови ҳам бор экан-да, деб жонни жабборга бериб ишлайвердим. Шу кунгача уч кишининг рўзғори зиммамда бўлса, энди беш киши учун харажат қилар эдим.
Шу алпозда бир ойга чидадим. Мен индамаганим билан маҳалла-кўй, қариндошлар воқеадан хабар топишиб, эримни ўртага олишибди. Роса гап билан тузлашибди. Бир куни ишдан келсам, эрим кундошим билан кетиб бўлишибди. Аммо кетиш чоғида яқинда сотиб олган янги телевизоримни, тилла тақинчоқларимни, болаларимнинг тўйига атаб қўйган тоза матоларимни ҳам гумдон қилиб кетишибди. «Шу билан қутилиб тинчисам бўлди», деб ўзимни овутиб қолавердим.
Томошанинг каттаси кейин бошланди. Тирикчиликлари қийинлашиб қолганми, эрим тез-тез пул сўраб келишни ўрганиб олдилар. Аввалига раҳмим келиб оз-моз бериб турдим. Бир куни мияда бир нарса чақиб қолди: «тўхта, сан берган пулга кундошингни боқадими, керак бўлса, ўзлари ишлаб топишсин». Пул бермай қўйганимдан жаҳли чиққан эрим менга ўхшаб тижоратга киришдилар. Растамиздан жой олиб, савдони бошлаб юбордилар.
Бу орада менинг ишим анча ўнгланиб қолган, қўлимда каттагина сармоя тўпланган эди. Энди товар учун бошқа шаҳарларга бормай ҳам қўйганман: шерикларга пул бериб юбораман, ҳамкасбларнинг раҳми келганидан менга ҳам мол қўшиб олиб келишади. Эримнинг рўзғорлари яхши эмаслигини, пул тополмаётганлари учун кундошим билан муроса бўлмаётганини ҳам сезиб юрибман. Лекин асло сир бой бермайман. Хўжайинимнинг эса олдимга келиб узр сўрашга ориятлари йўл қўймаётган эди.
Ана шундай кунларнинг бирида  хўжайиндан яхшигина «ўч» олиб, оилага қайтариш вақти етиб келганини тушуниб етдим. Икки-уч кун бунинг режасини тузиб, нима қилишимни белгилаб олдим. Бир ҳамкасбим билан олдиндан келишиб қўйдим. У хўжайиним савдо қилаётган раста олдига янги «Нексия»си билан келиб турадиган, мен эса у кишининг шундоққина кўз ўнгида шерикнинг машинасига чиқиб кетадиган бўлдим. Ўша куни келинлик давримдан буён унутилиб кетган ишим – пардоз-андозни жойига қўйдим. Энг чиройли кийимларимни кийдим. Елкамга сумкамни осиб, товус юриш билан эрим савдо қилаётган жойдан ўтдим-да, ҳамкасбимнинг машинасига ўтирдим. Ҳатто у кишига томонга қараб ҳам қўймадим.
Мўлжалга бехато урган эканмиз. Ўша куни икки чақиримча юрганимиздан сўнг машинадан тушиб қолиб, чала қолган анча-мунча ишларимни битирдим. Кечга яқин уйга келсам, хўжайин икки ўғлимизни ёнларига олиб, қовоқларини уюб ўтирибдилар. «Анави одамнинг машинасида қаёққа кетдинг», деб сўрадилар. «Сизнинг нима ишингиз бор, шунча йилдан буён менинг қаёққа кетаётганим уёқда турсин, ҳатто қандай кун кўраётганим билан ҳам қизиқмас эдингиз-ку», дедим бамайлихотир. «Никоҳдаги эринг бўлгандан кейин сўрашга ҳаққим бордир», дедилар қизишиб. «Мен бирор марта сизнинг қаёқларда, кимлар билан юрганингизни сўрамадим-ку», дедим яна у кишининг жиғига тегиб. Хулласи, шу куни анча-мунча қизаришиб олдик, ўртадаги гина-кудуратларни тўкиб солдик.
Охири хўжайиним оёғимга йиқилиб, узр сўрадилар. Қадримга етмаганлари, болаларни тирик етим қилганларини айтиб, ҳатто бироз кўз ёши ҳам тўкиб олдилар. Тавбалари астойдил эканига шубҳам йўқ эди. Шундай бўлса ҳам анчагача ён бермай турдим. Етти йиллик қийноқ-азобларимнинг, хўрликларимнинг қасосини олаётган эдим. Майли, сал оиланинг қадрига етадиган бўладилар, деб ўйладим. Шундан буён яна биргамиз. Ҳозир бутун тижоратимни у кишига топшириб қўйганман, ўзим болалар тарбияси билан машғулман. Яқинда янги «Дамас» машинаси ҳам сотиб олдик.
Баъзан ўй суриб кетаман: бўлаётган ишлар тушимми-ўнгимми, дейман. Агар ўшанда кундошимникига бориб, жанжални қизитганимда, эримни шарманда қилганимда ҳозир юзларига қандоқ қарар эдим. Яхшиямки, шайтоннинг сўзига кирмаганим, баъзиларнинг ўргатганига кўнмаганим! Эримнинг қилмишларига, Худонинг синовига сабр қилганимнинг лаззатли мевасини бугун тотиб турганимдан суюнаман».

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 845 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ