1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Дадажон, бошимизга не кунларни солдингиз?

Дунёнинг ишлари ғалат. Бошингга мушкулот тушганида, қийинчиликлар олдида лол қолганингда, гўёки бу савдолар гирдобида бутун умр қолиб кетадигандек тушкунликка тушасан. Кўзингга ҳамма бахтли, фақат сен бахтсизга ўхшайсан. Лабинг табассумга бормайди. Юзида жилмайиш кўринган кишиларга ҳавас билан термуласан. Қачондир кулишни, дилдан қувнашни истайсан. Аммо қувонч энди сенга яқин келмайдигандек тушкунлик бутун умр ёқангга ёпишиб олгандек бўлаверади.  Дадажон, болалигимда уйимизда кунда кунора бўладиган жанжаллар оқибатида мен ана шундай тушкун хаёлларга асир бўлиб қолган эдим...
 Дадажон, Сизни ва изтироб, кўз ёши ва қайғуга тўла болалигимни эсласам ҳаётимга бугунгидек ёрқин ранглар кирмасидан аввалги тушкун чоғларим кўзларимни ёшлайди. Сиз сабабли, сизнинг бувимга, аяжонимга, оиламизга ва биз болаларингизга берган озорларингиз туфайли мен, тўғрироғи биз фарзандларингиз кўнгли ярим, ўксик бўлиб ўсдик. Ота-она фарзанд тақдирига дахлдор экан. Ота-онанинг ҳар бир иши, амали фарзанди ҳаётига акс солмай қўймас экан. Болалигимизда қилган ишларингиз, аямни дўппослашингиз, насиҳат қилишга уринган бувим-онагизни камситишингиз, оғзимиздаги ошни ҳам тортиб “нон дўст” ўртоқларингизга беришингиз, ҳатто нонушта маҳали ҳам ароқ ичиб мастликда дилхираликлар қилишингиз, ҳамма-ҳаммаси бир бўлдию, ўн беш ёшлигимда бизни- аёлингиз беш фарзандингиз ва сизни дунёга келтирган онангизни уйдан ҳайдаб солганингиз бир бўлди...
Дадажон, одамлардан уяламан. Негалигини биласизми? Сабаби сизнинг шунча айбингиз, хатоингиз борлигини билганим учун. Одамлар “мана фалончининг қизи, бунинг дадаси қиморвоз, ароқхўр, онасига қўл кўтариб оқ бўлган, аҳли аёли ва фарзандларини хору зор қилган кимса” дейишларини ўйласам, уят ва хижолатдан қора терга ботаман. Дадажон, нега бундай бўлди ҳаётимиз? Нега? Сиз обрўли кишиларнинг фарзанди эдингиз, амакиларим, аммаларим кўрганлар ҳавас қиладиган кишилар эди-ку. Нега қинғирликларнинг шоҳи-шайтон сизга бунчалик ёпишиб олди? Нега ҳар қадамингизда сизни хато олқишлади, дадажон? Нега хатоларингиз туфайли фарзандларингизга азоб бердингиз? Ахир, фарзанд одамзодга омонат сифатида бериладику! Нега Аллоҳнинг сизга туҳфа этган жаннат райҳонлари- фарзандларингизни бунчалик хор қилдингиз?  Ахир биргина тирноққа зор кишилар озми бу дунёда...
Ўшанда сиз бизни кўчага ҳайдаб солганингиздан кейин тоғамларникидан паноҳ топдик. Аямга раҳмим келарди. “Чиғириқ”қа бир ўзимас, беш бола ва қайнонасини ҳам етаклаб қайтган аяжоним келинойиларим олдида бош кўтаролмай қолдилар. Кейин... кейин шафқатсизлигингизнинг яна бир қурбони опам бўлдилар. Аям беш бола билан тоғамга тирик товон бўлиб яшашдан ор қилиб, биринчи келган совчига ҳали ўн еттига ҳам тўлиб улгурмаган опамни узатиб юбордилар. Тақдирнинг бизга аталган синовлари ҳали жуда кўп экан. Ҳуснда, ақл-фаросатда ҳеч бир тенгдошидан кам бўлмаган, ҳали болалиги тўлиқ тарк этмаган опам йигирма кунгина турмуш қурдию, оиласи бузилди. Бу ҳам етмагандек соппа соғ, оёғида юрган опагинам бир кунда гулдай сўлиб, бетоб бўлиб қолди. Сиз бундан хабардор бўлсангиз-да, бемор қизингиздан бир мартагина ҳам хабар олмадингиз. Беш боланинг еб-ичиши, кийиниши, ўқиш харажатларига касал қизни даволаш ҳам қўшилиб, аямнинг бўйинларини эгиб қўйди. Эҳ, биз кўрган азоблар, қиийнчиликлар... Эслагим келмайди уларни, дадажон. Эслаганимда ўша азобларни қайта бошдан кечираман, яна қайта ўша мушкулотлар жабрини ҳис қиламан. Опамга Аллоҳ илм тақдир қилган экан. Ибодат йўлини танлаган эди, ўз-ўзидан соғлиги тикланиб, оёққа туриб кетди. Шукр, бу ҳам зулмдийда аямга Яратганнинг инояти бўлса керак...
Тўйимда амаллаб сизни чақиртирганимиз, орага қавм-қариндошлар тушиб оқ фотиҳа бергани келганингиз эсингиздадир?  Таассуфки, турмушим узоққа чўзилмади... “Жойи чиққанда тезроқ узатай,  бўйга етган қизни кўп олиб юриш яхши эмас” деб мендан тезроқ хотиржам бўлишни истаган аямга яна бир тўп нокаслар панд беришди. Касалманд, руҳий ва жисмоний хаста ўғилларига мени- соппа-соғ қизни олиб беришибди. Ўзим ҳарқанча қийналсам ҳам, аямга озор етмасин деб дардимни бир неча ой ичимда олиб юрдим. Таниш-билишлар, дугоналарим, ҳатто аямнинг ўзлари саволчан тикилсалар кўзларимни олиб қочардим: “Ҳали ёшмизку, бир бола бўлса берар, Худойим...” Аслида юраккинам қон бўлиб оқаётганди. Бу дардим бировга айтадиган дард ҳам эмасди... Бир куни у (биринчи турмуш ўртоғим) мени аврашга тушди: “Тошкентга борамиз, ўша ерда бир муддат яшаймиз. Фарзанд асраб оламиз, биз ўша ерда фарзандли бўлдик деймиз”... Индамадим. Унга ҳеч нима демадим. Чунки мен сизга тегиб ҳаловат кўрмаган, бир оғиз ширин сўз эшитмаган, яхши муомала кўрмаган, рафиқа бўлиб бахт таъмини туймаган онамнинг тарбияларини олгандим. Онам биз қизларига “Эр- Худодан кейинги итоат қилиш шарт бўлган зот” деб уқтирардилар. Ўша куни туни билан ўйлаб чиқдим. Мен соғлом, фарзанд кўришга лаёқатли эдим. Нега энди унинг дардига шерик бўлишим керак? Бир кун келиб бу қурбонлигим пушаймонга етакламайдими?.. Ўйлаб-ўйлаб тонгга яқин биз фарзандлари учун мусофир юртларда ризқ-насиба истагида юрган аямга қўнғироқ қилдим. Аввалига бошимдан ўтаётган гапларни айтишга уялдим. Кейин она- дунёдаги энг яхши табиб ва ҳабиб эканини ўйлаб, аямга бор гапни, тагли-тугли оила фарзанди деб мени узатган йигитлари бемор эканини, ҳам руҳан, ҳам жисман мажруҳ эканини, энди бўлса у шу бахтсизлигига мени ҳам шерик қилмоқчилигини айтдим.
-    Болам-ей, онангнинг кўрган куни қурсин-а, шу шўришлардан, отанг бизга етказаётган бахтсизликлардан сизларни тезроқ халос қилайин деб опанг билан сени бахтсиз қилиб ўтирибман-а! Бунча ҳам шўрпешона бўлмасам, нега онангнинг аччиқ тақдири сизларга соя ташлаяпти, қизим?! Мен сизлар бахтли бўлинг, бўйга етган қизларни тоғалариникида сарсон қилиб юрмай деб, опанг икковингни тезроқ узатган жойим эди. Мени кечир, қизалоғим, шунча азоб чексанг ҳам бир оғиз индамабсан-а?..- Аям телефонда кўп йиғладилар. Улар билан хайрлашиб, телефонни ўчирдиму ўзим ҳам роса кўз ёш тўкдим. Менинг ҳам қанча орзуларим бор эди. Аямнинг кўзларидан бир томчи ёш оқмаслигини, аяжоним дунёдаги энг бахтли она бўлишиларини, ҳаёт лаззати, оналик бахтининг таъмини туйиб хушҳол яшашларини қанчалик истардим. Дадажон, сиз ота бўлиб фарзандларингиз ҳам одам эканини, уларнинг ҳам орзу-ҳаваси, ниятлари борлигини ҳеч ўйлаганмисиз?!
Мен ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Болалигимда укам ва сингилларимни ўқувчидек ўтирғизиб қўйиб ўзимча ўқитувчи бўлиб “дарс” ўтардим. Ўқувчилик пайтларимда адабиётни севардим, адабиёт  ўқитувчимиз шеър ёдлашни, бадиий асарлар ўқишни топшириқ берса, синфдошларим орасида энг биринчи бўлиб мен вазифани бажарардим. Аммо ўқишимга, илм олишимга имконимиз бўлмади. Рўзғорнинг оғир юки бир онамнинг бўйнида бўлгани учун ҳам мен орзуим ҳақида индамадим. Биласизми, сиз аямга кўп жафолар қилганингиз учун ҳам мен учун ҳар қандай орзудан аълоси- аямнинг бахтиёрлиги ва кўнгилдан чиққан табассумини кўриш эди. Шунинг учун ҳам оилавий ҳаётимдаги омадсизликни аямга айтишдан тортинардим.
Аям юртга қайтиб, собиқ қайнота-қайнонам билан обдон гаплашдилар. Менинг айбим йўқлигини, бу омадсиз турмуш фақат уларнинг ўғли бемор бўлгани учун бузилаётганини тушунтириб, мени шифокор кўригидан ўтказиб, ёруғ юз билан олиб кетдилар. Шу бўйи мен ҳам аям билан бирга хорижда ишлай бошладим. Секин-аста молиявий аҳволимиз ҳам яхшилана бошлади. Укам Тошкентда Ҳуқуқ Университетига ўқишга кирди. Сингилларим ва опам укам Тошкентда бўлгани учун ўша ерда яшай бошлашди. Гарчи аямнинг бағрида, қўлимда ўзимга  етарли маблағим бор, аямнинг қабатларига кириб оиламизга ёрдамим тегаётган бўлса-да, мен оилага муҳтож эдим, дадажон. Мен бахтли рафиқа, саодатли уй бекаси, меҳрибон она бўлишни астойдил истардим. Менга оила керак эди, дадажон. Эсингиздами, бир куни уйимизда эҳтиёжимиз учун олинган унни кимгадир чиқариб бераётганингизда, аям сизга:
-    Жон, дадаси, Худо хайрингизни берсин, бу болаларимизнинг ризқи-ку. Эрта болаларимиз оч қолса-чи. Жон дадаси, ундай қилманг...-деб илтижо қилганларида, уларни тепкилаб, уриб кетдингиз. Мен кела солиб йиғлаганча аямни чангалингиздан қутқаришга уриндим. Ўшанда мени қарғагандингиз. Аям эса мендан хафа бўлиб  “Ҳусния, бу нимаси қизим?! Нега бизни жанжалимизга аралашсан?” деб мени койигандилар. Уларни ичкарига олиб кирганимдан сўнг, аям изтироб билан менга:
-    Болам, отаси қарғаган қиз бахтсиз бўлади, дейишади. Қўй, мени уриб ўлдирса ҳам аралашма. Менку эрга тегиб бир рўшнолик кўрмадим, энди сизлар бахтли бўлинглар! Ўзим кўрган қора кунларни сизга раво кўрмайман!..- деб йиғладилар. Онамнинг армонларини ўлдириш учун ҳам, сиз мени беҳудага қарғаганингиз учун ҳам ва қарғишнинг ҳам икки боши борлигини билдириш учун ҳам оилавий бахтга эришишни астойдил истардим. Амаллар ниятларга боғлиқ дейишади. Ниятим астойдил бўлгани учунми, Аллоҳ мени чиройли оила билан тақдирлади. Оналик бахти билан сийлади. Мени ўзимдан ортиқ тушунадиган, ўзимдан кўп севадиган, тақводор, мард инсон билан топиштирди ва у билан тақдир-насибамизни қўшди. Бу бахтимиз бардавом ва мустаҳкам бўлиши учун бизга ширингина ўғил фарзанд берди.
Ибодатларимда аямнинг умлари узоқ бўлишини сўраб Аллоҳга илтижо қиламан. Бир пайтлари бизни уйдан ҳайдаганингизда, бувимни ҳам олиб чиқиб кетгандик. Бувим раҳматли бироз муддат биз билан яшадилар-да, сўнг “нима бўлганда ҳам у менинг ўғлим. Она боласидан хафа бўлмайди” деб уйимизга қайтдилар. Сиз уларни ҳам кўп хор қилганингизни эшитдик... Шўрлик бувим аммамникида дунёдан ўтдилар. Қишнинг изғирин кунларида уларни уйдан ҳайдаб юборибсиз... Эҳ, дадажон, сиз фарзандларингиз ва яқинларингиз оғзидан тортиб олиб тутқазган нон-тузингизни еган дўстларингиз сизга вафо қилдими? Аямдан афзал кўрганларингиз сизга хотинлик қилдими? Нега ўшанда бу ҳақиқатларни англаб етмадингиз, дадажон? Ахир, биз фарзандларингиз  бола кўнглимиз ва бола ақлимиз билан атрофингиздагилар сизга вафо қилмаслигини билардик-ку...
Аям бир куни армон билан ўксиб:
-    Дадангиз қимор ўйнагани кетганидан, мен юрак ҳовучлаб сиз- бўйга етган қизларимни қайга яширишни ўйлаб хуноб бўлардим...- деб қолдилар. Юрагим қоқ бўлиниб кетди. Аяжонгинам... Сизнинг уйингизда ҳар бир кунини хавфу хавотир билан ўтказган аяжоним. Пайғамбар (сав)дан “Сизларнинг яхшингиз ўз аҳли аёлига яхши бўлганингиз”  деган мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Мен дадам ёмон одам бўлган дейишга тилим бормайди. Лекин дўсту дугоналарим отасини мақтаб, отасининг фазилатларини айтиб гапирса, кўнглим ўксийди. Бўғзимни аччиқ хўрсиниқ куйдиради. Биз дадамиз ҳақида яхши гапларни айтишга ҳақли эмасмидик?..
Бувим раҳматли укамга васият қилиб қолдирган, болалигимизга гувоҳ бўлган уйдан ҳам бир ҳовуч тупроқ қолдирибсиз. Энди эски ҳовлимиз ўрнида уй-жой тиклаб, аям кексайганларида тинч-хотиржам яшасинлар, дегандик. Энди аямдан сизни қабул қилишларини сўраб қайтаётган эмишсиз... Дадажон, мен биламан, фарзанд ота-онасини айбдор қилишга ҳақли эмас. Аям сизни кечиролсалар, майли, қайтинг, бирга яшанглар. Аммо аям берган озорларингизни, сиз туфайли чеккан азоб-уқубатларини унутмасалар, унутолмасалар ва сизни қабул қилмасалар, бизни кечиринг, биз фарзандларингиз аям қабул қилган ҳар  қандай қарорни маъқуллаймиз. Чунки уларнинг барча кўрган кечирганларига Худодан кейинги гувоҳлармиз...
Дадажон, мени кечиринг. Яхши фарзанд бўлолмаганим, бугун хатоларингизни юзингизга айтганим учун. Мактубим қўлингизга етса, мендан хафа бўларсиз, балким яна аввалгидек қарғарсиз. Бироқ умидворманки, илтижоларим Аллоҳга етиб, кўксингиздаги виждон уйғонса. Хатоларингизни ислоҳ этиш вақти-ку ўтиб кетди, жилла қурса, саждага бош қўйиб тазарру қила олсангиз, дейман. Ҳа, яна бир гап, нима бўлганда ҳам сизни яхши  кўраман, дадажон...

Рухшона ФАРРУХ оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ