Сайт бўлимлари
“Отамга оқ бўлганман...”
- Подробности
- Бўлим: Ота-она
- Чиққан санаси: 24 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Болалигимда санъаткорларга ҳавас қилиб, “Мен фалончига ўхшаб артист бўламан” деб ҳаммага айтиб юрардим. Бу беғубор орзуимга катталар завқланиб кулиб қўя қолишарди. Ёшим улғайиб, бўйим чўзилгани сари болалик орзуимни ҳеч ким хушламай қўйди. Айниқса, дадам раҳматли ҳар гал санъаткорлар ҳақидаги кўрсатув ёки эшиттиришларни тинглаганимда жаҳли чиқиб: “Қиладиган бошқа ишинг йўғми?! Ундан кўра дарсингни қил, китоб ўқи, тузукроқ, фойдалироқ иш билан машғул бўл. Шу артистларнинг нима қилгани-ю, нима егани ҳақидаги сафсаталарни эшитиб ўтирасанми?!” деб койирди. Албатта отамнинг орзуимга бунчалик эътироз билдириши, кўнглимни ўкситарди, лекин болаликдаги ниятим мақсадга айланиб, астойдил юрагимдан жой олиб бўлганди. Шунинг учун мактабни тамомлаш арафасида бошқа синфдошларим каби репетиторлик курсларига қатнаб, кириш имтиҳонига яхшироқ тайёрланиш ўрнига, шеър, монологлар ёдлай бошладим. Битирув имтиҳонлари тугаб, етуклик гувоҳномаси қўлимга теккан заҳоти, пойтахтга йўл олиш ҳаракатига тушдим. Мақсадимдан бохабар онагинам хавотирли нигоҳларини тикиб, дадам ҳеч қачон санъаткор бўлишимга рози бўлмаслигини айтди.
— Мен барибир артист бўламан, ойижон. Дадамга билдирмай турайлик, ҳали машҳур бўлиб, элдан олқиш олганимда, дадам рози бўлиб оқ фотиҳа беради. Сиз менга ёрдам беринг, ойижон. Дадам Тошкентда ўқишимга умуман рози бўлмайди. Сиз ўқитувчиликка ўқиркан, рози бўлаверинг, денг.
Онам индамадилар. Аммо дадамнинг кечқурунги бағир-чақирларига бояқиш қалқон бўлиб, мени ҳимоя қилдилар.
Шундай қилиб, қайдасан Тошкент деб йўлга чиқдим. Санъат институтига кириб борганимда, мен телевизордан кўриб, ҳавас қилган кино ва театр юлдузларининг кириб-чиқаётганини кўриб, юрагим ҳапқириб кетди. Худодан шу олий ўқув юртига кириб ўқишни, менга ҳам шундай юлдузлик дамлари насиб этишини астойдил сўрадим. Худди кинога суратга тушаётгандай ҳаяжонланиб, титраб-энтикиб ҳужжат топширдим. Ундан кейин абитуриентларга мўлжалланган ётоқхонага жойлашдим. Энди шахд билан кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўра бошладим. Ният пок бўлса, Аллоҳнинг ўзи ёрдам бераркан, аввал суҳбатдан, сўнг ижодий имтиҳондан муваффақиятли ўтдим. Навбат фақат тест синовларига қолди. Ижодий имтиҳондан тўплаган баллим юқори бўлгани учун тестдан озгина балл йиққанимда ҳам шартнома асосида ўқишга кириб олишимга кўзим етиб, хотиржам бўлдим ва тест синовида муваффақиятли ўтдим.
Биринчи сентябр куни дадам, сени Тошкентга ўзим олиб бориб қўяман, деганларида гўёки танамдан жон чиқиб кетди. Онам иккимиз ваҳимага тушиб бу вазиятдан қутулишнинг чорасини қилдираётганимизда, узоқ қишлоқдан дадамнинг яқин ошнаси келиб, уларни тўйга таклиф қилиб кетди. Бахтимга тўй иккинчи сентябрга белгиланган экан. Хуллас, Тошкентга ўзим келдим. Кўпчилик санъаткорларнинг кинояомуз эътирофига кўра, “санъатга қишлоғимдан поездга ўтириб, тўппа-тўғри кириб келавердим”. Пойтахт ҳавосиданми, атрофдаги муҳитми, ўқишнинг дастлабки ойларидаёқ ташқи кўринишим, юриш-туришимда сезиларли ўзгариш кўринди. Талаба бўлишидан аввал ёшлар орасида анча машҳурликка эришолган таниқли хонандалардан бири ҳам курсдошимиз бўлиб чиқди. Янги йил байрами арафасида, гуруҳимиздаги уч-тўртта қиз унинг янги байрам дастурида эфирга узатиладиган қўшиғига клипга суратга тушдик. Ана шу клип менга мисли кўрилмаган машҳурлик, юлдузлик, бойлик… ва бахтсизлик олиб келди…
Клипдаги кичкина ролимни кўрган машҳур режиссёр суратга олаётган янги фильмига бош қаҳрамонни ўйнаб беришимни сўради. Мен ўша ҳолатимда бош қаҳрамон тугул, кино деса, яна ундай машҳур режиссёрнинг фильмида кичкинагина эпизодда ҳам ўйнашга тайёр эдим. Аммо у мени бош ролга таклиф қилди. Бу ҳақида онамдан розилик сўрамай, ўзимча қарор қабул қилаверибман. Суратга олиш ишлари якунланиб, филм рекламаси телевидение ва радио орқали тез-тез қайтарилганда, дебют ролда ўйнаётган актриса, деб исмим келтирилиб, кинодан парчалар кўрсатилганда… дадам биринчи юрак хуружини бошдан кечирган эканлар. Мен эса, машҳурлик ва омад сояси остида падаримнинг соғлигини бой бераётганимни англаб етмас эдим…
Бора-бора хусусий киностудияларнинг эркатойига айландим. Деярли ҳар бир фильмда иштироким, ўз ўрним бўларди. Онам бояқиш бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, дадамнинг бетоблигини айтганида, узр сўраб, уларнинг пойларига тиз чўкишим кераклигини илтижо қилганларида, бормадим… Аввало қўрқдим, кейин машҳурлигимдан айрилиб қолишдан, юлдузликдан четланишдан чўчидим… Аммо пайти келиб барибир машҳурлик ҳам, юлдузлик ҳам менга вафо қилмади. Ёшим ўттиздан ошгандан кейин, ҳалиги режиссёр институтга эндигина кирган ўн етти ёшли қизлардан “юлдуз” ярата бошлади. Мен эса амаллаб бир театрдан паноҳ истадим. Энди ўйлаб қарасам, ота-онанинг розилигисиз киши ҳеч қачон муродига етмас экан. Энг алам қиларлиси, нега шуни аввалроқ билмадим?! Нега отамнинг гапларига қулоқ солиб, ўзимга мос, ўзимга ярашадиган касбни эгалламадим?! Ҳозир машинам бор, пулим бор, уйим бор, аммо шахсий ҳаётим… йўқ! Ишдан ҳориб келганимда, овқат пишириб чарчоқларимни аритишни сўрайдиган эрим, дунё ташвишларидан ҳориб кетганимда кўзларига қараб, ғамларимни унутадиган фарзандим йўқ. Агар отамга қулоқ солганимда, ҳаётим бошқача бўлармиди…
Нима бўлганда ҳам хатоларимга астойдил пушаймонман. Энди бундан буёғига уйга қайтиб, падаримнинг пойига бош уришни, тавба қилишни астойдил ният қилганман. Зора, Аллоҳнинг менга ҳам аталган ёруғ кунлари бўй кўрсатса…
Мактубни ФАРЗОНА нашрга тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 854 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар