Сайт бўлимлари
Пайхон далалар
- Подробности
- Бўлим: Ота-она
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оиладаги фарзандлар билан муносабатларда адолатнинг бузилиши, улардан бирини иккинчисидан афзал ёки устун кўрилиши, меҳр-мурувват ва моддий нарсалар тақсимотида одиллик билан йўл тутилмаслиги каби омиллар улар ўртасидаги аҳиллик, тотувликка раҳна солади, бир-бирини ғанимга айлантиради.
Барча инсонлар каби фарзандларимиз табиатида ҳам ҳасад деган иллатнинг бўлиши табиий. Одатда оилаларда тўнғич ва кенжа фарзандлар, айниқса қизлар бошқаларига қараганда кўпроқ муҳаббат, эътибор ва имтиёзларга сазовор бўлишади. Бир мутахассис тўнғич фарзандларнинг эркароқ, ота-онага «ёпишганроқ» бўлиши сабабини ёш ота-она илк фарзандини ҳали ҳомилалик пайтидан бошлаб интизор, орзиқиб ва бошқача муҳаббат кутишларига боғлаган экан. Бу эса бошқа фарзандларда уларни кўролмаслик, ёқтирмаслик, ҳасад, иложи бўлса бир «чақиб олиш» туйғуларини шакллантиради. Ана шу ҳолат ҳам кўпинча улар ўртасидан «ола мушук ўтиши»га сабабчи бўлиб қолади.
Ака-ука, опа-сингилларнинг ноаҳиллиги, бир-бирлари билан ёвлашиб юришларига кўп жиҳатдан мол-дунё васвасаси сабаб бўлиб қолади. Бир хонадонни биламан. Оила бошлиғи бадавлат, баобрў, ҳаммага панду насиҳат қилиб гапини ўтказиб юрган киши эди. Бу оилани ҳавас қилмаган одам йўқ эди. Уч ўғил, икки қизнинг бари олий маълумотли, яхши вазифа-касбларда ишлайди, ҳаммаси фаровон яшайди, ўзидан тиниб-тинчиган. Оила бошлиғи вафот қилгач, бу хонадондан файз кетди, барчанинг ороми бузилди, тотувлик барҳам еди.
Ҳаммасига отадан қолган мол-дунё, ҳовли-жой сабабчи эди. Акалар ота ҳовлисида чироқ ёқиб қолган укани данғиллама ҳовли, бир жуфт машина ва бошқа бойликларни ҳисоблаб, пулини баравар тақсимлашга мажбурлаган, ука бунга кўнмай акаларини болта олиб қувлаган, сингиллар «ҳаққини талаб қилиб» зор қақшаган, ҳамма бир-бирига душманлик ўтида қовурилаётган, бу муросасизликлардан она юрак хуружига учраб шифохонага ётқизилган бир аянчли ҳолат юзага келган эди.
Уларнинг аҳволини кўриб, таажжубга тушасан, киши. Ахир ҳаммаси топарман-тутарман кишилар эди, она ва ука ҳисобига меросларидан воз кечиб қўя қолишса, олам гулистон-ку!
Хўп, улар бунга кўнишмабди, қонуний ҳақларини талаб қилишибди. Шунда она маҳалла-кўй, мерос билимдонларини чақириб, ҳаммасини адолат билан тақсимлатиб бериши ҳам мумкин эди-ку!
Хўп, бу ишлар амалга ошмабди, ука ҳам сал инсофга келиб, отадан қолган мол-давлатда онаси, ака ва опаларнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳақида жиндай мулоҳаза қилса бўларди-ку!
Йўқ, амалда бундай қилинмади, иш чаппасига тус олди. Улар ҳамон бир-бири билан судлашиб, муштлашиб, душманлашиб, муросага кела олмай юришибди.
Ота-она учун ҳамма фарзанди бирдай азиз, ардоқли, суюмли. Табиатан тўнғич ва кенжа фарзандлар ота-онага сал «яқинроқ» бўлишига қарамай, катталар барча болага бирдай инсоф ва одиллик билан муносабатда бўлишга интилишади. Ота-она боласи бойми-камбағалми, омадлими-омадсизми, меҳрибонми-бағритошми, булардан қатъи назар, ҳаммасини бирдай яхши кўради, адолат тарозиси бузилмаслиги учун ҳаракат қилади. Баобрўсию оддийини ҳам, чиройлисию хунугини ҳам, ориғию семизини ҳам, одоблисию безорисини ҳам бирдай севиб, ардоқлайди, улар ҳақида бирдай қайғуради.
Аммо шунга қарамай, фарзандлар ўртасида ота-онанинг ҳурматини қозониш, эътиборига тушиш, арзанда бўлиш учун пинҳона, кўзлардан йироқда яширин кураш боради. Бу ҳол кўпроқ ҳасад туфайли, бойлик, ҳаётда уддабурроликда болалар ўртасидаги фарқлар сабабли «очилиб» қолади. Масалан, фарзандларнинг бири топармон-тутармон бўлса, бошқаларининг унга ғаши ва ҳасади кела бошлайди. Гўё у ота-онанинг кўнглини овлаб, «улоқни олиб қочган»дай бўлади.
Тўғри, онда-сонда бўлса-да бу ўлчовлардан чекинишлар ҳам учраб туради. Баъзи катталар фарзандларининг «қўлига қараб» муомала қилишади. Бадавлатроқ, обрўлироқ ўғилларини кўпроқ эъзозлашади. Бу уларнинг виждонига, инсофига ҳавола!
Аммо аксари ҳолларда фаросатли катталар учун бу нарсалар аҳамиятсиздир. Шунинг учун фарзандлар «Ота-онам пул топмаганим, кўнгилларини овлай олмаганим ёки хизматларини ёлчитиб қилолмаганим учун мени унча хуш кўришмайди, бошқа ака-укаларимдан паст санашади, шунинг учун камситишади» деган бемаъни хаёлларга, ёмон гумонларга бормасликлари зарур. Бундай номақбул фикрлашлар ака-укалар ўртасидаги муносабатларга раҳна солади, аҳилликка путур етказади, бир-бирларини ғанимга айлантиради.
Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Силаи раҳм қилиб, қариндошлик алоқаларини боғлаш мажбурий бўлган қариндошлар – опа-сингиллар, холалар, аммалар, опа-сингилларнинг қизларидир. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.
Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса кўпинча вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини, у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз. Бу қилиғимиз билан буғдойзор дала у ёқда қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрамиз.
Баъзан бу борадаги ўлчовларнинг бузилиши ҳам оилаларни пароканда, қанча яхшиларни шарманда, аҳилликка орзуманда қилиб қўяди. Муносабатларда адолат бузилса, ҳақлар поймол қилинса, ахлоқ чегараларидан четга чиқилса, оилалардаги осойишталик барҳам топади, аҳиллика раҳна етади, инсоний муносабатлар издан чиқади.
Ўрни келгани учун Баҳром исмли яхши бир йигитнинг ҳикоясини келтириб ўтишга тўғри келади: «Оилада бир ўғил, уч қизмиз. Дадам катта мансабда ишлаганлари учун еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда эди. Онам икковилари ҳеч нарсадан камитмай катта қилишган. Отамнинг умрлари қисқа экан, нафақа ёшига етмай юрак хасталигидан вафот этдилар. Аза ўтганидан кейин маҳалланинг катталари кириб, онамларга «Марҳумдан қолган меросни ҳақдорларга тақсимлаб, орани очиқ қилиб қўяйлик, эрингиз гўрида тинч ётсин», дейишди. Онам бунга кўнмай, «бу мол-дунёни эрим икковимиз ишлаб топганмиз, бунда ҳеч кимнинг ҳеч қанақанги ҳаққи йўқ, болаларимга нима керак бўлса мана мендан олади» деб, дадамиздан қолган ҳамма нарсага ўзлари эгалик қила бошладилар.
Майли, мен ҳеч нарса даъво қилмайман, дадамизга буюрмаган нарса бошқага юқармиди! Аммо дадамдан кейин онам сингилларимни жуда талтайтириб юбора бошладилар. Ҳали каттасининг чала битган участкасига деб, уйдаги тахта-ёғочларни бериб юборадилар, ҳали уста ишлатсанг, деб пачка-пачка пул узатадилар. Бошқаси тўй қилса, ҳеч ким қилмаган мебел ва жиҳозларни тўёна қилиб борадилар. Улар боқимандаликка шунақанги ўрганиб қолишдики, иккита поччамиз бир чиройли ишлаб турган ишини ташлаб, «уй хожаси» бўлиб олишди. Эртадан-кечгача телевизор кўриб, хотинчалари бизникидан ташиб борган овқатни паққос тушириш билан машғул.
Менга бир сўм ҳам мерос тегмаган бўлса-да рўзғорнинг бутун харажати зиммамга юклаб қўйилган. Ўлиб-тирилиб ишлаб, жонимни жабборга бериб пул топиб, ҳафтасига бозор қилиб келаман. Уйнинг барча тўлов-харажатлари ҳам бўйнимда. Бу ёқда ўз оилам бор. Онам ва сингилларимнинг хурсандлиги учун барча қийинчилик-йўқчиликларга чидадим. Аммо шунда ҳам ҳар куни, кун оша онамиздан «хабар олгани» келаётган сингиллар ва жиянларнинг ҳаккалак отиб кетган нафсини рози қилолмай қолдим.
Бир ёқда хотиним эртадан-кечгача миямни қотиради: «Ҳой эр, сингилларга қилманг демайман, майли ёрдамлашинг, лекин ҳамма нарсанинг ҳам меъёри, ўлчови бор, тўртта боламизнинг кийими тўзиб ётибди, беш кило гўшт ҳафтасига етмаса, ахир турмушга узатилган сингилларингизни боқиш эрларининг вазифаси-ку! Кунда-шунда бўлишаверса, шунча одамга тоғ ҳам чидамайди-ку!» Уни овутиб, сабр қилишини сўрайману, ўзим тутоқиб кетавераман.
Инсофсиз онам, шафқатсиз сингилларим, ҳамиятсиз поччаларимнинг зулмига икки йилгина чидадим. Ҳозирги қийин шароитда одам ўз оиласини аранг боқяптию мен тўрт оилани қандай таъминлашни билолмай қолдим. Онамга аҳволни тушунтирмоқчи бўлиб, бир-икки бор дардимни очишга уриниб кўрдим. Эшитишни ҳам истамадилар. Қайтангга «Бир йил ўтмаёқ дадангнинг йўқликлари билинибди-да, сани шу умидлар билан боққанмидик, мандан кейин онанг ва сингилларингни ташлаб қўйдингми, деб даданг гўрларида тик турмайдиларми?» деб кўз ёши қилишни бошлаб юбордилар.
Жуда бошим қотган. Нима қилишга ҳайронман. Сабрим тугаб, асабим чирсиллаб турибди. Ноиложликдан онамга қаттиқ гапириб юбораманми, деган, ҳадикда бир дастурхонда ўтиргани ҳам қўрқиб қолдим. Бирор йўл кўрсатмасаларинг, яқинда мудҳиш хатога йўл қўйишим турган гап…»
Баҳромнинг дил ҳасратларига нима деб жавоб қилиш, унга қандай йўл кўрсатиш мумкин? Ўз-ўзидан равшанки, унинг хонадонида соф инсоний муносабатлар батамом издан чиққан, ахлоқнинг оддий талаблари ҳам унутилган. Одобимиз талабларига кўра, ўғил отаси вафотидан сўнг онасини ўз қарамоғига олиши шарт. Яна у турмушга чиқиб кетган сингилларига силаи раҳм кўрсатиши шарт. Қўлидан келганича, имкони кўтарганича уларга моддий ва маънавий ёрдам бериши, меҳрибонлик қилиши, шафқатли бўлиши шарт. Аммо буларнинг ўз чегараси, инсоф талаб қилган ўлчовлари бор.
Қизлар турмушга узатилиши билан уларнинг нафақаси, яъни уй-жой, рўзғор ашёлари, кийим-кечак, озиқ-овқат, қўйинг-чи, турмуш учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминланиши батамом уларнинг эрлари зиммасига ўтади. Шундай бўлгач, уйдан чиқиб кетган қизларнинг бутун оғирлигини, нафақасини турли баҳоналар билан битта аканинг «елкасига юклаб» қўйиш ҳеч қандай ўлчовларга тўғри келмайди.
Тўғри, юқорида айтганимиздай, инилар опа-сингилларига инсонийлик нуқтаи назаридан, одоб талабларига кўра меҳр-шафқатли бўлиш, ҳолидан тез-тез хабар олиш, ҳар томонлама мададкор бўлишга бурчлидирлар. Аммо бу дегани, сингиллар ва поччалар қўл учида аранг рўзғор тебратаётган аканинг боқимандасига айланиб олишлари керак, дегани эмас. Ахир ака ўз оиласининг нафақасини қилишга мажбур-ку. Агар имкони бўлсагина сингилларига ёрдам беради. Аммо оиласидан орттиролмаса, уни сингиллар ва поччаларнинг рўзғорини бутлашга мажбурлашдан ортиқ ҳақсизлик бўлиши мумкинми?
Баъзи ота-оналар, айниқса онахонларимиз ўғил фарзандларини қизларига «жиловлаб, бўйнидан арқон боғлаб» беришади. Айниқса оила бошлиғининг вафотидан кейин «ҳукмдорлик» аёллар қўлига ўтгач, бу иш янада адолатсиз тусга киради. Тўрт-беш қиз узатилган хонадонлардаги ўғил фарзандлар ҳолига одам ачиниб кетади. Агар ўғил ёлғиз, ёки озчилик бўлса, унда томошанинг каттасини кўраверинг.
Бир хонадонни биламан: беш қиз ҳар ҳафта онасини «кўргани» туғилган хонадонига «ташриф буюради». Биттагина ука шу куни ўзининг барча иш-юмушларини йиғиштиради, хотини ва бола-чақаси катта «издиҳом»га тайёргарлик кўришга мажбур. Ўзи эрталабдан бозорга чопади: гўшт-ёғ, нон, мева-сабзавот харид қилиши керак. Хотини овқатга уннайди, болалари бирин-кетин кириб келаётган серхархаша жиянларни овутишни бошлашади. Кун бўйи еб-ичишади, суҳбатни қизитишади, бу орада болаларнинг ўртасига тушиб бир-икки қизаришиб олишга ҳам улгуришади.
Кеч бўлиши билан ўғил бечора энди тинчисам керак, деган хаёлга боради. Тинчиб бўпти! Машмашанинг каттаси энди бошланади. Қизлар ва болаларининг еб-ичганидан ташқари энди уларнинг хонадонидагилар учун таом тайёрлаб бериш керак. Катта қозонда палов дамланиб, ҳаммасига лаганда «насиба» тугилади. Она ўчоқ бошига келиб, келиннинг қанчадан гўшт солаётганини ҳам назорат қилиб туради.
Ўғил шундан кейин ҳам хотиржам бўлолмайди. Энди қизларни бирин-кетин уйига ташлаб келиш керак. Бензинни ва вақтни тежаш учун ҳаммаларини бир пайтнинг ўзида уйига элтиб қўйиш ҳақидаги ўғил таклифи онага ҳам, қизларга ҳам бирдай ёқмайди. Чунки, бирови эртароқ жўнашни хоҳласа, бошқаси уйига кечроқ қайтишни истайди. Уларнинг эркалиги ва тантиқлигига тишини-тишига қўйиб чидаган уканинг кейинги ташрифни ўйлаб, юрагига санчиқ киради. Бу ҳолат ини-сингилларнинг бир-бирига меҳрибончилиги саналмайди, балки ноинсофлик, ҳаддан ошиш ва зулмдан бошқа нарса эмас.
Баъзан ҳаётда бошқача ҳолларга ҳам дуч келинади. Бир мисол: Адҳамжон омади чопган йигитлардан, қўлини қаёққа узатса етади. Обрў-мартаба ҳам ҳавас қилгудай. Қишлоқнинг энг бадавлат кишиларидан: данғиллама участкаси, иккита енгил машинаси, бир неча новвоси, тинмай фойда келтириб турган «бизнеси» бор.
Ота-она бир неча йил олдин ўтиб кетишган. Биттагина опаси қўшни қишлоққа узатилган. Лекин Адҳамжоннинг ҳаётда қанчалик ошиғи олчи бўлса, поччасининг турмуши уникининг ғирт акси. Ўзи мактабда муаллимлик қилади, жиндайгина томорқаси ҳам бор. Бола-чақаси кўпроқ. Тўғри улар оч қолишмаган, яланғоч юришмаган. Аммо топганлари қоринларидан ортмайди. Опа ор қилиб укадан бирор нарса сўрамайди. Ука ўзича фаҳм-фаросатини ишлатиб, поччасининг оиласига ёрдам бергиси келмайди.
Ҳаммасига гўё поччанинг бундан анча йиллар олдин Адҳамжоннинг пул топишига ҳаром аралаша бошлаганини юзига айтгани сабаб бўлган эмиш. Шундан буён ука тўнини тескари кийиб олган. Қариндошлар, маҳалла-кўйнинг «Опангизга сал ёрдам қўлини чўзсангиз бўлармикин, фарзандлари бўй етиб, сал қийналиб қолишганга ўхшайди» каби эслатмаларини эшитгиси ҳам келмайди. «Менинг топганимдан ҳазар қилганларга тушиб қолган ёрдам йўқ, ҳалол топадиганларга бориб учрасин», деб жириллайди. Худди атайлаб қилгандай, ҳали кимгадир уй қуришга кўмаклашади, ҳали яна бировининг тўйига ҳайвонини олиб беради. «Эски гиналарни унутай, поччам айтган бўлса, эҳтимол ичи ачишганидан айтгандир, ота-онамнинг руҳини шод қилиш учун биттагина опамни хурсанд қилай» демайди.
Яқинларга бундай муносабат ҳам одобимизда қаттиқ қораланган. Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир.
Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.
Барчамиз дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Мол-дунё ҳам, шон-шавкат ҳам, амал-мартаба ҳам, ҳаммаси бир куни йўқлик сари юз тутади. Бугун қўлингиз узун, обрў-мартабангиз баланд бўлса, эртага ҳаммаси аксинча кўриниш олиши мумкин. Кеча назарингизга ҳам кирмаган бир одам эртага сиздан бойлик-мартабада илгарилаб кетиши мумкин. Ана шу ҳақиқатни ҳамиша ёдда тутиб, ака-укалар, опа-сингиллар, яқинлар, қариндошлар, қўни-қўшниларга бағрингизни очинг, ёрдамингизни дариғ тутманг. Ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўзингизни аяманг.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар