1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Отангга қўл кўтарма, оқпадар!..

“... Бобом – онамнинг отасини кўриб келиш учун қишлоққа кетдим. Ўша куни аввал  ёмғир, сўнг дўл ёғиб тоғамникида ётиб қолишимга тўғри келди.  Лекин туни билан ухлаёлмай,  бобомнинг ҳолига раҳмим келиб, аранг тонг оттирдим. Бобом ёшликларида  меҳнаткаш, қўлидан келганча бошқаларга ёрдам беришга ошиқадиган инсон бўлганлар. Мен бу гапларни улар бобом бўлганлари учун эмас, бошқа одамлардан ҳам эшитганим учун айтяпман. Ҳозир ёшлари саксонга бориб қолган. Одам қандай қаришини Худо билади, шундай бамаъни инсон- бобом кексайганида  эси кирди- чиқди бўлиб қолганлар. Тоғамлар дарвозасини доим ичкаридан беркитиб ўтиришади, бобомни чиқиб кетмасинлар деб шундай қилишаркан. Бобом иссиқни ҳам, совуқни ҳам фарқлаёлмай қолганлар. Ҳовли юзида уёқдан буёққа юравериб, қора терга ботиб кетадилар. Бобомни кўргани бориб, тоғамларникида ётиб қолган куним  кечаси бирдан шовқин бўлиб кетди. Қулоқ солсам тоғам бобомни уриб, сўкиб судраганча ваннага олиб кетяпти экан. Бобом шўрлик ҳожатини айтмай, кийимини булғаб қўйибди. Тоғамга гапиргани ҳаддим сиғмади. Ювинтираётганида илиқ сув тугаб қолганди,  бобом бечоранинг устидан совуқ сув қуйди. Бобом совуқ сувдан сесканиб, чуқур-чуқур нафас олларди. Бир пайт тоғамнинг ғазаби қайнаб, бобомни сўкиб кетди.
Ифлос, жонимга тегиб кетдинг-ку! Бефаросатмисан?! Қачон ўласан, тезроқ даф бўл!- деб бобомни ураётган тоғамнинг важоҳатидан даҳшатга тушдим, ҳозир бобомни ўлдириб қўяди деб. Кейин яна қандай судраб ваннага олиб борган бўлса, шундай судраб олиб келиб, кийинтирди. Бувимга тоғамнинг бу иши яхши эмаслигини айтиб йиғлагандим, улар:
Ҳар куни шу аҳвол. Тоғангга ҳам қийин-да, кундузи ишлаб келса, кечаси одамга ўхшаб дам ололмаса,- дедилар бамайлихотир. Бобомга раҳмим келди. Бобомни фақат уйқу дори бериб ухлатиб қўйишади. Тўғри, бобомни кўрсатмаган дўхтир у табиби, фолбину азайимхон қолмади. Лекин ҳеч фойдаси бўлмаяпти. Бу касаллик бобом бечорага қайдан теккан ҳеч ким билмайди. Нима бўлганда ҳам тоғам тушуниши керакки, бобом кексайиб қолганлар. Кексалик эса бир ўзи келмайди. У ўзи билан касаллик, инжиқликларни олиб келади. Ҳаммасидан ҳам мени ажаблантирадиган нарса- тоғам намозхон инсон. Озми-кўпми диндан хабардор. Динда отани уриш-сўкиш уёқда турсин, ҳатто отага тик қараш ҳам гуноҳ саналади-ку. Ота-онага гуноҳкор бўлиш, Худога гуноҳкор бўлиш, деган гапларни ўқиганман. Шу гапларни тоғам бир марта бўлса ҳам эшитмадимикан, ўқимадимикан?..
Ўша куни тоғамникидан абгор кайфиятда қайтдим. Йўл бўйи кўз олдимга бобомнинг йиғлаб тоғамга ялиниши, ураётган қўлларини ўпиб дағ-дағ титраётгани келиб, томоғимни аччиқ нарса бўғиб оларди. Бу дунёни қайтар дунё дейдилар. Тоғамнинг  ҳам бир ўғил, бир қизи бор. Худо умр берса, эрта бир кун қариши бор. Аввало, Яратган ҳеч бир бандасини бировга, ҳатто ўз фарзандига ҳам муҳтожу зор қилмасину, эрта қариб, қўлидан иш келмай, боши ёстиққа текканида тоғам фарзандларидан ўзи отасига кўрсатган “оқибат”ни кўрса, бобомга қилган зулмларини эслармикан?..
Севара, Тошкент вилояти.”
Ушбу мактубни бир неча бор қайта-қайта ўқиб чиқдим. Иттифоқо, бир ҳикоят ёдимга тушди. Донишманддан, “Отангиз сизга қандай яхшиликлар қилган?”, деб сўрашганида, “Падари бузрукворимнинг менга қилган энг буюк яхшилиги — мени дунёга келтиргани. Мен жонимни фидо қилиб, отамнинг қарзини узишга уринсам-да, ана шу биргина илтифоти олдида ожиз қоламан”, деб жавоб қилган экан. Ривоятдаги ҳидоят лўнда: Ота — буюк зот!
Мазкур ҳикмат мағзини шоҳ Машраб ҳам ифодалаганлар:
Ер юзига қанча минг масжид бино гар қилса ул,
Ҳам яна кўприк- работу, мадраса кўп қилса ул,
Кунда юз минг оч-яланғочларга  либосу нон берса ул,
Илмли ҳолу, илму қол кашфу каромат қилса ул,
Ҳар кишининг ота-онаси гар рози эмас,
Ҳазратим уммат демас, ҳам Худо бандам демас...
Мактуб муаллифининг тоғасига ўхшаган фарзандликка номуносиблар, ота-онаси қариганида хизматини адо этиб, меҳр-муҳаббат билан фарзандлик бурчини бажариш малол келган тошбағирлар орамизда оз дейсизми? Икки дунё саодати улардан юз ўгирган, улар ҳам худди ота-оналаридек кексайганларида хорлик ва муҳтожликка мустаҳҳиқ бўлганлардир. Қандай қилиб одам ўз ота-онасига, ўзи емай охирги луқмасини ҳам унга тутқазган, ўзи киймаган кийимини унга кийдириб, қувонч туйган ота-онасига шундай шафқатсизларча муносабатда бўла олиш мумкин? Мени кечирингу, бундай бағритошлик инсоннинг қўлидан келмайди, бу золимлик учун инсон ваҳший бўлиши керак...
Мактубни яна ўқийман. Кўнглим бузилиб, кўзларимга ёш келади. Қуввайи ҳофизам, абгор қалбимга малҳам излаб яна “Шоҳ Машраб” қиссасидан мана бу байтларни топди:
Аз амри худо баландтар аст амри падар,
Бе амри падар касе бажое нарасад,
Жаннат, ки ризойи модарон аст,
Зери қадамони модарона аст.
Яъниким:
Худонинг амридан отанинг амри юқори туради,
Отанинг амрисиз киши ҳеч қаерга етолмайди.
Бизнинг ризолигимиз бўлган жаннат,
Оналар қадамлари остидадир.
... Эй, ОТА! Воҳ, ОНА! Қандай “оқибат”ли фарзандларинг бор-а?! Тунов куни фалончининг ошида қулоғимга астагина шипшиди. “Мана шу қазо қилган киши отам билан тенг. Демак, менинг дадам ҳам қариб қолибдилар-да, -деди у,- беш кунликлари бор-йўқ, энди у кишини ўзим парваришлайман. Қабрга ўзим қўяман”.
Қара, қандай “оқибат”ли, “ғамхўр” ўғлинг бор; сенинг қазойингни ўйлаб ташвиш тортяпти. Ўкинма ота. Аслида оқибат деганлари ана шундай икки хил бўлади. Ота боламнинг камолини кўрай, деб оқибат қилади. Бола эса... Майли, Худо хайрини берсин ФАРЗАНДЛАРИМИЗни. Омон бўлишсин. Орқамизда қолишсин, ФАРЗАНДЛАРИМИЗ... Яратган инсоф берсин, болаларимизга. Токи, эрта қариганимизда бир чимдим меҳрини миннат қилмасин, ФАРЗАНДЛАРИМИЗ. Аллоҳ кўнглига раҳм-шафқат уруғини қадасин, инсофу тавфиқ берсин ФАРЗАНДЛАРИМИЗга, токи кексайиб бошимиз ёстиққа текканида улардан “жонимга тегдинг” дегани иддаони эшитмайлик...

ФАРЗОНА

Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ