1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фикру ўйларимиз ҳам ибодатдами?

Ҳайит айёмлари инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамлигининг амалий намунаси саналади. Ҳайит айёмларини байрам қилишдан муддао нафақат кўнгилхушлик, ўйин-кулгу, балки хайрли амалларни бажариб савоб топиш учун ҳам қулай пайт саналади. Эҳтиёжмандлар, боқувчисиз қолганлар, мискин бечоралар ҳолидан хабар олинади, моддий-маънавий ёрдам билан ярим кўнгиллар шод қилинади.

Юртимизда қўли узун, давлатманд кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар айни ҳайит айёмлари арафасида эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзиб, эҳсон дастурхонлари ёзиб савоб олишга интиладилар. Аммо яна бир тоифа юртдошларимиз борки, улар кибр ва манманлик учун мурувват кўрсатишга уринадилар. Кимгадир озгина ёрдам берсалар, “фалон-писмадон ишларни савоб учун қиляпмиз” деб оғиз кўпиртириб гапириб юрадилар. Элнинг “Ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин!” деган нақлидан бехабар улар. Аслида мурувватни ҳам савоб учун, ярим кўнгилларни обод қилиш учун эмас, одамлар оғзида ўзлари ҳақида мақтов гап-сўзлар айланиши учун бундай амалларни бажарадиганлар ундайлар. Улар умрларида бир борагина Ҳазрат Навоийнинг 
“Мурувват барча бермакдур, емак йўқ
Футувват барча қилмакдур, демак йўқ...”
Яъни: “ Мурувват ўзи емай, топганини бошқаларга бериш бўлса, футуват (жавонмардлик, олижаноблик) барчага яхшилик қилиб, бу ҳақида бировга оғиз очмасликдир” деганларини мушоҳада қилиб кўрмаганлардир. Улар яхшилик қилиб, ўксик дилларга қувонч бағишлаб мамнунлик туйишдан кўра, давраларда исм-насабларининг жарангдор талаффузидан кўпроқ севинадилар. Айримлари эса шундоқ ёнгинасида, яқини, қариндош-уруғи ё қўшнисининг мурувватга, эҳсонга муҳтожлигини била туриб, дастурхон ёзиб бегоналарга, тўқларга, бой-бадавлат кишиларга эҳсонлик қилади. Ёинки ҳайит баҳонасида айнан ўзларига ўхшаган давлатмандларга “ҳадя”лар қилишади. Шундоқ яқинларида эса муруватга муҳтож қариндоши қай тошга бошини уришни билмай ўтирган бўлади. Бир томонида фарзандининг бу йилги контракт пулини қайдан қилишни билмай, ўйга ботган қўшниси сарсон юрган бўлади. Қизиқ, ўзига тўқ кишиларга дастурхон ёзиб, эҳтиёжи бўлмаган кишиларга “ҳадя”лар бераётган қўли узун биродаримизнинг эҳсонлари садақа ҳисобига ўтармикан ёки исроф ҳукмидамикан?..

***

Отасидан саккиз яшарлигида етим қолган қизча улғайиб, талаба бўлди. Отасининг жигарлари- амакилари нуфузли ташкилотларда раҳбар лавозимларда ишлайди. Савдо дўконлари, овқатланиш мажмуалари бор. Ўзига тўқ бадавлат. Катта амакиси  аёли билан бирга икки марта Ҳаж зиёратига бориб келган. Ҳамма болаларини уйли-жойли қилиб, тинчиган. Қиз контракт асосида талабаликка қабул қилинганини уларга айтиш учун бир неча марта остонасига борди. “Қарз сифатида ёрдам қилишсин, ўқишни битириб, ишга кирсам, албатта қарзимни узаман”. Қизча дилидагини тилига чиқаролмасди ҳар сафар. Қошларини чимириб келинойиси- амакининг аёли чиқади. “Амакимда гапим бор эди” дейди қиз, ийманибгина. Келинойининг қошлари чимирилади: “гапинг бўлса, ўзимга айтавер!” Айтолмайди қизалоқ. Келинойисидан гап эшитишини билади. Бултур қишнинг изғирин ёмғирларида уйларининг томидан чакка ўтганди. Ўшанда онаси билан бирга томларини ёпиш учун қарз сўраб келишганди амакисининг олдига. Амаки йўқ экан. Келинойига дардларини айтишганди, у бир чимирилдию, “Ҳозир ўзимиз ҳам пулдан қийналиб қолганмиз. Яқинда иккимиз ҳам Ҳажга бориб қайтдик, унча-мунча бор пулимиз ҳам кетиб қолди” деб жавоб қилди. Ўшанда қизча онасига ўксиниб қаради, назарида онаси шу бир неча дақиқаларда ўн ёшга қариб, букчайиб қолгандай туюлди. Мунғайибгина дарвозага йўл олишганди, орқадан келинойининг атай баланд овозда гапиргани эшитилди: “Жонга тегди булар етимчалари билан! Бизнинг хазинамиз борми, пулни булар учун йиққанмизми?!” Онаси остонадан чиқаётиб тойиб кетгулик бўлганди ўшанда. Ўша-ўша қизча келинойисининг олдида амакисидан ёрдам сўролмайди. Лекин бу сафар сўраши керак. Ўқишга кирган жойида, талабаликдан маҳрум бўлолмайди. Таҳсил тугаб, талабалик машаққати ҳам ўтади. Касб эгалласа уйига, онасига ёрдами тегади. Бир неча марта шу ниятини айтиш учун амакисининг остонасига келиб, охири ўзида куч ва журъат топиб амакисига илтимосини айтди. Амаки ёрдам берадиган бўлди. Унда ҳам таълим кредити олишни маслаҳат берди. Амакининг яна бир ёрдами банкда ишлайдиган ўғлининг маслаҳати билан таълим кредити олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда қизга кўмаклашиш бўлди. Ваҳоланки, икки марта Ҳаж амалини бажаришга муваффақ бўлган амакининг битта эканку, бешта толиби илмга ҳомийлик қиладиган қуввати ва маблағи бор эди...

***

Аёл ҳайит арафасида ўзи корхонасида ишлайдиган тадбиркорнинг остонасига борди. Эри кутилмаган автоҳалокат сабабидан ногирон бўлиб қолган, учта боласи ҳали мактаб ўқувчиси. Қўлларидан деярли бир юмуш келмайди. Рўзғорнинг ҳамма ташвиши аёлнинг бўйнида. Эрининг ногиронлик нафақаси ўзининг дори-дармонига ҳам етмайди. Аёл қўшни қишлоқда очилган мевани қайта ишлаш цехига ишга кириб олди. Рўзғорни кимдир амаллаши керакку. Яқинда мактаб бошланади. Болаларининг уст-боши, китоб-дафтарига пул керак. Қолаверса, буёғи ҳайит. Болаларига ҳайитда тузукроқ овқат едирса эди. Тадбиркор раҳбар ходими-аёлни тунд қиёфада қабул қилди. Аёлнинг титраб-қақшаб айтмоқчи бўлганлари деярли ичида қолиб кетди. “Ишлар унча юришмаяпти. Даромадимиз яхши бўлса, албатта биринчи бўлиб сизга ёрдам берамиз”... Ва яна шунга ўхшаш пуч ёнғоқни эслатувчи бир қоп ёлғон ваъдалар... Аёл чўкибгина чиқди тадбиркорнинг ҳашаматли ҳовлисидан. Ўзининг нураб ётган, шиферсиз уйига шошаётганди, боягина ишлар яхшимаслиги ва даромаддан қониқмаётган раҳбарининг ўғли сўнгги русумдаги автомашинада кўча чангитиб аёлнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Машина яп-янги, ҳали елим ўрамалари очилмаган, рақам ҳам олинмаган эди...

***

Келинчак қайнонасининг буйруқдек янграган талабини ўйлаб тонг отгунча ухлолмай чиқди. Қайнонасининг талабини онасига қандай етказади? Ота-онаси тўйда анчагина қарзга ботишганди. Бир томонда ука-сингиллари ҳам бўйга етиб турибди.  Агар ҳайитда ота уйидан қайнонаси айтган нарсалар келмаса, балога қолиши аниқ. Ҳали тўй харжларининг озоридан ўзига келолмаган ота-онасига яна ташвиш бўлади. Келинчак тонгда нохуш кайфият билан туриб, эрталабки юмушларни адо этаётганида қайнонаси қўлига ота-онаси юбориши керак бўлган ҳайитлик рўйхати ёзилган қоғозни тутқазди. Келинчак рўйхатда номи тилга олинган пишириқлар, таомлар, ҳўл мева, чақ-чуқлар, ширмой нону, патирларга қўшимча сарпо суруқ, совға саломларга кетадиган маблағнинг ўртача миқдорини ҳисоблаб чиққунича қора терга ботди. Ёзнинг иссиғида шунча нарсани ким ейди? Ачиб-айниб қолса, неъматлар увол бўладику. Ҳали тўй ўтганига икки ой ҳам тўлмади. Куёвининг ҳам, ўзининг ҳам кийимлари оҳори билан турибди. Кийилмаганлари қанча. Яна бир қанча сарпо ёзибди қайнонаси. Боёқиш ота- онаси. Қиз туғиб, тарбиялаб, ўқитиб узатгани экан-да айби. Келинчак аросат ўйлар билан телефонини қўлга олди...

***

Панжи бува уч йилдирки, тўшакка михланиб қолган. Бир пиёла сувини ҳам ўзи ичолмайди. Турмуш қурмаган, касалманд қизи ўзидан ортиб дадасига қарайди. Панжи буванинг ўғиллари йўқ эмас. Бир эмас, учта ўғли бор. Иккитаси пойтахтда ишлайди. Нуфузли ташкилотларда амалдор дейишади. Биттаси хорижга чиқиб кетган, уч йил аввал аёли, фарзандларини ҳам чақиртирганди. Ўғиллари ойда- йилда отасидан хабар олгани келишадию, ярим соатгина ҳам ўтирмайди отасининг олдида. Панжи бува ҳар йили ҳайитни илҳақ кутади. Нурсиз кўзлари тиқ этса эшикка жавдирайди. Ўғилларини кутади. Ишқилиб, бу йил ҳайитда Панжи буванинг ўғилларига инсоф битиб, дийдорга зор ётган, ғанимат оталаридан хабар олишсин-да...

***

Болакай ҳайит байрамини яхши кўради. Ҳар йили ҳайитни интизор бўлиб кутади. Ҳайит ўтганидан кейин онасидан “Аяжон, яна қачон ҳайит бўлади” деб сўрайвериб чарчамайди. Сабаби: онаси ҳайитда отаси уни кўргани келишини айтади. Етти йилдирки болакай ҳайитни интиқ кутиб, маҳзун кузатади. Отаси уни кўргани келмайди. Болакай бу йил мактабга чиқади. У жуда кичкиналигида ота-онаси ажрашиб кетишган экан. Шундан бери болакай бир марта ҳам отасини кўрмади. Кўчада оталари қўлидан ушлаб юрган болаларни кўрса, ҳаваси келади. Қанийди унинг ҳам дадажониси бўлса, қўлидан етаклаб ҳайит намозига олиб борса. Намозни адо этиб чиққанларидан кейин унга ширинликлар, ўзи юрадиган машина-ўйинчоқлар олиб берса. Болакай ҳам ўртоқларига ўхшаб болаларга мақтанса. Болакай арафа куни онаси ўргатгандай дуо қилди: “Художон, эртага ҳайитда дадам бизникига келсинлар! Уларга ҳайитда мени кўргани келишларини айт, Художон!..”

***

Азизлар, юқорида келтирилган маҳзун ҳикоялар шундоқ ён-атрофимизда юз бераётган воқеалар. Кўп ҳолларда биз уларга эътибор бермаймиз ёки эътиборимиз тушганида парво қилмаймиз. Мўмин киши мусулмон биродарининг ҳолига бепарво бўлиши мумкинми? Дағалроқ қилиб айтганда, рўза тутиб, намоз ўқиб виқор билан мусулмонликни даъво қиляпмизу, амалларимиздан мусулмончиликнинг ҳиди ҳам келмайди. Икки гапнинг бирида Аллоҳни эслаймиз, “мусулмонмиз” деган сўзни такрорлаб чарчамаймиз, бироқ қилғиликларимиз уялгулик! Худо кечирсину, рўза тутиб, намоз ўқиган билан ҳаммамиз ҳам мусулмончиликни эплай олмаяпмиз! Эътиқодимизни пеш қилиб мақтанишга ўрганиб қолганмиз, аммо ёлғон дунёнинг ҳавойи нафси эътиқодимиз устидан ҳукмронликни қўлга олганидан афсусимиз йўқ. Атрофимизда қанчадан қанча меҳрга зор, мурувватга эҳтиёжманд, силаи раҳмга муҳтож инсонлар бор-а? Бегоналарни қўяверинг, ўз туғишганларимиз, ота-онамиз, опа-сингил, амма-холаларимизнинг ҳол-аҳволидан охирги марта қачон хабар олганимизни айримларимиз ҳатто эслай ҳам олмаймиз! Аттанг...  Мусулмонмизми биз?!..
Мўмин киши биродарига тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор бермайди. Биздан озор кўрганларни бир жойга тўпласак, каттагина қўрғон тўлади. Умматларнинг яхшиси аҳли аёлига яхши муносабатда бўлгани, дейилади ҳадисда. Аҳли аёлидан бир чимдим меҳрини, битта рўмолча ҳадясини қизғониб, бегона хотинларга хушомад қилиб юрганлар камми орамизда? Дуоси ижобат бўладиганлар орасида адолатли ҳукмдорлар ҳам саналган. Тўртта одамга раҳбарлик қилиш ҳам ҳукмдорликка мансубдир. Раҳбарлик рутбасида юрганларимиз қачон қўл остимизда ишлайдиганларнинг моддий-маънавий аҳволи, руҳий ҳолати билан қизиқдик?..
Ўттиз кун рўза тутдик. Таровеҳ намозларида иштирок этдик. Астойдил Яратганга ёлвориб, илтижо қилиб икки дунё саодатини сўраб дуолар қилдик. Биродарлар, мусулмончилик амалларини фақат зоҳиримиз билан эмас, балки ботинимиз билан ҳам бажарайлик. Эртага Ҳайит айёми. Эътиборимизга, мурувватимизга муҳтожларни, аввало ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимизни астойдил йўқлайлик. Қолаверса, ҳайитда қудаларимизга, келинчакларимизга зулм қилишдан тийилайлик. Эҳсон дастурхонларини мискинлар, эҳтиёжмандлар учун ёзайлик. Кимгадир садақа, ҳадя қилмоқчи бўлсак, аввало ён-атрофимиздаги талабалар, ўқувчиларни эсга олайлик. Зеро, толиби илмга қилинган садақа садақаларнинг афзали дейилади. Мухтасар қилиб айтганда, ҳайит айёмини чинакам меҳр-муҳаббат ва мурувват тантанасига айлантирайлик. Бу кунда жамики мўмин-мусулмонлар бирдек қувониб-севиниб байрам қилишга ҳақли эканлари бир зумга бўлса-да, хотиримиздан фаромуш бўлмасин. Зотан, биз чин мусулмонлик мартабасига эришиш учун ушбу муборак ойда ибодатлар қилмадикми? Чинакам мўминлик, ҳақиқий мусулмонлик саодатига эса ўзига раво кўрган яхшиликни бошқаларга ҳам илиниш билан эришилади. Ҳайитингиз муборак бўлсин, юртдошим!

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 866 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ