1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қолган ишга қорлар ёғмасин

Умр шошқинлигини гапиравериб вақт ўтганини сезмай қоламиз, гоҳо. Ҳар оқшом, “эртага онамга ва яқинларимга қўнғироқ қиламан. Уларни яхши куришимни ва соғинганимни айтаман. Албатта айтаман”, деб ўзимни овутаман.
Тонг... Бет-қўлимни ювиб олай... Нонушта кутиб қолди... Ишга жўнаш вақти бўлиб қолди... Ана шошилинч хаёллар кундалик ташвишлар сари бошлайди. Ишга борамиз. Жамоадошлар, ҳамкасблар билан иш оралиғидаги танаффусларда гаплашамиз, кулишамиз, ҳазил-мутойиба қиламиз. Иш вақти тугаб тезроқ уйга бориш учун бекатга шошиламиз. Йўл-йўлакай дўкон ва бозорларни “ишғол” қилиш ҳам эсимиздан чиқмайди. “Яна уйдагиларга қўнғироқ қилмадим. Кеч бўлди, кеч бўлганда гаплашиш, уларни безовта қилиш яхши эмас. Ҳали ўзим ҳам овқатга уннашим керак, кир ювишим керак. Эртанги нонушта дастурхонига тайёргарлик кўришими керак. Энди эртага...” Бу “ёрдамчи” хаёл яна бизга таскин бўлишга уринади. Бир сериясини ҳам қолдирмай кўриб бораётганимиз – хориж сериалининг навбатдаги қисмини ўтказиб юбормаслик учун картошка-пиёзни телевизор олдига олиб келиб, бир ўқ билан бир нечта қуённи уришга ҳаракат қиламиз. Овқатдан кейин ҳам уйнинг юмушлари адо бўлмайди. “Эртага яқинларимга қўнғироқ қиламан” деб ўз-ўзимизга берган ваъдамизни қайта-қайта эслаб, ухлаб қоламиз. Эртага бизда бундай имкон берилмаслиги ҳам мумкинлигини хаёл қилмаймиз. Эртага яна шу ташвишлар билан уйғонамиз. Яна ўша гап. Яна яқинлар ҳолидан хабар олиш “эрта”га ҚОЛДИРИЛАДИ...
Қанча беғубор, қанча беқадр ва қанча хокисор, қанча совуқ бўлмасин "қор"дан ҳам "нур" қайтаркан. “Қарс“ икки қўлдан чиққанидек, меҳр-муҳаббат, самимият ва муруватда ҳам икки томон бирдек ҳаракат қилиши керак. Оқибатнинг акси икки жуфт кўзлар дийдордан бахт туйганида қорачиқларда намоён бўлар экан. Гарчи, масофалар олислиги жонли дийдорлашув имконини ҳаммавақт беролмаса ҳам, ахир ҳозир бутун ҳаётимизни эгаллаб олган мобил телефонлар бор-ку! Биргина қўнғироқ ёки СМС хабари орқали уларни йўқлаб қўйсак, биз учун қадрли эканликларини айтсак, бўлди, олам гулистон. Ҳам улар меҳримизга сазоворликларидан мамнун, ҳам ўзимиз бир кўнгилни шод қилганимиздан мамнун бўламиз. Наҳотки, яқинларимизни шодумон қилиш билан ўзимизни бахтиёр қилишликни кейинга сурамиз?! Қадр ва меҳр қайтаришда оқсамаяпмизми? Яқинларимиз биргина қўнғироғимиздан, биргина кўксимизга кўмиб қўйган “соғиндим” деган сўздан қанчалар қувонишларини англаганимизда эди...
Йўқ, биз буни жуда яхши биламиз. Аммо ҳафсаласизлигимизни оқлашга баҳонамиз тайёр: "Ишли одамман, улар тўғри тушунадилар". Фақат биз ишлаймиз. Фақат бизда вақт тиғиз. Аслида бўш вақти кўплар вақти йўқлигидан нолийдилар, деган экан қайсидир аҳли дониш. Бепарволигимиз, ҳафсаласизлигимизни яқинларимиз ҳам биладилар. Била туриб, бизни боримизча қабул қиладилар. Шунинг учун биздан нолимайдилар, койимайдилар, ранжимайдилар... “Тўғри тушунадилар”...
Эртага байрам. Дам олиш куни. Аксарият ҳолларда дам олиш кунлари соатни кундузги ўндан оширмай уйғонмаймиз. Тушга яқин эснаб, ланж бўлиб уйғонамизу, шишган қоовоқларимизни аранг очиб телевизор пультини қидиришга тушиб қоламиз. Кейин нонушта билан бирлашган тушлик. Ундан кейин ҳам телевизор қаршисида... Ёки интернетга уланиб ижтимоий тармоқларда “изғиймиз”. Кечга томон яна иш қайнайди. Овқат тайёрлаш керак, эртанги иш кунига тайёргарлик, кийим дазмоллаш, нонушта тайёрлаб қўйиш ва ҳоказолар... Байрам баҳона мажбурият юзасидан қўнғироқ қилсак, бир-икки яқинимиз- онамиз ва опа-синглимизга қўнғироқ қилиб табриклаган бўламиз. (Аксарият ҳолларда қўнғироқ қилганимизда ҳам ҳол-аҳвол сўраш, кўнглини кўтариш ўрнига яқинларимиз, айниқса ота-онамизга “дард халта”мизни очиб юборамиз. Гўёки улар бизнинг дардларимизни эшитиб, ютиб юборадиган қудуқ!)
... Кеча яна тунда уйқу олдидан ният қилдим: “эртага албатта
онамни ва менинг биргина қўнғироғимга муштоқ яқинларимни
йўқлайман”. Тонг... Мени мақсадга айланган орзулар уйғотади. Олдинда иш куни...
Э, бу оламнинг ишлари тугармиди?! Тирикчиликнинг ташвишларида интиҳо борми?! Бир кам дунёси менинг ишим билан тўлиб қолармиди?! ЙЎҚ! Аввало онамга қўнғироқ қиламан, уларни яхши кўришимни, соғинганимни айтаман. Албатта айтаман!...
Айтмоқчи, замондошим, Сизчи? Сиз ҳам онангизга, яқинларингизга, эътиборингизга муштоқларга албатта қўнғироқ қилинг! Уларни ҳеч йўқ бир оғизгина ширин сўз билан йўқлаб қўйинг. Шошилинг, юртдошим, кечикманг! Кимгадир МЕҲР кўрсатишга, кимнингдир кўнглини ШОДЛАНТИРИШГА, кимгадир уни ЯХШИ КЎРИШИНГИЗНИ айтишдан кечикманг! Унутманг, азизим, кечикмаганлар бахтлидирлар. Бахтлилар сони кўпаяверсин...
Ҳа, айтганча, тўхтанг, шошилманг... МЕН ҲАМ СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН!..

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ